← Назад
Решение #524491 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
15
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| БКнинг | 291 | — | law | |
| онуни | 10 | — | law | |
| онуннинг | 26 | — | law | |
| ИПК | 46 | — | law | |
| ИПК | 13 | — | law | |
| нинг | 24 | — | law | |
| онуни | 26 | — | law | |
| Биринчи инстанция суди БК | 218 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law | |
| Жавобгарнинг БК | 218 | — | law | |
| онун | 10 | — | law | |
| ги Битим | 24 | — | law | |
| БКнинг | 4 | — | law | |
| онуннинг | 11 | — | law |
Текст решения
19 987 символов
4-1001-2320/2728-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанция судида ишни кўрган
судья – Н.Байзақова
Апелляция инстанцияси судида маърузачи
судья- А.Усмонов
Кассация инстанциясида маърузачи
судья- Р.М.Сагатов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
2023 йил 18 июль
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати Р.Сагатовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари И.Таджиев ва В.Сатторовадан
иборат таркибда, Б.Жўраевнинг котиблигида, суд мажлисини видеоконференцалоқа
режимида ўтказишга кўмаклашаётган Самарқанд вилоят судининг ходими
Ғ.Амирқулов, даъвогар вакиллари – У.Ниятов, А.Абдухакимов (2023 йил
11 июлдаги 20/9-23-2538-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, ишга
низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи
шахс сифатида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги
Ғазначилигини жалб қилган ҳолда, даъвогар Самарқанд вилояти божхона
бошқармасининг жавобгар “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятидан
42 900 000 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш
юзасидан қабул қилинган Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2023 йил 23 мартдаги қарори устидан жавобгар томонидан берилган
кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий суди биносида
бўлиб ўтган видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб,
қуйидагиларни
аниқлади:
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси (бундан буён матнда даъвогар деб
юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Ўзбекистон темир
йўллари” акциядорлик жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан
42 900 000 сўм божхона йиғимларини ундиришни сўраган.
Суднинг 2023 йил 20 январдаги ажрими билан Ўзбекистон Республикаси
Молия вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги Ғазначилиги ишга низонинг предметига
нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб
қилинган.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 31 январдаги ҳал қилув
қарори билан даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.
Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил
23 мартдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвогарнинг даъво
аризасини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилинган.
Иш юзасидан қабул қилинган апелляция инстанцияси судининг қароридан
норози бўлиб жавобгар Олий судга кассация шикояти билан мурожаат қилган ва
унда суд ҳужжатини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини
ўз кучида қолдиришни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда Ўзбекистон
Республикаси Божхона кодекси (бундан буён матнда БК деб юритилади)
218-моддасининг тўртинчи қисмига биноан, товар келиб тушадиган божхона
органига товарларни темир йўл транспортида етказиб беришнинг энг кўп муддати
темир йўл транспорти учун – икки минг километр учун ўттиз календарь кундан
ошмаслиги белгиланган бўлиб, ушбу Қонунда ҳуқуқий муносабатларнинг ушбу
соҳа иштирокчилари ҳар қандай қўшимча жавобгарликни келтириб чиқариши
мумкин бўлган қисқа муддат ва (ёки) қисқа масофани белгилайдиган бошқа
ҳолатлар назарда тутилмаганлиги, БКнинг 291-моддасида божхона назорати остида
ташилаётган товар ва транспорт воситаларини етказиб бериш муддатлари ўтказиб
юборилганлиги учун божхона йиғими ундирилиши белгиланмаганлиги ҳамда
божхона йиғимини ундириш тартиби белгилаб берилмаганлиги, “Темир йўл
транспорти тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни 10-моддасининг учинчи
қисмига мувофиқ, темир йўл транспортининг ташиш жараёни билан боғлиқ
фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги, ушбу Қонуннинг
26-моддасига мувофиқ мулкий жавобгарлик айнан юк жўнатувчи, қабул қилувчи ва
юк ташувчилар ўртасидаги муносабатларга тааллуқли бўлиб, кўриб чиқилаётган
