Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1901-2201/4443 Дата решения 13.07.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Олий суд Судья Сагатов Равшан Мирсидикович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Surxondaryo viloyati Davlat soliq boshqarmasi Ответчик / Подсудимый Glass Ekspo Surxon масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1131756 Claim ID 3336490 PDF Hash 55e61b2d07fa32d5... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 4
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
нинг 127-моддаси нинг 127 law
ИПК 46-моддаси ИПК 46 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения 17 894 символов
4-1901-2201/4443-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида кўрган судья – Д.Жумаев Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья- Ж.Хомидов Кассация инстанцияси судида маърузачи судья- Р.Сагатов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ ҚАРОРИ 2023 йил 13 июль Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Р.Сагатовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари И.Таджиев ва В.Сатторовадан иборат таркибда, З.Қодировнинг котиблигида, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган Сурхондарё вилоят судининг ходими Б.Тўрамуродов, аризачи вакили – бош инспектор Н.Тангиров (2023 йил 5 июлдаги 22-48987-cонли ишончнома асосида), жавобгар вакиллари – Б.Тиллаходжаев (2023 йил 13 июлдаги ишончнома асосида), О.Масаидов (2023 йил 22 февралдаги 000359-сонли ордер асосида)нинг иштирокида, аризачи Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармасининг жавобгар “GLASS EKSPO SURXON” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан жавобгар томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суд биносида бўлиб ўтган видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси (бундан буён матнда аризачи деб юритилади) иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилиб, “GLASS EKSPO SURXON” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)га нисбатан 2 535 АҚШ доллари ёки 128 711 783,70 сўм миқдорида молиявий жарима қўллашни сўраган. Термиз туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 20 январдаги ҳал қилув қарори билан ариза талаби қаноатлантирилиб, жавобгарга 128 711 783,7 сўм миқдорида молиявий жарима қўлланилган. Сурхондарё вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 6 мартдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларидан норози бўлиб, жавобгар Олий судга кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатларини бекор қилиб, аризачининг аризасини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)нинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинган деб кўрсатилган бўлса-да, жавобгарга суд куни ҳақидаги ажрим келиб тушмаганлиги, Хитой Халқ Республикасининг “Human Intelligent Machine Co. LTD” ўртасида тузилган GE-HUMAM20210518-сонли контракт бўйича етказиб берилиши лозим бўлган товарлар сотиб олувчига БЮДлар асосида тўлиқ етказиб берилганлиги, маҳсулот етказиб берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлиги, Хитой Халқ Республикасининг “Jinan weili machine Co. LTD” ўртасида тузилган FS20210525-UZ-GX-сонли контракт бўйича етказиб берилиши лозим бўлган товарлар сотиб олувчига БЮДлар асосида тўлиқ етказиб берилганлиги, маҳсулот етказиб берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлиги, Хитой Халқ Республикасининг “Guangdong Fushan Technology Co. LTD” ўртасида тузилган WL20210521-сонли шартномани муддатини узайтириш ҳақида қўшимча келишув тузилганлиги, ҳозирги кунда юк етказиб берувчи томонидан сотиб олувчига юборилганлиги ҳақида тегишли жавоб хатлари мавжудлиги, Хитой Халқ Республикасининг “Huade Mechanical end Equipment Co. LTD Quanzhou” ўртасида тузилган HDY210512-сонли шартномани муддатини узайтириш ҳақида қўшимча келишув тузилганлиги, ҳозирги кунда юк етказиб берувчи томонидан сотиб олувчига юборилганлиги ҳақида тегишли жавоб хатлари мавжудлиги, Хитой Халқ Республикасининг “Gmini United Co. Limited” ўртасида тузилган TG21052501-сонли шартномани муддатини узайтириш ҳақида қўшимча келишув тузилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сонли қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом (бундан буён матнда Низом деб юритилади) 