← Назад
Решение #592356 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
6
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| аролик кодекси | 326 | — | code_article | |
| збекистон Республикасининг Жиноят кодекси | 167 | — | code_article | |
| ИПК | 299 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| йича ушбу Кодекс | 302 | — | code_article | |
| ИПКнинг | 304 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1201-2103/2016-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни
кўрган судья М.Тоғаев
Апелляция инстанциясида
маърузачи судья Э.Соибназаров
Кассация инстанциясида
маърузачи судья Б.Исрайлов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
2023 йил 31 май
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати Ш.Махмудовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев ва
Б.Исрайловдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, “Oqoltin
ta’mir” хусусий корхонаси вакили А.Қаюмов (раҳбар), “Oqoltinmaxsussuvpudrat”
МЧЖ вакиллари Ю.Тошматов (2022 йил 14 феврал-даги 12-сонли ишончнома
асосида) ва А.Турдиев (2022 йил 14 февралдаги 14-сонли ишончнома асосида),
мутахассис “Чирчиқ-Оҳангарон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси,
Кичик лойиҳа гуруҳи бош геодезисти мутахассис Ж.Ахатовнинг иштирокида,
Ширин шаҳар адлия бўлимининг даъвогар “Oqoltin ta’mir” хусусий корхонаси
манфаатида жавобгар “Oqoltinmaxsussuvpudrat” масъулияти чекланган
жамиятидан 1.769.498.365 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича
юритилган иш юзасидан чиқарилган суд қарори устидан Ширин шаҳар адлия
бўлими томонидан даъвогар манфаатида берилган кассация шикояти асосида
ишни Олий суднинг биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб,
қуйидагиларни
аниқлади:
Иш ҳужжатларига кўра, “Oqoltin ta’mir” хусусий корхонаси (ёрдамчи
пудратчи, бундан буён матнда даъвогар ёки ХК деб юритилади) ва
“Oqoltinmaxsussuvpudrat” масъулияти чекланган жамияти (пудратчи, бундан
буён матнда жавобгар ёки МЧЖ деб юритилади) ўртасида 2017 йил 2 мартда
21-сонли, 2017 йил 4 апрелда 27-сонли, 2017 йил 5 майда 5-сонли, 2017 йил
1 июлда 6-сонли ва 2018 йил 10 январда 1-сонли пудрат шартномалари
тузилган ва ушбу шартномаларга кўра даъвогар Сирдарё вилоятининг
туманларида суғориш, лоток ҳамда ирригация тармоқларини реконструкция
(қайта қуриш ва таъмирлаш) қилиш, жавобгар эса бажарилган ишларни қабул
қилиш ва тўловларни амалга ошириш мажбуриятини олган.
Шунингдек, “Oqoltin ta’mir” ХК (бажарувчи) ва “Oqoltinmaxsussuvpudrat”
МЧЖ (буюртмачи) ўртасида 2017 йил 12 апрелда Машина механизмлари ва
автотранспорт хизматларини кўрсатиш бўйича 3-сонли шартнома тузилиб, унга
кўра даъвогар жавобгарнинг ёзма буюртманомасига асосан Сирдарё вилояти
ирригация тармоқлари объектларида машина механизм ва автотранспорт
хизмарини кўрсатиш, жавобгар эса кўрсатилган хизмат ва бажарилган ишлар
учун тўловни амалга ошириш мажбуриятини олган.
Даъво аризасида баён этилишича, даъвогар томонидан жавобгарнинг
буюртмасига биноан 2017 йил 2 мартдаги 21-сонли шартнома бўйича
247.696.014 сўмлик, 2017 йил 4 апрелдаги 27-сонли шартнома бўйича
425.727.127 сўмлик, 2017 йил 05 майдаги 5-сонли шартнома бўйича 366.776.176
сўмлик, 2017 йил 1 июлдаги 6-сонли шартнома бўйича 301.494.326 сўмлик ва
2018 йил 10 январдаги 1-сонли шартнома бўйича 2.017.739.237 сўмлик пудрат
ишлари амалга оширилган, 2017 йил 12 апрелдаги 3-сонли шартнома бўйича
эса умумий қиймати 57.859.200 сўмлик автотранспорт хизматлари кўрсатилган.
