← Назад
Решение #524178 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
9
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| аролик кодекси | 153 | — | code_article | |
| ФКнинг | 236 | — | law | |
| ФКнинг | 715 | — | law | |
| ФКнинг | 732 | — | law | |
| ФКнинг | 333 | — | law | |
| ФКнинг | 326 | — | law | |
| нинг | 128 | — | law | |
| ИПК | 68 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law |
Текст решения
18 792 символов
4-1505-2302/572-сонли иш
Биринчи инстанцияда судида
ишни кўрган судья Ш.Мирзаматов
Апелляция инстанцияси судида
маърузачи судья А.Мадаминов
Кассация инстанцияси судида
маърузачи судья Ф.Ражабов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қ А Р О РИ
2023 йил 19 июль
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати судья Ш.Мирзахакимов раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар
З.Рустамов ва Ф.Ражабовдан иборат таркибда, Б.Муродқосимов котиблигида,
“Vodiyneftgazavtotrans” масъулияти чекланган жамияти вакиллари А.Жўраев
(раҳбар), О.Ҳикматов (2023 йил 19 июлдаги 01/204-сонли ишончнома асосида),
адвокат А.Мирзалиев (2023 йил 30 майдаги 14-сонли ордер асосида),
“O‘zavtotranstexnika Farg‘ona ilmiy ishlab chiqarish” масъулияти чекланган
жамияти вакили Р.Хамидов (2023 йил 31 мартдаги 48-сонли ишончнома
асосида)нинг иштирокида, даъвогар “O‘zavtotranstexnika Farg‘ona ilmiy ishlab
chiqarish” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар “Vodiyneftgazavtotrans”
масъулияти чекланган жамиятига нисбатан берган даъво аризаси бўйича қабул
қилинган Риштон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 31 мартдаги ҳал
қилув қарори ва Фарғона вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2023 йил 26 майдаги қарори устидан “Vodiyneftgazavtotrans”
масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган кассация шикояти асосида
ишни Олий суд биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб,
қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Аниқланишича, “O‘zavtotranstexnika Farg‘ona ilmiy ishlab chiqarish”
масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади)
ва “Vodiyneftgazavtotrans” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда
жавобгар деб юритилади) ўртасида 2019 йил 25 ноябрда 48-сонли транспорт
хизмати кўрсатиш шартномаси ҳамда 2020 йил 5 мартда 6-сонли молиявий
ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартнома тузилган.
Транспорт хизматини кўрсатиш шартномасига кўра, даъвогар жавобгарга
2019-2021 йиллар давомида транспорт хизматини кўрсатган бўлса-да, аммо,
жавобгар томонидан кўрсатилган хизматлар учун белгиланган тўловлар ўз
вақтида амалга оширилмаган. Натижада жавобгарнинг даъвогар олдидаги
мавжуд қарзи 479 271 005 сўмни ташкил қилган.
Шунингдек, молиявий ёрдам кўрсатиш шартномасига асосан даъвогар
томонидан жавобгар ҳисоб рақамига ўтказиб берилган 250 000 000 сўмлик
молиявий ёрдамдан 17 728 992,67 сўмлик қисми қайтарилмаган.
Тарафлар ўртасида ҳисобварақ-фактура ва солиштирма далолатномалар
имзоланган, даъвогар томонидан жавобгарга қарздорликни бартараф этиш
ҳақида 2022 йил 14 февралда 17-сонли огоҳлантириш хати юборилган, бироқ
жавобгар мазкур талабномани оқибатсиз қолдирган. Шу сабабли даъвогар
даъво аризасидаги талаб билан судга мурожаат қилиб, жавобгардан транспорт
хизмати учун 479 271 005,32 сўм, 17 728 993,67 сўм қайтарилмаган кўрсатилган
молиявий ёрдам пули жами 496 999 998,99 сўм ҳамда ушбу қарздорликка
ҳисобланган 56 791 596 сўм пеняни ундириб беришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2023 йил 31 мартдаги ҳал қилув қарори
билан даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар
фойдасига 496 999 998,99 сўм асосий қарз, 40 000 000 сўм пеня, 30 000 сўм
почта харажати ҳамда 5 537 916 сўм давлат божи ундирилган.
