Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-2001-2305/67 Дата решения 08.06.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Сайфуллаев Бахтиёр Насуллоевич Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "Mustahkam qurilish development" масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый Мажбурий ижро бюроси
Source ID 1089882 Claim ID 3287240 PDF Hash 284f885fdd71371c... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 13
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПКнинг 280-моддаси ИПКнинг 280 law
ИПК 297-моддаси ИПК 297 law
онуннинг 8-моддаси онуннинг 8 law
онун 82-моддаси онун 82 law
исми ва 83-моддаси исми ва 83 law
онуннинг 27-моддаси онуннинг 27 law
онуннинг 56-моддаси онуннинг 56 law
онун 47-моддаси онун 47 law
ИПК 73-моддаси ИПК 73 law
арорида ИПКнинг 338-моддаси арорида ИПК 338 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-2001-2305/67-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда кўрган судья - Д.Чориев Апелляция инстанциясида маърузачи судья - И.Юлдашев Кассация инстанциясида маърузачи судья - Б.Сайфуллаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ ҚАРОР И 2023 йил 8 июнь Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар И.Таджиев ва В.Сатторовадан иборат таркибда, Б.Жўраевнинг котиблигида, “Mustahkam Qurilish Development” масъулияти чекланган жамияти вакиллари И.Шаримов (2023 йил 1 мартдаги 4-сонли ишончнома асосида), М.Қўлдошева (2023 йил 29 майдаги 6-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасининг даъвогар “Mustahkam Qurilish Development” масъулияти чекланган жамияти манфаатида жавобгар Мажбурий ижро бюроси Бухоро шаҳар бўлими ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига нисбатан давлат ижрочисининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ва кўчмас мулкни хатлашдан чиқариш (озод қилиш) мажбуриятини юклаш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича Бухоро вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 28 мартдаги қарори устидан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан берилган кассация шикояти ва унга илова қилинган ҳужжатларни иш билан бирга Олий суднинг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 4-2001-2105/95-сонли иш юзасидан қабул қилинган 2021 йил 21 майдаги ҳал қилув қарорига асосан “Mustahkam Qurilish Development” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда МЧЖ ёки даъвогар деб юритилади)дан АТБ “Ўзсаноатқурилишбанк” (бундан буён матнда банк деб юритилади) фойдасига 541 743,64 АҚШ доллари, 12.586.824.805,30 сўм ундирилган. Ундирув МЧЖга тегишли бўлган гаровга қўйилган Бухоро шаҳар И.Каримов ва И.Мўминов кўчалари кесишмасида жойлашган Қурилиши тугалланмаган, умумий (ер участкаси) майдони 66 000,0 кв.метрни ташкил этиб, қурилиш ости майдони 21.419,0 кв.метр бўлган, 4 қаватли “Йирик савдо маркази”нинг “А” Блок 4-қавати, яъни қурилиш ости майдони 7.149,4 кв.метр иборат бўлган қисмига қаратилган. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, бу ҳақда 2021 йил 22 июнда ижро варақаси берилган. Суднинг 2021 йил 17 августдаги ажрими билан тарафлар (МЧЖ ва банк) ўртасида ижро босқичида тузилган келишув битими тасдиқланган. МЧЖ томонидан келишув битими шартлари бажарилмаганлиги сабабли суднинг 2021 йил 4 ноябрда ижро варақаси берилган. Банк томонидан суд ҳужжати ижросини таъминлаш учун ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилоят бошқармасига тақдим этилган. Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилоят бошқармасининг 2022 йил 3 июндаги ижро ҳужжатини ҳудудийлик бўйича юбориш тўғрисидаги қарори ва 2022 йил 3 июндаги 10-2022-226-сонли хати билан ижро ҳужжати ижросини таъминлаш учун МИБ Бухоро шаҳар бўлимига юборилган. МИБ Бухоро шаҳар бўлими давлат ижрочиси У.