Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1001-2104/38909 Дата решения 12.06.2023 Инстанция Кассация Тип документа Определение (об оставлении иска без рассмотрения) Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Сагатов Равшан Мирсидикович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "ABDUNAZIR OQ PAXTALARI" фермер хўжалиги Ответчик / Подсудимый O`ZAGROSUG`URTA" акционерлик жамияти
Source ID 1092641 Claim ID 3275273 PDF Hash a60231fa0ad16541... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 4
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 327-моддаси ИПК 327 law
чунки ИПКнинг 68-моддаси чунки ИПК 68 law
ИПК 333-моддаси ИПК 333 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1001-2104/38909-сонли иқтисодий иш судья Р.Сагатов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ АЖРИМИ 2023 йил 12 июнь Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Р.Сагатовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари О.Халмирзаев, А.Абдуллаев, З.Рустамов ва Ф.Ражабовдан иборат таркибда, З.Қодировнинг котиблигида, Пискент туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши (“Абдуназир Оқ пахталари” фермер хўжалиги манфаатида)нинг жавобгар “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамиятидан 173 835 242 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги Кенгашнинг аризасини Олий суднинг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “Абдуназир Оқ пахталари” фермер хўжалиги (бундан буён матнда даъвогар ёки суғурта қилдирувчи деб юритилади), “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти (бундан буён матнда жавобгар ёки суғурталовчи деб юритилади) Тошкент вилоят филиали ва Акциядорлик тижорат “Агробанк”нинг Пискент филиали ўртасида 2020 йил 24 майда 1-001333-сонли суғурта шартномаси тузилган. Ушбу шартнома Банк филиали томонидан имзоланмаган. Шартноманинг 2.1-бандига кўра, суғурталовчи 2019 йил 4 октябрдаги 11/1-02-2-сонли “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъектларининг бўлғуси кузги бошоқли дон ҳамда пахта экинларидан кам ҳосил олиши натижасида кўрадиган молиявий зарарини суғурталаш қоидалари” асосида даъвогарнинг аризасида кўрсатилган суғурта таваккалчиликлари туфайли пахта ҳосилидан кам ҳосил олиши натижасида кўрадиган молиявий зарарини қоплаш бўйича суғурта ҳимоясини тақдим этиш, шартноманинг 2.2-бандида эса суғурта қилдирувчи суғурта шартнома бўйича ҳисобланган суғурта мукофотини шартномада белгиланган муддатларда тўлаш мажбуриятини олган. Шартноманинг 3.1-бандига мувофиқ суғурта қиймати 585 880 160 сўмни, суғурта пули 468 704 128 сўм (суғурта қийматининг 80 фоизи)ни ва суғурта мукофоти 18 748 165 сўмни ташкил этган. Шунингдек, шартноманинг 4.1-бандида суғурта шартномаси тузилгандан сўнг 30 иш куни ичида суғурта қилдирувчи томонидан суғурталовчининг ҳисоб рақамига суғурта мукофотларини ўтказиб берилиши, 5.2-бандида эса суғурта мукофоти суғурталовчининг ҳисоб рақамига келиб тушгач, 3 кун ичида суғурта полиси расмийлаштириб берилиши белгиланган. Суғурталовчи томонидан суғурта қилдирувчига 2020 йил 30 июнда 004739-сонли суғурта полиси берилган ва унда суғурта қилдирувчи томонидан 10 000 000 сўм тўланганлиги, суғурта жавобгарлиги 53,34 фоиз ёки 250 000 000 сўм миқдорида эканлиги қайд этилган. Суғурта полиси 2020 йил 30 июндан кучга кириши ва 2020 йил 31 декабрда кучини йўқотиши белгиланган. Шунингдек, суғурталовчи томонидан суғурта қилдирувчига 2020 йил 1 августда 005047-сонли суғурта полиси берилган ва унда суғурта қилдирувчи томонидан 8 748 165 сўм тўланганлиги, суғурта жавобгарлиги 46,66 фоиз ёки 218 704 125 сўм миқдорида эканлиги қайд этилган. Суғурта полиси 2020 йил 1 августдан кучга кириши ва 2020 йил 31 декабрда кучини йўқотиши белгиланган. Суғурта шартномаси ва суғурта полисларига кўра, суғурта таваккалчиликлари сифатида бўрон, дўл, кучли ёмғир (жала), ёнғин, яшин уриши, қурғоқчилик ва гармсел, қора совуқ, кучли қор ёғиши, тупроқнинг ўта намлиги, сув сатҳининг паст бўлиши (камсувлик), сув сатҳининг баланд бўлиши (сув тошқини), зараркунандалар ва экин касалликлари кўрсатилган. Ишдаги Пискент туман ваколатли ташкилотлари ва даъвогар вакили иштирокида тузилган 2020 йил 20 ва 25 августдаги далолатномалар ҳамда жавобгар Пискент туман бўлимининг агрономи А.