← Назад
Решение #591938 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
4
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| нинг | 262 | — | law | |
| ИПК | 262 | — | law | |
| Бунда ИПК | 262 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1903-2101/26-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанция судида ишни
кўрган судья – Т.Алимардонов
Апелляция инстанциясида маърузачи
судья – А.Махаммадиев
Кассация инстанциясида маърузачи
судья – Б.Сайфуллаев
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қ А Р О Р И
2023 йил 1 июнь
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати судья Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари
судьялар И.Таджиев ва В.Сатторовадан иборат таркибда, З.Қодировнинг
котиблигида, суд мажлисини видеоконферецалоқа режимида ўтказишда
кўмаклашаётган Сурхондарё вилоят судининг ходими Б.Тўрамуродов,
Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси вакили Н.Тангиров (2023 йил
25 майдаги 22-40369-сонли ишончнома асосида), “Shargun Grand Shifer”
масъулияти чекланган жамияти вакили адвокат Б.Лутфуллаев (2023 йил
1 майдаги 38-сонли ишончнома ҳамда 2023 йил 19 апрелдаги
4-сонли ордер асосида)нинг иштирокида, аризачи Сурхондарё вилоят Давлат
солиқ бошқармасининг жавобгар “Shargun Grand Shifer” масъулияти
чекланган жамиятига нисбатан 500 000 АҚШ доллари ёки 5 224 720 000 сўм
миқдорида молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича
юритилган иш юзасидан қабул қилинган Сурхондарё вилоят суди Иқтисодий
ишлар бўйича судининг 2023 йил 28 февралдаги ажрими устидан “Shargun
Grand Shifer” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган кассация
шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида видеоконференцалоқа
режимида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси (бундан буён матнда
аризачи деб юритилади) “Shargun Grand Shifer” масъулияти чекланган
жамияти (бундан буён матнда жавобгар ёки жамият деб юритилади)га
нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил
14 майдаги 283-сонли қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо
операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат
қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом (бундан буён матнда Низом деб
юритилади)га асосан 500 000 АҚШ доллари ёки 5 224 720 000 сўм миқдорида
молиявий жарима қўллашни сўраган.
Сариосиё туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 23 мартдаги ҳал
қилув қарори билан аризачининг аризаси қисман қаноатлантирилиб,
жавобгарга нисбатан 3 570 656 640,32 сўм миқдорида молиявий жарима
қўлланилган.
Сариосиё туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 9 апрелдаги
ажрими билан жавобгарнинг ҳал қилув қарори ижросини 6 ой муддатга
кечиктириб туриш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантириш рад этилган.
Сариосиё туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 19 октябрдаги
ажрими билан жавобгарнинг 2021 йил 23 мартдаги ҳал қилув қарорини янги
очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризасини қаноатлантириш
рад этилган.
Сурхондарё вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати
апелляция инстанциясининг 2022 йил 6 декабрдаги қарори билан Сариосиё
туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 19 октябрдаги ажрими
ўзгаришсиз қолдирилган.
Сариосиё туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 7 февралдаги
ажрими билан жавобгарнинг 2021 йил 23 мартдаги ҳал қилув қарорини янги
очилган ҳолатлар бўйича қайтадан кўриш ҳақидаги аризасини
қаноатлантириш рад этилган.
Сурхондарё вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судининг 2023 йил
28 февралдаги ажрими билан жавобгарнинг ҳал қилув қарори устидан
апелляция шикояти бериш муддатини узрли деб топиш ҳақидаги
илтимосномасини қаноатлантириш рад этилиб, апелляция шикоятини иш
юритишга қабул қилиш рад этилган.
Апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан жавобгар кассация
шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатини бекор қилиб, ишни
апелляция инстанцияси судида кўриб чиқиш учун юборишни сўраган. Бунга
асос қилиб, жавобгар COVID-19 пандемиясидан кейин қийин даврда суд
жараёни бўйича ҳаракатлар билан ҳал қилув қарорида белгиланган жарима
ундирувни бекор қилинганлиги ҳақида тўхтамга келганлиги ва божхонада
турган транспорт воситаларини расмийлаштириш жараёнига киришганлиги,
бир оз вақт ўтганидан кейин суд ижрочиси суд қарори ижроси юзасидан
жавобгарга мурожаат қилганлиги, шунган сўнг жавобгар ҳал қилув қарорини
янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида судга мурожаат
қилганлиги, суд ушбу аризани қаноатлантиришни рад этганлиги, Ўзбекистон
Республикаси Иқтисодий процессула кодекси (бундан буён матнда ИПК деб
юритилади)нинг 262-моддасида апелляция шикоятини бериш муддати суд
томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкинлиги
белгиланганлиги, суд COVID-19 пандемиясидан кейин жавобгарнинг
молиявий аҳволи оғирлашганлигини инобатга олмаганлиги, жавобгар
келтирган сабабларни чуқур ўрганмасдан қарор чиқарганлиги, мазкур иш
бўйича икки хил ҳал қилув қарори чиқарилганлиги, Олий суднинг электрон
маълумотлар базасида 35 706 566 403 сўм ундирилганлиги қайд этилганлиги
ва бу жавобгарни чалғитганлиги, мазкур ҳолат ҳам вақт йўқотилишига сабаб
бўлганлиги ҳақида важлар келтирилган.
Суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакили кассация шикоятида
келтрилган важларни такрорлаб, уни қаноатлантиришни сўради.
Суд мажлисида иштирок этган аризачи вакили суд ҳужжатини
ўзгаришсиз, шикоятни қаноатлантирмасдан қолдиришни сўради.
Судлов ҳайъати тарафлар вакилларини тушунтиришларини тинглаб,
шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама
қилиб, қуйидаги асосларга кўра апелляция инстанцияси судининг ажримини
ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим
топади.
ИПК 262-моддасининг биринчи қисмига кўра, агар қонунчиликда
бошқача муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти (протести)
биринчи инстанция суди томонидан шикоят қилинаётган (протест
келтирилаётган) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой
ичида берилиши мумкин.
Ушбу модданинг учинчи қисмига кўра, апелляция шикоятини
(протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати, шикоят (протест)
берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди
томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан
эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан берилган ва апелляция шикоятини
(протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд
томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан
иқтисодий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”
2021 йил 20 апрелдаги 16-сонли қарори 4-бандининг учинчи хатбошисида
апелляция шикояти (протести) бериш муддатини ҳисоблаш ҳал қилув қарори
қабул қилинган санадан кейинги кундан бошланиши, (ИПК 119-моддаси).
Бунда ИПК 262-моддаси олтинчи қисмига мувофиқ, ишда иштирок этишга
жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал
қилув қарори қабул қилган шахслар, шунингдек, суд мажлисининг вақти
ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган ишда иштирок
этувчи шахслар учун апелляция шикояти (протести) бериш муддати уларга
ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги ҳақида маълум бўлган кундан
эътиборан ҳисобланиши ҳақида тушунтириш берилган.
Мазкур ҳолатда жавобгар раҳбари биринчи инстанция судининг ҳал
қилув қарорини 2021 йил 5 апрель куни тилхат асосида қабул қилиб олган
ҳамда ҳал қилув қарори ижросини кечиктириш юзасидан 2021 йил 5 апрель
куни судга илтимоснома тақдим этган. Шунга қарамасдан, ҳал қилув қарори
устидан шикоят бериш учун белгиланган бир ойлик муддатни ҳам, ўтказиб
юборилган муддатни тиклаш мумкин бўлган икки ойлик муддатни ҳам
ўтказиб юборган. Апелляция шикояти билан судга ҳал қилув қарори қабул
қилинганидан кейин қарийб икки йил ўтганидан сўнг мурожаат қилган.
Шунинг учун апелляция инстанцияси суди жавобгарнинг апелляция
шикояти бериш муддатини узрли деб топиш ҳақидаги илтимосномасини
қаноатлантиришни рад этиш ҳамда апелляция шикоятини иш юритишга
қабул қилишни рад этиш ҳақида тўғри тўхтамга келган.
Жавобгарнинг кассация шикоятида кўрсатилган важлар суд ҳужжатини
бекор бўлишига асос бўлмайди. Чунки, жавобгар ҳал қилув қарори қабул
қилинганлиги ҳақида билган ва унинг устидан шикоят бериш муддатини
ўтказиб юборган. Ушбу муддат ичида суд ҳужжати ижросини кечиктириш,
хал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш ҳақида ариза
берганлиги ўтказиб юборилган муддатини тиклаш учун асос бўла олмайди.
ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига кўра, биринчи инстанция
судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини
4
ўзгартириш ёки бекор қилиш учун иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ
аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли
бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган
хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки)
процессуал
ҳуқуқ
нормаларининг
бузилганлиги
ёхуд
нотўғри
қўлланилганлиги асос бўлади. Мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас.
Баён қилинганларга асосан судлов ҳайъати, апелляция инстанцияси
судининг ажримини ўзгаришсиз, жавобгарнинг кассация шикоятини эса
қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш
билан боғлиқ олдиндан тўланган почта харажатини жавобгарнинг зиммасида
қолдиришни ва жавобгардан ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш
билан боғлиқ суд харажатларини ундиришни лозим топади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий
процессуал кодексининг 118, 301-303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
Сурхондарё вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судининг 2023 йил
28 февралдаги ажрими ўзгаришсиз, “Shargun Grand Shifer” масъулияти
чекланган жамиятининг кассация шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилсин.
Олдиндан тўланган 30 000 сўм почта харажати “Shargun Grand Shifer”
масъулияти чекланган жамияти зиммасида қолдирилсин.
“Shargun Grand Shifer” масъулияти чекланган жамиятидан Олий суднинг
депозит ҳисоб рақамига ишни видеокференцалоқа режимида кўриш билан
боғлиқ 82 500 сўм суд харажатлари ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Б. Сайфуллаев
ҳайъат аъзолари:
И. Таджиев
В. Сатторова