Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1001-2203/64548 Дата решения 01.06.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Таджиев Ибрагим Исакович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Хоразм вилояти божхона бошқармаси Ответчик / Подсудимый “Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик жамияти
Source ID 1089412 Claim ID 3297985 PDF Hash ba3ece90f8d0c528... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 20
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
шикоятда БК 218-моддаси шикоятда БК 218 law
БКнинг 291-моддаси БКнинг 291 law
унга нисбатан БКнинг 4-моддаси унга нисбатан БК 4 law
онун 10-моддаси онун 10 law
онуннинг 26-моддаси онуннинг 26 law
ги Битимнинг 24-моддаси ги Битим 24 law
онуннинг 18-моддаси онуннинг 18 law
БКнинг 4-моддаси БКнинг 4 law
онунининг 11-моддаси онуни 11 law
БКнинг 218-моддаси БКнинг 218 law
Божхона кодексининг 218-моддаси Божхона кодекси 218 code_article
ИПК 13-моддаси ИПК 13 law
нинг 24-моддаси нинг 24 law
Биринчи инстанция суди БКнинг 218-моддаси Биринчи инстанция суди БК 218 law
Жавобгарнинг БК 218-моддаси Жавобгарнинг БК 218 law
Жавобгарнинг божхона органи даъво аризасида Битимнинг 24-моддаси Жавобгарнинг божхона органи даъво аризасида Битим 24 law
онуннинг 11-моддаси онуннинг 11 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1001-2203/64548-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья Ш.Ахроров Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья Ф.Ёдгоров Кассация инстанцияси судида маърузачи судья И.Таджиев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 1 июнь Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари В.Сатторова ва И.Таджиевдан иборат таркибда, З.Қодировнинг котиблигида, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашаётган Хоразм вилоят судининг ходими И.Рахмонов, даъвогар вакиллари – бош юрисконсульт З.Бекчонов ва катта инспектор С.Эшметов (2023 йил 13 мартдаги 13/20-23-00988-сонли ишончнома асосида), жавобгар вакили - юрисконсульт Ф.Юсупов (2023 йил 4 январдаги 2-юр-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, даъвогар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси Хоразм вилояти бўйича бошқармасининг жавобгар “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятидан 50 400 000 сўм божхона йиғимларини ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 24 мартдаги қарори устидан жавобгар томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Хоразм вилоят Божхона бошқармаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) томонидан Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси (бундан буён матнда БК деб юритилади) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги 700-сонли қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) томонидан божхона назорат остида ташилаётган товарларнинг етказиб бериш муддатига риоя қилиниши ҳолати ўрганилган ва божхона назорати остида ташилаётган товарлар юзасидан 2022 йил 31 июлдан 29 сентябрь кунига қадар 31 та (даъво аризасида 32 та деб хато кўрсатган) темир йўл вагонларининг етказиб бериш муддати жавобгар томонидан кечиктирилганлиги аниқланган. Шунга кўра, жавобгар томонидан 31 та темир йўл вагонлари 168 кунга кечикиб келганлиги сабабли 50 400 000 сўм божхона йиғими ҳисобланган. Даъвогар томонидан 2022 йил 30 сентябрда жавобгарга 13/12-22-03978-сонли талабнома юборилиб, 31 та темир йўл вагонлари кечикиб келганлиги боис жами 50 400 000 сўм божхона йиғими ҳисобланганлиги ва уни тўлаш лозимлиги маълум қилинган. Ушбу талабномага жавобгар томонидан ҳеч қандай муносабат билдирмаганлиги натижасида даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 50 400 000 сўм божхона йиғимларини ундиришни сўраган. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 18 январдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш рад этилган. Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 24 мартдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилинган ва даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилинган. Иш юзасидан қабул қилинган апелляция инстанцияси судининг қарори устидан жавобгар кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда қарорни бекор қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда БК 218-моддасининг биринчи қисмида божхона назорати остида турган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари жўнатувчи божхона органидан товар келиб тушадиган божхона органига ушбу товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ташиш учун қабул қилган ташувчининг жавобгарлиги остида ташилиши белгиланганлиги, ушбу модданинг тўртинчи қисмига кўра, товар келиб тушадиган божхона органига товарларни етказиб беришнинг энг кўп муддати темир йўл транспорти учун - икки минг километр учун ўттиз календарь кундан ҳисоб-китоб билан белгиланадиган муддатдан ошмаслиги кераклиги, БКда ҳуқуқий муносабатларнинг ушбу соҳа иштирокчилари учун ҳар қандай қўшимча жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин бўлган қисқа муддат ва (ёки) қисқа масофани белгилайдиган бошқа ҳолатлар назарда тутилмаганлиги, 700-сонли қарор билан тасдиқланган Божхона йиғимлари ставкаларида божхона остида ташилаётган товар ва транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 1 баробари миқдорида йиғим ундирилиши назарда тутилганлиги, бироқ, БКнинг 291-моддасида божхона назорати остида ташилаётган товар ва транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати ўтказиб юборилганлиги учун божхона йиғими ундирилиши назарда тутилмаганлиги ҳамда божхона йиғимини ундириш тартиби белгилаб берилмаганлиги, Давлат божхона қўмитаси 2022 йил 6 декабрда АЖга мурожаат қилиб, “Темир йўл транспортида ташилаётган товар ва (ёки) транспорт воситаларини божхона назорати остида ташиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилишини самарали ташкил этиш юзасидан Давлат божхона қўмитаси ва АЖнинг Қўшма кўрсатмаси” лойиҳаси келишиш (имзолаш) учун юборганлиги, унга жавобан АЖ давлат органи ҳисобланмаслиги, аксинча Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), “Акциядорлик жамияти ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи мустақил хўжалик юритувчи субъект ҳисобланиб, унга нисбатан БКнинг 4-моддасига мувофиқ божхона тўғрисидаги қонунчиликдаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарамақаршиликлар ва ноаниқликлар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг фойдасига талқин қилиниши кўрсатилганлиги сабабли Қўшма кўрсатма ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ эмаслиги маълум қилинганлиги, “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Қонун 10-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ темир йўл транспортининг ташиш жараёни билан боғлиқ фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги, ушбу Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ мулкий жавобгарлик айнан юк жўнатувчи, юк қабул қилувчи ва юк ташувчилар ўртасидаги муносабатларга тааллуқли бўлиб, мазкур иқтисодий иш предметига умуман алоқаси йўқлиги, даъво аризасида “Халқаро темир йўлларда юк ташиш тўғрисида”ги Битимнинг 24-моддасида етказиб бериш муддати контейнерлар учун - ҳар 150 км учун 1 сутка, бошқалар (бошқа турдаги вагонлар) учун ҳар бир 200 км учун 1 суткадан бошланади деб важ келтирилганлиги, бироқ божхона органи ушбу Битимнинг иштирокчиси эмаслиги, мазкур Битим юк жўнатувчи, юк қабул қилувчи ва юк ташувчилар ўртасидаги муносабатларга нисбатан тадбиқ этилиши, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тавофутлар бўлган тақдирда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилиши, ФК, “Акциядорлик жамияти ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, БКнинг 4-моддаси ҳамда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддасига кўра, қонунчиликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилиши, БК 218-моддасининг бешинчи қисмида божхона назорати остида ташилаётган товарлар