Бироқ, жавобгар томонидан шартномавий мажбуриятлар бажарилмасдан,
амалга оширилган пудрат ишлари ва кўрсатилган автотранспорт хизматлари
учун тўловлар тўлиқ амалга оширилмаган. Қарздорликни тўлаб беришни сўраб,
даъвогар томонидан жавобгарга юборилган талабнома ижроси таъминланмаган.
Шунга кўра Ширин шаҳар адлия бўлими даъвогар манфаатида судга
даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан 1.179.665.577 сўм
асосий қарз ва 589.832.788 сўм пеня ундиришни сўраган.
Суднинг 2021 йил 19 ноябрдаги ажрими билан “Sirdaryo suv qurilish
invest” ДУК низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз
қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб этилган.
Гулистон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 14 июлдаги ҳал
қилув қарори билан даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, жавобгар
ҳисобидан даъвогар фойдасига 1.179.665.577 сўм асосий қарз, 94.373.247 сўм
пеня ундирилган.
Сирдарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 15 декабрдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув
қарори бекор қилинган, даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, жавобгар
ҳисобидан даъвогар фойдасига 373.611.064,1 сўм асосий қарз ундириш
тўғрисида янги қарор қабул қилинган.
Мазкур қарор устидан Ширин шаҳар адлия бўлими томонидан даъвогар
манфаатида кассация шикояти берилиб, унда суд қарорини бекор қилиш ва ҳал
қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш сўралган. Бунга асос қилиб шикоятда,
апелляция инстанцияси суди далил сифатида 2019 йил 19 декабрдаги суд
ҳукмига асосланганлиги, жиноят иши доирасида ўтказилган текшириш
натижасида лотокни реконструкция ишлари бўйича жами 6 155,6 млн сўмга
ишлар бажарилганлиги тўғрисида Ф-5 далолатнома учинчи шахсга тўлов учун
тақдим этилганлиги, жойида назорат ўлчови ўтказилганда эса 2017 йил
5 майдаги 5-сонли шартнома бўйича Оқолтин туманида 39.656,6 минг сўмлик,
2018 йил 10 январдаги 1-сонли шартнома бўйича Сайхунбод туманида 21.743,3
минг сўмлик, Мирзаобод туманида 116.567,7 минг сўмлик, Оқолтин туманида
82.917,7 минг сўмлик, Ховос туманида 159.958,6 минг сўмлик ҳамда Сардоба
туманида 95.012,6 минг сўмлик, жами 529.940.900 сўмлик ишлар ва 2019 йил
13 мартда тузилган далолатномада 2017 йил 4 апрелдаги 27-сонли шартнома
бўйича Оқолтин туманида 39.468,7 минг сўмлик, 2017 йил 1 июлдаги 6-сонли
шартнома бўйича Оқолтин туманида 57.509,2 минг сўмлик, жами 96.977,9 минг
сўмлик ишлар, умумий ҳисобда 666.575,4 минг сўмлик ишлар
бажарилмаганлиги аниқланганлигига асосланганлиги, бироқ апелляция
инстанцияси суди ҳукмдаги ҳолатлар даъвогарга тааллуқли эмаслигини
ўрганмаганлиги, даъвогар бажарган ишларда камчиликлар аниқланганда унинг
раҳбари жиноий жавобгарликка тортилган бўлиши, ҳукмда даъвогар билан
боғлиқ маълумотлар мавжуд эмаслиги, 2019 йил 13 мартдаги назорат ўлчови
далолатномасида Сардоба туманида 95.012,6 минг сўмлик ишлар қўшиб
ёзилганлиги аниқланган бўлиб, даъвогар томонидан 86.278,5 минг сўмлик
ишлар бажарилганлиги тўғрисида Ф-5 далолатнома тақдим этилганлиги,
биринчи инстанция суди “Назорат ўлчови департаменти” МЧЖ томонидан
ўтказилган назорат ўлчови далолатномасини инобатга олганлиги, апелляция
инстанцияси суди эса ушбу далолатномани инобатга олмай, такрорий суд
қурилиш экспертизаси тайинлаб, уни ўтказишни Сирдарё вилоят молиявий
назорат бошқармасига юклатганлиги, даъво суммасидан 85.191.761,4 сўмлик
транспорт хизмати ва материалларни омборда сақлаш билан боғлиқ
34.076.704,5 сўмлик харажат жавобгарнинг оғзаки важига кўра олиб
ташланганлиги, пенянинг аниқ ҳисоб-китоб мавжуд бўлса-да, инобатга
олинмаганлиги кўрсатилган.