Фарғона вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 26 майдаги қарори билан Риштон туманлараро иқтисодий судининг
2023 йил 31 мартдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларидан норози бўлиб, жавобгар
кассация шикояти билан мурожаат қилиб, унда биринчи инстанция судининг
ҳал қилув қарори ва апелляция судлов ҳайъатининг қарорини бекор қилиш
сўралган. Бунга асос қилиб, шикоятда судлар томонидан даъвогар томонидан
тақдим этилган ҳужжатлар жумладан, тарафлар ўртасида тузилган таққослаш
далолатномасининг қонунийлиги ўрганилмаганлиги, жавобгар томонидан
бажарилган ишлар учун олдиндан тўлов амалга оширилганлиги ҳолати судлар
томонидан ўрганилмаганлиги натижасида жавобгардан асоссиз равишда пеня
ундирилганлиги, даъво талабидаги қарздорлик тарафлар ўртасида 2019 йил
25 ноябрда тузилган 48-сонли шартноманинг 2.2, 2.4, 2.5, 3.1.5, 3.2.5-бандлари
даъвогар томонидан бажарилмаганлиги сабабли вужудга келганлиги, 2022 йил
1 декабрдаги таққослаш далолатномаси даъвогар ва жавобгар раҳбарлари
томонидан имзоланмаганлиги, биринчи инстанция суди суд муҳокамасининг
вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда жавобгарни хабардор
қилмаганлиги, “Гибрид почта” орқали юборилган суднинг тайинлаш ажрими
жавобгар собиқ ходими И.Усмоновга топширилганлиги, молиявий ёрдам
кўрсатиш тўғрисидаги шартнома бир томонлама, фақат даъвогар раҳбари
томонидан имзоланганлиги, даъвогар уч ярим йил давомида қарздорликни
ундириш чорасини кўрмаганлиги, Фуқаролик кодексининг 153-моддасига
асосан даъво қилиш муддати ўтиб кетганлигини кўрсатган.
Суд муҳокамасида иштирок этган жавобгарнинг вакиллари кассация
шикоятида келтирилган важларини такрорлаб, “Vodiyneftgazavtotrans” МЧЖ
2023 йил 12 январда сотиб олинганлигини, жавобгарнинг бухгалтерия
ҳужжатларида даъво талабидаги мавжуд қарздорлик мавжуд бўлганлигини,
аммо, мавжуд қарздорликни тасдиқловчи ҳужжатларда камчилик бўлганлиги
сабабли мавжуд қарздорлик тўланмаганлигини, жавобгарнинг бошқа қарзлари
тўлаб берилганлигини, чел элда хизмат сафарида бўлишганлиги сабабли
биринчи инстанция судида қатнашган ходимлар бўлимининг ходимига
ишончнома берилмаганлигини, ўзлари ҳам шу сабабдан суд мажлисида
қатнаша олмаганликларини маълум қилиб, шикоятни қаноатлантиришни
сўрашди.
Суд муҳокамасида иштирок этган даъвогарнинг вакили кассация
шикоятига нисбатан эътироз билдириб, жавобгар вакили биринчи инстанция
судида ишончномасиз қатнашганлигини, судга даъво аризаси киритилгунига
қадар жавобгар ҳисоб-рақамига инкассо қўйилганлигини, жавобгар раҳбари
мавжуд қарздорликни бир йил ичида тўлаб бераман дегани учун ҳисоб
рақамига қўйилган инкассо олинганлигини, жавобгар корхонани сотиб олаётган
вақтда бухгалтерия ҳисоботларида қарздорлик борлигини билганлигини,
молиявий ёрдам кўрсатиш шартномасининг асли йўқолганлигини, мазкур ҳолат
даъво аризасида ҳам қайд этилганлигини, молиявий ёрдам кўрсатилганлиги
факти ишдаги мавжуд банк маълумоти билан тасдиқланишини, молиявий ёрдам
жавобгар ходимлари иш ҳақини тўлаб бериш учун ўтказиб берилганлигини,
даъво аризасида пенянинг аниқ ҳисоб китоби берилганлигини, пеня тўғри
ҳисобланганлигини маълум қилиб, суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни
сўради.
Судлов ҳайъати, тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб,
кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга
муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд ҳужжатларини ўзгаришсиз,
кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК
деб юритилади)нинг 8 ва 234-моддаларига кўра, мажбуриятлар шартномадан,
зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан
келиб чиқади. Мазкур ҳолатда тарафларнинг мажбуриятлари тарафлар ўртасида
тузилган шартномалардан келиб чиққан.