иқтисодий иш предметига умуман алоқаси йўқлиги, Ўзбекистон Республикаси
Божхона қўмитаси ва Самарқанд вилояти божхона бошқармаси “Халқаро темир
йўлларда юк ташиш тўғрисида”ги Битим иштирокчиси эмаслиги, БК
218-моддасининг бешинчи қисмида божхона назорати остида ташилаётган товарлар
учун етказиб бериш муддати ташувчининг аризасидан, товарларнинг ташишнинг
одатий муддатидан, транспорт воситасининг тури ва имкониятларидан, аризачи
томонидан белгиланган ҳаракат йўналиши ва бошқа ташиш шартларидан келиб
чиққан ҳолда жўнатувчи божхона органи томонидан белгиланиши кўрсатилганлиги,
ташувчининг аризаси судга тақдим этилмаганлиги, Ўзбекистон божхона ҳудудига
кириб келган пайтдан бошлаб 30 календарь кун ичида мақсадли божхона органига
етказиб берилган бўлса, божхона назорати остида олиб ўтиладиган товарларни
етказиб бериш муддатлари кечиккан ҳисобланмаслиги, БКнинг 291-моддасида
божхона назорати остида товар ва (ёки) транспорт воситалари учун белгиланган
етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун базавий ҳисоблаш
миқдорининг 1 баравари миқдорида божхона йиғими ундирилиши назарда
тутилмаганлиги ва шу божхона йиғимини ундириш тартиби белгилаб
берилмаганлигини кўрсатган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон маъмурий
ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил
21 декабрдаги ПФ-269-сонли Фармони билан 2023 йил 1 январдан бошлаб
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ташкилий бўйсунуви ўзгариб,
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурига ўтказилган.
ИПК 46-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, тарафлардан
бири низоли ёки суд ҳужжати билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб
кетган ҳолларда (юридик шахснинг қайта ташкил этилиши, талаб қилиш ҳуқуқидан
бошқа шахс фойдасига воз кечиш, қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши, фуқаронинг
ўлими ва мажбуриятлардаги шахслар ўзгаришининг бошқа ҳолларида) суд бу
тарафни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштиради.
Ҳуқуқий ворислик иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай
босқичида амалга оширилиши мумкин.
Шунинг учун, даъвогар унинг ҳуқуқий вориси Ўзбекистон Республикаси
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг Самарқанд
вилояти бўйича бошқармаси билан алмаштирилиши лозим.
Суд мажлисида даъвогар вакиллари кассация шикоятидаги важларга эътироз
билдириб, уни қаноатлантиришни рад этишни, апелляция инстанцияси судининг
қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўрашди.
Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида белгиланган тартибда хабардор
қилинган жавобгар ва учинчи шахс вакиллари суд мажлисига келмадилар.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация
инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи
ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини)
берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни
уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шунинг учун судлов ҳайъати ишни уларнинг иштирокисиз кўриб чиқишни
лозим топади.
Судлов ҳайъати даъвогар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб
ва шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб,
қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни,
апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
ИПК 13-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суд ишларни Ўзбекистон
Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонунчилик ҳужжатлари,
шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал
қилади.
“Халқаро темир йўлларда юк ташиш тўғрисида”ги Битим (бундан буён
матнда Битим деб юритилади)нинг 24-моддасида жўнатувчи томонидан бошқа
келишувлар бўлмаса, етказиб бериш муддати юкларнинг бутун йўналиши учун
белгиланиши, бу муддат ушбу моддада белгиланган меъёрлар асосида ҳисобланган
вақтдан ошиб кетмаслиги лозимлиги, бунда контейнерлар учун - ҳар 150 км. учун
бир сутка, бошқалар (бошқа турдаги вагонлар) учун - ҳар 200 км. учун бир суткадан
бошланиши қайд этилган.
“Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни
26-моддасининг тўртинчи қисмида темир йўл транспорти корхоналари юкларни
ташишда юкни етказиб бериш муддатларини бузганлик учун мулкий жавобгарлик
билан бир қаторда ташилаётган юкнинг сақланишини таъминламаганлик учун ҳам
қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорларда мулкий жавобгар бўлиши
белгиланган.
