← Назад
Решение #533416 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
7
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| збекистон Республикасининг Ер кодекси | 40 | — | code_article | |
| Ушбу кодекс | 91 | — | code_article | |
| Кодекс | 831 | — | code_article | |
| збекистон Республикасининг Ер кодекси | 29 | — | code_article | |
| ушбу Кодекс | 51 | — | code_article | |
| ри хулосага келган ИПК | 68 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law |
Текст решения
13 066 символов
4-2203-2201/1863-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанция судида
ишни кўрган судья –Б.Давлатов
Апелляция инстанцияси судида
маърузачи судья-М.Қурбонов
Кассация инстанция судида
маърузачи Р.Хайдаров
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қ А Р О Р И
2023 йил 5 июль
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати Р.Хайдаровнинг раислигида, ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев ва
Ш.Мирзаҳакимовдан иборат таркибда, Н.Зармасов котиблигида, жавобгар
“Исмоилжон Ибрагимов” фермер хўжалиги бошлиғи М.Исмаилов, вакили
адвокат Х.Бабажанов (2023 йил 11 январда берилган 000009-сонли ордер ва
2023 йил 10 январдаги 01-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида Боғот
туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 14 октябрда қабул қилинган ҳал
қилув қарори ҳамда Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2023 йил 26 январдаги қарори устидан “Исмоилжон Ибрагимов”
фермер хўжалиги томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий
суд жойлашган бинода очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр
агентлиги Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда даъвогар
деб юритилади) “Исмоилжон Ибрагимов” фермер хўжалиги(бундан буён матнда
жавобгар деб юритилади)га нисбатан даъво аризаси билан судга мурожаат қилиб
Тупроққалъа тумани, “Саидлар” ҳудуди қишлоқ хўжалиги харитасининг
543-контурида жойлашган лойиҳа ҳужжатлари ва тегишли ташкилотларнинг
рухсатисиз 1 100 м2 ер майдонида олдиндан фойдаланиб келаётган “дала шийпон
ва молхона бинолари”ни ўз ҳисобидан бузиш ҳамда ер майдонини олдинги
ҳолатга келтиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2022 йил 3 октябрдаги ажрими билан
Тупроққалъа тумани ҳокимлиги, Тупроққалъа туман қурилиш бўлими ва давлат
кадастрлар палатаси Хоразм вилоят бошқармаси низонинг предметига нисбатан
мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишга жалб
этилган.
Боғот туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 14 октябрдаги ҳал қилув
қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгар томонидан ҳал қилув
қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 20 кунлик муддат ичида
Тупроққалъа тумани “Саидлар” ҳудуди қишлоқ хўжалиги харитасининг
543-контурида жойлашган лойиҳа ҳужжатлари ва тегишли ташкилотларнинг
рухсатисиз 1 100 м2 ер майдонида олдиндан фойдаланиб келаётган “дала шийпон
ва молхона бинолари”ни ўз ҳисобидан бузилиши ҳамда ер майдонини олдинги
ҳолатга келтирилиши белгиланган.
Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 26 январдаги қарорига кўра биринчи инстанция судининг ҳал қилув
қарори ўзгаришсиз қолдирилиган.
Мазкур суд қарорларига нисбатан жавобгар томонидан кассация шикояти
берилиб, унда қуйи суд қарорларини бекор қилиш ва даъвони қаноатлантиришни
рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.
Суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакиллари кассация шикоятида
баён этилган важларни такрорлаб, бузилиши сўралаётган бино-иншоотлар
жавобгар томонидан қурилмаганлиги, фуқаролик қонунчилигига кўра ноқонуний
қурилган бино-иншоотлар уни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан
бузиб ташланиши лозимлиги ҳақида тушунтириш беришиб, кассация шикоятини
қаноатлантиришни сўрадилар.
Суд мажлисининг жойи ва вақти тўғрисида белгиланган тартибда хабардор
қилинган даъвогар, учинчи шахслар – Тупроққалъа тумани ҳокимлиги,
Тупроққалъа туман қурилиш бўлими ва давлат кадастрлар палатаси Хоразм
вилоят бошқармаси вакиллари суд мажлисига келмадилар.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация
инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи
ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини)
берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги
ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Судлов ҳайъати, тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб,
кассация шикоятида баён этилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда
муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни
рад этишни ва суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатлари ва суд муҳокамасида аниқланишича, жавобгар лойиҳа
ҳужжатлари ва тегишли ташкилотларнинг рухсатисиз Тупроққалъа тумани,
“Саидлар” ҳудуди қишлоқ хўжалиги харитасининг 543-контурида жойлашган
жавобгарга ижара ҳуқуқи асосида ажратилган ер майдони ҳудудидаги
1 100 м2 ер майдонида ўзбошимчалик билан барпо этилган шийпон ва молхона
биносидан фойдаланиб келаётганлиги аниқланиб, мазкур ҳолат юзасидан
2022 йил 9 сентябрда Кадастр агентлиги Тупроққалъа туман бўлими вакили
туман қурилиш бўлими вакили, МФЙ раиси, профилактика инспектори
иштирокида далолатнома тузилган.