27-бандининг еттинчи қисмига кўра, асбоб-ускуналарни ва (ёки) бутловчи қисмларни етказиб бериш муддатлари уларнинг техник тавсифларига ҳамда ўзига хос хусусиятига қараб 180 кундан ортиқ белгиланган бўлса, муддати ўтган дебитор қарздорлик учун жарима қўлланилмаслиги белгиланганлигини кўрсатган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 21 декабрдаги ПФ-269-сонли Фармони билан 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ташкилий бўйсунуви ўзгариб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурига ўтказилган. ИПК 46-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, тарафлардан бири низоли ёки суд ҳужжати билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган ҳолларда (юридик шахснинг қайта ташкил этилиши, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш, қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши, фуқаронинг ўлими ва мажбуриятлардаги шахслар ўзгаришининг бошқа ҳолларида) суд бу тарафни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштиради. Ҳуқуқий ворислик иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкин. Шунинг учун, даъвогар унинг ҳуқуқий вориси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси билан алмаштирилиши лозим. Суд мажлисида жавобгар вакиллари кассация шикоятидаги важларни такрорлаб, уни қаноатлантиришни, импорт шартномалари бўйича товарлар тўлиқ етказиб берилганлигини билдириб, суд ҳужжатларини бекор қилиб, аризачининг аризасини қаноатлантиришни рад этишни сўрашди. Суд мажлисида аризачи вакили кассация шикоятига қисман эътироз билдириб, жавобгар томонидан 2 700 АҚШ долларига тенг бўлган импорт шартномаси ижроси тўлиқ бартараф этилмаганлиги, қолган барча шартномалар ижроси бартараф этилганлигини билдириб, суддан қонуний қарор қабул қилишни сўради. Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни, суд ҳужжатларини ўзгартиришни лозим топади. Низом билан Ўзбекистон Республикасининг валютани назорат қилувчи органлари ва банкларида ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш тартиби белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 1994 йил 20 апрелдаги ПФ-837-сонли Фармонининг 2-бандида Ўзбекистон Республикаси жисмоний ва юридик шахсларининг экспорт-импорт ҳамда бошқа валюта операциялари бўйича хорижий валютадаги маблағлари ҳаракати устидан назорат қилиш Марказий банк, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасига юклатилган. Низомнинг 22-бандига кўра, хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо контрактлари ва инвойслари мониторинги валютани назорат қилувчи органлар ва тижорат банклари томонидан ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими (ТСОЯЭАТ) орқали амалга оширилади. Низомнинг 23-бандига кўра, товарларни республикага олиб кириш ва “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштириш, шунингдек, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ёхуд улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати импорт контрактлари бўйича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 кундан ортиқ бўлмаслиги кераклиги белгиланган. Иш ҳужжатларига кўра, аризачи томонидан олиб борилган мониторинг натижаларига асосан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 2022 йил 22 август ҳолатига тақдим этилган муддати ўтган қарздорликлар тўғрисидаги маълумот ҳамда ТСОЯЭАТ маълумотларига кўра жавобгарнинг хорижий ҳамкорлари билан тузилган ташқи иқтисодий фаолият шартномалари бўйича жами 2 535 АҚШ доллари миқдорида дебитор қарздорлиги аниқланган. Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича 2022 йил 22 август ҳолатига 1 АҚШ доллари 10 917,03 сўмни ташкил этган. Жумладан, жавобгар ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан ташқи савдо операциялари бўйича 5 та импорт шартномалари тузган. Жумладан, жавобгар ва Хитой Халқ Республикасининг “Human Intelligent Machine Co. LTD” ўртасида тузилган GE-HUMAM20210518-сонли шартнома бўйича дебиторлик қарз 1020 АҚШ доллари ёки 11 135 370,6 сўмни, жавобгар ва Хитой Халқ Республикасининг “Jinan weili machine Co. LTD” ўртасида тузилган FS20210525-UZ-GX-сонли шартнома бўйича дебиторлик қарз 885 АҚШ доллари ёки 9 661 571,55 сўмни, жавобгар ва Хитой Халқ Республикасининг “Guangdong Fushan Technology Co. LTD” ўртасида тузилган WL20210521-сонли шартнома