БК 218-моддасининг биринчи қисмига кўра, божхона назорати остида турган
товарлар ва (ёки) транспорт воситалари жўнатувчи божхона органидан товар келиб
тушадиган божхона органига ушбу товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини
ташиш учун қабул қилган ташувчининг жавобгарлиги остида ташилади.
БК ушбу моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, божхона назорати остида
ташиладиган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари:
товар келиб тушадиган божхона органига жўнатувчи божхона органи
белгилаган муддатларда ва йўналишлар бўйича, агар улар ушбу модданинг олтинчи
қисмига мувофиқ белгиланган бўлса, ташувчи томонидан етказиб берилиши;
товар келиб тушадиган божхона органига тақдим этилиши;
табиий эскириш ёки нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш
оқибатидаги ўзгаришларни истисно этганда, ўзгармас ҳолатда қолиши ҳамда
ташишдан бошқа бирор мақсадда фойдаланилмаслиги лозим.
Шунингдек, БК ушбу моддасининг тўртинчи қисмида товар келиб тушадиган
божхона органига товарларни етказиб беришнинг энг кўп муддати ҳаво транспорти
учун - уч календарь кундан, автомобиль ва сув транспорти учун - ўн календарь
кундан, темир йўл транспорти учун - икки минг километр учун ўттиз календарь
кундан ошмаслиги кераклиги, бешинчи қисмида божхона назорати остида
ташилаётган товарлар учун етказиб бериш муддати ташувчининг аризасидан,
товарларни ташишнинг одатий муддатидан, транспорт воситасининг тури
ва имкониятларидан, аризачи томонидан белгиланган ҳаракат йўналиши ва бошқа
ташиш шартларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу модданинг тўртинчи қисмида
белгиланган муддат доирасида жўнатувчи божхона органи томонидан белгиланиши
қайд этилган.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Божхона қўмитаси томонидан жавобгарга
2021 йил 24 апрелда 02-05/12-03316-сонли хат юборилган бўлиб, ушбу хатда темир
йўл транспортида ташилаётган товарларни манзил божхона постига етказиб
беришнинг энг кам муддати 7 кун қилиб белгиланганлиги ҳамда Давлат божхона
қўмитасининг ЯААТ дастурларига тегишли ўзгартиришлар киритилганлиги
ва ўз навбатида товарларни белгиланган муддатларда манзил божхона органига
етказишнинг имкони бўлмаган ҳолларда (асосли сабабларга кўра) темир йўл
вагонлари жойлашган жойдаги божхона органига мурожаат қилган ҳолда етказиб
бериш муддатларини узайтириш мумкинлиги билдирилган, шунингдек етказиб
бериш муддатлари юзасидан асосли таклиф ва эътирозлар бўлган тақдирда Божхона
қўмитасига мурожаат қилиши мумкинлиги маълум қилинган ҳамда ушбу хатга
темир йўл транспортида божхона назорати остида ташиладиган товарларни
жўнатувчи божхона органидан манзил божхона органигача божхона органи
томонидан белгиланадиган етказиб бериш муддатлари кўрсатилган жадвал илова
қилинган.
Божхона қўмитаси томонидан тақдим этилган жадвалга кўра, 2022 йилнинг
3 майдан 10 августга қадар даъвогар назорати остида ташилаётган товарлар
юкланган 41 та темир йўл вагонларининг етказиб бериш муддати жавобгар
томонидан ўтказиб юборилган.
БК 218-моддасининг олтинчи қисмига биноан божхона назорати остида
ташилаётган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари учун белгиланган етказиб
бериш муддатлари ташувчи томонидан бузилган тақдирда, етказиш пунктидаги
божхона органи томонидан ташувчидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар
Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда йиғим ундирилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги 700-сонли қарори билан
тасдиқланган “Божхона йиғимлари ставкалари”нинг 8-бандида божхона назорати
остидаги товар ва (ёки) транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш
муддати ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида
божхона йиғими белгиланган.
Шунинг учун, даъвогар 41 та темир йўл вагонлари кечикиб келганлиги
сабабли жами 42 900 000 сўм божхона йиғимини 10 кунлик муддатда тўлаб бериш
ҳақида жавобгарга 2022 йил 5 сентябрда 12-09/22-3605-сонли талабнома юборган.
