← Назад
Решение #537608 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
4
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| онуни | 7 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1001-2206/58245-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўрган
судья – П.Закирова
Апелляция инстанциясида маърузачи
судья – Б.Кеунимжаева
Кассация инстанциясида маърузачи
судья – Ш.Маҳмудов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қ А Р О Р И
2023 йил 27 июнь
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати судья Ш.Маҳмудовнинг раислигида, судьялар А.Абдуллаев ва
Р.Хайдаровдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, даъвогарнинг
вакили Ф.Ахмадов (2022 йил 14 октябрдаги 01/07-3360-сонли ишончнома
асосида), жавобгарнинг вакиллари Н.Каюмов (2022 йил 14 январдаги
03-36-3/22-сонли ишончнома асосида), Э.Нормухаммедов (2022 йил 15 июлдаги
03-36-3/34-сонли ишончнома асосида) иштирокида, даъвогар Тадбиркорлик
фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг жавобгар АТ “Халқ
банки”га нисбатан 10 712 328,77 сўм тўланган компенсация пулини ундириш
тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган
Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил
13 апрелдаги қарори устидан жавобгар томонидан берилган кассация шикояти
асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб
чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Иш ҳужжатларидан кўринишича, АТ “Халқ банки” (бундан буён матнда
жавобгар деб юритилади) ва “Boxodir-Biloljon” масъулияти чекланган жамияти
(бундан буён матнда қарз олувчи деб юритилади) ўртасида 2020 йил
11 августда 221-сонли кредит шартномаси тузилган.
Шартномага кўра, банк томонидан қарз олувчига 2020 йил 11 августдан
бошлаб 6 ой муддатга, йиллик 22,5 фоиз устама тўлаш, шундан “Тадбиркорлик
фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисида”ги Низомга асосан
7,5 фоизи компенсация тўлаш шарти билан 500 000 000 миқдорида кредит
маблағлари ажратилган.
Компенсация тақдим этиш ҳақида 2020 йил 26 июндаги 2020/С-8119-сонли
шартномага биноан компенсация миқдори 70 312 499 сўмни ташкил қилган.
Шунга асосан, даъвогар томонидан қарздорнинг кредит фоизлари учун
банкка жами 10 712 328,77 сўм миқдорида компенсация тўловлари ўтказиб
берилган.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (бундан
буён матнда даъвогар деб юритилади)нинг жавобгарга юборган 2020 йил
20 июлдаги 343/30929-сонли хатидан кўринишича, жамғарма, банк ва мижоз
ўртасида 2020 йил 26 июнда 2020/С-8119-сонли компенсация шартномаси
имзоланганлиги маълум қилинган.
Бироқ, ҳақиқатда 2020 йил 26 июндаги 2020/С-8119-сонли компенсация
тақдим этиш ҳақидаги электрон шаклдаги шартнома тарафлар томонидан
имзоланмаган.
Шу сабабли даъвогар жавобгарга 2022 йил 15 сентябрдаги 01/13-2399-сонли
талабнома билан мурожаат қилиб, 10 712 328,77 сўмлик компенсация пулларини
5 кунлик муддатда қайтаришни сўраган.
Аммо, талабнома оқибатсиз қолдирилганлиги сабабли даъвогар Тошкент
туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан
10 712 328,77 сўм тўланган компенсация пулини ундиришни сўраган.
Суднинг ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил
талаблар билан арз қилмайиган учинчи шахс сифатида “Boxodir-Biloljon”
масъулияти чекланган жамияти жалб қилинган.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 16 декабрдаги ҳал
қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган.
Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 13 апрелдаги қарори билан Тошкент туманлараро иқтисодий судининг
2022 йил 16 декабрдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, жавобгардан даъвогар
фойдасига 10 712 328,77 сўм тўлаб берилган компенсация пули ундириш ҳақида
янги қарор қабул қилинган.
Жавобгар мазкур суд қароридан норози бўлиб кассация шикояти билан
мурожаат қилган. Шикоятда Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2023 йил 13 апрелдаги қарорини бекор қилиб, Тошкент туманлараро
иқтисодий судининг 2022 йил 16 декабрдаги ҳал қилув қарорини ўз кучида
қолдиришни сўраган.
