Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1102-2102/1163 Дата решения 01.08.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Олий суд Судья Абдуллаев Абдумумин Абдуахатович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение AQUA-TUDAKUL МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси Ответчик / Подсудимый O`ZBEKBALIQSANOAT UYUSHMASI
Source ID 1140127 Claim ID 3308222 PDF Hash fa0ebdfd50350859... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 8
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
даъвогар ИПК 157-моддаси даъвогар ИПК 157 law
ИПК 110-моддаси ИПК 110 law
ФКнинг 150-моддаси ФК 150 law
ФКнинг 14-моддаси ФКнинг 14 law
онунининг 4-моддаси онуни 4 law
онунининг 33-моддаси онуни 33 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения 27 637 символов
4-1102-2102/1163-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўришда маърузачи судья – У.Ҳомидов Апелляция инстанциясида маърузачи судья – И.Юсупов Кассация инстанциясида маърузачи судья- А.Абдуллаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 1 август Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Р.Хайдаровнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Б.Исрайлов ва А.Абдуллаевдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, “Golden Lake Fish” масъулияти чекланган жамияти вакиллари – Б.Йигиталиев (2023 йил 5 январдаги 242-сонли ишончнома ҳамда ордерга асосан), Б.Умиров (2023 йил 5 январдаги 244-сонли ишончномага асосан), “Aqua-Tudakul” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси вакиллари – Ш.Жамолов (раҳбар), М.Эрматов (2023 йил 14 июндаги 25-сонли ишончномага асосан), О.Хайдаров (2023 йил 14 июндаги 26-сонли ишончномага асосан), “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси – вакили Н.Раззакова (2022 йил 24 октябрдаги 05/4-2022-сонли ишончномага асосан), АҚШ элчихонаси вакили – М.Абдусаттаров иштирокида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг “Aqua-Tudakul” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси манфаатида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига нисбатан уюшманинг 2018 йил 17 апрелдаги 18-сонли буйруғини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда 4 383 000 АҚШ долларига тенг бўлган 45 887 934 000 сўм моддий зарар, 2 283 000 АҚШ долларига тенг бўлган 23 892 537 000 сўм бой берилган фойда ундириш тўғрисидаги даъво аризаси юзасидан юритилган иқтисодий иш бўйича қабул қилинган Зангиота туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 26 октябрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 11 апрелдаги қарори устидан “Golden Lake Fish” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида видеоконференцалоқа режимида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 1 майдаги ПҚ-2939-сонли қарорининг 11-бандида балиқ овлаш тармоғини ривожлантириш мақсадида табиий сув ҳавзаларини 2018 йилдан бошлаб, белгиланган тартибда доимий равишда танҳо фойдаланиш учун “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига берилиши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Табиий сув ҳавза участкаларини балиқ овлаш хўжаликларига ижарага бериш ва балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 7 августдаги 593-сонли қарорининг 1-иловаси билан “Балиқ овлаш хўжаликларига табиий сув ҳавзалари участкаларини ажратиш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқ овлаш хўжаликларининг табиий сув ҳавзаларидан фойдаланганлиги учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. Мазкур қарор асосида Навоий вилояти, Қизилтепа туманидаги Тўдакўл сув омбори табиий сув ҳавзасини ижарага бериш бўйича ўтказилган танлов натижасига кўра, “Aqua-Tudakul” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ғолиб деб топилган. Шундан сўнг, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ва даъвогар ўртасида 2018 йил 23 январда табиий сув ҳавза участкаларини балиқ овлаш хўжаликларига ижарага бериш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқ овлаш хўжаликлари табиий сув ҳавзасидан фойдаланганлик учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тўғрисида 6/1-2018-сонли шартнома тузилган. Даъвогар ва Навоий вилоят ҳокимлиги ўртасида тузилган 2004 йил 10 апрелдаги 025-Б-сонли ижара шартномасига асосан амалда даъвогар томонидан мазкур кўлдан фойдаланиб келинган. 