Жавобгар даъвогарнинг ушбу талабномасини оқибатсиз қолдирганлиги
сабабли даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан
42 900 000 сўм божхона йиғими ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция суди БКнинг 218-моддасида белгиланган нормаларини
нотўри қўллаган ҳолда, даъвогар томонидан товар етказиб берилишида икки минг
километр учун ўттиз календарь кундан ошмасликнинг ўртача 66 километр масофа
учун 1 кун муддат белгиланиши асослантирилмаганлиги ва жавобгар томонидан
“Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
26-моддасида белгиланган қонунбузилишга йўл қўйилмаганлиги ҳақидаги хулосага
келиб, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантиришни рад этган.
Шунинг учун, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал
қилув қарорини бекор қилиш ва даъвони қаноатлантириш ҳақидаги асосли тўхтамга
келган.
ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 3-бандларига биноан иш учун
аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқланмаганлиги ва ҳал қилув қарорида баён
қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги биринчи инстанция
судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини
ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Мазкур ҳолатда апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки
бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас.
ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига асосан суд харажатлари ишда
иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига
мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Жавобгар томонидан ишни
кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ суд харажатлари унинг
зиммасида қолдирилади.
Жавобгарнинг БК 218-моддасининг тўртинчи қисмида товар келиб тушадиган
божхона органига товарларни етказиб беришнинг энг кўп муддати темир йўл
транспорти учун - икки минг километр учун ўттиз календарь кундан ҳисоб-китоб
билан белгиланадиган муддатдан ошмаслиги кераклиги белгиланганлиги, БКда
ҳуқуқий муносабатларнинг ушбу соҳа иштирокчилари учун ҳар қандай қўшимча
жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин бўлган қисқа муддат ва (ёки) қисқа
масофани белгилайдиган бошқа ҳолатлар назарда тутилмаганлиги ҳақидаги важи
билан судлов ҳайъати келишмайди. Чунки, БК 218-моддасининг тўртинчи қисмида
товарларни етказиб беришнинг энг кўп муддати белгиланган. БК ушбу моддасининг
бешинчи қисмига кўра, божхона назорати остида ташилаётган товарлар учун
етказиб бериш муддати ташувчининг аризасидан, товарларни ташишнинг одатий
муддатидан, транспорт воситасининг тури ва имкониятларидан, аризачи томонидан
белгиланган ҳаракат йўналиши ва бошқа ташиш шартларидан келиб чиққан ҳолда,
ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган муддат доирасида жўнатувчи
божхона органи томонидан белгиланади, яъни қонун билан божхона назорати
остида ташилаётган товарлар учун етказиб бериш муддатини белгилаш ваколати
божхона органига берилган.
Жавобгарнинг Вазирлар Маҳкамасининг 700-сонли қарор билан тасдиқланган
“Божхона йиғимлари ставкалари”да божхона остида ташилаётган товар ва
транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган
ҳар бир кун учун БҲМнинг 1 баробари миқдорида йиғим ундирилиши назарда
тутилганлиги, бироқ БКнинг 291-моддасида божхона остида ташилаётган товар ва
транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати ўтказиб
юборилганлиги учун божхона йиғими ундирилиши назарда тутилмаганлиги ҳамда
божхона йиғимини ундириш тартиби белгилаб берилмаганлиги ҳақидаги важи ҳам
асоссиздир. Чунки, БКнинг 291-моддасида божхона органлари томонидан амалга
оширилган ҳаракатлар ёки тартиб-таомиллар учун божхона йиғимлари белгиланган.
Жавобгарнинг “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Қонун 10-моддасининг
учинчи қисмига мувофиқ темир йўл транспортининг ташиш жараёни билан боғлиқ
фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги, ушбу Қонуннинг
26-моддасига мувофиқ мулкий жавобгарлик айнан юк жўнатувчи, юк қабул
қилувчи ва юк ташувчилар ўртасидаги муносабатларга тааллуқли бўлиб, мазкур
иқтисодий иш предметига умуман алоқаси йўқлиги ҳақида важи билан ҳам
келишиб бўлмайди. Чунки, божхона остида ташилаётган товар ва транспорт
воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати бузилганлиги учун мулкий
жавобгарлик ушбу Қонунда эмас, балки БКда белгиланган.