Суд муҳокамасида даъвогар вакили кассация шикоятини қувватлаб,
жиноят судида аниқланган камомаднинг тарафлар ўртасида бажарилган пудрат
ишларига умуман алоқаси йўқлиги, суд ҳукми билан аниқланган камомадлар
жавобгарнинг айби билан боғлиқ эканлиги, даъвогарнинг жиноят ишига
алоқаси йўқлиги, ишлар бажарилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар жавобгар
томонидан тасдиқланганлиги, 2019 йил 13 мартда ишлар ҳажми юзасидан
тузилган далолатнома бош пудратчи билан жавобгар ўртасидаги ишлар
хажмига тааллуқли эканлиги, буни мутахассис Ж.Ахатов ҳам яна бир кўриб
чиқиб тасдиқлаганлигини, апелляция инстанцияси суди эса ҳисоб-китобни
амалга оширишда ушбу далолатномадаги даъвогарга тааллуқли бўлмаган
объектлар бўйича ҳам камомад суммасини даъвогарга юклаганлиги, апелляция
инстанцияси суди асоссиз равишда 600 млн. сўм камомадни суд ҳукмига
асосланган ҳолда нотўғри чиқариб юборганлиги, жиноят судининг ҳукми билан
аниқланган камомадлар жавобгарнинг айби билан ўрнатилмаган шланглар,
улагичлар ва бошқа бажарилган ишларга тегишли эканлиги, текшириш
далолатномасидаги даъвогарга тааллуқли бўлган объектлардаги ишларни
даъвогарнинг жавобгарга тақдим этган ва ўз навбатида жавобгарнинг бош
пудратчига тақдим этган ҳужжатлари асосида қайтадан кўриб чиқиш
лозимлиги, даъво аризасида пенянинг ҳисоб-китоби кўрсатилган бўлса-да,
апелляция инстанцияси суди пеня ҳисоб-китоби йўқлиги тўғрисида нотўғри
тўхтамга келганлигини билдирди.
Суд муҳокамасида жавобгар вакиллари кассация шикоятига эътироз
билдириб, даъвогар 2017 йилдан бери шунча вақт ўтказиб даъво аризаси
берганлиги, ҳужжатларда даъвогар 1 км масофада ишлар бажарганлигини
кўрсатган бўлиб, аслида 340 м.га ишлар бажарилганлиги, ҳужжатларни
жавобгарнинг уни имзолашга ваколати бўлмаган участка нозири бўлиб
ишлаган ходими имзолаганлиги, 2018 йилда бажарилган ишлар бўйича
ҳужжатлар 2020 йилда имзолаганлиги, даъвогар томонидан 669 млн. сўм қўшиб
ёзилганлиги, бажарилган ишлар ҳажмига жиноят иши доирасида ўтказилган
текширишда аниқлик киритилганлиги, бажарилмаган ишлар текшириш
далолатномаларида кўрсатилганлиги, далолатномадаги даъвогар бажарган
ишлар объектлар суд томонидан кўриб чиқилганлиги, мутахассис
Ж.Ахатовнинг 2019 йил 13 мартдаги текшириш далолатномада пудратчи билан
“Sirdaryo suv qurilish invest” ДУК ўртасидаги ишлар ҳажми бўйича текширилиб,
далолатномада кўрсатилган объектлардан айримлари ҳақиқатдан даъвогарга
тааллуқли эмаслигини билдириб, шикоятни қаноатлантирмасликни сўрадилар.