Халимовнинг 2022 йил 13 июндаги қарори билан мазкур ижро ҳужжати юзасидан ижро иши қўзғатилган ва 200122033692-сонли ижро иши юритилган. Мазкур қарор билан МЧЖга ижро ҳужжатида кўрсатилган талабларни ихтиёрий бажариш учун 15 кунлик муддат берилган. Бироқ, ижро ҳужжати ихтиёрий ижро қилинмаган. Шундан сўнг, ундирув қаратилган гаров мулки хатланган ҳамда МИБ шаҳар бўлими давлат ижрочисининг 2022 йил 13 июндаги қарори билан МЧЖга тегишли Бухоро шаҳри, И.Каримов кўчаси, 1/1-уй кўчмас мулк объекти (бундан буён матнда кўчмас мулк ёки объект деб юритилади)га таъқиқ қўйилган. МИБ Бухоро шаҳар бўлими давлат ижрочисининг 2022 йил 19 июлдаги қарорига кўчмас мулк 22 000 000 000 сўм қийматда электрон онлайн-аукцион орқали савдога чиқарилган. Бироқ, объект аукцион савдоларида сотилмаган. Шу сабабли давлат ижрочиси томонидан банкка мулкни қарздорлик эвазига унинг бошланғич сотув нархидан 10 фоиз арзонлаштирилган ҳолда балансга олиш ҳақида 2022 йил 9 сентябрдаги 10.3-22-244-сонли таклиф хати юборилган. Банкнинг 2022 йил 12 сентябрдаги 01-08-07/2780-сонли розилик хати ва банкнинг муаммоли қарздорликлар билан ишлаш қўмитасининг 2022 йил 20 сентябрдаги 68-сонли мажлис баёнига асосан МИБ Бухоро шаҳар бўлими давлат ижросининг 2022 йил 20 сентябрдаги далолатномаси орқали МЧЖга тегишли сотилмаган кўчмас мулк қарздорлик эвазига банкка топширилган. Бундан ташқари, МИБ Бухоро шаҳар бўлими давлат ижрочисининг 2022 йил 21 сентябрдаги қарори билан кўчмас мулкни бошланғич суммадан 10 фоиз арзонлаштирилган ҳолда, яъни 19 800 000 000 сўм ҳисобида қарздорлик эвазига банкка топшириш ва кадастр органига банк номига мулкни рўйхатдан ўтказиш мажбурияти юклатилган. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) МЧЖ манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар Мажбурий ижро бюроси Бухоро шаҳар бўлими (бундан буён матнда МИБ шаҳар бўлими ёки жавобгар) ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (бундан буён матнда МИБ деб юритилади) ҳамда низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс банкка нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, МИБ шаҳар бўлими давлат ижрочисининг объектни электрон онлайн-аукционга сотиш учун чиқариш тўғрисидаги 2022 йил 19 июлдаги қарори ва сотилмаган кўчмас мулкни ундирувчига топшириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги 2022 йил 21 сентябрдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни, шунингдек МИБ шаҳар бўлимининг 2022 йил 1 апрелдаги, 2022 йил 16 апрелдаги, 2022 йил 13 июндаги ва 2022 йил 1 августдаги қарорларининг МЧЖга тегишли гаровга олинмаган ва 2 409 710 995,48 сўм суммадан ошган миқдордаги кўчмас мулкларга таъқиқ солиш қисмини ҳақиқий эмас деб топишни ҳамда МИБ шаҳар бўлими зиммасига кўчмас мулкларни хатлашдан чиқариш (озод қилиш) мажбуриятини юклашни сўраган. Суднинг 2023 йил 16 январдаги ва 2023 йил 2 февралдаги ажримлари билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида банк ва Давлат кадастрлар палатаси Бухоро вилоят кадастр бошқармаси жалб қилинган. Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 16 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган. Бухоро вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 28 мартдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво талабларини тўлиқ рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилинган. Палатанинг кассация шикоятида апелляция инстанцияси суди қарорини қисман бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ва суд ҳаражатларини жавобгар зиммасига юклаш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган. Бунга асос қилиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 280-моддасининг иккинчи қисмида апелляция инстанцияси судининг қарорида апелляция инстанцияси суди томонидан аниқланган иш ҳолатлари суднинг ушбу ҳолатлар тўғрисидаги хулосалари учун асос бўлган далиллар, суд қарорни қабул қилишда амал қилган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, суднинг у ёки бу далилларни рад этишига ва ишда иштирок этувчи шахслар ҳавола қилган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўлламаганлигига доир сабаблар кўрсатилиши белгиланганлиги, апелляция инстанцияси суди