ФКнинг 236-моддасига асосан мажбуриятлар мажбурият шартларига ва
қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар
бўлмаганида эса иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа
талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
ФК 711-моддасининг биринчи қисмига кўра, юк ташиш шартномаси
бўйича юк ташувчи юк жўнатувчи томонидан ўзига ишониб топширилган юкни
белгиланган манзилга етказиб бериш ва уни олишга ваколат берилган шахсга
(олувчига) топшириш, юк жўнатувчи эса юкни ташиб берганлик учун
белгиланган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади.
ФКнинг 715-моддаси биринчи қисмига кўра агар қонунчиликда бошқа
ҳол назарда тутилган бўлмаса, йўловчи, багаж ва юк ташиганлик учун тарафлар
келишуви билан белгиланган миқдорда ҳақ олинади.
Тарафлар ўртасида тузилган 2019 йил 25 ноябрдаги 48-сонли транспорт
хизмати кўрсатиш шартномасига асосан 2019-2021 йил давомида даъвогар
томонидан жавобгарга 479 271 005,32 сўмлик хизматлар кўрсатилганлиги
ишдаги мавжуд ҳужжатлар жумладан, 2020 йил 31 январдаги 7-сонли, 2020 йил
29 февралдаги 14-сонли, 2020 йил 31 мартдаги 22-сонли, 2020 йил
30 апрелдаги 30-сонли, 2020 йил 31 майдаги 39-сонли, 2020 йил 30 июндаги
50-сонли2020 йил 31 июлдаги 63-сонли, 2020 йил 25 августдаги 65/2-сонли,
2020 йил 31 августдаги 66-сонли, 2020 йил 30 сентябрдаги 76-сонли, 2020 йил
31 октябрдаги 90-сонли, 2020 йил 30 ноябрдаги 124-сонли, 2020 йил
31 декабрдаги 138-сонли, 2021 йил 31 январдаги 7-сонли ҳамда 2021 йил
28 февралдаги 10-сонли ҳисоб фактуралар (и.ҳ 17-24, 74-89 варақлар), юк хати/
ҳисоб-фактуралар (и.ҳ 96-174 варақлар), шунингдек, 2022 йил 1 декабрдаги
таққослаш далолатномаси билан тасдиқланган.
ФКнинг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз
берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан
белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз
берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга
олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз
суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.
Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган
ҳисобланади.
Тарафлар ўртасида молиявий ёрдам бериш учун тузилган 2020 йил
5 мартдаги 6-сонли шартномада гарчи жавобгар раҳбарининг имзоси ва муҳри
бўлмаса-да, даъвогар томонидан жавобгарга бир ой муддатда қайтариб бериш
шарти билан 250 000 000 сўм миқдорида молиявий ёрдам пули ўтказиб
берилганлиги ишдаги мавжуд ҳужжатлар жумладан, таққослаш далолатномаси
ҳамда банк маълумоти билан тасдиқланган (и.ҳ 59-60 варақлар).
ФК 733-моддасининг учинчи қисмига асосан агар қарз олувчининг
тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян
миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд
бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.
Даъвогар томонидан жавобгарга қайтариб бериш шарти билан молиявий
ёрдам ўтказиб берилганлиги, ўзаро ҳисоб-китоблардан сўнг жавобгарнинг
даъвогар олдидаги мавжуд қарзи 17 728 993,67 сўмни ташкил қилиши ишдаги
мавжуд ҳужжатлар билан ўз исботини топган.
Шунингдек, даъвогар даъво талабида жавобгардан шартномаларда
кўрсатилган мажбуриятлар бажарилмаганлиги учун 56 791 596 сўм пеня
ундиришни сўраган.
ФКнинг 333-моддасига кўра, қарздор айби бўлган тақдирда, мажбуриятни
бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун
хужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб
беради.
Даъвогар томонидан тарафлар ўртасида имзоланган транспорт хизмати
кўрсатиш шартномасининг 4.6-бандида буюртмалар ўз вақтида бажармаганлиги
учун жавобгарнинг даъвогарга бажарилмаган мажбуриятнинг 10 фоизидан кўп
бўлмаган миқдорда кунига 0,4 фоиздан пеня тўлаши белгиланган.