Мажидов ва даъвогар вакили томонидан имзоланган 2020 йил 25 августдаги қишлоқ хўжалиги корхоналарининг экинлар ҳосилини суғурталаш бўйича оралиқ мониторинг далолатномасида даъвогарнинг 51,6 га пахта майдонига сув танқислиги сабабли ўргимчаккана ва кўсакқурти зараркунанда ҳашоратлари тушиши натижасида пахта майдонларида ғўза туплари, кўсак, шона, гуллари, баргларини катта зарарланишига сабаб бўлаётганлиги қайд этилган. Пискент туман Статистика бўлимининг 2020 йил 10 декабрдаги 01/1-35-05/3-40-сонли маълумотномасида даъвогар томонидан 2020 йил пахта ҳосили режаси бўйича 158,4 тонна ҳосил етиштириш назарда тутилганлиги, бироқ даъвогар томонидан 109,3 тонна (69 %) пахта етиштирилганлиги қайд қилинган. Шунинг учун даъвогар 2020 йил 31 декабрда жавобгарнинг Тошкент вилоят филиалига суғурта товонини тўлашни сўраб, мурожаат қилган. Даъвогарнинг мурожаати оқибатсиз қолдирилганлиги сабабли Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Пискент туман кенгаши (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) даъвогар манфаатида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 115 890 161,3 сўм суғурта товони ва 57 945 080,65 сўм пеня ундиришни сўраган. Ўртачирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 7 январдаги ҳал қилув қарори билан Кенгашнинг даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган. Тошкент вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 5 апрелдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, янги қарор қабул қилинган. Даъвогарнинг даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 64 541 548 сўм суғурта товони ундириш белгиланиб, даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 22 июндаги қарори билан апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 5 апрелдаги қарори ўзгартирилиб, қарорнинг жавобгардан даъвогар фойдасига 64 541 548 сўм суғурта товони ундириш қисми 115 890 161,3 сўмга, жавобгардан республика бюджетига 1 936 246,44 сўм давлат божи ундириш қисми 3 476 704,84 сўмга ўзгартирилиб, қарорнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари томонидан киритилган протест асосида иш кассация тартибида такроран кўриб чиқилган ва 2023 йил 3 апрелдаги қарори билан протест қаноатлантирилган. Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 13 сентябрдаги қарори бекор қилинган. Жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилган, Кенгашнинг кассация шикояти эса қисман қаноатлантирилган. Тошкент вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 5 апрелдаги қарори ўзгартирилган. Тошкент вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 5 апрелдаги қарори хулоса қисмининг жавобгардан даъвогар фойдасига 64 541 548 сўм суғурта товони ундириш қисми, 78 805 309 сўм суғурта товони ундириш билан алмаштирилган. Тошкент вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 5 апрелдаги қарорининг суд харажатларини тақсимлаш қисми бекор қилиниб, жавобгардан республика бюджетига 3 152 212,36 сўм давлат божи ундирилган. Суд қарорларининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган. Жавобгардан Олий суднинг қарори асосида ундирилган суғурта товони ва 21 600 сўм почта харажатлари тўланганлигини ҳисобга олиб ижро варақаси берилмаслиги белгиланган. Кенгаш судга ариза билан мурожаат қилиб, иш юзасидан қабул қилинган ва қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни сўраган. Бунга асос қилиб, аризада Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг 2023 йил 7 мартдаги эксперт хулосасида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июндаги 505-сонли қарорининг 2-иловаси, Пискент туман ҳокимининг 2019 йил 23 декабрдаги 5344-сонли қарорининг 3-иловаси ва “Саидакбар Абдусалом” фермер хўжалигининг аризасини инобатга олган ҳолда 1 га майдондаги режалаштирилган ҳосилдорлик 30,6 центнерни ташкил этиши қайд этилганлигини кўрсатган. Кенгаш, даъвогар, жавобгар ва учинчи шахс суд муҳокамаси вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлса-да, улардан вакил суд мажлисига келмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 332-моддасининг биринчи қисмига кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза у судга келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда, ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов ҳайъати аризани Кенгаш, даъвогар, жавобгар ва учинчи шахс вакилларининг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Судлов ҳайъати аризада келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра аризани қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. ИПК 327-моддасининг 1-бандига кўра, суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатлар қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўлади. Даъвогар ИПКнинг ушбу нормасига асосланиб, қонуний кучга кирган суднинг қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни сўраган. Бунга асос қилиб, аризада Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг 2023 йил 7 мартдаги эксперт хулосасида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июндаги 505-сонли қарорининг 2-иловаси, Пискент туман ҳокимининг 2019 йил 23 декабрдаги 5344-сонли қарорининг 3-иловаси ва “Саидакбар Абдусалом” фермер хўжалигининг аризасини инобатга олган ҳолда 1 га майдондаги реалаштирилган ҳосилдорлик 30,6 центнерни ташкил этиши қайд этилганлигини кўрсатган. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда иқтисодий процессуал қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида” 2003 йил 25 июлдаги 111-сонли қарори 4-бандининг биринчи хатбошисида янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ суднинг ишни кўриш вақтида ҳисобга олиши мумкин бўлмаган, аризачига ва судга номаълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилингандан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозимлиги, 5-бандида суд ҳужжатини қайта кўриб чиқиш учун асос бўлаётган ҳолатлар жиддий бўлиши, яъни суд ҳужжатини қабул қилишда иқтисодий суд хулосасига таъсир кўрсатадиган даражада бўлиши лозимлиги, бу ҳолат иқтисодий суд томонидан аввалда текшириш предмети бўлган фактга нисбатан янги далиллар эмас, балки айнан юридик фактларнинг ўзи бўлиши лозимлиги, суд томонидан ишни кўриб чиқишда текшириш предмети бўлмаган ҳамда мавжудлиги аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган юридик фактни белгиловчи янги далиллар янги очилган ҳолатлар деб эътироф этилиши мумкинлиги, агар ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш давомида суд келтирилган далиллар аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлганлигини аниқласа, янги очилган ҳолатлар бўйича келтирилган аризани қаноатлантириш рад этилиши лозим, чунки ИПКнинг 68-моддасига мувофиқ, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши кераклиги ҳақида тушунтириш берилган. Даъвогар томонидан тақдим қилинган эксперт хулосасида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июндаги 505-сонли қарорининг 2-иловаси, Пискент туман ҳокимининг 2019 йил 23 декабрдаги 5344-сонли қарорининг 3-иловаси ва “Саидакбар Абдусалом” фермер хўжалигининг аризасини инобатга олган ҳолда 1 га майдондаги реалаштирилган ҳосилдорлик 30,6 центнерни ташкил этади деб ҳисоблаш мумкин деб кўрсатилган. Бироқ, даъвогар томонидан 2020 йил пахта ҳосилидан давлатга сотиш режаси бўйича 1 га майдонидан ҳосилдорлик 30 центрнерни ташкил қилиши лозимлиги ишни кўриш жараёнида маълум бўлган. Чунки, Пискент туман ҳокимининг 2019 йил 23 декабрдаги 5344-сонли қарорининг 3-иловаси, даъвогарнинг жавобгарга пахта ҳосилини суғурта қилиш бўйича аризаси ҳамда даъвогар ва “Пискент Барака Ишонч” ишлаб чиқариш кооперативи ўртасида 2020 йил 20 август куни тузилган “Пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш бўйича” 132-сонли шартномада 1 га майдонидан олинадиган пахта хом ашёсининг ҳосилдорлиги 30 центнер деб кўрсатилган. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари томонидан киритилган протест асосида ишни кассация тартибида такроран кўриб чиқиш пайтида даъвогар томонидан судга Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг 2023 йил 7 мартдаги эксперт хулосаси тақдим қилинган бўлган. Яъни, Кенгашнинг аризасида янги очилган ҳолат деб кўрсатилган эксперт хулосаси мавжудлиги тарафлар ва судга маълум бўлган. Шунинг учун, даъвогар томонидан тақдим қилинган Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг 2023 йил 7 мартдаги эксперт хулосаси кассация инстанцияси судининг қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмайди. ИПК 333-моддасининг биринчи қисмига кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари юзасидан суд аризани қаноатлантириш ва илгари ўзи қабул қилган суд ҳужжатини бекор қилиш ҳақида ёки аризани қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради. Шунинг учун судлов ҳайъати даъвогарнинг аризасини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари даъвогар зиммасига юклатилади ва ариза билан мурожаат қилишда тўланган почта харажатлари унинг зиммасида қолдирилади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 325 – 327 ва 333-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати а ж р и м қ и л д и: Пискент туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризасини қаноатлантириш рад этилсин. Мазкур ажрим чиқарилган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Р. Сагатов ҳайъат аъзолари: О. Халмирзаев А. Абдуллаев З.Рустамов Ф.Ражабов