← Назад
Решение #520514 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
4
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| йича ушбу Кодекс | 302 | — | code_article | |
| ИПКнинг | 304 | — | law |
Текст решения
12 994 символов
4-1904-2302/375-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни
кўрган судья Ш.Ғозиев
Апелляция инстанциясида
маърузачи судья Ж.Хомидов
Кассация инстанциясида
маърузачи судья Б.Исрайлов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
2023 йил 25 июль
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати Р.Хайдаровнинг раислигида, ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев ва
Б.Исрайловдан иборат таркибда, Н.Зармасовнинг котиблигида, “Термез
Жайхун Кластер” масъулияти чекланган жамияти вакили Д.Эшниёзов
(2023 йил 10 апрелдаги 7-сонли ишончномага асосан)нинг иштирокида,
Ўзбекистон
Савдо-саноат
палатаси
Сурхондарё
вилоят
ҳудудий
бошқармасининг “Термез Жайхун Кластер” масъулияти чекланган жамияти
манфаатида “Ахрор Холиқ” фермер хўжалигидан 176 745 759 сўм асосий қарз
ва 30 361 430 сўм фоиз ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган
иш юзасидан қабул қилинган Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъатининг 2023 йил 1 июндаги қарори устидан Ўзбекистон
Савдо-саноат палатасининг Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси даъвогар
манфаатида томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий
суднинг биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
аниқлади:
Иш ҳужжатларига кўра, “Термез Жайхун Кластер” масъулияти чекланган
жамияти (“Тайёрловчи”, бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва
“Ахрор Холиқ” фермер хўжалиги (“Хўжалик”, бундан буён матнда жавобгар
деб юритилади) ўртасида 2021 йил 1 ноябрда “пахта хом ашёси ва уруғлик
пахта харид қилиш бўйича” 199-сонли контрактация шартномаси тузилган.
Шартноманинг 1.1-бандига кўра, “Хўжалик” мазкур шартноманинг 1.2 ва
1.4-бандларида кўрсатилган миқдордаги пахта хом ашёси ва уруғлик пахтани
“Тайёрловчи”га қайта ишлаш ёки сотиш учун етказиб бериш, “Тайёрловчи” эса
ушбу маҳсулотни келишилган муддатларда муайян нарҳ бўйича ҳақини тўлаб
харид қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Шартноманинг 1.4-бандида “Хўжалик” “Юксалиш” номли, R-1, 70,4 тн
уруғлик пахтани 2022 йил 1 ноябрга қадар етказиб бериши келишилган.
Даъво аризасида қайд этилишича, жавобгар томонидан 2022 йил ҳосили
учун экилган пахта хосилини йиғиб териб олиш мавсумида, даъвогарга пахта
топширмасдан, “DREAM COTTON TEXTILE” МЧЖга етиштирилган пахта
ҳосилини топширганлиги сабабли қарздорлик юзага келган.
Даъвогар томонидан жавобгарга қарздорликни қоплаб бериш бўйича
юборилган огохлантириш хатлари жавобгар томонидан эътиборсиз
қолдирилганлиги натижасида тарафлар ўртасида низо келиб чиққан.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий
бошқармаси (кейинги ўринларда Палата деб юритилади) даъвогар манфаатида
судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига
176 745 759 сўм асосий қарз ва 30 361 430 сўм фоиз ундиришни сўраган.
Суднинг 2023 йил 14 февралдаги ажрими билан “DREAM COTTON
TEXTILE” МЧЖ ва АТБ “Агробанк” низонинг предметига нисбатан мустақил
талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган.
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 25 март кунидаги
ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб,
жавобгардан даъвогар фойдасига 176 745 759 сўм асосий қарз ундирилган.
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 1 июндаги қарори билан ҳал қилув қарорининг жавобгардан даъвогар
фойдасига 176 745 759 сўм асосий қарз ундириш қисми бекор қилиниб, даъво
талабининг ушбу қисмини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор
қабул қилинган. Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Мазкур қарор устидан Палата томонидан даъвогар манфаатида кассация
шикояти берилиб, унда қарорни бекор қилиш ва ҳал қилув қарорини ўз кучида
қолдириш сўралган. Бунга асос қилиб шикоятда, апелляция инстанцияси
контрактация шартномаси ва солиштирма далолатноманинг асли нусхаси
тақдим этилмаганлигини асос қилиб, хусусий ажрим чиқарганлиги, ушбу
ҳужжатлар биринчи инстанцияда ва апелляция инстанциясининг биринчи суд
мажлисида тақдим этилганлиги, Қўмқўрғон туман қишлоқ хўжалиги бўлими
фермер хўжалигига тақдим этган маълумотномасида контрактация шартномаси
имзоланмаганлиги ва рўйхатдан ўтказилмаганлиги тўғрисида ёлғон маълумот
тақдим этганлиги, даъвогарга қишлоқ хўжалик бўлими томонидан берилган
маълумотномада эса тарафлар ўртасида контрактация шартномаси
тузилганлиги ва рўйхатдан ўтказилганлиги маълум қилинганлиги, солиштирма
далолатномада жавобгарнинг даъвогар олдида 176 745 759 сўм қарздорлиги
мавжудлиги жавобгар рахбари томонидан имзоланиб ва муҳрланиб
тасдиқланганлиги, суд томонидан солиқ платформаси орқали тасдиқланган
ҳисобварақ-фактура ва солиштирма далолатнома инобатга олинмаганлиги
кўрсатилган.