қарорини ўқиб туриб, қарор ҳуқуққа нисбатан нописандлик (нигилизм) билан ёзилганлиги ҳақида фикрга келиш мумкинлиги, суд низо предмети бўлган МИБ шаҳар бўлимининг 2022 йил 19 июлдаги ҳамда 2022 йил 21 сентябрдаги қарорларининг ҳақиқий эмас деб топиш талабини кўришдан четланиб, ўз қарорини ушбу низо предмети маъмурий судда кўрилганлиги билан асослаганлиги, бироқ маъмурий суд қайд этилган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб бўйича иш юритишни тугатганлиги, натижада суд шикоятда келтирилган 6 та важдан фақатгина битта важни текширганлиги, суднинг ўзи қарорида “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 47-моддасининг ўн биринчи қисмида қарздорнинг мол-мулкига, шу жумладан нақд пул маблағларига ва банклардаги ёки бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида ҳамда омонатларида турган ёки сақлашга қўйилган пул маблағларига ундирув ижро йиғими, давлат ижрочиси томонидан қарздорга солинган жарималар ва ижро харажатлари ҳисобга олинган ҳолда, ижро ҳужжатини ижро этиш учун зарур бўлган миқдорда ва ҳажмда қаратилиши белгиланганлигини кўрсатган бўлса-да, ИПКнинг 280-моддасига зид равишда ўз қарорида ушбу далилларни нима сабабдан рад қилганлигини моддий ҳуқуқ нормаси билан асослантириб бермаганлиги, аплляция инстанцияси судининг даъвогарнинг барча мулкларига банд солинишининг қонунийлиги тўғрисидаги хулосаси ҳақиқий ҳолатга ҳам, қонун ҳужжатларига ҳам тўғри келмаслиги, жавобгар томонидан банд солинган мулк бир нечта алоҳида бинолардан иборат эканлиги ва уларнинг ҳар бири алоҳида кадастр рақамига эга эканлигини кўрсатган. Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакиллари кассация шикоятидаги важларни такрорлаб, уни қаноатлантиришни, суд ҳужжатларини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўрашди. Суд мажлисида банк, жавобгар, МИБ ҳамда Давлат кадастрлар палатаси Бухоро вилоят кадастр бошқармаси вакиллари иштирок этмади. Судлов ҳайъати, ИПК 297-моддасининг тўртинчи қисми талабларидан келиб чиқиб, ишни улар вакилларининг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин деган хулосага келди. Судлов ҳайъати МЧЖ вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларини иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. МЧЖнинг даъво аризасида МИБ шаҳар бўлимининг объектни электрон онлайн-аукционда сотиш учун чиқариш тўғрисида 2022 йил 19 июлдаги қарори ва сотилмаган кўчмас мулкни ундирувчига топшириш ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги 2022 йил 21 сентябрдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш учун асос сифатида ижро ҳаракатлари Қонуннинг 8-моддасига зид равишда ижро ҳаракатлари МИБ вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан эмас, балки шахар бўлими томонидан амалга оширилганлиги, Қонун 82-моддасининг биринчи қисми ва 83-моддасининг биринчи қисмига зид равишда ундирувчи томонидан суд ҳужжати ижросини мажбурий ижро этиш учун МИБга ижро ҳужжати билан бирга гаров шартномасини ҳамда ижро варақаси банкка тақдим этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаганлиги, ижро варақаси Қонуннинг 27-моддасининг биринчи қисмида белгиланган олти ойлик муддат ўтганидан сўнг ижрога тақдим этилганлиги, жавобгар 2022 йил 19 июлдаги қарорни бошқа ижро иш бўйича берилган ижро варақаси ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилганлиги, ундирувчи жавобгарнинг объекни ўзида қолдириш ҳақидаги таклифига Қонуннинг 56-моддасининг тўққизинчи қисмида белгиланган беш кунлик муддат ўтказиб жавоб берганлиги, банк филиали раҳбари объекни ўзида олиб қолиш ҳақида жавоб бериш ваколати мавжуд эмаслиги, бундай ҳолатда давлат ижрочиси ижро иши юритишни тугатиб, ижро варақасини ундирувчига қайтариб юбориши лозимлиги, жавобгар Қонун 47-моддасининг ўн биринчи қисмига зид равишда жавобгарнинг (қарздорнинг) гаровга қўйилмаган, бироқ ижро ҳужжатларида кўрсатилган 2 409 710 995,48 сўмдан ортиқ қийматга эга бўлган мол-мулкка қаратилганлиги ҳақида асослар келтирилган. Аниқланишича, Палата даъвогар манфаатида маъмурий судга ижро ишини юритишда МИБ шаҳар бўлими давлат ижрочиси У.