Жавобгарнинг вакили кассация шикоятини қувватлаб, Жамғарманинг
хатида, банк ва қарз олувчи ўртасида компенсация шартномаси имзоланганлиги
тан олинганлигини, ушбу ҳолат апелляция инстанцияси суди томонидан
ўрганилмасдан нотўғри хулоса қилинганлиги, шу сабабли компенсация пулларини
қайтариш учун асослар мавжуд эмаслигини маълум қилиб, апелляция инсанцияси
судининг қарорини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини
ўз кучида қолдиришни сўради.
Даъвогарнинг вакили кассация шикоятига нисбатан эътироз билдириб,
компенсация тўлаш ҳақидаги шартнома барча иштирокчилар томонидан
имзоланмаганлиги сабабли у тузилмаганлиги, бироқ ушбу шартномага асосан
банкка компенсация пуллари ўтказиб берилганлиги ва ушбу маблағлар
қайтарилиши лозимлигини маълум қилиб, кассация шикоятини рад этишни
сўради.
Суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор
қилинган қарз қолувчи суд мажлисида иштирок этмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация
инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи
ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган кассация шикоятини (протестини)
берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни
уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Судлов ҳайъати жойида маслаҳатлашиб, ишни унинг иштирокисиз кўриб
чиқишни лозим топди.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар
вакилининг
тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш
ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, апелляция
инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал
қилув қарорини ўз кучида қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларига кўра, жавобгар ва қарз олувчи ўртасида 2020 йил
11 августда 221-сонли кредит шартномаси тузилган бўлиб, унга кўра, банк
қарздорга йиллик 22,5 фоиз устама тўлаш, шундан “Тадбиркорлик фаолиятини
қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисида”ги Низомга асосан 7,5 фоизи
компенсация тўлаш шарти билан 500 000 000 миқдорида кредит маблағлари
ажратилган.
Қарздорнинг кредит фоизлари учун банкка жами 10 712 328,77 сўм
миқдорида компенсация тўловлари ўтказиб берилган.
Аммо, 2020 йил 26 июндаги 2020/С-8119-сонли компенсация тақдим этиш
ҳақидаги электрон шаклдаги шартнома тарафлар томонидан имзоланмаган. Шунга
кўра, даъвогар жавобгарга талабнома билан мурожаат қилиб, тўланган
компенсация пулларини 5 кунлик муддатда қайтаришни сўраган.
Бироқ, талабнома оқибатсиз қолдирилганлиги сабабли даъвогар жавобгарга
нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда
ФК деб юритилади) 234-моддасига кўра, мажбуриятлар шартномадан, зиён
етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб
чиқади.
ФК 236-моддасига асосан мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун
ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ
лозим даражада бажарилиши керак.
“Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий
базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига асосан
тузилган хўжалик шартномалари бўйича зиммаларига олинган мажбуриятларни ўз
вақтида ва тегишли тартибда бажаришлари шарт.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Ўзбекистон
Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавийҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонунини иқтисодий судлар амалиётида қўллашнинг
айрим масалалари ҳақида” 2002 йил 4 мартдаги 103-сонли қарорининг 2-бандида,
судлар шартнома тузиш, уни ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низоларни
ҳал этишда Қонуннинг 10 — 15-моддалари, Фуқаролик кодексининг 364 — 385моддаларига мувофиқ, шартнома тузиш ҳақидаги тарафнинг таклифи (оферта)га
жавоб тўлиқ ва писандасиз бўлгандагина акцепт ҳисобланишига эътибор
беришлари кераклиги, агарда иккинчи тараф офертани баъзи бир эътирозлар билан
ёки қисман қабул қилса, у ҳолда бу акцепт бўлмаслиги ва қарши таклиф
билдирилган деб ҳисобланиши, офертани акцептлаш учун белгиланган муддатда
уни олган шахснинг кўрсатилган шартнома шартларини бажариш юзасидан қилган
ҳаракатлари (товарларни жўнатиши, хизмат кўрсатиши, ишларни бажариши,
муайян суммани тўлаши ва ҳоказолар), агарда қонун ва офертада бошқача тартиб
кўрсатилмаган бўлса, акцепт ҳисобланиши, агар шартнома тузиш ҳақидаги
таклифни олган шахс белгиланган муддат давомида шартномада назарда тутилган
шартларни қисман бажарган (товарларни қисман жўнатган, пул суммасини қисман
тўлаган) бўлса, унинг ҳаракати акцепт деб баҳоланиши, бундай ҳолатларда судлар
тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари бўйича келишувга
эришилган бўлса, хўжалик шартномасини тузилган деб ҳисоблаб, унга тегишли
баҳо беришлари лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик
шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи
фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари
тўғрисида” 2009 йил 18 декабрдаги 203-сонли қарори 6-бандининг тўртинчи
хатбошисида ФК шартномаларни тузишда шартноманинг барча муҳим шартлари
юзасидан тарафлар келишувга эришган ва у тегишли шаклга келтирилган
бўлишидан ташқари, қонунга биноан муайян ҳаракатларнинг бажаришни талаб
этилишини ҳам назарда тутиши, хусусан, ФК 732-моддасининг иккинчи қисмига
мувофиқ қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган
ҳисобланиши, ФК 759-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ эса, банк омонати
шартномаси омонат суммаси банкка келиб тушган кундан бошлаб тузилган
ҳисобланиши ҳақида тушунтириш берилган.