Шунингдек, мазкур далолатнома ва даъвогарнинг ёзма кўрсатмасига
асосан жавобгарга ушбу 1 100 м2 ер майдонида жойлашган дала шийпон ва
молхона биносини 15 кунлик муддатда ўз ҳисобидан бузиш ва олдинги ҳолатига
келтириш сўралган. Бироқ, ушбу кўрсатма жавобгар томонидан оқибатсиз
қолдирилган. Шу сабабли даъвогар жавобгарга нисбатан даъво аризаси билан
судга мурожаат қилиб, Тупроққалъа тумани “Саидлар” ҳудуди қишлоқ хўжалиги
харитасининг 543-контурида жойлашган лойиҳа ҳужжатлари ва тегишли
ташкилотларнинг рухсатисиз 1 100 м2 ер майдонида олдиндан фойдаланиб
келаётган “дала шийпон ва молхона бинолари”ни ўз ҳисобидан бузилиши ҳамда
ер майдонини олдинги ҳолатга келтиришни сўраган.
Низони ҳал этишда судлар иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқлаб,
у томонидан аниқланган деб ҳисобланган ҳолатлар исботлангани ҳамда моддий
ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллагани ҳолда даъвони
қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган.
Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси 40-моддаси биринчи
қисмининг 11-бандига кўра, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллашга ва (ёки)
ўзбошимчалик билан қилинган қурилишга йўл қўймаслик, шунингдек
ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасидаги қонунга хилоф қурилишни
тўхтатиб туриш бўйича чоралар кўриш ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи
ва ер участкаси мулкдорининг мажбуриятларидан бири ҳисобланади.
Ушбу кодекс 91-моддаси иккинчи қисмига асосан, ер участкаларини
фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни
бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан
амалга оширилади.
Кодекс 831-моддасига кўра, ер участкаларини ажратиш, улардан
фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати маҳаллий
давлат ҳокимияти органлари ҳамда махсус ваколатли давлат органлари
томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июлдаги
467-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни
аниқлаш ҳамда бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш тартиби
тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандига мувофиқ, ўзбошимчалик билан қурилган
иморатни аниқлаш:
-қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ер
участкасини ажратиш тўғрисидаги туман (шаҳар) ҳокимининг қарори
мавжудлигини;
-шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ қурилганлигини
текшириш орқали амалга оширилади.
Аниқланишича, жавобгар Тупроққалъа тумани, “Саидлар” ҳудуди қишлоқ
хўжалиги харитасининг 543-контурида жойлашган лойиҳа ҳужжатлари ва
тегишли ташкилотларнинг рухсатисиз 1 100 м2 ер майдонида жойлашган дала
шийпон ва молхона биносидан олдиндан фойдаланиб келган.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда
ФК деб юритилади) 212-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ қонун
ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер
участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки
архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда
қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик
билан қурилган иморат ҳисобланади.
Шунингдек, юқоридаги модданинг учинчи қисмига мувофиқ,
ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг
ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига
биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб
ташланиши лозим, ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар
бундан мустасно.
Юқорида қайд этилганларга асосан биринчи инстанция суди даъвогарнинг
жавобгарга нисбатан Тупроққалъа тумани, “Саидлар” ҳудуди қишлоқ хўжалиги
харитасининг 543-контурида жойлашган лойиҳа ҳужжатлари ва тегишли
ташкилотларнинг рухсатисиз 1 100,0 м2 ер майдонида олдиндан фойдаланиб
келаётган дала шийпон ва молхона биносини ўз ҳисобидан бузиш ва ер
майдонини олдинги ҳолатига келтириш ҳақидаги даъво талабини асосли деб
ҳисоблаб, уни тўлиқ қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган.