Ҳалимовнинг хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан норози бўлиб ариза билан мурожаат қилган. Бухоро туманлараро маъмурий судининг 5-2001-2201/792-сонли иш бўйича қабул қилинган 2022 йил 14 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан Палатанинг МЧЖ манфаатида жавобгар МИБ шаҳар бўлимига нисбатан давлат ижрочисининг ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талабларини қаноатлантириш рад қилинган. Палатанинг МИБ шаҳар бўлими давлат ижрочисининг 2022 йил 19 июлдаги “Мол-мулкни электрон онлайн-аукционда сотиш учун чиқариш тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 21 сентябрдаги “Сотилмаган кўчмас мулкни ундирувчига топшириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаби юзасидан иш юритиш тугатилган. ИПК 73-моддасининг учинчи қисмига кўра, фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бошқа ишни кўраётган иқтисодий суд учун фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг ҳал қилув қарорида аниқланган ва ишда иштирок этувчи шахсларга тааллуқли бўлган ҳолатларга доир масалалар бўйича мажбурийдир. Бухоро туманлараро маъмурий судининг 5-2001-2201/792-сонли иш бўйича 2022 йил 14 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар томонидан давлат ижрочисининг қайд этилган қарорларини қабул қилишда ифодаланган ҳаракатлари қонуний эканлиги тасдқиланган. Жумладан, маъмурий суднинг ҳал қилув қарорида ИПКнинг 338-моддасида ижро варақаси суд ҳужжати қонуний кучга кирган кундан эътиборан ёки суд ҳужжатининг ижроси кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб ижро этилган тақдирда, муддат тугаган кундан эътиборан уч йил ичида ижрога тақдим этилиши мумкинлиги белгиланганлиги, ундирувчи томонидан ижро варақаси уч йил муддат ўтмасдан топширилган бўлиб, бу ҳолат давлат ижрочиси ижро варақасини ижрога қабул қилиши қонуний ҳисобланиши, Бухоро туманлараро иқтисодий суининг 2021 йил 4 ноябрдаги ижро варақасида ундирилиши лозим бўлган сумма 15 000 000 000 сўмдан кам суммани ташкил этиши, бу билан давлат ижрочиси томонидан Қонуннинг 8 1-моддаси талаби бузилмаганлиги, МИБ шаҳар бўлимининг такрорий аукцион савдоларида сотилмаган объектни бошланғич нархидан 10 (ўн) фоизга арзонлаштирилган ҳолда ундирувчига таклиф хати юборилганлиги, ундирувчи томонидан ушбу таклиф хатига 2022 йил 12 сентябрда мол-мулкни таклиф этилган суммада ўзида қолдириш тўғрисида розилигини маълум қилганлиги, банкнинг розилик хати 2022 йил 12 сентябрда имзоланган бўлиб, бу вақтда 5 (беш) кунлик муддат ўтмаганлиги аниқ кўрсатиб ўтилган ва ушбу аниқланган ҳолатлар иқтисодий суд учун мажбурийдир. Гарчи, маъмурий суднинг қайд этилган ҳал қилув қарори билан давлат ижрочиси томонидан қабул қилинган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб бўйича иш юритиш тугатилган бўлса-да, Палатанинг МИБ шаҳар бўлими томонидан қабул қилинган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво талабини қаноатлантириш учун ҳам айнан юқорида қайд этилган асослар келтирилган. Даъво аризасида қайд этилганидек, Қонун 47-моддасининг ўн биринчи қисмида қарздорнинг мол-мулкига, шу жумладан нақд пул маблағларига ва банклардаги ёки бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида ҳамда омонатларида турган ёки сақлашга қўйилган пул маблағларига ундирув ижро йиғими, давлат ижрочиси томонидан қарздорга солинган жарималар ва ижро харажатлари ҳисобга олинган ҳолда, ижро ҳужжатини ижро этиш учун зарур бўлган миқдорда ва ҳажмда қаратилиши белгиланган. МИБ шаҳар бўлими давлат ижрочилари томонидан Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 4-2001-2205/80-сонли иш бўйича берилган 2022 йил 11 мартдаги ижро варақасига асосан МЧЖдан ундирувчи “Halimjon trans servis” МЧЖ фойдасига 130 167 000 сўм, 4-2001-2205/113-сонли иш бўйича берилган 2022 йил 18 мартдаги ижро варақасига асосан МЧЖдан ундирувчи “Garant Insuranse Group” МЧЖ фойдасига 2 104 270 216 сўм, 4-2001-2204/1226-сонли ва 4-2001-2204/1228-сонли ишлар бўйича берилган 2022 йил 22 июлдаги ижро варақасига асосан МЧЖдан ундирувчи Бухоро вилоят Давлат солиқ бошқармаси фойдасига 19 938 882 сўм ва 99 491 056 сўм солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ижро ишлари юритилган. Мазкур ижро ишлари юзасидан МИБ шаҳар бўлими давлат ижрочиларининг 2022 йил 1 апрелдаги, 16 апрелдаги ва 1 августдаги қарорлари билан МЧЖга тегишли Бухоро шаҳри, И.