2018 йил 23 январдаги 6/1-2018-сонли шартнома шартларининг бажарилиши бўйича жавобгар ва бошқа ташкилот ходимлари томонидан ўтказилган ўрганиш натижасига асосан даъвогар шартнома шартларини тўлиқ бажармаганлиги, хусусан, шартнома бўйича ижара тўловларини амалга оширмаганлиги, қафаслар тайёрламаганлиги ва шартномада белгиланган миқдорда балиқлар етиштирмаганлиги ҳақида далолатнома тузилган. Жавобгар даъвогарни шартнома шартларида белгиланган мажбуриятларни бажармаган деб ҳисоблаб, даъвогар ва жавобгар ўртасида тузилган шартномани бекор қилиш ва танлов ўтказиш ҳақида 2018 йил 17 апрелда 18-сонли буйруқ қабул қилган ва тарафлар ўртасида низо вужудга келган. Даъвогар 2004-2018 йилларда Навоий вилояти, Қизилтепа туманидаги Тўдакўл сув омбори табиий сув ҳавзасини қаттиқ қўриқлов остига олганлиги ва илмий-амалий жиҳатдан балиқлантирганлиги асоси билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) даъвогар манфаатида жавобгарга нисбатан иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарнинг 2018 йил 17 апрелдаги 18-сонли буйруғини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда 4 383 000 АҚШ долларига тенг бўлган 45 887 934 000 сўм моддий зарар, 2 283 000 АҚШ долларига тенг бўлган 23 892 537 000 сўм бой берилган фойда ундиришни сўраган. Дастлаб, Чирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 5 августдаги ажрими билан даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш рад этилган. Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 14 сентябрдаги қарори билан ажрим бекор қилиниб, иш биринчи инстанция судида мазмунан кўриб чиқиш учун юборилган. Чирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 22 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талабининг 2018 йил 17 апрелдаги 18-сонли буйруқни ҳақиқий эмас деб топиш қисми бўйича иш юритиш тугатилган, жавобгардан 4 383 000 АҚШ долларига тенг бўлган 45 887 934 000 сўм моддий зарар ҳамда 2 283 000 АҚШ долларига тенг бўлган 23 892 537 000 сўм бой берилган фойда ундириш тўғрисидаги даъво талабларини қаноатлантириш рад этилиб, тўланган почта харажати даъвогар зиммасида қолдирилган, шунингдек, даъвогар ҳисобидан республика бюджетига 1 398 309 420 сўм давлат божи ундирилган. Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 6 январдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш биринчи инстанция судида янгидан кўриш учун Юқоричирчиқ туманлараро иқтисодий судига юборилган. Мазкур иқтисодий иш Юқоричирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 19 январдаги ажрими билан иш юритувга қабул қилинган ва суднинг 2022 йил 9 февралдаги ажрими билан “Golden Lake Fish” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда иккинчи жавобгар деб юритилади) ишга иккинчи жавобгар сифатида жалб қилинган. Суднинг ажрими билан ишга “Холис баҳолаш хизмати ва Навоий вилоят ҳокимлиги низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган. Ишни Юқоричирчиқ туманлараро иқтисодий судида кўриш жараёнида даъвогар қўшимча даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ва даъвогар ўртасида 2018 йил 23 январда табиий сув ҳавза участкаларини балиқ овлаш хўжаликларига ижарага бериш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқ овлаш хўжаликлари табиий сув ҳавзасидан фойдаланганлик учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тўғрисида тузилган 6/1-2018-сонли шартномани бекор қилиш, жавобгарнинг 2018 йил 17 апрелдаги 18-сонли буйруғини бекор қилиш, жавобгар раисининг ўринбосари Ш.