бўйича дебиторлик қарз 130,5 АҚШ доллари ёки 1 424 672,41 сўмни, жавобгар ва Хитой Халқ Республикасининг “Huade Mechanical end Equipment Co. LTD Quanzhou” ўртасида тузилган HDY210512-сонли шартнома бўйича дебиторлик қарз 364,5 АҚШ доллари ёки 3 979 257,43 сўмни, жавобгар ва Хитой Халқ Республикасининг “Gmini United Co. Limited” ўртасида тузилган TG21052501-сонли шартнома бўйича дебитор қарз 135 АҚШ доллари ёки 1 473 799,05 сўмни ташкил қилган. Низомнинг 28-бандида чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчиларга, шунингдек, “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишни таъминламаган импорт қилувчиларга давлат солиқ хизмати органи томонидан жарима қўллаш тўғрисида талабнома юборилиши белгиланган. Аризачи томонидан 2022 йил 29 августда 22-43406-сонли, 22-43407-сонли, 22-43417-сонли, 22-43425-сонли ва 22-43431-сонли талабномалар жавобгарнинг электрон почта манзилига юборилган. Жавобгар томонидан талабномалар бўйича ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик ихтиёрий равишда бартараф этилмаган. Шу сабабли, аризачи томонидан жавобгарга нисбатан импорт шартномалари бўйича товарлар “импорт” божхона режимига расмийлаштириш орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилмаганлиги асоси билан жарима қўллаш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилган. Низом 23-бандининг биринчи қисмида товарларни республикага олиб кириш ва “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштириш, шунингдек, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ёхуд улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати импорт контрактлари бўйича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 кундан ортиқ бўлмаслиги кераклиги белгиланган. Низомнинг 24-бандига кўра, экспорт контракти бўйича тушум тушиши ёки товарларни қайта олиб кириш муддати товарларга нисбатан — “экспорт” божхона режими бўйича божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан ва хизматларга (ишларга) нисбатан - бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномаси имзоланган санадан бошлаб 180 кундан ошиб кетмаслиги керак. Низомнинг 241-бандига кўра, сотиб олиш контракти бўйича тўланган пул маблағларини қайтариш ёки сотиш контракти бўйича пул маблағларининг келиб тушиши сотиб олиш контракти бўйича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 кундан ошмаслиги керак. Бунда сотиш контракти бўйича келиб тушган пул маблағларининг миқдори сотиб олиш контракти бўйича тўланган пул маблағлари миқдоридан кам бўлмаслиги лозим. Ушбу муддатда қайтарилмаган ёки белгиланган миқдорда келиб тушмаган валюта маблағлари муддати ўтган дебитор қарздорлик сифатида қаралади. Мазкур Низомнинг 27-бандида ташқи савдо контрактлари бўйича активлар репатриация қилинишини (чет элдан хорижий валютадаги маблағлар келиб тушишини ёки ушбу Низомда кўрсатилган божхона режимларида товарлар республикага олиб кирилиши ва расмийлаштирилишини, ишлар бажарилиши ва хизматлар кўрсатилишини ёки пул маблағларининг қайтарилишини) мазкур Низомнинг 23, 24 ва 241-бандларида белгиланган муддатлар тугагандан кейин кўпи билан 45 кун (кичик тадбиркорлик субъектлари учун - 90 кун) мобайнида таъминламаган хўжалик юритувчи субъектлар, активларни репатриация қилиш норезидентга тўлов ёки экспорт амалга оширилган санадан эътиборан 360 кунгача кечикканда — репатриация қилинмаган активлар суммасининг 5 фоизига тенг миқдорда, активларни репатриация қилиш норезидентга тўлов ёки экспорт амалга оширилган санадан эътиборан 360 кундан 545 кунгача кечикканда - репатриация қилинмаган активлар суммасининг 10 фоизига тенг миқдорда қўшимча равишда, активларни репатриация қилиш норезидентга тўлов ёки экспорт амалга оширилган санадан эътиборан 545 кундан ортиқ кечикканда - репатриация қилинмаган активлар суммасининг 35 фоизига тенг миқдорда республика бюджети даромадига қўшимча жарима тўланиши белгиланган. Мазкур ҳолатда, жавобгар томонидан Хитой Халқ Республикасининг “Human Intelligent Machine Co. LTD” билан тузилган GE-HUMAM20210518-сонли шартнома бўйича ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “Guangdong Fushan Technology Co. LTD” билан тузилган WL20210521-сонли шартнома бўйича товарлар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар, яъни 2023 йил 20 январга