Суд муҳокамасида даъвогар вакили кассация шикоятини қувватлаб, ишни
апелляция инстанциясида кўриш вақтида даъвогарнинг бошқа вакили суд
мажлисига борганлиги, унинг ёнида шартнома солиштирма далолатноманинг
асли мавжуд бўлмаганлиги сабабли судга тақдим эта олмаганлиги, суд эса ушбу
ҳужжатлар асли нусхаси билан тасдиқланмаган деб, даъво талабини рад
қилганлигини айтиб, судлов ҳайъатига контрактация шартномасининг ва
солиштирма далолатноманинг тарафлар имзолаган ва қишлоқ хўжалиги
бўлимида рўйхатдан ўтказилган асли нусхаларини тақдим этди, шу билан бирга
вакил тушунтириш бериб, қишлоқ хўжалиги бўлимининг судга дастлабки
тақдим этган маълумотномалари ҳақиқатга тўғри келмаслиги, даъвогарга
қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан берилган маълумотномада контрактация
шартномаси тузилганлиги ва рўйхатдан ўтказилганлиги кўрсатилганлигини,
даъвогардан жавобгар пулни олиб, пахта етиштириш учун сарфлаб, 2022 йил
март ойида “DREAM COTTON TEXTILE” масъулияти чекланган жамияти
ташкил этилгач, етиштирилган пахта хосилини ушбу ташкилотга
топширганлиги сабабли қарздорлик келиб чиққанлигини билдириб, кассация
шикоятини қаноатлантиришни сўради.
Суд муҳокамаси вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор
қилинган Палата, жавобгар, учинчи шахслар вакили иштирок этмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра,
кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш
вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини
(протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг
келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шунга кўра судлов ҳайъати ишни Палата, жавобгар, учинчи шахслар
вакили иштирокисиз кўришни лозим топди.
Судлов ҳайъати даъвогар вакилининг тушунтиришларини тинглаб,
кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга
муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, кассация шикоятини қисман
қаноатлантиришни, суд қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун
апелляция инстанция судига юборишни лозим топади.
Биринчи инстанция суди жавобгарнинг даъвогар олдида қарздорлиги
ишдаги ҳужжатлар билан тасдиқланганлиги тўғрисида хулоса қилиб, жавобгар
ҳисобидан асосий қарзни ундириш талабини қаноатлантиришни, даъвонинг
банк фоизи ундириш талабини асоссиз деб ҳисоблаб, қаноатлантиришни рад
қилишни лозим топган.
Апелляция инстанцияси эса даъвогар ўз даъво талабига асос сифатида
судга 2021 йил 1 ноябрь кунидаги 199-сонли шартномани ва солиштирма
далолатноманинг аслини эмас, нусхаларини тақдим қилганлиги, ҳужжатлар
нусхаларидаги жавобгар рахбари номидан бажарилган имзолар турли ҳил
бўлиб, уларда очиқ-ойдин кўриниб турган тафовутлар мавжудлиги сабабли
даъвогарнинг зиммасига шартнома ва таққослаш далолатномаларининг аслини
судга тақдим қилиш мажбурияти юкланган бўлса-да, бироқ талаб қилинган
ҳужжатларнинг асли судга тақдим қилинмаганлиги, шунингдек Қумқўрғон
туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг
2023 йил 23 мартдаги 16-сонли ҳамда туман қишлоқ хўжалиги бўлимининг
2023 йил 24 мартдаги 01/12-55-сонли хатларида тарафлар ўртасида 2022 йил
учун “пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш бўйича” контрактация
шартномаси кенгаш ва бўлим томонидан тасдиқланмаганлиги ва рўйхатдан
ўтказилмаганлиги қайд этилганлигини инобатга олиб, шу сабабли даъвогарнинг
ўз талабига асос қилиб келтирган ушбу ҳужжатларни мақбул далил деб
ҳисоблаб бўлмаслиги тўғрисида хулоса қилиб, ҳал қилув қарорини бекор
қилишни ва даъво талабини қаноатлантиришни рад қилишни лозим топган.
Мазкур ҳолатда апелляция инстанцияси суди иш учун аҳамиятли
ҳолатларни тўлиқ аниқламаган ҳолда ҳал қилув қарорини бекор қилиш
тўғрисида барвақт тўхтамга келган.