учун етказиб бериш муддати ташувчининг аризасидан, товарларни ташишнинг одатий муддатидан, транспорт воситасининг тури ва имкониятларидан, аризачи томонидан белгиланган ҳаракат йўналиши ва бошқа ташиш шартларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган муддат доирасида жўнатувчи божхона органи томонидан белгиланиши, бироқ, даъвогар буни исботловчи далил, яъни “ташувчининг аризаси” даъвогарнинг аризасида кўрсатилган ҳолатларнинг бирор-бири бўйича судга тақдим этилмаганлиги, чунки бундай аризалар мавжуд эмаслиги ва ташувчи томонидан берилмаганлиги, БК 218-моддасининг учинчи қисмида божхона назорати остида ташиладиган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари товар келиб тушадиган божхона органига жўнатувчи божхона органи белгилаган муддатларда ва йўналишлар бўйича, агар улар ушбу модданинг олтинчи қисмига мувофиқ белгиланган бўлса, ташувчи томонидан етказиб берилиши белгиланганлиги, лекин даъвогар кўрсатаётган ҳолатлар бўйича жўнатувчи божхона органи томонидан белгиланган муддатлар йўқлиги ва бу ҳақда жавобгар хабардор қилинганлигини исботловчи ҳужжат даъвогар томонидан тақдим қилинмаганлиги, чунки бундай ҳужжатлар мавжуд эмаслиги, БКнинг 218-моддасида белгиланган 30 кунлик муддат АЖ томонидан бузилмаганлигини кўрсатган. Суднинг 2023 йил 18 майдаги ажрими билан даъвогар унинг ҳуқуқий вориси Ўзбекистон Респбуликаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси билан алмаштирилган. Суд мажлисида жавобгар вакили кассация шикоятида келтирилган важларни такрорлаб, шикоятни қаноатлантиришни ва апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, биринчи инстнция судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўради. Даъвогар вакили шикоятда келтирилган важларга эътироз билдириб, Вазирлар Маҳкамасининг 700-сонли қарор қабул қилинганидан кейин МЖТКга ўзгартириш киритилганлиги, маъмурий жавобгарлик, яъни жарима жазо чораси 4 ўрнига божхони йиғими жорий этилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 531-сонли қарорига асосан электрон дастур жорий қилинганлиги, Божхона кодексининг 218-моддасида юк ташувчи жавоб бериши, божхона органидан юкни қабул қилиб олганидан сўнг кейинги божхона органига топшириши кераклиги белгиланганлиги, белгиланган темир йўл бекатига етиб келганидан сўнг юк ташувчи юкни божхона органига топшириши кераклиги, божхона органи томонидан муддат белгиланганлигидан жавобгар хабардор бўлганлиги, бу ҳолат “Қўнғирот минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасининг 2022 йил 12 сентябдаги 156-сонли ва 15 сентябрдаги 160-сонли хатлари билан тасдиқланиши, ушбу хатларда айнан мазкур даъво аризаси киритилишига сабаб бўлган темир йўл вагонларидаги юкни етказиб бериш муддатини узайтириш сўралганлиги ва даъвогар муддатни 10 кунга узайтириб берганлигини баён қилиб, кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни ва апелляция инстанцияси судининг қарорини ўз кучида қолдиришни сўради. Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. ИПК 13-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суд ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади. “Халқаро темир йўлларда юк ташиш тўғрисида”ги Битим (бундан буён матнда Битим деб юритилади)нинг 24-моддасида жўнатувчи томонидан бошқа келишувлар бўлмаса, етказиб бериш муддати юкларнинг бутун йўналиши учун белгиланиши, бу муддат ушбу моддада белгиланган меъёрлар асосида ҳисобланган вақтдан ошиб кетмаслиги лозимлиги, бунда контейнерлар учун - ҳар 150 км. учун бир сутка, бошқалар (бошқа турдаги вагонлар) учун - ҳар 200 км. учун бир суткадан бошланиши қайд этилган. “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 26-моддасининг тўртинчи қисмида темир йўл транспорти корхоналари юкларни ташишда юкни етказиб бериш муддатларини бузганлик учун мулкий жавобгарлик билан бир қаторда ташилаётган юкнинг сақланишини таъминламаганлик учун ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорларда мулкий жавобгар бўлиши