Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1701-2201/4353 Дата решения 22.06.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Сагатов Равшан Мирсидикович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро Давлат солиқ инспекцияси Ответчик / Подсудимый ANDIJON MEXANIKA ZAVODI унитар корхонаси
Source ID 1099762 Claim ID 3312661 PDF Hash ec55ccd30d98840e... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 5
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 46-моддаси ИПК 46 law
арорга асосан жавобгарга нисбатан СК 14-моддаси арорга асосан жавобгарга нисбатан СК 14 law
СКнинг 15-моддаси СКнинг 15 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1701-2201/4353-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья – Р.Асқаров Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья – Д.Убайдуллаев Кассация инстанцияси судида маърузачи судья - Р.Сагатов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ ҚАРОРИ 2023 йил 22 июнь Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари И.Таджиев ва Р.Сагатовдан иборат таркибда, Б.Жўраевнинг котиблигида, даъвогар вакиллари – бош юрисконсульт Х.Махбубов (2022 йил 28 декабрдаги 33/10-44596-сонли ишончнома асосида), О.Нематов (2023 йил 7 январдаги 33/20-01103-сонли ишончнома асосида), М.Мамаджанов (2023 йил 4 январдаги 23/01-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, даъвогар Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясининг жавобгар “Андижон механика заводи” шўъба корхонасидан 79 100 000 сўм қўшилган қиймат солиғиини ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан “Андижон механика заводи” шўъба корхонаси томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий суди биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат этиб, “Андижон механика заводи” шўъба корхонасидан (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) 79 100 000 сўм қўшилган қиймат солиғи (бундан буён матнда ҚҚС деб юритилади)ни ундиришни сўраган. Биринчи инстанция судининг 2022 йил 11 ноябрдаги ажрими билан “HARD METAL” масъулияти чекланган жамияти, “SUNNY ASIA” масъулияти чекланган жамияти ва “QURILISH ELEKTRO JIHOZ” масъулияти чекланган жамияти ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб этилган. Избоскан туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 28 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 79 100 000 сўм солиқ суммаси, 24 000 сўм почта харажати, республика бюджетига 1 582 000 сўм давлат божи ва Олий суднинг депозит ҳисоб рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажатлари ундирилган. Андижон вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 19 январдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан жавобгар томонидан кассация шикояти берилиб, унда суд ҳужжатларини бекор қилиб, даъво аризасини 2 қаноатлантиришни рад қилиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 44-бандига асосан, агар камерал солиқ текшируви пайтида солиқ тўловчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси (бундан буён матнда СК деб юритилади)нинг 28-бобига мувофиқ жавобгарлик белгиланган солиққа оид ҳуқуқбузарликнинг содир этилганлиги ҳолати аниқланса, камерал солиқ текширувини ўтказган мансабдор шахс солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳолатларини қайд этувчи далолатномани тузиши, лекин далолатномада жавобгарлик белгиланган солиққа оид ҳуқуқбузарликнинг содир этилганлиги ҳолатлари аниқланмаганлиги, солиқ органи даъво аризасига ва суд муҳокамасида тарафлар шартнома ҳисобфактураларни қалбакилаштирганлиги ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлиги ҳақида далиллар тақдим этмаганлиги, биринчи инстанция суди томонидан кўзбўямачилик учун тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво кўрилаётганда, низолашилаётган битим ҳақиқатда қайси битимни яшираётганлиги аниқланиши лозимлиги бўйича жавобгарнинг важи четда қолганлигини кўрсатган. Суд мажлисида жавобгар вакили кассация шикоятини қувватлаб, уни қаноатлантириб беришни, суд ҳужжатларини бекор қилиб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўради. Даъвогар вакиллари кассация шикоятига эътироз билдириб, контрагент томонидан қўшилган қиймат солиғи бюджетга тўланмаганлигини баён қилиб, кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни сўрашди. Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб ва шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 21 декабрдаги ПФ-269-сонли Фармони билан 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ташкилий бўйсунуви ўзгариб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурига ўтказилган. ИПК 46-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, тарафлардан бири низоли ёки суд ҳужжати билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган ҳолларда (юридик шахснинг қайта ташкил этилиши, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш, қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши, фуқаронинг ўлими ва мажбуриятлардаги шахслар ўзгаришининг бошқа ҳолларида) суд бу тарафни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштиради. Ҳуқуқий ворислик иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкин. Шунинг учун, даъвогар унинг ҳуқуқий вориси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси билан алмаштирилиши лозим. Иш ҳужжатларига кўра, даъвогарнинг 2022 йил 3 июндаги 00327-kt-сонли буйруғи билан жавобгарнинг 2020 йил январь – 2022 йил март ойларидаги фаолияти даврида ҚҚС тўғри ҳисобланиши ва бюджетга тўланиши бўйича камерал солиқ текшируви ўтказиш белгиланган. Камерал солиқ текширувини ўтказиш муддати 2022 йил 2 июндан 2022 йил 13 июлгача этиб белгиланган. Камерал солиқ текшируви ўтказиш жараёнида солиқ органи томонидан солиқ тўловчига ҳужжатларни олиш тўғрисида сўровнома юборилган. Ўтказилган камерал солиқ текшируви якуни бўйича 2022 йил 29 июнда далолатнома ва хулоса расмийлаштирилган, далолатнома билан танишиш ва имзолаш учун жавобгарга инспекция томонидан хабарнома юборилган. Далолатномада солиқ тўламаслик хавфи юқори бўлган ҳамда ҚҚС тўловчиси сифатида махсус гувоҳномаси бекор қилинган 3 та (“HARD METAL” МЧЖ, “SUNNY ASIA” МЧЖ ва “QURILISH ELEKTRO JIHOZ” МЧЖ) хуфёна корхона билан 2020 йил январь-декабрь ойларида умумий суммаси 527 843,2 минг сўм, шу жумладан ҚҚС суммаси 79 176 400 сўм бўлган битимлар қалбаки, кўзбўямачилик учун тузилганлиги қайд этилиб, жавобгарга нисбатан ҚҚС бўйича 2021 йиллар учун 79 176 400 сўм солиқ қўшимча ҳисобланган. Камерал солиқ текшируви материаллари солиқ органи томонидан 2022 йил 20 июлда кўриб чиқилган ва 2022 йил 25 июль куни қарор қабул қилинган. Мазкур қарорга асосан жавобгарга нисбатан СК 14-моддасининг саккизинчи қисмига биноан, 2020-2022 йилнинг март ойларидаги ҚҚС бўйича 79 100 000 сўмни ҳисобдан чиқарилиши юзасидан амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда судга даъво аризаси киритиш белгиланган. Даъвогар томонидан жавобгарга юборилган солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш ҳақидаги талабнома оқибатсиз қолдирилганлиги сабабли, даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 79 100 000 сўм ҚҚСни ундиришни сўраган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сонли қарори билан тасдиқланган “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги Низомнинг 52-бандига биноан, солиқ органи қарорининг бажарилиши солиқ органи ва солиқ тўловчи томонидан солиқ органининг қарори олинган санадан бошлаб бир ой муддат ўтгач амалга оширилади. Низомнинг 53-бандига биноан, солиқ тўловчи камерал солиқ текшируви натижалари бўйича қабул қилинган қарорни ихтиёрий бажармаган тақдирда, солиқ қарзини ундириш СКнинг 120 — 124-моддаларида назарда тутилган тартибда солиқ органи томонидан мустақил равишда амалга оширилади. Мазкур ҳолатда, солиқ органининг қарори солиқ тўловчи томонидан бир ой муддат ичида ихтиёрий бажарилиши керак, акс ҳолда солиқ органи мустақил равишда қарорда ундирилиши белгиланган солиқ қарзни СКнинг 120-124-моддалари тартибида (мажбурий равишда) ундириш чоралари кўради. Жавобгарнинг камерал солиқ текшируви натижаси бўйича расмийлаштирилган далолатномада СКнинг 28—бобига мувофиқ жавобгарлик белгиланган солиққа оид ҳуқуқбузарликнинг содир этилганлиги ҳолатлари қайд этилмаганлиги ҳақидаги важи билан келишиб