Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1801-2201/1281 Дата решения 20.06.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Абдуллаев Абдумумин Абдуахатович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Қарши туман хокимияти Ответчик / Подсудимый "AGRO GOLD ORIGINAL" фермер хўжалиги
Source ID 1093183 Claim ID 3303477 PDF Hash 473911a4959675f8... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 5
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
аролик кодекси 357-моддаси аролик кодекси 357 code_article
збекистон Республикаси Ер кодекси 36-моддаси збекистон Республикаси Ер кодекси 36 code_article
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1801-2201/1281-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья Л.Абдуллаев Апелляция инстанциясида маърузачи судья М.Бозоров Кассация инстанциясида маърузачи судья А.Абдуллаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ ҚАРОРИ 2023 йил 20 июнь Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Ш.Маҳмудовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Р.Хайдаров ва А.Абдуллаевдан иборат таркибда, Н.Зармасовнинг котиблигида, “Agro Gold Original” фермер хўжалиги вакиллари – Б.Тошев (раҳбар), Ш.Турдимуродов (2023 йил 4 майдаги ордерга асосан) иштирокида, Қарши туман ҳокимлигининг “Agro Gold Original” фермер хўжалиги билан тузилган 2020 йил 15 февралдаги ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 14 июндаги ҳал қилув қарори ва Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 24 августдаги қарори устидан “Agro Gold Original” фермер хўжалиги томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суд жойлашган бинода очиқ суд мажлисида Қарши туманлараро иқтисодий суди кўмагида видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: Қарши туман ҳокимлиги (бундан буён матнда туман ҳокимлиги деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, туман ҳокимлиги ва “Agro Gold Original” фермер хўжалиги (бундан буён матнда фермер хўжалиги деб юритилади) ўртасида тузилган 2020 йил 15 февралдаги ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини бекор қилишни сўраган. Суднинг 2022 йил 25 майдаги ажрими билан ишга Давлат кадастрлари палатаси Қарши туман филиали низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган. Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 14 июндаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилган. Туман ҳокимлиги ва фермер хўжалиги ўртасида тузилган 2020 йил 15 февралдаги ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини бекор қилинган. Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 24 августдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Фермер хўжалиги томонидан берилган кассация шикоятида 2020 йил февраль ойида 51,9 гектар ер майдони 49 йилга ижара шартномаси асосида берилганлиги, экинларни суғориш учун сув тақчиллиги, туман ҳокимлиги томонидан тузилган комиссия аъзоларини имзолари сохталаштирилганлиги, иш ҳужжатларига илова қилинган фотосуратлар фермер хўжалигининг ер майдонига тегишли эмаслиги, далолатномада фермер хўжалиги раҳбари вафот этганлиги кўрсатилганлиги, лекин у тирик эканлиги, халқ депутатлари кенгашининг қароридан хабари йўқлиги, қонунчилик бўйича уч йил давомида ижара шартномаси шартлари бажарилмаса ижара шартномасини бекор қилиш белгиланганлиги, лекин фермер хўжалиги ерни ижарага олганига бир йил бўлганлиги ҳақида қажлар келтирилиб суд қарорларини бекор қилиш сўралган. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган даъвогар ва Давлат кадастрлари палатаси Қарши туман филиали суд мажлисида иштирок этмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шу боис, судлов ҳайъати ишни жавобгар ва учинчи шахс вакилининг иштирокисиз кўришни лозим топди. Суд муҳокамасида иштирок этган жаобгар вакиллари ўз тушунтиришларида кассация шикоятида келтирилган важларни қувватлаб, суд қарорларини бекор қилишни, даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўрадилар. Судлов ҳайъати жавобгар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни ишдаги ҳужжатлар билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни, суд қарорларини бекор қилиб, даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида, янги қарор қабул қилишни лозим топди. Даъво аризасида қайд этилишича, Қарши туман ҳокимининг 2020 йил 11 февралдаги ҲҚ-546/08-сонли қарори асосида А.