белгиланган. БК 218-моддасининг биринчи қисмига кўра, божхона назорати остида турган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари жўнатувчи божхона органидан товар келиб тушадиган божхона органига ушбу товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ташиш учун қабул қилган ташувчининг жавобгарлиги остида ташилади. БК ушбу моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, божхона назорати остида ташиладиган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари: товар келиб тушадиган божхона органига жўнатувчи божхона органи белгилаган муддатларда ва йўналишлар бўйича, агар улар ушбу модданинг олтинчи қисмига мувофиқ белгиланган бўлса, ташувчи томонидан етказиб берилиши; товар келиб тушадиган божхона органига тақдим этилиши; табиий эскириш ёки нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришларни истисно этганда, ўзгармас ҳолатда қолиши ҳамда ташишдан бошқа бирор мақсадда фойдаланилмаслиги лозим. Шунингдек, БК ушбу моддасининг тўртинчи қисмида товар келиб тушадиган божхона органига товарларни етказиб беришнинг энг кўп муддати ҳаво транспорти учун - уч календарь кундан, автомобиль ва сув транспорти учун - ўн календарь кундан, темир йўл транспорти учун - икки минг километр учун ўттиз календарь кундан ошмаслиги кераклиги, бешинчи қисмида божхона назорати остида ташилаётган товарлар учун етказиб бериш муддати ташувчининг аризасидан, товарларни ташишнинг одатий муддатидан, транспорт воситасининг тури ва имкониятларидан, аризачи томонидан белгиланган ҳаракат йўналиши ва бошқа ташиш шартларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган муддат доирасида жўнатувчи божхона органи томонидан белгиланиши қайд этилган. Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Божхона қўмитаси томонидан жавобгарга 2021 йил 24 апрелда 02-05/12-03316-сонли хат юборилган бўлиб, ушбу хатда темир йўл транспортида ташилаётган товарларни манзил божхона постига етказиб беришнинг энг кам муддати 7 кун қилиб белгиланганлиги ҳамда Давлат божхона қўмитасининг ЯААТ дастурларига тегишли ўзгартиришлар киритилганлиги ва ўз навбатида товарларни белгиланган муддатларда манзил божхона органига етказишнинг имкони бўлмаган ҳолларда (асосли сабабларга кўра) темир йўл вагонлари жойлашган жойдаги божхона органига мурожаат қилган ҳолда етказиб бериш муддатларини узайтириш мумкинлиги билдирилган, шунингдек етказиб бериш муддатлари юзасидан асосли таклиф ва эътирозлар бўлган тақдирда Божхона қўмитасига мурожаат қилиши мумкинлиги маълум қилинган ҳамда ушбу хатга темир йўл транспортида божхона назорати остида ташиладиган товарларни жўнатувчи божхона органидан манзил божхона органигача божхона органи томонидан белгиланадиган етказиб бериш муддатлари кўрсатилган жадвал илова қилинган. Божхона қўмитаси томонидан тақдим этилган жадвалга кўра, 2022 йилнинг 3 майидан 10 августга қадар даъвогар назорати остида ташилаётган товарлар юкланган 250 та темир йўл вагонларининг етказиб бериш муддати жавобгар томонидан ўтказиб юборилган. БК 218-моддасининг олтинчи қисмига биноан божхона назорати остида ташилаётган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддатлари ташувчи томонидан бузилган тақдирда, етказиш пунктидаги божхона органи томонидан ташувчидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда йиғим ундирилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги 700-сонли қарори билан тасдиқланган “Божхона йиғимлари ставкалари”нинг 8-бандида божхона назорати остидаги товар ва (ёки) транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида божхона йиғими белгиланган. Шунинг учун, даъвогар 31 та темир йўл вагонлари кечикиб келганлиги сабабли жами 50 400 000 сўм божхона йиғимини 10 кунлик муддатда тўлаб бериш ҳақида жавобгарга 2022 йил 30 сентябрда жавобгарга 13/12-22-03978-сонли талабнома юборган. Жавобгар даъвогарнинг ушбу талабномасини оқибатсиз қолдирганлиги сабабли даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан 50 400 000 