Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1001-2208/59161 Дата решения 19.07.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Олий суд Судья Халмирзаев Олим Дустмухамматович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "Коракалпок худудий электр тармоклари корхонаси" акционерлик жамияти Ответчик / Подсудимый NANO L GREASE масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1135723 Claim ID 3319936 PDF Hash 5fd12b328e9ffa6b... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 6
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ФКнинг 326-моддаси ФКнинг 326 law
ра ФКнинг 326-моддаси ра ФК 326 law
дори ФКнинг 327-моддаси дори ФК 327 law
Биринчи инстанция суди ФКнинг 326-моддаси Биринчи инстанция суди ФК 326 law
ИПК 128-моддаси ИПК 128 law
тисодий процессуал кодекси 301-моддаси тисодий процессуал кодекси 301 code_article
Текст решения 11 882 символов
4-1001-2208/59161-сонли иш Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья Ю.Фозилова Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья М.Саидов Кассация инстанцияси судида маърузачи судья О.Халмирзаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ ҚАРОРИ шаҳришаҳри 2023 йил 19 июль Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати О.Халмирзаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари З.Рустамов ва Ф.Ражабовдан иборат таркибда, Б.Муродқосимовнинг котиблигида, “NANO L GREASE” масъулияти чекланган жамият вакили У.Мирзаев (2023 йил 7 мартдаги 16-сонли ишончнома), “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти вакиллари Қ.Еримбетов (2023 йил 4 июлдаги АН-01-11/2203-сонли ишончнома), С.Ахмедов (2023 йил 21 июндаги АИ-01-11/2090-сонли ишончнома) иштирокида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармасининг “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти манфаатида “NANO L GREASE” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан берилган даъво аризаси бўйича қабул қилинган Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 7 декабрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 9 мартдаги қарори устидан берилган “NANO L GREASE” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга видеоконференцалоқа режимида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти (бундан буён матнда даъвогар ёки пудратчи деб юритилади) ва “NANO L GREASE” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар ёки буюртмачи деб юритилади) ўртасида 2021 йил 16 март куни 95-сонли шартнома тузилган. Шартнома шартларига кўра даъвогар электр таъминоти лойиҳасини ишлаб чиқиш, ваколатли идоралар билан келишиш, ташқи электр таъминоти тармоғини қуриш ва созлаш, ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш ва бошқа хизматлар кўрсатиш, жавобгар эса бажарилган ишларни қабул қилиш ва тўловларни амалга ошириш мажбуриятини олган. Даъвогар томонидан шартнома шартларига мувофиқ жами 407 837 000 сўмлик ишлар бажарилганлиги, бу ҳақида тарафлар ўртасида топшириш-қабул қилиш далолатномаси тузилганлиги, бироқ жавобгар шартномада белгиланган муддатда бажарилган ишлар учун тўловларни амалга оширмаганлиги, қарздорликни тўлаш учун даъвогар томонидан юборилган талабномалар оқибатсиз қолдирганлиги тўғрисидаги асос билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) даъвогар манфаатида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 345 030 102 сўм қарз ва 172 515 051 сўм пеня ундиришни сўраган. Биринчи инстанция судининг 2022 йил 7 декабрдаги ҳал қилув қарори билан Палатанинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 345 030 102 сўм қарз, 50 000 000 сўм пеня ва олдиндан тўланган 24 000 сўм почта харажатлари ундирилган. Жавобгардан республика бюджетига 10 350 903,06 сўм давлат божи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг депозитига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажати ундирилган. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Апелляция инстанцияси судининг 2023 йил 9 мартдаги қарори билан биринчи инстанция судининг 2022 йил 7 декабрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Жавобгар Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, суд қарорларини бекор қилишни, Палатанинг даъвогар манфаатида берган даъво аризасини қаноатлантиришни рад этишни сўраган. Суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакили ўз тушунтиришида кассация шикоятида келтирилган важларни такрорлаб, суд қарорларини бекор қилишни, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўради. Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакиллари кассация шикоятида келтирилган важларнинг асоссиз эканлигини билдириб, жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантирмасдан, суд қарорларини эса ўзгаришсиз қолдиришни сўрадилар. Судлов ҳайъати, тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, жавобгарнинг кассация шикоятида келтирилган важларини муҳокама қилиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. Ишдаги ҳужжатлардан ва суд муҳокамасида аниқланган ҳолатларга кўра, шартноманинг 1.1-бандида даъвогар электр таъминоти лойиҳасини ишлаб чиқиш, ваколатли идоралар билан келишиш, ташқи электр таъминоти тармоғини қуриш ва созлаш, ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш ва бошқа хизматлар кўрсатиш, жавобгар эса бажарилган ишларни қабул қилиш ва тўловларни амалга ошириши, 2.1-бандида эса шартнома баҳоси 407 837 000 сўмни ташкил этиши белгиланган. Даъвогар томонидан шартнома бўйича қўшилган қиймат солиғи билан бирга 407 837 000 сўмлик ишлар бажарилиб, топшириш-қабул қилиш далолатномасига асосан жавобгарга топширилган. Жавобгар бажарилган ишларни эътирозсиз қабул қилган. Суд муҳокамасида даъвогар ва жавобгар