бўлмайди. Чунки, жавобгар томонидан бюджетга тўланмаган ҚҚС суммасини ҳисобга олганлиги ҳолати ҳуқуқбузарликни келтириб чиқармаслиги, балки камерал текширув натижасида аниқланган ҳолатлар бўйича ҚҚС ундириш учун даъво аризаси киритилганлиги жавобгар томонидан эътиборга олинмаган. СК 120-моддасининг саккизинчи қисмида агар солиқ тўловчининг товарларни (хизматларни) реализация қилишдан оладиган тушуми ёки бошқа даромадлари бошқа шахсларнинг банкдаги ҳисобварақларига келиб тушган бўлса, солиқ тўловчининг солиқ қарзи шу шахслардан ундирилиши мумкинлиги, ўнинчи қисмида, товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинадиган тушум ёки бошқа даромадлар ёхуд пул маблағлари ёки бошқа мулк ўзга шахсларга бир нечта операциялар орқали ўтказиб берилганлиги аниқланган ҳолларда ҳам қўлланилиши белгиланган. Ушбу модданинг саккизинчи-ўнинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда солиқ қарзини ундириш суд тартибида амалга оширилади. Агар солиқни тўлаш мажбурияти солиқ органи томонидан битимни тавсифлашни, солиқ тўловчининг мақомини ёки фаолияти хусусиятини ўзгартиришга асосланган бўлса; ўзаро алоқадор шахслар ўртасида битимлар тузилиши муносабати билан трансферт нарх белгилаш чоғидаги солиқ назорати натижаларига кўра юзага келган бўлса, солиқни суд тартибида ундириш амалга оширилади. СК 14-моддасининг саккизинчи қисмига кўра, ушбу моддада кўрсатилган ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса, солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилади. Жавобгарнинг солиқ органи томонидан даъво аризасига ва суд муҳокамасида томонлар шартнома ва ҳисоб-варақ фактураларни қалбакилаштирганлиги ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлиги юзасидан далиллар тақдим этилмаганлиги ҳақидаги важи билан келишиб бўлмайди. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 2 майда 3232-сон билан рўйхатга олинган “Солиқ тўловчиларнинг қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом 18-бандининг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида солиқ текширувлари ўтказиш жараёнида банк операцияларининг хўжалик юритувчи субъект фаолияти хусусиятига ва турига, шунингдек харид қилинадиган ва реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) номенклатурасига мувофиқ эмаслиги аниқланган тақдирда, солиқ текшируви жараёнида, солиқ тўловчи томонидан битим тузишдан кўзланган асосий мақсад қўшилган қиймат солиғини тўламаслик ёки уни ҳисобга олиш эканлиги ҳамда битим (операция) бўйича мажбурият шартнома тарафи бўлмаган шахс ёки битимни (операцияни) бажариш мажбурияти шартнома ёки қонун бўйича юклатилмаган шахс томонидан бажарилганлиги аниқланган тақдирда солиқ органлари томонидан солиқ тўловчини рўйхатдан чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилиниши белгиланган. Низомнинг 19-бандида солиқ тўловчи 18-банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида келтирилган ҳолатлар бўйича солиқ тўловчини рўйхатдан чиқарилиши ҳақидаги солиқ органининг қароридан норози бўлган тақдирда, ушбу қарор устидан белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган бўлса-да, даъвогарнинг юқорида қайд этилган контрагенти томонидан судга мурожаат қилинмаган. Мазкур контрагент ДСҚ веб сайтидаги ҳуқуқни суистеъмол қилган контрагент рўйхатида шу кунга қадар мавжуд бўлиб, улар томонидан солиқ мажбуриятлари тўлиқ бажарилмаган ҳамда “шубҳали” деб топилишига асос бўлган ҳолатлар бартараф этилмаган. Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси раисининг 2021 йил 17 январдаги яширин иқтисодиётнинг улушини қисқартириш ва қўшилган қиймат солиғини қайтариш механизмини такомиллаштириш мақсадида “Ишончли” ва “Шубҳали” корхоналар рўйхатини шакллантириш тартибини белгилаш бўйича ўтказган йиғилиш баёнининг 5-иловасида фаолиятида сотилган ва харид қилинган товарлар номутаносиблигига ҳамда йирик миқдорда солиқдан қочиш ҳолатларига йўл қўйган “шубҳали” корхоналар рўйхати шакллантирилиб, даъвогарнинг 1 та контрагенти тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини камайтириш тарзидаги ҳуқуқни суистеъмол қилган корхоналар рўйхатига киритилган. Шу билан бирга, Низомнинг 