Жавобгарнинг божхона органи даъво аризасида “Халқаро темир йўлларда юк
ташиш тўғрисида”ги Битимнинг 24-моддасида етказиб бериш муддати
контейнерлар учун - ҳар бир 150 км учун 1 сутка, бошқалар (бошқа турдаги
вагонлар) учун ҳар бир 200 км учун 1 суткадан бошланиши ҳақида важ
келтирганлиги, бироқ божхона органи ушбу Битимнинг иштирокчиси эмаслиги,
мазкур Битим юк жўнатувчи, юк қабул қилувчи ва юк ташувчилар ўртасидаги
муносабатларга нисбатан тадбиқ этилиши ҳақидаги важи ҳам асоссиздир. Чунки,
БК 218-моддасининг бешинчи қисмида божхона назорати остида ташилаётган
товарлар учун етказиб бериш муддати ташувчининг аризасидан, товарларни
ташишнинг одатий муддатидан, транспорт воситасининг тури ва имкониятларидан,
аризачи томонидан белгиланган ҳаракат йўналиши ва бошқа ташиш шартларидан
келиб чиққан ҳолда, ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган муддат
доирасида жўнатувчи божхона органи томонидан белгиланиши кўрсатилганлиги
сабабли, божхона органи муддатларни белгилашда қайд этилган Битимда
белгиланган муддатларни асос қилиб олган.
Шунингдек, жавобгар кассация шикоятида ФК, “Акциядорлик жамияти
ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, БКнинг
4-моддаси ҳамда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари
тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасига кўра, қонунчиликда тадбиркорлик
фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф
этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти
субъектининг фойдасига талқин этилиши ҳақида важ келтирган. Бироқ, мазкур
ҳолатда қонунчиликда зиддиятлар ва ноаниқликлар мавжуд эмас.
Бундан ташқари, жавобгар божхона органи томонидан товарларни етказиб
бериш учун белгиланган муддатлар жавобгарга маълум қилинганлигини
тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги, жавобгар томонидан етказиб бериш
муддати бузилганлигини тасдиқловчи баённома ёки далолатнома тузилмаганлиги
ҳақида важлар келтирган.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил
20 августдаги 531-сонли қарори билан тасдиқланган “Божхона назорати остидаги
товарларга нисбатан юк операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги
Низомда ахборот тизими орқали жўнатувчи божхона органи томонидан божхона
назорати остида ташиладиган товарларни етказиб бериш муддатлари юк ташувчига
маълум қилиниши белгиланган. Даъвогар томонидан даъво талабига асос бўлган
юкларни етказилишини назорат қилиш китобининг электрон шакллари тақдим
қилинган бўлиб, уларнинг ҳар бирида юкларни етказиб бериш муддатлари
олдиндан тўлдирилган, амалда етказиб берилган муддатлар эса юклар
етказилганидан сўнг тўлдирилган.
7
Қолаверса, тарафлар томонидан 2023 йил 20 мартда “Божхона органларининг
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг таркибий бўлинмалари билан ўзаро
ҳамкорлиги тўғрисида технологик схема” тасдиқланган бўлиб, унинг 2.3-бандида
жўнатувчи божхона органи юк етиб борадиган божхона органи жойлашган жойга
қадар товарларни етказиб бериш муддатини юк ташишнинг норматив муддатларига
асосан белгилаши қайд этилган.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал
кодексининг 118, 301 – 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Йирик солиқ тўловчилар
бўйича ҳудудлараро Давлат солиқ инспекцияси унинг ҳуқуқий вориси Ўзбекистон
Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг
Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси билан алмаштирилсин.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг кассация шикоятини
қаноатлантириш рад этилсин.
Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция
инстанциясининг 2023 йил 23 мартдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятидан Олий суднинг депозит
рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм
суд харажатлари ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Р. Сагатов
ҳайъат аъзолари:
И. Таджиев
В. Сатторова