Суд муҳокамасида иштирок этган “Чирчиқ-Оҳангарон” ирригация
тизимлари ҳавза бошқармаси ходими Ж.Ахатов тушунтириш бериб, 2019 йил
13 мартда тузилган далолатномани тасдиқлаганлиги, ушбу текшириш уларга
тақдим этилган ҳужжатлар ва жойида ўлчов ишлари ўтказилиб тузилганлиги,
ҳақиқатдан ҳам далолатномадаги ишлар “Sirdaryo suv qurilish invest” ДУК
билан жавобгар ўртасида бажарилган ишларга тааллуқли эканлиги,
текширувчилар ёрдамчи пудратчилар бажарган ишлар ва объектлар бўйича
алоҳида текширмаганлиги ва уларни ажратмаганлиги, далолатномадаги айрим
объектлар даъвогарга берилмаганлиги сабабли у томонидан ҳужжатлар
жавобгарга тақдим этилмаган ёки жавобгарнинг ўзи бош пудратчига тўғри
суммани кўрсатиб тақдим этилган бўлса-да, ушбу объектларда аниқланган
камомадлар тўлиқ даъвогар зиммасига юклатилганлиги, кассация инстанцияси
суди томонидан берилган таклиф асосида ҳужжатларни ўрганиб чиққанида
ушбу ҳолат тасдиқланганлиги, бу ҳолатда ҳар икки томоннинг объектга
тааллуқли ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, даъвогарга топширилмаган
объектларни чегириш йўли билан масалани ҳал қилиш мумкинлигини
билдирди.
Суд муҳокамасида Ширин шаҳар адлия бўлими ва учинчи шахс “Sirdaryo
suv qurilish invest” ДУК вакили иштирок этмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра,
кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш
вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини
(протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг
келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шунга кўра судлов ҳайъати ишни Ширин шаҳар адлия бўлими ва учинчи
шахс “Sirdaryo suv qurilish invest” ДУК вакили иштирокисиз кўришни лозим
топди.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахснинг тушунтиришларини
тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан
бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, кассация шикоятини қисман
қаноатлантиришни, суд қарорини бекор қилиб, ишни кўриш учун апелляция
инстанция судига юборишни лозим топади.
Биринчи инстанция суди даъвогар Сирдарё вилоятининг туманларида
лоток тармоқларини реконструкция қилиш ва машина механизмлари ҳамда
автотранспорт хизматлари кўрсатилганлиги, жавобгар даъвогар томонидан
бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар ҳужжатлар асосида қабул қилиб
қисман тўловни амалга ошириши натижасида 1.179.665.577 сўм қарздорлик
келиб чиққанлиги, шартномалар, ишлар бажарилганлигини тасдиқловчи
ҳисобварақ-фактуралар, бажарилган ишлар далолатномалари ва бошқа
ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган деб ҳисоблаб, шунингдек “Nazorat
o’lchovi departamenti” МЧЖнинг 2022 йил 5 июлдаги назорат ўлчови
хулосасида тарафлар ўртасида тузилган пудрат ҳамда хизмат кўрсатиш
шартномалари бўйича бажарилган ишлар қиймати 1.354.489.953 сўмни
асослантирилган деб ҳисоблаш мумкинлиги қайд этилганлигини инобатга олиб,
жавобгардан 1.179.665.577 сўм асосий қарзни ундиришни, даъвогарнинг
жавобгардан пеня ундириш тўғрисидаги даъво талабини эса шартнома
шартлари ва қонун талабига кўра асосли деб ҳисоблаб, Ўзбекистон
Республикаси Фуқаролик кодексининг 326-моддасини қўллаб, 94 373 247 сўм
пеня ундиришни лозим топган.
Апелляция инстанцияси суди “Nazorat o’lchovi departamenti” МЧЖнинг
хулосасида жавобгар томонидан даъвогарга берилган материаллар миқдори
1.397.901.027 сўмни, берилган ёқилғи миқдори 42.623.287 сўмни, шартномалар
шартлари бўйича бош пудратчи хизмати (ген.услуга) қиймати 53.668.986 сўмни
ташкил этиши, юк ташишда даъвогар масофани ортиқча, яъни 80 км деб
олганлиги сабабли ушбу масофа 40 км.га ҳисоблаб, 26.027.834 сўмга
камайтирилганлиги, шунга кўра жавобгарнинг бажарилган ишлар (кўрсатилган
хизматлар) учун жами 1.354.489.953 сўм қарздорлиги ҳужжатлар билан
асослантирилмаганлиги сабабли номақбул далил сифатида баҳолаган.
Аниқланишича.