25-бандида ҳисобга олиш ҳуқуқини берувчи товарлар (хизматлар)ни харид қилиш ва сотиш бўйича операциялар кетма-кетлигида иштирок этган етказиб берувчиларда (контрагентларда) ушбу товарларнинг қонуний келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда солиқ суммасини қоплаш рад этилиши назарда тутилган. Демак, товар-моддий захирларни етказиб берувчи контрагентда товарларни қонуний келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган. Жавобгарнинг низолашилаётган битимда ҳақиқатда қайси битимни яшираётганлиги аниқланиши лозимлиги ҳақидаги важи ҳам келишиб бўлмайди. Чунки, СКнинг 15-моддасига кўра, солиқ муносабатларида солиқ тўловчилар контрагентларни танлаш чоғида уларнинг солиқ органларида солиқ тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлигини, контрагентнинг ишбилармонлик обрўсини, ишлаб чиқариш базаси ва ходимлари мавжудлигини, молиявий ҳолатини, битим бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини текшириб, лозим даражада эҳтиёткорлик қилиши шарт. Солиқ тўловчи томонидан унинг олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган шахслар билан тузилган битимлар бўйича қилинган харажатлар (кўрилган зарарлар), агар ушбу солиқ тўловчи битим тузаётганда лозим даражада эҳтиёткорлик қилмаган бўлса, солиқ солиш мақсадида тан олинмайди. СК 266-моддасининг ўн тўртинчи қисмига кўра, агар ҳисобга олиш ҳуқуқи товарларни (хизматларни) олиш бўйича қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган битим натижасида вужудга келганлигига оид далиллар мавжуд бўлса, солиқ органлари ҳисобга олишни бекор қилишни ёки унга тузатишни амалга оширишга ҳақли. Биринчи инстанция суди даъвогарнинг бюджетга келиб тушмаган солиқларни қарздордан ундириш ҳақидаги талабини асосли ҳисоблаб, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириш ҳақида қонуний тўхтамга келган. Апелляция инстанцияси суди эса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида асосли хулосага келган. Демак, контрагент томонидан кирим қилинмаган товар-моддий захирлар бўйича давлат бюджетига ҚҚС тўланганлиги ҳолати мавжуд эмас ва жавобгар томонидан ҳам исботлаб берилмади. Шу сабабли кассация инстанцияси суди даъвогарнинг контрагентлари Давлат солиқ қўмитаси раисининг 2021 йил 17 январдаги Яширин иқтисодиётнинг улушини қисқартириш ва қўшилган қиймат солиғини камайтириш механизмини такомиллаштириш мақсадида “Ишончли” ва “Шубҳали” корхоналар рўйхати шакллантириш тартибини белгилаш ҳақида ўтказган йиғилиш баёнининг 5-иловасида фаолиятида сотилган ва харид қилинган товарлар номутаносиблигига ҳамда йирик миқдорда солиқдан қочиш ҳолатларига йўл қўйган “Шубҳали” корхоналар рўйхатига киритилганлиги ва жамиятнинг қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномаси бекор қилинганлиги, даъвогар контрагенти томонидан тўлаб берилмаган ҚҚС суммаси давлат бюджетига тушмаганлиги сабабли, жавобгарнинг важларини асоссиз деб ҳисоблайди. ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас. Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, иш юзасидан қабул қилинган биринчи ва апелляция инстанцияси суди қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суд харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилади. Ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ жавобгар томонидан тўланган суд харажатлари унинг зиммасида қолдирилади. Юқоридагиларга асосан ва ИПКнинг 118, 301 – 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилди: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро Давлат солиқ инспекцияси унинг ҳуқуқий вориси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги солиқ қўмитаси Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро Солиқ инспекцияси билан алмаштирилсин. “Андижон механика заводи” шўъба корхонасининг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилсин. Избоскан туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 28 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Андижон вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 19 январдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Б. Сайфуллаев ҳайъат аъзолари И. Таджиев Р. Сагатов