сўм божхона йиғими ундиришни сўраган. Биринчи инстанция суди БКнинг 218-моддасида белгиланган нормаларини нотўри қўллаган ҳолда, даъвогар томонидан товар етказиб берилишида икки минг километр учун ўттиз календарь кундан ошмасликнинг ўртача 66 километр масофа учун 1 кун муддат белгиланиши асослантирилмаганлиги ва жавобгар томонидан Қонуннинг 26-моддасида белгиланган қонунбузилишга йўл қўйилмаганлиги ҳақидаги хулосага келиб, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантиришни рад этган. Шунинг учун, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъвони қаноатлантириш ҳақидаги асосли тўхтамга келган. Жавобгарнинг БК 218-моддасининг тўртинчи қисмида товар келиб тушадиган божхона органига товарларни етказиб беришнинг энг кўп муддати темир йўл транспорти учун - икки минг километр учун ўттиз календарь кундан ҳисоб-китоб билан белгиланадиган муддатдан ошмаслиги кераклиги белгиланганлиги, БКда ҳуқуқий муносабатларнинг ушбу соҳа иштирокчилари учун ҳар қандай қўшимча жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин бўлган қисқа муддат ва (ёки) қисқа масофани белгилайдиган бошқа ҳолатлар назарда тутилмаганлиги ҳақидаги важи билан судлов ҳайъати келишмайди. Чунки, БК 218-моддасининг тўртинчи қисмида товарларни етказиб беришнинг энг кўп муддати белгиланган. БК ушбу моддасининг бешинчи қисмига кўра, божхона назорати остида ташилаётган товарлар учун етказиб бериш муддати ташувчининг аризасидан, товарларни ташишнинг одатий муддатидан, транспорт воситасининг тури ва имкониятларидан, аризачи томонидан белгиланган ҳаракат йўналиши ва бошқа ташиш шартларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган муддат доирасида жўнатувчи божхона органи томонидан белгиланади, яъни қонун билан божхона назорати остида ташилаётган товарлар учун етказиб бериш муддатини белгилаш ваколати божхона органига берилган. Жавобгарнинг Вазирлар Маҳкамасининг 700-сонли қарор билан тасдиқланган “Божхона йиғимлари ставкалари”да божхона остида ташилаётган товар ва транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун БҲМнинг 1 баробари миқдорида йиғим ундирилиши назарда тутилганлиги, бироқ БКнинг 291-моддасида божхона остида ташилаётган товар ва транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати ўтказиб юборилганлиги учун божхона йиғими ундирилиши назарда тутилмаганлиги ҳамда божхона йиғимини ундириш тартиби белгилаб берилмаганлиги ҳақидаги важи ҳам асоссиздир. Чунки, БКнинг 291-моддасида божхона органлари томонидан амалга оширилган ҳаракатлар ёки тартиб-таомиллар учун божхона йиғимлари белгиланган. Жавобгарнинг Қонун 10-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ темир йўл транспортининг ташиш жараёни билан боғлиқ фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги, ушбу Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ мулкий жавобгарлик айнан юк жўнатувчи, юк қабул қилувчи ва юк ташувчилар ўртасидаги муносабатларга тааллуқли бўлиб, мазкур иқтисодий иш предметига умуман алоқаси йўқлиги ҳақида важи билан ҳам келишиб бўлмайди. Чунки, божхона остида ташилаётган товар ва транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати бузилганлиги учун мулкий жавобгарлик ушбу Қонунда эмас, балки БКда белгиланган. Жавобгарнинг божхона органи даъво аризасида Битимнинг 24-моддасида етказиб бериш муддати контейнерлар учун - ҳар 150 км учун 1 сутка, бошқалар (бошқа турдаги вагонлар) учун ҳар 200 км учун 1 суткадан бошланиши ҳақида важ келтирганлиги, бироқ божхона органи ушбу Битимнинг иштирокчиси эмаслиги, мазкур Битим юк жўнатувчи, юк қабул қилувчи ва юк ташувчилар ўртасидаги муносабатларга нисбатан тадбиқ этилиши ҳақидаги важи ҳам асоссиздир. Чунки, БК 218-моддасининг бешинчи қисмида божхона назорати остида ташилаётган товарлар учун етказиб бериш муддати ташувчининг аризасидан, товарларни ташишнинг одатий муддатидан, транспорт воситасининг тури ва имкониятларидан, аризачи томонидан белгиланган ҳаракат йўналиши ва бошқа ташиш шартларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган муддат доирасида жўнатувчи божхона органи томонидан белгиланиши кўрсатилганлиги сабабли, божхона органи муддатларни белгилашда қайд этилган Битимда белгиланган муддатларни асос қилиб олган. Шунингдек, жавобгар кассация шикоятида ФК, “Акциядорлик жамияти ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, БКнинг 4-моддаси ҳамда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасига кўра, қонунчиликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилиши ҳақида важ келтирган. Бироқ, мазкур ҳолатда қонунчиликда зиддиятлар ва ноаниқликлар мавжуд эмас. Бундан ташқари, жавобгар божхона органи томонидан товарларни етказиб бериш учун белгиланган муддатлар жавобгарга маълум қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги, жавобгар томонидан етказиб бериш муддати бузилганлигини тасдиқловчи баённома ёки далолатнома тузилмаганлиги ҳақида важлар келтирган. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 августдаги 531-сонли қарори билан тасдиқланган “Божхона назорати остидаги товарларга нисбатан юк операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомда ахборот тизими орқали жўнатувчи божхона органи томонидан божхона назорати остида ташиладиган товарларни етказиб бериш муддатлари юк ташувчига маълум қилиниши белгиланган. Даъвогар томонидан даъво талабига асос бўлган юкларни етказилишини назорат қилиш китобининг электрон шакллари тақдим қилинган бўлиб, уларнинг ҳар бирида юкларни етказиб бериш муддатлари олдиндан тўлдирилган, амалда етказиб берилган муддатлар эса юклар етказилганидан сўнг тўлдирилган. Шунингдек, тарафлар томонидан 2023 йил 20 мартда “Божхона органларининг “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг таркибий бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлиги тўғрисида технологик схема” тасдиқланган бўлиб, унинг 2.3-бандида жўнатувчи божхона органи юк етиб борадиган божхона органи жойлашган жойга қадар товарларни етказиб бериш муддатини юк ташишнинг норматив муддатларига асосан белгилаши қайд этилган. Қолаверса, жавобгар ушбу ҳолатдан хабардор бўлганлиги “Қўнғирот минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасининг 2022 йил 12 сентябдаги 156-сонли ва 15 сентябрдаги 160-сонли хатлари билан тасдиқланади. Унитар корхона ушбу хатларда айнан мазкур даъво аризаси киритилишига сабаб бўлган темир йўл вагонларидаги юкни етказиб бериш муддатини узайтиришни сўраган ва даъвогар томонидан муддат 10 кунга узайтирилган. Бундан кўринадики, биринчи инстанция суди низо юзасидан қарор қабул қилишда иш учун аҳамиятли ҳолатлари тўлиқ аниқланмаган, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормасини нотўғри қўллаган, бу эса ноқонуний қарор қабул қилишга сабаб бўлган. Шунинг учун, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг хатосини тузатиб, ҳал қилув қарорини бекор қилган ва даъвони қаноатлантириш ҳақидаги асосли тўхтамга келган. ИПК 302-моддасининг биринчи қисмида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар келтирилган бўлиб, мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас. ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Баён этилганларга асосан, судлов ҳайъати кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари жавобгар зиммасига юклатилади. Жавобгар кассация шикояти билан мурожаат қилишда олдиндан тўланган давлат божи ва почта харажатлари унинг зиммасида қолдирилади. Шунингдек, жавобгардан Олий суднинг депозит рақамига ишни кассация инстанцияси судида видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатлари ундирилади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилсин. Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 24 мартдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятидан Олий суднинг депозит рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатлари ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Б. Сайфуллаев ҳайъат аъзолари: В. Сатторова И. Таджиев