учинчи
шахс,
жавобгар
ва
“Гулистондавсувмахсуспудрат” ДУК мансабдор шахслари ҳамда бошқаларга
нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 167-моддаси учинчи
қисмининг “а” банди, 209-моддаси иккинчи қисмининг “а” банди билан
қўзғатилган жиноят иши доирасида учинчи шахснинг Ўзбекистон
Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон
Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини тартибга солувчи
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 500-сонли қарори
ижросининг таъминланиши 2019 йил 19 февралдан 2019 йил 13 мартга қадар
текширишдан ўтказилган ва текшириш натижасига кўра жавобгар томонидан
2019 йил 1 январь ҳолатига Сирдарё вилоят туманларидаги лоток тармоқларини
реконструкция қилиш ишлари жами 6.155,6 млн сўмга бажарилганлиги
тўғрисида Ф-5 далолатномаси учинчи шахсга тўловга тақдим этилганлиги,
жойига чиқиб назорат ўлчови ўтказилганда эса тарафлар ўртасидаги 2017 йил
5 майдаги 5-сонли шартнома доирасига кирувчи “Оқолтин тумани А.Тоиров
СИУ”да жами 39.656,6 минг сўмлик ишлар бажарилмаганлиги, 2018 йил
10 январдаги 1-сонли шартномага оид “Сайхунобод тумани Ш.Рахимов
СИУ”да 21.743,3 минг сўмлик, “Мирзаобод тумани Янгиобод СИУ”да 53.741,0
минг сўмлик, “Мирзаобод тумани Хўжаобод СИУ”да 116.567,7 минг сўмлик,
“Оқолтин тумани М.Улуғбек СИУ”да 82.917,7 минг сўмлик, “Ховос туман
Туркистон СИУ”да 159.958,6 минг сўмлик ва “Сардоба тумани Ш.Рашидов
СИУ”да 95.012,6 минг сўмлик ишлар бажарилмаганлиги аниқланган.
Шунингдек, 2019 йил 13 мартда тузилган далолатномада, тарафлар
ўртасида 2017 йил 4 апрелда тузилган 27-сонли шартномага бевосита алоқадор
“Оқолтин тумани 17-У-30 канали”да 39.468,7 минг сўмлик, 2017 йил 1 июлдаги
6-сонли шартнома доирасидаги объект ҳисобланган “Оқолтин тумани 17-У-27
канали”да эса 57.509,2 минг сўмлик ишлар бажарилмаганлиги қайд этилган.
Апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 13 сентябрдаги ажрими
асосида Сирдарё вилоят давлат молиявий назорати бошқармаси ходими
Ш.Эсиргапов томонидан 2022 йил 10 ноябрда расмийлаштирилган хулосада:
-жавобгар томонидан даъвогарнинг ҳисоб-рақамига 2017-2018 йиллар
давомида жами 543.000,0 минг сўм маблағ ўтказиб (молиялаштириб)
берилганлиги;
-даъвогарга жавобгар томонидан таъмирлаш-тиклаш ишлари учун жами
1.703.835,228 минг сўмлик материаллар етказиб берилганлиги, бундан ташқари
жавобгар томонидан даъвогар ҳисоботига киритилган жами 97.411,089 минг
сўмлик таъмирлаш ишларига берилган материаллар бош пудратчидан ёздириб
олинмаганлиги;
-жавобгарнинг жами 54.207,315 минг сўмлик 4 фоизлик бош пудратчи
хизмати (ген.услуга)дан ҳақдорлиги;
-жавобгар томонидан жами 58.314,332 минг сўмлик юкларни ташиш
хизмати билан боғлиқ харажатлар амалга оширилганлиги;
-бажарилган пудрат ишларидан таққослаш баёноти (сличителный
ведомость) асосида жами 699.611,921 минг сўмлик бажарилмаган ишлар
чегириб қолинганлиги;
-2017-2018 йилларда Сирдарё вилояти туманлараро ирригация ва лоток
тармоқларини таъмирлаш-тиклаш ҳамда мукаммал қайта таъмирлаш
(реконструкция) қилиш ишлари бўйича тарафлар ўртасидаги 5 фоизлик жами
102.230,113 минг сўмлик транспорт харажатлари жавобгар томонидан амалга
оширилганлиги;
-сметага киритилган материалларни омборхонада сақлаш билан боғлиқ
жами 40.892,045 минг сўмлик (2 фоиз) харажатлар жавобгар томонидан амалга
оширилганлиги;
-қурилиш объектларини суғурталаш билан боғлиқ жами 11.001,922 минг
сўмлик (0,32 фоиз) тўловлар жавобгар томонидан амалга оширилганлиги,
шунга кўра жавобгарнинг қарзи 165.066,322 минг сўмни ташкил этиши
кўрсатиб ўтилган.