Шартнома шартларидан келиб чиқиб, даъвогар жавобгардан
бажарилмаган мажбурият яъни 479 271 005,32 сўмнинг 10 фоизи миқдори
47 927 100 сўм пеня ундиришни сўраган.
Бундан ташқари, даъво аризасида тарафлар ўртасида тузилган молиявий
ёрдам бериш тўғрисидаги шартноманинг 2.2-бандига асосан даъвогар
жавобгардан молиявий ёрдам белгиланган вақтда қайтариб берилмаган ҳар бир
кун учун 0,5 фоиз пеня ундирилиши тўғрисидаги қоидадан келиб чиққан ҳолда
молиявий ёрдам тўғрисидаги шартнома бўйича вужудга келган қарздорликка
нисбатан 8 864 496 сўм пеня ундиришни сўраган.
Даъвогар пеняни ҳисоблашда жавобгар томонидан амалга оширилган
охирги тўлов куни 2022 йил 11 октябрдан даъво аризаси судга тақдим этилган
кун 2023 йил 10 мартгача бўлган муддатни инобатга олган. Ушбу ҳолатда
даъвогарнинг пеня ундириш ҳақидаги талаби асосли ҳисобланади.
ФКнинг 326-моддасига кўра, агар тўланиши лозим бўлган неустойка
кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб
турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай
даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий
аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак.
Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга
олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига
эга.
Мазкур ҳуқуқ нормасига асосан даъвогарнинг пеня ундириш ҳақидаги
талаби асосли бўлганлиги, тарафлар мажбуриятларини қай даражада
бажарганликлари, даъвогар томонидан қарздорлик суммасини ундириш бўйича
ўз вақтида мурожаат қилинмаганлиги, пеня суммасининг сунъий кўпайишига
олиб келинганлигини инобатга олиб, жавобгардан даъвогар фойдасига банк
фоизидан кам бўлмаган миқдорда пеня (40 000 000 сўм) ундирилиб, даъво
талабидаги пенянинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятида келтирилган важлар
билан қуйидагиларга асосан келишмайди.
Биринчидан, гарчи жавобгар кассация шикоятида биринчи инстанция
суди суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида уни тегишли тартибда
хабардор қилмаганлигини, “Гибрид почта” орқали юборилган суднинг
тайинлаш ажрими жавобгар собиқ ходими И.Усмоновга топширилганлиги, суд
мажлиси жавобгар вакили иштирокисиз ўтказилганлиги важ қилиб келтирган
бўлса-да, суд мажлисида хизмат сафари билан чет элда бўлганлиги, биринчи
инстанция суди суд мажлисида қатнашган жавобгар вакилида ишончнома
бўлмаганлиги сабабли суд мажлисини бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги
унинг илтимосномаси инобатба олинмаганлигини маълум қилган.
Қолаверса, иш ҳужжатларида жавобгар суд мажлисининг вақти ва жойи
тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинганлигини тасдиқловчи алоқа
бўлимининг маълумоти мавжуд (и.ҳ 30 варақ).
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади)нинг 128-моддасига мувофиқ агар суд иқтисодий
суд ишларини юритиш иштирокчиси ўзига юборилган ажримнинг кўчирма
нусхасини олганлиги ёки ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа усулда
хабардор қилинганлиги тўғрисида суд мажлиси бошлангунига қадар
маълумотларга эга бўлса, ушбу иштирокчи тегишли тарзда хабардор қилинган
деб ҳисобланади.
Иккинчидан, жавобгар кассация шикоятида бажарилган ишлар учун
олдиндан тўлов қилган бўлса-да, унга нисбатан асоссиз пеня ҳисобланганлиги,
шартномага асосан ишларнинг бажарилганлигини тасдиқловчи накладнойлар,
ҳисоб-фактуралар бўлиши лозимлиги, бироқ даъво талабларини тасдиқловчи
далиллар иш ҳужжатларида мавжуд эмаслиги тўғрисида важлар келтирган
бўлса-да, жавобгар мазкур ҳолатларни тасдиқловчи далилларни ҳамда ўз
эътирозларини асословчи ҳужжатлар тақдим эта олмади.
Учинчидан, жавобгарнинг кассация шикоятидаги даъвогар томонидан
кўрсатилган 283 101 007 сўмлик транспорт хизмати учун 290 102 939 сўм
ўтказиб берганлиги тўғрисидаги важлари билан келишиб бўлмайди.