Рахматов раислигида Навоий вилояти, Қизилтепа туманидаги Тўдакўл сув омбори табиий сув ҳавзасини ижарага бериш бўйича 2018 йил 28 майда ўтказилган танлов баённомасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Юқоричирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 16 февралдаги ажрими билан 2018 йил 17 апрелдаги 18-сонли буйруқни бекор қилиш талаби иш юритишга қабул қилинган ҳамда жавобгар раисининг ўринбосари Ш.Рахматов раислигида Навоий вилояти, Қизилтепа туманидаги Тўдакўл сув омбори табиий сув ҳавзасини ижарага бериш бўйича 2018 йил 28 майда ўтказилган танлов баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабини қабул қилиш рад этилган. Юқоричирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 16 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилган. Даъво талабидаги 2018 йил 17 апрелдаги 18-сонли буйруқни бекор қилиш ҳақидаги қисми бўйича иш юритиш тугатилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 45 887 934 000 сўм моддий зарар, 41 200 сўм почта харажати, республика бюджетига 917 758 680 сўм давлат божи ундирилган. Даъво талабларининг қолган қисмини қаноатлантириш рад қилиниб, даъвогардан республика бюджетига 475 150 740 сўм давлат божи ундирилган. Апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 12 майдаги қарори билан Юқоричирчиқ туман прокуратураси томонидан берилган апелляция протестини қаноатлантириш рад этилиб, 2022 йил 16 мартдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Иккинчи жавобгардан республика бюджетига ишни апелляция инстанциясида кўриш билан боғлиқ 697 804 710 сўм давлат божи ундирилган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 26 августдаги қарори билан Юқоричирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 16 мартдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 12 майдаги қарори бекор қилиниБ иш янгидан кўриш учун Зангиота туманлараро иқтисодий судига юборилган. Зангиота туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 26 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилган. Даъво талабидаги 2018 йил 17 апрелдаги 18-сонли буйруқни бекор қилиш ҳақидаги қисми бўйича иш юритиш тугатилиб, иккинчи жавобгардан даъвогар фойдасига 34 763 586 000 сўм моддий зарар, 41 200 сўм почта харажати ундирилган, даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган, жавобгар жавобгарликдан озод этилган, иккинчи жавобгар ҳисобидан республика бюджетига 695 271 720 сўм давлат божи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг депозит ҳисоб рақамига суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ суд харажати учун 75 000 сўм ундирилган, даъвогар ҳисобидан республика бюджетига 697 637 700 сўм давлат божи ундирилган. Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 11 апрелдаги қарори билан Зангиота туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 26 октябрдаги ҳал қилув қарори бекор қилинган. Иш юзасидан янги қарор қабул қилинган. Даъвонинг жавобгарга нисбатан жавобгарнинг 2018 йил 17 апрелдаги 18-сонли буйруғини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда бекор қилиш талаби бўйича иш юритиш тугатилган. Иккинчи жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 34 763 586 000 сўм моддий зарар ундирилган. Даъво аризаси қисман қаноатлантирилган. Даъвонинг жавобгарга нисбатан қисмини ҳамда моддий зарар ундириш қисмининг 11 124 348 000 сўм ва 2 283 000 АҚШ долларига тенг бўлган 23 892 537 000 сўм бой берилган фойдани ундириш қисмини қаноатлантириш рад этилган. Иккинчи жавобгарнинг кассация шикоятида иш учун аҳамиятли ҳолатлар ўрганилмаганлиги, ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги ҳақида важлар келтирилиб, суд қарорларининг 34 763 586 000 сўм моддий зарар ундириш қисмини бекор қилиш, даъво талабининг ушбу қисмини ҳам қаноатлантиришни рад этиш ҳақида, янги қарор қабул қилиш сўралган. Суд муҳокамасида учинчи шахслардан вакил иштирок этмади, бироқ иш ҳужжатларида уларнинг суд мажлиси муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинганлигини тасдиқловчи далил мавжуд, улардан вакилнинг суд мажлисида иштирок этмаслиги эса ишни кўришга тўсқинлик қилмайди. Суд муҳокамасида иштирок этган жавобгар ва иккинчи жавобгар вакиллари ўз тушунтиришларида кассация шикоятида келтирилган важларни қувватлаб, суд қарорларини бекор қилишни сўрадилар. Суд муҳокамасида иштирок этган даъвогар вакиллари ўз тушунтиришларида кассация шикоятида келтирилган важларга эътироз билдириб, уни қаноатлантирмасдан қолдиришни сўрадилар. Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, суд қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. Биринчи инстанция суди томонидан ишни кўриш жараёнида даъво талабининг жавобгарнинг 2018 йил 17 апрелдаги 18-сонли буйруғини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ҳамда даъвогар ва жавобгар ўртасида 2018 йил 23 январда табиий сув ҳавза участкаларини балиқ овлаш хўжаликларига ижарага бериш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқ овлаш хўжаликлари табиий сув ҳавзасидан фойдаланганлик учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тўғрисида тузилган 6/1-2018-сонли шартномани бекор қилиш қисмини иш юритувга қабул қилиш ёки қабул қилишни рад этиш масаласи ҳал этилмаган, шунингдек, жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги илтимосномаси муҳокама қилинмаган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан иқтисодий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида” 2021 йил 20 апрелдаги 16-сонли қарорининг 25-бандига мувофиқ апелляция инстанцияси суди ишни суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 34-бобида белгиланган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда биринчи инстанция судида ишни кўриш қоидалари бўйича кўриб чиқади. Даъвонинг предмети ёки асосини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини ўзгартириш тўғрисидаги аризани (ИПК 157-моддаси), шунингдек, қарши даъво аризасини (ИПК 160-моддаси) биринчи инстанция суди томонидан иш юритишга асоссиз қабул қилинмаганлиги ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади. Шу боис апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилишни лозим топган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2019 йил 24 майдаги 13-сонли қарорининг 13-бандига кўра, даъвогар ИПК 157-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган даъво асосини ёки предметини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ҳуқуқидан биринчи инстанция судида ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар фойдаланиши мумкин. Бу норма иш бошқа инстанцияларда кўрилаётганида қўлланилмайди. Қайд этилган ҳуқуқ даъвогар томонидан, шунингдек ҳал қилув қарори апелляция, кассация инстанциялари томонидан ёхуд суд ҳужжати янги очилган ҳолат бўйича бекор қилиниб, иш янгидан биринчи инстанция судида кўрилаётганда фойдаланилиши мумкин. Даъво талаблари миқдорининг кўпайтирилиши деганда, даъвогар томонидан даъво аризасида баён қилинган ўша талаб бўйича даъво суммасининг кўпайтирилиши тушунилади. Даъво талаблари миқдорининг кўпайтирилиши даъвогар томонидан даъво аризасида кўрсатилмаган қўшимча талабларни тақдим қилиш билан боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Хусусан, мулкий санкцияларни қўллаш ҳақидаги талаб асосий қарзни ундириш тўғрисидаги даъво бўйича талаблар миқдорининг кўпайтирилиши деб ҳисобланмаслиги керак. Бундай талаб даъво предмети бўлмаган янги талаб ҳисобланиши сабабли кўриб чиқилмайди ва суд бундай аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради. Шу сабабли апелляция инстанцияси суди даъвогарнинг даъвогар ва жавобгар ўртасида табиий сув ҳавза участкаларини балиқ овлаш хўжаликларига ижарага бериш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқ овлаш хўжаликлари табиий сув ҳавзасидан фойдаланганлик учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тўғрисида 2018 йил 23 январда тузилган 6/1-2018-сонли шартномани бекор қилиш талабини қабул қилишни рад этишни лозим топган. ИПК 110-моддасининг 1-бандига мувофиқ, агар иш иқтисодий судда кўриш учун тааллуқли бўлмаса, суд иш юритишни тугатади. Апелляция инстанцияси суди даъво талабининг жавобгарнинг 2018 йил 17 апрелдаги 18-сонли буйруғини бекор қилиш ҳамда ҳақиқий эмас деб топиш қисми иқтисодий судга тегишли бўлмаганлиги сабабли ушбу қисми бўйича иш юритишни тугатишни лозим топган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 149-моддасига кўра даъво муддати - шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир. ФКнинг 150-моддасига кўра, умумий даъво муддати — уч йил. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суд Пленумининг 2015 йил 19 июндаги “Иқтисодий судлар томонидан фуқаролик қонун ҳужжатларининг даъво муддатига оид нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 282-сонли қарорининг 8-бандига кўра, ФК 153-моддасининг иккинчи қисмига кўра даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг қарор чиқарилгунигача берган аризасига мувофиқ қўлланилади. Қонунда даъво муддатини қўллаш ҳақидаги ариза қандай шаклда берилиши кўрсатилмаганлиги сабабли, бундай ариза ҳам оғзаки билдирилиши, ҳам ёзма шаклда берилиши мумкинлигини инобатга олиш лозим. Аризанинг оғзаки билдирилганлиги, албатта, муҳокама қилиниши ва бу ҳақида суд мажлиси баённомасида кўрсатилиши керак. Қайд этилганларга асосан апелляция инстанцияси суди даъво талабига нисбатан даъво муддати ўтмаганлиги сабабли жавобгар ва иккинчи жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаларини рад этишни лозим топган. Аниқланишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2018 йил 23 январда 6/1-2018-сонли ижара шартномаси тузилган бўлиб, мазкур шартномага асосан жавобгар томонидан даъвогарга Навоий вилояти, Қизилтепа тумани, “Оқ олтин” МФЙ ҳудудида 21 673 га. ер майдонда жойлашган “Тўдакўл” табиий сув ҳавзаси (сув омбори)ни сув ҳавзани балиқлантириш тадбирлари, репродуктив барпо этиш, табиий сув ҳавза участкалари ҳосилдорлигини ҳар йили ошириб бориш, балиқ етиштириш ва балиқ овлаш мақсадида 10 йил муддатга ижарага берилган. Шартноманинг 11, 12-бандларида 2018 йил учун йиллик ижара тўлови 555 464 079 сўм этиб, даъвогар бир йиллик ижара ҳақининг 40 фоизини 2018 йил 1 апрелга қадар, қолган 60 фоизини эса 2018 йил 1 октябрга қадар тўлаши белгиланган. Шартномада даъвогар табиий сув ҳавзаси атрофида 22 га. репродуктив ҳавзасини барпо этиш, табиий сув ҳавзасини 2,2 млн. дона ўсимликхўр ва карп туридаги балиқлар билан балиқлантириш, 2018 йилда табиий сув ҳавзасидан 2 100 тонна балиқ овлаш режасини бажариш, 1 500 дона қафас (садок) ўрнатиш ва уларни 5 250 000 дона балиқ чавоқлари билан балиқлантириш ҳамда мазкур қафас мосламаларида жами 4 500 тонна балиқ етиштириш мажбуриятини олган бўлиб, бироқ, шартноманинг 12-банди яъни, ижара тўлови тўланмаганлиги ҳамда шартноманинг 47,48,49,52-бандларида белгиланган мажбуриятлар лозим даражада бажарилмаганлиги сабабли жавобгарнинг 2018 йил 17 апрелдаги 18-сонли буйруғи билан шартнома бир томонлама бекор қилинган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 августдаги 593-сонли қарори ҳамда жавобгарнинг 2018 йил 17 апрелдаги 18-сонли буйруғига асосан “Тўдакўл” сув омборини ижарага бериш тўғрисида танлов эълон қилинган бўлиб, 2018 йил 28 майдаги “Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги “Тўдакўл” сув омбори табиий сув ҳавзани ижарага бериш бўйича ўтказиладиган танлов баённомаси”га кўра, “Наргиз - Диёр” фермер хўжалиги, “MR – FISH COMPANI” қўшма корхонаси, “Ўзбек фиш компани” МЧЖ ва иккинчи жавобгар талабгор сифатида танловда иштирок этган ва овоз бериш натижаларига кўра, иккинчи жавобгар танлов ғолиби деб эълон қилинган. Шунга асосан жавобгар ва иккинчи жавобгар ўртасида 2018 йил 2 июнда 6/2-2018-сонли “Табиий сув ҳавза участкаларини балиқ овлаш хўжаликларига ижарага бериш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқ овлаш хўжаликлари табиий сув ҳавзасидан фойдаланилганлиги учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш шартномаси” тузилган. Мазкур шартномага асосан жавобгар Навоий вилояти, Қизилтепа тумани, “Оқ олтин” МФЙ ҳудудида 21 673 га. майдонда жойлашган “Тўдакўл” табиий сув ҳавзаси (сув омбори)ни сув ҳавзани балиқлантириш тадбирлари, репродуктив барпо этиш, табиий сув ҳавза участкалари ҳосилдорлигини ҳар йили ошириб бориш, балиқ етиштириш ва балиқ овлаш мақсадида, 10 йил муддатга иккинчи жавобгарга ижарага берган. ФКнинг 14-моддасига мувофиқ, агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин. Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки тушунилади. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2007 йил 15 июндаги 163-сонли қарорининг 19-бандида зарарни қоплаш билан боғлиқ низоларни ҳал этишда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, зарарга шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги муносабати билан тарафнинг қилган харажатлари, мол-мулк йўқолиши ёки шикастланиши, шунингдек, агар иккинчи тараф шартнома мажбуриятларини бажарганда тараф олиши мумкин бўлган, лекин унинг ололмай қолган даромадлари, ҳуқуқи бузилган шахснинг ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари ҳам кириши (ФК 14-моддасининг иккинчи қисми), бундай харажатларнинг зарурийлиги ва уларнинг тахминий миқдори асослантирилган ҳисоб-китоб, товар, иш, хизмат кўрсатишдаги камчиликларни бартараф этиш учун кетадиган ҳаражатлар сметаси (калькуляция) сифатидаги далиллар, мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик даражасини белгиловчи шартнома ва бошқалар билан тасдиқланган бўлиши кераклиги ҳақида тушунтириш берилган. “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига мувофиқ ҳайвонот дунёси умуммилий бойлик бўлиб, ундан оқилона фойдаланиш лозим ва у томонидан муҳофаза қилинади. Табиий эркинлик ҳолатида яшаётган, шунингдек, табиий яшаш муҳитига чиқариб юборилган ёввойи ҳайвонлар давлат мулкидир. Ярим эркин шароитда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланаётган ва (ёки) етиштирилган ёввойи ҳайвонлар юридик ёки жисмоний шахснинг мулки бўлиши мумкин. “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 33-моддасига мувофиқ мулкдор ўзга шахс томонидан қонунга хилоф равишда эгаллаб олинган мол-мулкини Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигига мувофиқ талаб қилиб қайтариб олиш ҳуқуқига эгадир. Мулкдор ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, гарчи бундай бузишлар уни мулкка эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса-да, бартараф этишни талаб қилиши мумкин. Мулкий ҳуқуқни ҳимоя қилиш суд томонидан амалга оширилади. Ушбу моддада кўзда тутилган ҳуқуқлар гарчи мулкдор бўлмаса ҳам, мулкдан тўла хўжалик юритиш, уни оператив бошқариш, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки қонунда ёхуд шартномада кўзда тутилган бошқа ҳолларда, мол-мулкка эгалик қилувчи шахсга ҳам тааллуқлидир. Бу шахс ўз эгалигини мулкдордан ҳам ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Тақдим этилган балиқлантириш юзасидан тузилган далолатномаларга кўра, даъвогар томонидан “Тўдакўл” сув ҳавзаси 2018 йил 1 январга қадар сунъий равишда балиқ чавоқлари билан тўйинтирилган ва мазкур сув ҳавзасини қўриқлашга оид шартномалар расмийлаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг эксперти томонидан тақдим этилган 2014 йил 11 мартдаги фикрда “Тўдакўл” сув омборидаги ярим эркин шароитда сақланаётган балиқлар даъвогарнинг мулки деб эътироф этилганлиги кўрсатиб ўтилган. Тошкент давлат аграр университетининг балиқчилик кафедраси томонидан тузилган “Тўдакўл” сув омбори ихтиофаунаси биомассасининг қиcмини сунъий равишда шакллантиришни баҳолашнинг биологик асослари бўйича хулосасида, 2018-2021 йилларда “Тўдакул” сув омборидан 1970,5 тонна карп балиқлари, 1525,5 тонна ўта йирик оқ дўнгпешона (белого толстолобика), 863 тонна ўта йирик катта бош сазан (пестрого тостолобика)нинг бир неча авлодлари учун ўзининг балиқ инкубаторларидан тижорат даромади сифатида