қадар “эркин муомалага чиқариш (импорт-40)” божхона режимига расмийлаштирилган. Мазкур ҳолат 2022 йил 29 сентябрдаги 26002/29.09.2022/0082757-сонли БЮД билан, 2022 йил 6 октябрдаги 26002/06.10.2022/0085035-сонли БЮД билан ва 2022 йил 16 ноябрдаги 26002/16.11.2022/0098527-сонли БЮД билан ўз тасдиғини топган. Яъни, 12 560 043 сўм дебитор қарздорликбиринчи инстанция суди якунлангунига қадар баратаф этилган. Жавобгар ва Хитой Халқ Республикасининг “Jinan weili machine Co. LTD” ўртасида тузилган FS20210525-UZ-GX-сонли шартнома бўйича 9 661 571,55 сўм дебиторлик қарз, жавобгар ва Хитой Халқ Республикасининг “Huade Mechanical end Equipment Co. LTD Quanzhou” ўртасида тузилган HDY210512-сонли шартнома бўйича 3 979 257,43 сўм дебиторлик қарз биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қабул қилингандан сўнг “эркин муомалага чиқариш (импорт-40)” божхона режимига расмийлаштириш орқали бартараф этилган. Жавобгар ва Хитой Халқ Республикасининг “Gmini United Co. Limited” ўртасида тузилган TG21052501-сонли шартнома бўйича 1 473 799,05 сўм дебитор қарздорлик бартараф этилганлиги ҳақида далил мавжуд эмас. Демак, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар жавобгар томонидан 20 400 АҚШ долларига тенг бўлган шартнома бўйича 11 135 370,60 сўм, 2 610 АҚШ долларига тенг бўлган шартнома бўйича 1 424 672,42 сўм, жами 12 560 043 (11 135 370,60 + 1 424 672,42) сўмлик дебиторлик қарздорлик бартараф қилинган. Бундай ҳолатда, биринчи инстанция суди жавобгар импорт шартномаси бўйича чет элдан хорижий валютадаги тушумнинг тушиши ёки товарларни эркин божхона режимига расмийлаштириш муддатини бузганлигини асос қилиб, жавобгарга нисбатан 128 711 783,7 сўм молиявий жарима қўллаш ҳақида барвақт хулосага келган. Чунки, даъво аризасида жавобгарнинг дебитор қарздорлиги 2 535 АҚШ доллари ёки 27 674 671,05 сўмни ташкил қилиши кўрсатилган бўлса-да, судлар асоссиз равишда жавобгарга нисбатан даъво аризасида белгиланган суммадан юқори бўлган молиявий жаримани қўллаб хатоликка йўл қўйган. Апелляция инстанцияси суди эса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида нотўғри тўхтамга келган. Шунинг учун судлов ҳайъати биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг хулоса қисмидаги 128 711 783,7 сўм миқдорида молиявий жарима қўллаш қисми 15 114 628,10 (27 674 671,05 – 12 560 043) сўм миқдорида молиявий жарима қўллашга ўзгартиришни лозим топади. Бундан кўринадики, судлар томонидан иш юзасидан қарор қабул қилишда иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмаган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 302-моддасининг биринчи қисмига биноан иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас. ИПК 301-моддасининг 2-бандига биноан кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга ёки бекор қилишга ва ишни янгидан кўриб чиқиш учун юбормасдан янги қарор қабул қилишга ҳақли. Бундай ҳолатда, судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни, иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларини ўзгартиришни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари жавобгар зиммасига юклатилади ва кассация шикояти билан мурожаат қилишда тўланган почта харажатлари унинг зиммасида қолдирилади. Жавобгардан Олий суднинг депозит рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатлари ундирилади. Юқоридагиларга асосан ва ИПКнинг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси унинг ҳуқуқий вориси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси билан алмаштирилсин. “GLASS EKSPO SURXON” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин. Термиз туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 20 январдаги ҳал қилув қарори ва Сурхондарё вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 6 мартдаги қарори ўзгартирилсин. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмидаги 128 711 783,7 сўм миқдорида молиявий жарима қўллаш қисми 15 114 628,10 сўм миқдорида молиявий жарима қўллашга ўзгартирилсин. Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилсин. “GLASS EKSPO SURXON” масъулияти чекланган жамиятидан Олий суднинг депозит рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатлари ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Р. Сагатов ҳайъат аъзолари: И. Таджиев В. Сатторова