Чунки, тарафлар ўртасида расмийлаштирилган ҳисоб фактуралар, юк
хати/ҳисоб-фактуралар, таққослаш далолатномаси ҳамда банк айланмаси
маълумотларидан аниқланишича, жавобгар томонидан 2021 йил 12 майда
транспорт хизмати учун 5 000 000 сўм ўтказиб берилган, жавобгар молиявий
ёрдамни қайтариш учун тўлаган жами 207 271 006 сўм пулини транспорт
хизмати учун тўлаганлигини эътироф этган бўлса-да, бироқ банк айланма
ҳужжатида 207 271 006 сўмни молиявий ёрдамни қайтариш учун ўтказилган,
жавобгарга жами 982 004 211 сўмлик транспорт хизмати кўрсатилган бўлиб,
жавобгар шундан 502 733 206 сўмини тўлаган. Жавобгарнинг транспорт
хизматидан 479 271 005,32 сўм қарзи қолган. Бундан ташқари, жавобгарга
250 000 000 сўм молиявий ёрдам ўтказиб берилган бўлиб, жавобгар шундан
232 271 006 сўмини қайтариб, молиявий ёрдамдан 17 728 993 сўм қарзи қолган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми “Иқтисодий
судлар томонидан фуқаролик қонун ҳужжатларининг даъво муддатига оид
нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2015 йил 19 июндаги
282-сон қарори 9-бандига кўра, даъво муддатини қўллаш ҳақидаги ариза
фақатгина биринчи инстанция суди томонидан ишни кўриш якуни бўйича суд
ҳужжати қабул қилингунга қадар берилиши мумкин. Агар бундай ариза ишни
апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўриш жараёнида берилса,
у қаноатлантирилмайди ва бу ҳақида суд ҳужжатининг асослантирувчи
қисмида кўрсатилади, бундан ишнинг суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида
тегишли тарзда хабардор қилинмаган жавобгар йўқлигида кўрилганлиги
сабабли биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори (суд ҳужжати) бекор
қилиниб, низо юзасидан янги қарор қабул қилинган ҳоллар мустасно.
Жавобгар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда
хабардор қилинганлиги сабабли жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш
тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилмаслиги апелляция инстанцияси суди
қарорининг асослантирувчи қисмида кўрсатилган.
Шу боис, судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятидаги даъво
муддатини қўллашда судлар томонидан қонун талабларига риоя
қилинмаганлиги тўғрисидаги важалари билан клиша олмайди.
Бундан кўринадики, биринчи инстанция суди қарор қабул қилишда иш
учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқлаб, моддий ва процессуал ҳуқуқ
нормаларини тўғри қўллаган. Шунинг учун апелляция инстанция суди биринчи
инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида асосли
хулосага келган.
ИПК 68-моддасининг биринчи қисмига асосан ишда иштирок этувчи ҳар
бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни
исботлаши керак.
Жавобгар кассация шикоятида келтирган важларини исботлай олмади
ва мазкур ҳолатларни тасдиқловчи далилларни тақдим этмади.
ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига кўра, биринчи инстанция
судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини
ўзгартириш ёки бекор қилиш учун иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ
аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган
ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган
хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал
ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги асос
бўлади. Мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас.
Баён қилинганларга асосан судлов ҳайъати суд ҳужжатларини
ўзгаришсиз, жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантиримасдан
қолдиришни, кассация инстанцияси учун олдиндан тўланган 2 769 000 сўм
давлат божини жавобгар зиммасида қолдиришни, кассация инстанцияси учун
17 000 сўм почта харажати тўланганлигини инобатга олиб, жавобгардан Олий
суд депозит ҳисоб рақамига 16 000 сўм почта харажати ундиришни лозим
топади.
Юқоридагиларга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий
процессуал кодексининг 118, 301-303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
Риштон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 31 мартдаги ҳал
қилув қарори ҳамда Фарғона вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2023 йил 26 майдаги қарори ўзгаришсиз, “Vodiyneftgazavtotrans”
масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикояти қаноатлантирмасдан
қолдирилсин.
“Vodiyneftgazavtotrans” масъулияти чекланган жамиятидан Олий суд
депозит ҳисоб рақамига 16 000 сўм почта харажати ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Ш.Мирзахакимов
ҳайъат аъзолари:
З.Рустамов
Ф.Ражабов