Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1101-2302/5082 Дата решения 24.07.2023 Инстанция Первая инстанция Тип документа Решение Суд Зангиатинский межрайонный экономический суд Судья Хусанов Улуғбек Равшанович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "Қишлоқ қурилиш банк" Ответчик / Подсудимый OMAD BIZNES FORTUNA масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1154884 Claim ID 3399982 PDF Hash 32696ac4baf42ce1... Загружено 09.04.2026 06:40 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 1
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1101-2302/5082-сонли иқтисодий иш ЗАНГИОТА ТУМАНЛАРАРО ИҚТИСОДИЙ СУДИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ 2023 йил 24 июль Зангиота туманлараро иқтисодий судининг судьяси У.Р.Хусанов раислигида, судья ёрдамчиси Х.Д.Холмуродовнинг суд мажлиси котиблигида, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Тошкент вилоят ҳудудий бошқармасининг даъвогар “ЙЙЙ” акциядорлик тижорат банки манфаатида жавобгарлар “ССС” масъулияти чекланган жамияти ва “ГГГ” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 895 329 042,55 сўм муддати ўтган асосий қарз, 86 746 969,62 сўм муддати ўтган фоиз қарздорлиги, жами 982 076 012,17 ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иқтисодий ишни, тарафлар иштирокисиз, суднинг маъмурий биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: “ЙЙЙ” акциядорлик тижорат банки (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва “ССС” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда қарздор деб юритилади) ўртасида 2020 йил 14 майда 2020/12-сонли ёпиқ кредит линияли шартнома тузилган. Кредит шартномасининг 2.2-2.4-бандларига мувофиқ, кредит маблағлари 36 ойга, яъни 2020 йил 14 майдан 2023 йил 13 майгача, 6 ой имтиёзли давр билан ажратилиши, кредит учун фоиз ставкаси йилли 26 фоиз қилиб белгиланиши, кредитнинг мақсади: мебель ишлаб чиқариш асбоб ускуналарини сотиб олиш эканлиги белгиланган. Даъвогар, қарздор ва “ГГГ” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда кафил деб юритилади) ўртасида 2021 йил 9 ноябрда кафиллик шартномаси тузилиб, ушбу шартноманинг 2.1-бандида даъвогар ва қарздор ўртасидаги 2020 йил 14 майдаги 2020/12-сонли кредит шартномаси бўйича умумий кредит миқдори 1 150 000 000 сўм, кафиллик суммаси 700 000 000 сўм эканлиги белгиланган. Даъвогар ва қарздор ўртасида 2021 йил 9 ноябрда 2020 йил 14 майда 2020/12-сонли ёпиқ кредит линияли шартномасига қўшимча келишув тузилиб, шартноманинг 7.18-бандига таъминот сифатида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб қувватлаш давлат жамғармасининг 700 000 000 сўмлик кафиллигининг ўрнига, кафилнинг 700 000 000 сўмлик кафиллиги тақдим этилиши белгиланган. Қарздор ўз зимасига олган мажбуриятларини бажармаганлиги сабабли, даъвогар қарздор ва кафилга 2023 йил 1 майда огоҳлантириш хати юборган. Қарздор кредит қарздорлигини белгиланган муддатларда қайтармаганлиги сабабли, тарафлар ўртасида низо келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда палата деб юритилади) даъвогар манфаатида Зангиота туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарздор ва кафилдан 895 329 042,55 сўм муддати ўтган асосий қарз, 86 746 969,62 сўм муддати ўтган фоиз қарздорлиги, жами 982 076 012,17 ундиришни сўраган. Зангиота туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 3 июлдаги ажрими билан даъвогарнинг даъво талаблари миқдорини ўзгартириш тўғрисидаги аризаси иш юритишга қабул қилиниб, 843 395 876,16 сўм муддати ўтган асосий қарз, 76 944 064,07 сўм муддати ўтган фоиз қарздорлигига ўзгартирилган. Палата суд мажлисини вакили иштирокисиз кўришни сўраган бўлса, суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахслар вакиллари иштирокини таъминламади. Ишни кўриш вақти ва жойи кўрсатилган суднинг ажрими даъвогар электрон тарзда, қарздорга тилхат орқали, кафилга гибрид почта орқали етказиб берилган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 127-моддаси биринчи қисмига кўра, Ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида суд ажрими орқали хабардор қилинади, ажрим топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки ушбу шахсларга тилхат олиб топширилади ёхуд хабардор қилинганлиги факти қайд этилишини таъминлайдиган алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилинади. Суд, ИПКнинг 127-128 ва 170-моддалари талабларига кўра, ишни ишда иштирок этувчи шахслар вакиллари иштирокисиз кўриш мумкин деб ҳисоблайди. Ишда иштирок этган даъвогар вакилининг тушунтиришини тинглаб, ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериб, суд қуйидаги асосларга кўра даъво талабларини қисман қаноатлантиришни, ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини қарздор ва кафил зиммасига мутаносиб равишда юклашни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. ФК 744-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, кредит шартномаси бўйича бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади. Ушбу модданинг учинчи қисмида агар ушбу параграфнинг қоидаларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва у кредит шартномасининг моҳиятидан келиб чиқмаса, кредит шартномаси муносабатларига нисбатан ушбу боб 1-параграфининг қоидалари қўлланади деб кўрсатилган. ФК 735-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт. Кредит шартномасида олинган кредит маблағлари ва унга ҳисобланган фоизларни қайтаришнинг охирги муддати 2023 йил 13 май деб кўрсатилган бўлса-да, қарздор кредит маблағини белгиланган муддатда қайтаришни таъминламаган. Судда ишни кўриш жараёнида қарздор асосий қарзнинг 51 963 166,39 сўм ва кредит фоизи қарздорлигининг 23 196 046,84 сўмини тўлаган бўлиб, даъвогар даъво талаблари миқдорини камайтириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиб, 843 395 876,16 сўм муддати ўтган асосий қарз, 76 944 064,07 сўм муддати ўтган фоиз қарздорлигини ундиришни сўраган бўлса-да, амалда фоиз қарздорлиги миқдори қарздор томонидан фоиз тўлови сифатида тўланган 23 196 046,84 сўмни чегириб, ишни кўриш жараёнида қўшимча ҳисобланган 13 393 141,29 сўм фоизни инобатга олган ҳолда даъвогар фоиз миқдорини камайтиришни сўраган бўлса-да, фоиз ундириш даъво талаби суммаси амалда кўпайтирилган. Юқоридагиларга кўра, суд қарздор томонидан олинган кредит маблағлари кредит шартномасида назарда тутилган муддатда қайтариш мажбуриятини бажармаганлиги, кредит шартномасида белгиланган охирги тўлов муддати ўтиб кетганлигини инобатга олиб, даъво талабларини қаноатлантиришни, қарздордан даъвогар фойдасига 843 395 876,16 сўм муддати ўтган асосий қарз, 76 944 064,07 сўм муддати ўтган фоиз қарздорлигини ундиришни лозим топади. ФК 292-моддасининг биринчи қисмига кўра, кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади. ФК 293-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса. Ушбу модданинг учинчи қисмига асосан, башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўpган бошқа зарарларни тўлайди. Худди шунга ўхшаш қоида кафиллик шартномасининг 2.2-бандида ҳам назарда тутилган. Юқоридагиларга кўра, суд кафил ва қарздорнинг жавобгарлиги солидар эканлиги, кафиллик шартномасида кафилнинг жавобгарлиги чекланганлиги инобатга олиб кафилдан қисман ундиришни, суд қарори билан ундирилиши белгиланган 843 395 876,16 сўм муддати ўтган асосий қарз, 76 944 064,07 сўм муддати ўтган фоиз қарздорлиги, жами 4 920 339 940,23 сўм қарздорликнинг фақатгина 700 000 000 сўм қисмини қарздор ва кафилдан солидар тартибда ундиришни лозим топади. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмида суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилиши белгиланган. Юқоридагиларга кўра, суд даъво талаблари асосли киритилганлиги, кредит қарздорлиги суммаси қарздор томонидан қисман тўланганлигини, даъво баҳоси 995 469 153,46 сўмни ташкил этганлигини, кафилнинг жавобгарлиги 700 000 000 сўм билан чекланганлигини инобатга олиб, қарздордан республика бюджети фойдасига 19 909 383,07 сўм, шундан 15 142 848,35 сўмини қарздор ва кафилдан солидар тартибда, қарздордан ва кафилдан даъвогар фойдасига 33 000 сўм почта харажатини солидар тартибда ундиришни лозим топади. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 127-128, 170, 176-180, 186, 192-моддаларини қўллаб, суд “ССС” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан “ЙЙЙ” акциядорлик тижорат банки фойдасига 843 395 876,16 сўм муддати ўтган асосий қарз, 76 944 064,07 сўм муддати ўтган фоиз қарздорлиги, 33 000 почта харажати, жами 920 372 940,23 сўм ундирилсин. Ушбу сумманинг 700 000 000 сўмлик қисми “ГГГ” масъулияти чекланган жамиятидан солидар тартибда ундирилсин. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин. “ССС” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан республика бюджети фойдасига 19 909 383,07 сўм давлат божи ундирилсин. Ушбу давлат божини 15 142 848,35 сўмлик қисми “ГГГ” масъулияти чекланган жамиятидан солидар тартибда ундирилсин. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ижро варақалари берилсин. Мазкур ҳал қилув қарори устидан бир ой муддат ичида Зангиота туманлараро иқтисодий суди орқали Тошкент вилоят судига апелляция тартибида шикоят қилиниши (прокурор эса ишда иштирок этувчи шахснинг мурожаати бўлган тақдирда протест келтириши) мумкин. Апелляция тартибида кўрилмаган иш кассация тартибида кўриб чиқилмаслиги ишда иштирок этувчи шахсларга тушунтирилсин. Судья У.Р.Хусанов