Шу билан бирга судлов ҳайъати, жавобгар вакилларининг бузилиши
сўралаётган бино-иншоотлар жавобгар томонидан қурилмаганлиги, фуқаролик
қонунчилигига кўра ноқонуний қурилган бино-иншоотлар уни қурган шахс
томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозимлиги ҳамда ишга
ирригация ва мелиорация ташкилотлари жалб этилмаганлиги ҳақидаги
важларини инобатга олмасликни лозим топади.
Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси 29-моддасига мувофиқ, эгалик
қилишга, фойдаланишга, ижарага берилган ёки бошқа асосларга биноан олинган
ер участкасини сақлаш вазифаси қонунчиликка мувофиқ қуйидаги мажбуриятлар
билан таъминланиши мумкин:
ер участкасини сотиш ёки ўзгача тарзда бошқаларга ўтказишни тақиқлаш;
ер участкасини иккиламчи ижарага ва ёрдамчи пудратга, ушбу Кодекс
51-моддасининг ўнинчи қисмида назарда тутилган ҳолатда эса, ижарага беришни
тақиқлаш;
ер участкасидан асосий фойдаланиш мақсадини ўзгартиришни тақиқлаш;
фаолиятнинг айрим турларини тақиқлаш;
белгиланган тартибда келишувсиз кўчмас мол-мулкнинг ташқи
кўринишини ўзгартиришни, иморат, бино, иншоотни реконструкция қилиш ёки
бузишни тақиқлаш;
ер унумдорлигини сақлаш ва ошириш, ирригация ва мелиорация
тизимларини соз ҳолатда сақлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;
ер участкасида қурилиш қилишни ёки уни ўзлаштиришни белгиланган
муддатлар мобайнида бошлаш ва тугаллаш;
табиатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиш ёки муайян ишларни
бажариш, шу жумладан ер участкасидаги тупроқ қатламини, ноёб ўсимликларни,
давлат табиат ёдгорликларини, шунингдек моддий маданий мерос объектларини
асраш.
Ер участкасини сақлаш вазифаси қонунчиликда белгиланган бошқа
мажбуриятлар, чеклашлар ёки шартлар билан ҳам таъминланиши мумкин.
Мазкур ҳолатда бузилиши сўралаётган бино-иншоотлар жавобгар
томонидан барпо этилмаган бўлса-да, бугунги кунда ушбу бино-иншоотлар
жойлашган экин ер майдонлари қонунчиликда белгиланган асос (ижара ҳуқуқи
асосида)ларда жавобгарнинг фойдаланиши(эгалигида)да бўлганлиги боис,
Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси 29-моддасида назарда тутилган ер
участкасини сақлаш вазифаси айнан жавобгар мажбурияти ҳисобланади.
Судлар қайд этилганларга асосан, низони ҳал этишда иш учун аҳамиятли
ҳолатларни тўлиқ аниқлаб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри
қўллагани ҳолда даъвони қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган
ИПК 68-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларига кўра, ишда иштирок
этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган
ҳолатларни исботлаши керак.
Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос
қилиб келтираётган далилларни ишда иштирок этувчи бошқа шахслар олдида,
агар ушбу Кодексда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, суд мажлиси
бошлангунига қадар ёки суд белгилаган муддат доирасида очиб бериши лозим.
Жавобгар эса кассация шикоятида келтирилган важлари асосли
эканлигини исботлаб бермади.
Шу сабабли судлов ҳайъати даъвогарнинг кассация шикоятида келтирган
важлари қуйи суднинг қарорларини бекор қилишга асос бўла олмаслиги сабабли
унга қўшилмайди.
ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий
ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри
қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция
инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Мазкур модданинг учинчи қисмига кўра, процессуал ҳуқуқ нормаларининг
бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги, агар бу нотўғри ҳал қилув қарори
қабул қилинишига олиб келган бўлса ёки олиб келиши мумкин бўлса, биринчи
инстанция суднинг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг
қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.
Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати биринчи инстанция суди ҳал
қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз,
даъвогарнинг кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим
топади. Суд харажатларини даъвогар зиммасида қолдиради.
Юқоридагиларга асосан ва ИПКнинг 118, 303, 305-моддаларини қўллаб,
судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
“Исмоилжон Ибрагимов” фермер хўжалигининг кассация шикоятини
қаноатлантириш рад этилсин.
Биринчи инстанция судининг 2022 йил 14 октябрда қабул қилинган ҳал
қилув қарори ҳамда Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2023 йил 26 январдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Р.Хайдаров
ҳайъат аъзолари:
А.Абдуллаев
Ш.Мирзаҳакимов