овланиши ҳақида тахминий хулоса берилган. Мазкур хулоса асосида баҳоловчи томонидан 2021 йил 15 апрелдаги 02/036-сонли баҳолаш ҳисоботи тузилиб, унда 2018 йил 18 апрель куни ҳолатига товар қолдиғи қиймати 34 763 586 000 сўмни ташкил қилиши юзасидан хулоса берилган. “International Valuation Center” халқаро баҳолаш маркази томонидан 2022 йил 27 январда берилган эксперт хулосасида 2021 йил 15 апрелдаги 02/036-сонли баҳолаш ҳисоботи “Баҳолаш фаолияти тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ тузилганлиги ва ишончли деб тан олиниши ҳақида хулоса берилган. Шунингдек, Тошкент давлат аграр университетининг балиқчилик кафедраси томонидан тузилган хулоса асосида баҳоловчи томонидан тузилган 2021 йил 15 апрелдаги 02/036-сонли баҳолаш ҳисоботида, товар қолдиғи қиймати бой берилган фойдани талаб қилиш ҳуқуқи 23 892 537 100 сўмни ташкил қилиши ҳақида хулоса берилган. Бироқ, юқорида қайд этилган Пленум қарорининг 19-бандида ололмай қолган даромаднинг миқдори (бой берилган фойда), агар мажбурият бажарилганида, кредитор қилиши лозим бўлган оқилона харажатларни ҳисобга олиб аниқланиши шартлиги, хусусан, хом ашё ёки бутловчи буюмларни етказиб бермаслик натижасида ололмай қолган даромад тарзидаги зарарни қоплаш ҳақидаги талаб бўйича бундай даромаднинг миқдори ушбу товарларнинг харидорлари билан тузилган шартномада назарда тутилган тайёр маҳсулотларни сотиш баҳосидан келиб чиққан ҳолда, етказиб берилмаган хом ашё ёки бутловчи буюмлар қиймати, транспорттайёрлаш харажатлари ва тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатларни чегириб ташлаш йўли билан аниқланиши зарурлиги ҳақида тушунтириш берилган. Мазкур ҳолатда апелляция инстанцияси суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда, даъвонинг жавобгарга нисбатан жавобгарнинг 2018 йил 17 апрелдаги 18-сонли буйруғини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда бекор қилиш талаби бўйича иш юритишни тугатиш, даъво аризасини қисман қаноатлантириш, иккинчи жавобгардан даъвогар фойдасига 34 763 586 000 сўм моддий зарар ундириш, даъвонинг жавобгарга нисбатан қисмини ҳамда моддий зарар ундириш қисмининг 11 124 348 000 сўм ва 2 283 000 АҚШ долларига тенг бўлган 23 892 537 000 сўм бой берилган фойда ундириш қисмини асослантирилмаганлиги сабабли қаноатлантиришни рад этиш ҳақида, тўғри хулосага келган. ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. ИПК 118-моддасининг биринчи ва тўққизинчи қисмларига мувофиқ суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация шикояти бериш билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган қоидаларга мувофиқ тақсимланади. Бундай ҳолатда судлов ҳайъати, суд қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш учун ундирилиши лозим бўлган 347 635 860 сўм давлат божининг (кассация шикояти суд қарорининг 34 763 586 000 сўм зарар ундириш қисмига берилган) олдиндан тўланган 1 000 000 сўм давлат божи ва 33 000 сўм почта харажатини иккинчи жавобгар зиммасида 11 қолдиришни, ундан республика бюджетига 346 635 860 сўм давлат божи ундиришни, шунингдек суд мажлисини кассация инстанцияси судида видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 82 500 сўм почта харажатини иккинчи жавобгар зиммасига юклашни лозим топади. Баён этилганларга асосан, ИПКнинг 118, 283, 301, 303моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ и л а д и: Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 11 апрелдаги қарори ўзгаришсиз, “Golden Lake Fish” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган кассация шикояти эса қаноатлантирмасдан қолдирилсин. “Golden Lake Fish” масъулияти чекланган жамиятидан республика бюджетига 346 635 860 сўм давлат божи, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг депозит ҳисоб рақамига суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажати ундирилсин. Ижро варақалари берилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Р.Хайдаров ҳайъат аъзолари Б.Исрайлов А.Абдуллаев