Икромов ҳудудида жойлашган жавобгарга 51,9 гектар ер майдонлари 49 йил муддатга ижарага берилган. Қарорга асосан тарафлар ўртасида 2020 йил 15 февралда ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш тўғрисида шартнома расмийлаштирилган. Шартнома бўйича жавобгар ер участкасининг ихтисослашувини сақлаш, давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган маҳсулот етиштиришни ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ерларнинг нормативидаги кадастр баҳосидан паст бўлмаган даражада бўлишини таъминлаш ва шу каби бошқа мажбуриятларни ўз зиммасига олган. Қишлоқ ва сув хўжалиги, кадастр агентлиги ва туман фермерлар кенгаши томонидан 2022 йил 15 апрелда тузилган далолатномада, фермер хўжалиги томонидан ижарага берилган қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан оқилона фойдаланилмаганлиги қайд этилган. Далолатномада қайд этилган ҳолатлар ўрганиб чиқилиши учун ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясига тақдим этилган. Туман комиссияси томонидан тақдим этилган хулосада, жавобгар ижарага берилган қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан оқилона фойдаланмасдан келганлиги, жумладан 2020 йил пахта ҳосилини 89,7 фоизга, 2021 йил пахта ҳосилини 42,8 фоизга, 2021 йилда ғалла сотиш режасини 17,7 фоизга бажариб, норматив кадастр баҳосидан паст ҳосил олганлиги сабабли ер майдонини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш қайд этилган. Халқ депутатлари Қарши туман кенгашининг 2022 йил 28 апрелдаги VI-6142-459-К/22-сонли қарорига асосан фермер хўжалиги билан тузилган ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ҳамда ер майдонини туман захирасига қайтариш таклифига розилик берилган. Даъвогар томонидан жавобгарга 2022 йил 25 апрелда тарафлар ўртасида расмийлаштирилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномани бекор қилиш тўғрисида таклиф юборилган. Жавобгар томонидан таклиф олиниб, шартномани бекор қилишга норози эканлиги билдирилганлиги сабабли даъвогар даъво аризасидаги талаб билан судга мурожаат қилган. Биринчи инстанция суди даъво аризасидаги важларни ўрганиб чиқмай, ишдаги ҳужжатлардан фермер хўжалиги томонидан ижарага берилган қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан оқилона фойдаланилмаганлиги тасдиғини топган деб ҳисоблаб, даъво талабини қаноатлантиришни лозим топган. Апелляция инстанцияси суди ҳам иш ҳолатларини тўлиқ ўрганмасдан, биринчи инстанция суди асосланган далилларни текширмасдан, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида барвақт хулосага келган. Судлов ҳайъати биринчи ва апелляция инстанция судларининг ушбу тўхтами билан қуйидагиларга асосан келишмайди. Аниқланишича, Қарши туман ҳокимининг 2020 йил 11 февралдаги ҲҚ-546/02-сонли қарори асосида жавобгарга А.Икромов массиви қишлоқ хўжалик харитасининг 1533, 1527, 1534, 1526, 1536к, 1532, 770, 766, 1531, 1538, 772к, -контурларидан жами 51,9 гектар ер майдонлари 49 йил муддатга ижарага берилган. Мазкур Қарорга асосан тарафлар ўртасида 2020 йил 15 февралда “Фермер хўжалиги томонидан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси” тузилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 357-моддасининг биринчи қисмига кўра, шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади. Кодекс ушбу моддасининг иккинчи қисмига асосан тарафлар ўзлари тузган шартноманинг шартларини уларнинг шартнома тузишидан олдин вужудга келган муносабатларига нисбатан қўлланилади деб белгилаб қўйишга ҳақлидирлар. Биринчи инстанция суди эса тарафлар ўртасидаги шартнома 2020 йил 15 февралда тузилганлигига, шартнома у тузилгандан кейинги давр учун мажбуриятлар ҳосил қилишига эътибор қаратмаган. Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 36-моддаси биринчи қисмининг 7-бандига кўра, ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда, бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилинади. Даъво аризасидаги важларга кўра, жавобгар 2020 йил пахта ҳосилини 89,7 фоизга, 2021 йил пахта ҳосилини 42,8 фоизга, 2021 йилда ғалла сотиш режасини 17,7 фоизга бажарган. Бундан ташқари, 2022 йил 1 июнда жавобгарнинг дала майдонларида мониторинг ўлчов ишлари амалга оширилиб, бу ҳақда тузилган далолатномада жавобгар томонидан 2022 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонини бегона ўт босганлиги, бегона ўтларга қарши дори сепилмаганлиги, пахта майдонлари сифатсиз экилганлиги, агротехник ишлар амалга оширилмаганлиги, пахта майдонини ўт босганлиги, бир қисми ўтдан тозаланиб, ягона қилиш ишлари амалга оширилаётганлиги қайд этилган. Мазкур ҳолат жавобгар томонидан ерлардан оқилона фойдаланмасликка йўл қўйганлиги, яъни қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан паст бўлганлигини тасдиқламайди. Қолаверса, 2022 йил 1 июндаги мониторинг давомида аниқланган камчиликлар жавобгар томонидан шартнома мажбуриятлари қўпол равишда бузилган деб ҳисоблаш учун асос бўла олмайди. Бу ҳолатларга биринчи ва апелляция инстанцияси судлари томонидан нотўғри баҳо берилган. ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига кўра, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун: иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги асос бўлади. ИПК 301-моддасининг 2-бандига кўра кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга ёки бекор қилишга ва ишни янгидан кўриб чиқиш учун юбормасдан янги қарор қабул қилишга ҳақли. Мазкур ҳолатда судлов ҳайъати биринчи ва апелляция инстанция судлари томонидан ишни кўришда моддий ҳуқуқ нормалари бузилган ҳолда даъво талабини қаноатлантириш ҳақида нотўғри тўхтамга келинган деб ҳисоблаб, суд қарорларини бекор қилиш ва даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни лозим топди. ИПК 118-моддасининг биринчи ва тўққизинчи қисмларига мувофиқ суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация шикояти бериш билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган қоидаларга мувофиқ тақсимланади. Биринчи инстанция суди учун даъвогар ихтиёрий тўлаган почта харажатини унинг зиммасида қолдириб, ушбу инстанция учун даъвогардан 2 700 000 сўм давлат божи, апелляция инстанцияси учун 1 350 000 сўм давлат божи, кассация инстанцияси учун 1 350 000 сўм давлат божи, жами 5 400 000 сўм давлат божини республика бюджетига ундириш, апелляция ва кассация инстанцияси учун жавобгар тўлаган 24 000 сўм ва 33 000 сўм, жами 57 000 сўм почта харажати ва ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм харажатни даъвогар ҳисобидан ундириш лозим. Баён қилинганларга асосан судлов ҳайъати кассация шикоятини қисман қаноатлантириб, биринчи ва апелляция инстанция судининг қарорларини бекор қилиш, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни, суд харажатларини даъвогар зиммасига юклашни лозим топиб, ИПКнинг 118, 301-303-моддаларини қўллаб, қ а р о р қ и л д и: Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 14 июндаги ҳал қилув қарори ва Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 24 августдаги қарори бекор қилинсин. Янги қарор қабул қилинсин. Даъвогар Қарши туман ҳокимлигининг даъво талабини қаноатлантириш рад этилсин. Даъвогар Қарши туман ҳокимлиги ҳисобидан: - республика бюджетига 5 400 000 сўм давлат божи; - жавобгар “Agro Gold Original” фермер хўжалиги ҳисобига 57 000 сўм почта харажати; - Олий суд ҳисобига видеоконференцалоқа харажати учун 82 500 сўм ундирилсин. “Agro Gold Original” фермер хўжалигининг кассация шикояти қаноатлантирилсин. Иш юзасидан 2022 йил 24 августда берилган ижро варақаси бўйича ундирув бекор қилинсин. Мазкур қарор асосида янги ижро варақалари берилсин. Қарорнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Ш.Маҳмудов ҳайъат аъзолари: Р.Хайдаров А.Абдуллаев