Каримов кўчаси, 1/1-уй кўчмас мулк объектига тақиқ қўйилган. Апелляция инстанцияси суди МИБ шаҳар бўлимининг мазкур қарорлари билан МЧЖдан ундирувчилар “Halimjon trans servis” МЧЖ, “Garant Insuranse Group” МЧЖ, банк ва Бухоро вилоят Давлат солиқ бошқармаси фойдасига қарздорликларни ундириш бўйича чиқарилган суд ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида қарздор сифатида МЧЖнинг банк ҳисобварақларида ундирув қаратиладиган пул маблағлари бўлмаганлиги сабабли унга тегишли Бухоро шаҳри, И.Каримов кўчаси, 1/1-уй кўчмас мулк объектига қонуний тартибда асосли тақиқ қўйилганлиги, мазкур кўчмас мулк бўлинмас ва яхлит мулк сифатида ягона кадастр рақами (20:12:01:57:01:0046)га эга ҳисобланиши, кадастр органи Бухоро шаҳар филиалининг 2022 йил 18 ноябрдаги 15/1791-сонли хатида МЧЖга тегишли гаровга олинмаган кўчмас мулк МИБ шаҳар бўлимининг қайд этилган қарорлари қабул қилинмасдан олдиндан 2019 йил 14 декабардаги 1387-сонли тақиқ хатига асосан ҳам тақиқда турганлиги қайд этилганлиги, ижро ҳужжатларига асосан тақиқ қўйилган МЧЖга тегишли битта кўчмас мулки объектидан ташқари бошқа мулкларига асоссиз тақиққа қўйилганлиги ҳолатлари исботланмаганлиги тўғрисидаги асослар билан даъво талабининг МИБ шаҳар бўлимининг 2022 йил 1 апрелдаги, 2022 йил 16 апрелдаги, 2022 йил 13 июндаги ва 2022 йил 1 августдаги қарорларининг МЧЖга тегишли гаровга олинмаган ва 2 409 710 995,48 сўм суммадан ошган миқдордаги кўчмас мулкларга тақиқ солиш қисмини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда МИБга мазкур кўчмас мулкларни хатлашдан чиқариш (озод қилиш) мажбуриятини юклаш тўғрисидаги даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида асосли хулосага келган. Биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорида даъво аризасида кўрсатилган МИБ шаҳар бўлими давлат ижрочисининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш талабларини муҳокама қилиб, МЧЖга тегишли кўчмас мулкларни хатлашдан чиқариш (озод қилиш) мажбуриятини юклаш тўғрисидаги даъво талабини муҳокама қилмаган ва ушбу талаб бўйича қарор қабул қилмаган. Шунинг учун апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида асосли тўхтамга келган. Судлов ҳайъати кассация шикоятидаги апелляция инстанцияси суди қарори ҳуқуққа нисбатан нописандлик (нигилизм) билан ёзилганлиги тўғрисидаги важларни асоссиз деб ҳисоблайди. Чунки, апелляция инстанцияси суди ўз хулосаларини моддий ҳамда процессуал ҳуқуқ нормалари билан тўлиқ асослаган ҳолда қарор қабул қилган. ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига биноан иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Мазкур ҳолатда апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиш учун бундай асослар мавжуд эмас. ИПК 301-моддасининг 1-бандига биноан кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Бундай ҳолатда, судлов ҳайъати кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, апелляция инстанцияси суди қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари даъвогардан ундирилади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: Бухоро вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 28 мартдаги қарори ўзгаришсиз, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасининг кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. “Mustahkam Qurilish Development” масъулияти чекланган жамиятидан республика бюджетига 31 500 000 сўм давлат божи ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Б. Сайфуллаев ҳайъат аъзолари: И. Таджиев В. Сатторова