Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1101-2303/5078 Дата решения 20.07.2023 Инстанция Первая инстанция Тип документа Решение Суд Зангиатинский межрайонный экономический суд Судья Закирова Паризод Захиджановна Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение ИПОТЕКА-БАНК АТИБ Ответчик / Подсудимый ECO SOLUTIONS масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1151230 Claim ID 3379394 PDF Hash e02b3e2e79f7ce9b... Загружено 09.04.2026 06:40 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 4
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ФКнинг 734-моддаси ФКнинг 734 law
ФКнинг 292-моддаси ФКнинг 292 law
ФКнинг 293-моддаси ФКнинг 293 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1101-2303/5078-сонли иқтисодий иш ЗАНГИОТА ТУМАНЛАРАРО ИҚТИСОДИЙ СУДИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ 2023 йил 20 июль Зангиота туманлараро иқтисодий судининг судьяси П.Закирова, судья ёрдамчиси Д.Каримовнинг суд мажлиси котиблигида, АААнинг “ЕЕЕ” АТИБ манфаатида жавобгарлар “ННН” масъулияти чекланган жамияти, “ООО” масъулияти чекланган жамияти, “ККК” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 2 449 066,67 евро муддатли асосий қарз, 7 740,18 евро муддатли фоиз қарзи, 56 187,81 евро муддати ўтган фоиз қарзи, 25 658,16 евро муддати узайтирилган фоиз тўлови, 3 308,78 евро пеня, жами 2 541 961,6 евро кредит қарздорлигини ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иқтисодий ишни, даъвогар вакили ВВВ(2023 йил 22 июндаги 02/223-сонли ишончномага асосан) иштирокида, суднинг маъмурий биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: “ЕЕЕ” АТИБ Зангиота филилали (кейинги ўринларда даъвогар деб юритилади) ва “ННН” масъулияти чекланган жамияти (кейинги ўринларда жавобгар деб юритилади) ўртасида 2022 йил 17 февралда 80/22/2022сонли кредит шартномаси тузилган. Кредит шартномасининг 2-бўлимида банк (даъвогар) қарз олувчи (жавобгар)га 2 624 000 евро миқдорида кредит маблағларини айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ой муддатга, йиллик 6 фоиз устама тўлаш шарти билан, 3 ойлик имтиёзли давр асосида кредит ажратиши белгилаган. Кредит шартномасининг 6.2.1-бандида банкнинг қарздор ушбу кредит шартномасида назарда тутилган лозим даражада расмийлаштирилган кредит таъминотини банкка тақдим қилганидан ҳамда ушбу шартномада назарда тутилган кредит ажратилгунига қадар бажарилишини ўз зиммасига олган бошқа мажбуриятларини бажарганидан сўнг, ушбу шартноманинг 2.3 ва 3.2-бандларида кўрсатилган муддат ва тартибда кредит маблағларини қайтариш шарти билан қарздорнинг ёзма топшириғига асосан унинг тегишли ҳисобварағига ўтказиш мажбурияти белгиланган. Кредит шартноманинг 6.4.1-бандида қарздорнинг кредитни, у бўйича ҳисобланган фоизлар ҳамда ушбу шартномада назарда тутилган бошқа тўловларни мазкур шартномада белгиланган тартиб ва муддатларда (шартнома қарздор ўз мажбуриятларини бузганлиги учун томонларнинг келишуви ёки суд тартибида бекор қилинган тақдирда ҳам) тўлиқ тўланишини таъминлаш мажбурияти белгиланган. Кредит маблағларининг қайтарилишини таъминлаш мақсадида даъвогар, жавобгар ва “ООО” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2022 йил 17 февралда 33 000 000 000 сўмга, даъвогар, жавобгар ва “ККК” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2022 йил 17 февралда 8 250 000 000 сўмга кафиллик шартномалари тузилган. Даъвогар шартнома шартларига риоя қилиб кредит маблағларини жавобгарга ажратган. Жавобгар томонидан кредит қарздорлиги бўйича фоиз тўловлари ўз вақтида тўланмаганлиги сабабли, даъвогар жавобгарга 2023 йил 17 февралда 02/420-сонли талабнома юборган. Жавобгар кредит шартномаси бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги сабабли низо келиб чиқиб, даъвогар Зангиота туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан жами 2 541 961,6 евро кредит қарздорлигини жавобгарлар ҳисобидан солидар тартибда ундиришни сўраган. Суд мажлисида даъвогар вакили даъво талабларини қўллаб-қувватлаб, қарздор томонидан кредит қарздорлиги қопланмаганлигини маълум қилиб, даъво талабларини тўлиқ қаноатлантиришни сўради. Палата суд мажлисини ўз вакили иштирокисиз кўришни сўраган бўлса, суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгарлар суд мажлисида вакиллари иштирокини таъминламадилар. Ишни кўриш вақти ва жойи кўрсатилган суднинг ажрими жавобгарга гибрид почта орқали етказиб берилган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 127-моддаси биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида суд ажрими орқали хабардор қилинади, ажрим топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки ушбу шахсларга тилхат олиб топширилади ёхуд хабардор қилинганлиги факти қайд этилишини таъминлайдиган алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилинади. Суд, ИПКнинг 127-128 ва 170-моддалари талабларига кўра, ишни жавобгарлар вакиллари иштирокисиз кўриш мумкин деб ҳисоблайди. Ишда иштирок этган даъвогар вакилининг тушунтиришини тинглаб, ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериб, суд қуйидаги асосларга кўра даъво талабларини тўлиқ қаноатлантиришни, кредит қарздорлиги ҳамда ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини жавобгарлар зиммасига солидар тартибда юклашни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 744-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, кредит шартномаси бўйича бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади. Ушбу модданинг учинчи қисмида агар ушбу параграфнинг қоидаларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва у кредит шартномасининг моҳиятидан келиб чиқмаса, кредит шартномаси муносабатларига нисбатан ушбу боб 1-параграфининг қоидалари қўлланади деб кўрсатилган. ФКнинг 734-моддасига кўра, агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар қарз шартномаси бўйича қарз олувчига турга хос аломатлари билан белгиланган ашёлар топширилса, уларнинг миқдори ва шакли (пул ёки натура ҳолидаги) шартномада кўзда тутилган ҳолларда фоизлар тўланиши керак. Фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари қарз шартномаси билан белгиланади. Агар фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари шартномада белгиланган бўлмаса, улар асосий қарзни қайтариш учун шартномада назарда тутилган тартибда ва муддатларда тўланади. ФК 735-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт. Кредит шартномаси 6.1.6-бандида ушбу шартноманинг 8-бўлимида кўрсатиб ўтилган мажбуриятларни бажармаслик ҳолатлари вужудга келганида, кредитлашни тўхтатиш, кредитнинг асосий қарзи ва фоизларини муддатидан олдин, ундирувни кредит таъминотига қаратиш орқали ундириб олишга ҳақли эканлиги белгиланган. Юқоридагиларга кўра, суд кредит қарздорлигини ундириш тўғрисидаги даъво талабларини кўриб чиқиб, жавобгар кредит бўйича фоиз тўловларини ўз вақтида амалга оширмаганлиги, бу ҳолат кредит шартномаси шартини бузиш ҳисобланиши, бундай ҳолатда даъвогарда кредит қарздорлигини муддатидан олдин қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқи мавжуд эканлигини инобатга олиб, даъво талабларини тўлиқ қаноатлантиришни, 2 449 066,67 евро муддатли асосий қарз, 7 740,18 евро муддатли фоиз қарзи, 56 187,81 евро муддати ўтган фоиз қарзи, 25 658,16 евро муддати узайтирилган фоиз тўлови, 3 308,78 евро пеня, жами 2 541 961,6 евро кредит қарздорлигини ундиришни лозим топади. Даъво аризасида кредит қарздорлигини жавобгар ҳамда унинг кафилларидан солидар тартибда ундириш сўралган. ФКнинг 292-моддасига кўра, кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади. Кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши мумкин. Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади. ФКнинг 293-моддасига мувофиқ, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса. Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўpган бошқа зарарларни тўлайди. Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар. Юқоридагиларга кўра, суд кредит шартномалари кафиллик шартномалари билан таъминланганлиги, жавобгар томонидан кредит қарздорлиги белгиланган муддатда қайтарилмаганлиги сабабли кредит қарздорлигини муддатидан олдин ундириш белгиланганлиги, даъвогар томонидан қарздорликни солидар тартибда ундириш сўралганлигини инобатга олиб, кредит қарздорлигини жавобгарлардан ундиришни лозим топади. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига кўра суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилиши, учинчи қисмига кўра даъвогар тўлашдан белгиланган тартибда озод қилинган давлат божи, агар жавобгар бож тўлашдан озод қилинмаган бўлса, қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда жавобгардан республика бюджети даромадига ундирилиши назарда тутилган. Юқоридагиларга кўра, суд даъво талаблари асосли киритилганлигини инобатга олиб, жавобгарлардан республика бюджети фойдасига 625 498 457,34 сўм давлат божи, даъвогар фойдасига 33 000 сўм почта харажатлари солидар тартибда ундиришни лозим топади. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 127-128, 170, 176-180, 186, 192-моддаларини қўллаб, суд қарор қилади: Даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилсин. “ННН” масъулияти чекланган жамияти, “ООО” масъулияти чекланган жамияти, “ККК” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 2 449 066,67 евро муддатли асосий қарз, 7 740,18 евро муддатли фоиз қарзи, 56 187,81 евро муддати ўтган фоиз қарзи, 25 658,16 евро муддати узайтирилган фоиз тўлови, 3 308,78 евро пеня, жами 2 541 961,6 евро кредит 5 қарздорлиги ва 33 000 сўм почта харажатлари солидар тартибда ундирилсин. “ННН” масъулияти чекланган жамияти, “ООО” масъулияти чекланган жамияти, “ККК” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан республика бюджети фойдасига 625 498 457,34 сўм давлат божи ундирилсин. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ижро варақалари берилсин. Мазкур ҳал қилув қарори устидан бир ой муддат ичида Зангиота туманлараро иқтисодий суди орқали Тошкент вилоят судига апелляция тартибида шикоят қилиниши (прокурор эса ишда иштирок этувчи шахснинг мурожаати бўлган тақдирда протест келтириши) мумкин. Апелляция тартибида кўрилмаган иш кассация тартибида кўриб чиқилмаслиги ишда иштирок этувчи шахсларга тушунтирилсин. П.Закирова