Жумладан апелляция инстанцияси қарорига 2021 йил 1 ноябрдаги
199-сонли шартнома ва солиштирма далолатноманинг асли судга тақдим
этилмаганлиги асос қилиб олган бўлса-да, бироқ ушбу ҳужжатларнинг асли
мавжудлиги ўрганилмаган. Ваҳоланки, даъвогар вакили томонидан шартнома
ва солиштирма далолатноманинг асли судлов ҳайъатига тақдим этилди.
Бундан ташқари, судлов ҳайъатига Қумқўрғон туман қишлоқ хўжалиги
бўлимининг 2023 йил 8 июндаги 01/72-103-сонли маълумотномаси тақдим
этилиб, унда тарафлар ўртасида “Пахта-2022” ҳосилини етиштириш мақсадида
пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш бўйича 2021 йил
1 ноябрда контрактация шартномаси имзоланганлиги, шартнома 2021 йил
5 ноябрда қишлоқ хўжалиги бўлимидан 199-сон билан рўйхатдан
ўтказилганлиги маълум қилинган.
Апелляция инстанцияси эса Қумқўрғон туман фермер, деҳқон
хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг 2023 йил 23 мартдаги
16-сонли ҳамда туман қишлоқ хўжалиги бўлимининг 2023 йил 24 мартдаги
01/12-55-сонли хатларидаги маълумотларнинг ҳақиқатга тўғри келиши ва
ишончли эканлигини тўлиқ ўрганмай, ушбу маълумотларга асосланиб барвақт
тўхтамга келган.
Бундан ташқари, апелляция инстанцияси АТБ “Агробанк”дан
контрактация шартномасининг тузилиши ва унинг молиялаштирилиши,
“DREAM COTTON TEXTILE” МЧЖдан жавобгар томонидан пахта ҳосилининг
ҳақиқатда унга топширилган ёки топширилмаганлиги ҳолатларига аниқлик
киритмаган.
Қолаверса, апелляция инстанцияси процессуал ҳуқуқ нормасини бузиб,
учинчи шахсларни суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда
хабардор қилмаган ҳолда ишни кўриб чиққан.
ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига кўра, биринчи инстанция
судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини
ўзгартириш ёки бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади: иш учун
аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги; суд аниқланган деб
ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги; ҳал
қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ
эмаслиги; моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд
нотўғри қўлланилганлиги.
Ушбу модда тўртинчи қисмининг 2-бандига кўра, ишнинг суд мажлиси
вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бирор-бир ишда
иштирок этувчи шахс йўқлигида кўрилганлиги апелляция инстанцияси
судининг қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун асос бўлади.
Мазкур ҳолатда судлов ҳайъати апелляция инстанцияси суди иш учун
аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқламасдан, процессуал ва моддий ҳуқуқ
нормаларини бузиб қарор қабул қилган деб топди.
ИПК 301-моддасининг 3-бандига кўра, кассация инстанцияси суди
кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс
302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ва тўртинчи қисмининг
7-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ҳал қилув қарорини,
қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор
қилинган суд инстанциясига юборишга ҳақли.
Юқоридагиларга асосан судлов ҳайъати апелляция инстанцияси судининг
қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун апелляция инстанцияси
судига юборишни лозим топади.
ИПКнинг 304-моддасига кўра, кассация инстанцияси судининг қарорида
баён қилинган кўрсатмалар ишни янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир.
Шунга кўра ишни апелляция инстанциясида кўришда контрактация
шартномалари тузилганлиги ва рўйхатдан ўтказилганлиги, банк томонидан
пахта ҳосилини молиялаштирилиши, жавобгар томонидан пахта ҳосилини
кимга ва қанча миқдорда топширилганлиги ҳолатларини аниқлаш,
тарафларнинг ҳар бир важларига тўлиқ баҳо бериб, иш учун аҳамиятли барча
ҳолатларни аниқлаш учун заруратга қараб мутахассисни жалб қилиш
масаласини кўриб, сўнг даъво талабларини қаноатлантириш ёки рад қилиш
лозимлигини ҳал қилиш, барча суд харажатларини ундириш масаласини ҳал
қилиш, қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан судга бир-бирига зид мазмундаги
маълумотномалар берилганлиги ҳолати юзасидан суд таъсир чораси қўллаш
масаласини ҳал қилиш лозим бўлади.
Юқоридагиларга кўра, кассация инстанцияси суди Ўзбекистон
Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 301-303-моддаларига
асосланиб,
қарор
қ и л а д и:
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 1 июндаги қарори бекор қилинсин ва иш Сурхондарё вилоят суди
иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясида
янгидан кўриш учун юборилсин.
Кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин.
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати
томонидан 2023 йил 1 июнда берилган ижро варақалари бўйича ундирув бекор
қилинсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи
Р.Хайдаров
ҳайъат аъзолари
А.Абдуллаев
Б.Исрайлов