Мазкур Пленум қарори 8-бандининг еттинчи хатбошисида судларга, агар
тарафларнинг шартномавий ҳуқуқий муносабатларга киришганлиги ёзма ёки
бошқа далиллар билан тасдиқланса, шартноманинг мавжуд эмаслиги даъвогарнинг
етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар қийматини
ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла
олмаслиги, агар қонунда ёки тарафларнинг келишувида битимнинг оддий ёзма
шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келиши тўғридан-тўғри
кўрсатилган бўлса, ушбу қоида қўлланилмаслиги ҳақида тушунтириш берилган.
Компенсация тақдим этиш ҳақида 2020 йил 26 июндаги 2020/С-8119-сонли
шартнома унинг барча иштирокчилари томонидан имзоланмаган бўлса-да,
шартномада назарда тутилган мажбуриятлар иштирокчилар томонидан
бажарилган. Қолаверса, тарафларнинг шартнома бўйича бир-бирларига нисбатан
ҳеч қандай эътирозлари бўлмаган.
Бинобарин, тарафлар шартномавий-ҳуқуқий муносабатга киришганлиги ва
тўланган компенсация пулларини қайтаришга асос мавжуд эмаслиги сабабли
даъвогар ушбу пулларни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмас.
Қайд этилганларни инобатга олиб, биринчи инстанция суди даъвони
қаноатлантиришни рад этиб тўғри хулосага келган.
Бироқ, апелляция инстанция суди ишдаги далилларга ҳуқуқий баҳо
бермасдан, иш учун аҳамиятли ҳолатларни ўрганмасдан, моддий ҳуқуқ
нормаларини нотўғри қўллаган ҳолда ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони
қаноатлантириш тўғрисида асоссиз хулосага келган.
ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий ва (ёки)
процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги
биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси
судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
ИПК 301-моддасининг 6-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация
шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича айрим суд ҳужжатларини
бекор қилиш ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз
кучида қолдиришга ҳақли.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати, апелляция инстанцияси судининг
қарорини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўз
кучида қолдиришни, кассация шикоятини қаноатлантиришни лозим топади.
ИПК 118-моддасининг биринчи ва тўққизинчи қисмларига мувофиқ суд
харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво
талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация шикояти бериш
билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган
қоидаларга мувофиқ тақсимланади.
Шунга кўра, судлов ҳайъати кассация шикояти учун олдиндан тўланган суд
харажатларини даъвогардан жавобгар фойдасига ундиришни, апелляция шикояти
учун олдиндан тўланган суд харажатларини даъвогарнинг зиммасида қолдиришни
ҳамда апелляция инстанцияси судининг қарори бўйича ундирувни тўлиқ бекор
қилишни лозим топди.
Баён этилганларга асосан, ИПКнинг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб,
судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л а д и:
Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 13 апрелдаги қарори бекор қилинсин.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 16 декабрдаги ҳал
қилув қарори ўз кучида қолдирилсин.
АТ “Халқ банки”нинг кассация шикояти қаноатлантирилсин.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасидан
АТ “Халқ банки” фойдасига 330 000 сўм давлат божи ва 33 000 сўм почта
харажатлари ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Апелляция инстанцияси судининг қарори бўйича ундирув тўлиқ бекор
қилинсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи
Ш.Маҳмудов
ҳайъат аъзолари
А.Абдуллаев
Р.Хайдаров