ўртасида 2021 йил 14 сентябрь куни ҳолатига таққослаш далолатномаси расмийлаштирилганлиги, унга кўра жавобгар даъвогарнинг олдидаги 407 837 000 сўм қарзини тан олганлиги аниқланди. Бундан ташқари, жавобгар даъвогарга 2023 йил 30 январдаги 06-сонли хат билан мурожаат қилиб, ушбу хатда жавобгар даъвогарнинг олдидаги қарзини тан олган ҳамда ушбу қарзни тўловини кечиктиртишни сўраган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Жавобгар томонидан бажарилган ишлар учун қисман, яъни 62 806 898 сўм тўлов амалга оширилиб, 345 030 102 сўм қарздорликка йўл қўйилганлигини, мазкур қаздорликни бартараф этиш учун жавобгарга йўллаган талабнома оқибатсиз қолдирилганлигини инобатга олиб, биринчи инстанция суди даъвонинг асосий қарз ундириш қисмини қаноатлантириш ҳақида қонуний тўхтамга келган. Шартноманинг 7.2-бандида бажарилган ишлар ҳақини ўз вақтида тўламаганлик учун буюртмачи пудратчига ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорида пеня тўлаши белгиланган. ФКнинг 326-моддасига кўра, агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2007 йил 15 июндаги 163-сонли қарорининг 2-бандига кўра, судлар неустойкани ундириш тўғрисидаги даъволарни ҳал қилишда неустойка миқдорининг қонун талабларига мувофиқ ҳисобланганлиги, унинг асослилиги, мажбурият бузилиши оқибатларига мутаносиблиги каби ҳолатларни ҳар томонлама ва чуқур муҳокама қилиб, талаб қилинган неустойканинг адолатли миқдорини белгилашлари шарт. Макур Пленум қарорининг 4-бандига кўра ФКнинг 326-моддасига мувофиқ суд қарздор томонидан мажбуриятларнинг бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи тарафларнинг мулкий аҳволини, шунингдек кредиторнинг манфаатларини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли. Шу билан бирга судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, неустойканинг энг кам миқдори ФКнинг 327-моддасида кўрсатилган фоизлар миқдоридан кам бўлмаслиги лозим. Жавобгар томонидан кечиктирилган тўловнинг 0,4 фоизи миқдорида, аммо кечиктирилган тўловнинг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорида 172 515 051 сўм пеня тўғри ҳисобланган. Биринчи инстанция суди ФКнинг 326-моддасига асосан жавобгар томонидан мажбуриятларнинг бажарилиш даражаси, жавобгарнинг мулкий аҳволи, шунингдек даъвогарнинг манфаатларини эътиборга олиб, ўз ваколатидан келиб чиқиб, талаб қилинган пеняни 50 000 000 сўмгача камайтириш ҳақида асосли тўхтамга келган. Жавобгар биринчи инстанция суди томонидан суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлиги, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш, иқтисодий иш қўзғатиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида 2022 йил 21 ноябрдаги ажрими жавобгарнинг олдинги манзили, яъни Тошкент шаҳри, Олмазор кўчаси 17а-уй манзилига юборилганлиги ҳақида важ келтирган. Бироқ, ИПК 128-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, ажримнинг кўчирма нусхаси суд томонидан электрон почта орқали ёки хабардор қилинганлик фактини тасдиқловчи бошқа алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда юборилган кундан эътиборан уч кун ўтган бўлса, суд ишларини юритиш иштирокчиси суд томонидан тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланиши белгиланган бўлиб, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш, иқтисодий иш қўзғатиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида ажрими 2022 йил 28 ноябрда жавобгарнинг “stat.uz” сайтидаги электрон почта манзилига юборилган. Жавобгар шикоятда даъвогар томонидан электр тармоғини улаш хизматлари кўрсатилган бўлса-да, ушбу хизматлар охирига етказилмаганлиги, ҳозирги кунга қадар жавобгар ушбу электр тармоғидан тўлиқ фойдалана олмасдан келаётганлиги ҳақида важ келтирган. Бироқ, даъвогар томонидан шартнома бўйича қўшилган қиймат солиғи билан бирга 407 837 000 сўмлик ишлар бажарилиб, топшириш-қабул қилиш далолатномасига асосан жавобгарга топширилган. Жавобгар бажарилган ишларни эътирозсиз қабул қилган. Бундан ташқари, шикоятда электр тармоғи фақатгина жавобгар фойдаланиши учун тортиб келинган бўлса-да, ундан бошқа корхона фойдаланаётганлиги, ушбу ҳолатда электр тармоқдан бошқа корхоналарга даъвогар етказиб бериш учун келишув ёки шартномага қўшимчалар киритмасдан фойдаланиб келаётганлиги ҳолатлари текширилмаганлиги тўғрисида важ келтирган бўлса-да, бу важлар ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўла олмайди. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Суд қарорларини бекор қилиш ва ўзгартириш учун асослар аниқланмади. Шу боис, судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг 2022 йил 7 декабрдаги ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг 2023 йил 9 мартдаги қарорини ўзгаришсиз, жавобгарнинг кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, олдиндан тўланган суд харажатларини жавобгар зиммасида қолдиришни, жавобгардан республика бюджетига 5 175 451,53 сўм давлат божи ҳамда Олий суд депозитига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатларини ундиришни лозим топади. Юқорида баён қилинганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301, 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 7 декабрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 9 мартдаги қарори ўзгаришсиз, “NANO L GREASE” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. “NANO L GREASE” масъулияти чекланган жамиятидан республика бюджетига 5 175 451,53 сўм давлат божи ундирилсин. “NANO L GREASE” масъулияти чекланган жамиятидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди фойдасига 82 500 сўм суд харажатлари ундирилсин. Ижро варақалар берилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: О.Халмирзаев Ҳайъат аъзолари: Ф.Ражабов З.Рустамов