Апелляция инстанция суди мазкур хулосанинг жавобгар томонидан
даъвогар ҳисоботига киритилган таъмирлаш ишларига берилган жами
97.411.089 сўмлик материаллар жавобгардан ёздириб олинмаганлиги,
54.207.315 сўмлик 4 фоиз бош пудратчи хизмати (ген.услуга), лойиҳа-смета
ҳужжатлари билан ишлар бажарилганлиги ҳақидаги маълумотнома –
ҳисобварақ-фактуралар (Ф-3) ва бажарилган ишлар далолатномалари (Ф-2 ёки
Ф-5)даги иш ҳажмларини солиштириш орқали тузилган таққослаш баёноти
(сличителный ведомость) бўйича 699.611.921 сўмлик бажарилмаган ишлар
бажарилган ишлар ҳажмидан чегирилиши лозимлиги бўйича тегишли далиллар
мавжуд эмаслиги боис айни ушбу қисмларини инобатга олмасликни лозим
топган.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, апелляция инстанцияси суди қарор
қабул қилишда шартномалар бўйича бажарилган ишлар қиймати 57.859.200
сўмлик машина-механизм хизматлари (2017 йил 12 апрелдаги 3-сонли
шартнома бўйича)ни қўшиб ҳисоблаганда жами 3.417.292.080 сўмни ташкил
этиши, ушбу миқдордан жами 1.703.835.228 сўмлик берилган материаллар
қийматини, ўтказилган жами 543.000.000 сўмлик пул маблағларини,
материалларни етказиб бериш билан боғлиқ 85.191.761,4 сўмлик транспорт
хизмати (1.703.835.228х5%), материалларни омборхонада сақлаш билан боғлиқ
34.076.704,5 сўмлик харажат (1.703.835.228х2%), объектнинг 11.001.922 сўмлик
суғурта тўловлари (0,32%), шунингдек 78/2019-8-сонли жиноят иши доирасида
ўтказилган текшириш якуни юзасидан 2019 йил 13 мартда тузилган
далолатнома бўйича бажарилмаганлиги аниқланган 666.575.400 сўмни чегирган
ҳолда даъвогарнинг 1.179.665.577 сўм асосий қарз ундириш билан боғлиқ даъво
талабининг 373.611.064,1 сўм қисмини асосли деб ундиришни лозим топган.
Мазкур ҳолатда апелляция инстанцияси суди даъвогар томонидан
бажарилган ишлар қийматидан 2019 йил 13 мартда тузилган далолатнома
бўйича бажарилмаганлиги аниқланган 666.575.400 сўмни чегириб нотўғри
тўхтамга келган. Чунки, текшириш далолатномасининг ўзида ишлар “Sirdaryo
suv qurilish invest” ДУК билан жавобгар ўртасида тузилган шартнома ва
бажарилган ишлар ҳажми текширилганлиги қайд этилган. Қолаверса,
далолатномада даъвогарга топширилмаган ва даъвогарга алоқаси бўлмаган иш
ҳажмлари бўйича аниқланган камомадлар ҳам даъвогар бажарган ишлар
ҳажмидан чегирилганлиги даъвогар вакилининг, далолатномани имзолаган
мутахассис Ж.Ахатовнинг тушунтиришлари билан тасдиқланган.
Шунингдек, мазкур ҳолат бўйича суд муҳокамасида жавобгар вакили
мутахассис Ж.Ахатовнинг тушунтиришларини қисман тасдиқлаб, камомад
аниқланган объектларда даъвогарга айрим ҳолатларда тўлиқ, айрим ҳолатларда
қисман тааллуқли бўлган объектлар камомади ҳам мавжудлигини билдирди.
Мазкур ҳолатда апелляция инстанцияси суди ишлар бажарилмаган
объектларнинг даъвогарга алоқаси мавжудлиги, камомадлар даъвогарга ёки
жавобгарга тегишли эканлигига аниқлик киритмасдан аниқланган 666.575.400
сўм камомадни даъвогар бажарган ишлар ҳажмидан чегириб барвақт тўхтамга
келган.
ИПК 299-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмига кўра, суд ишни
кассация тартибида кўриш чоғида биринчи инстанция ва апелляция
инстанцияси
суди
томонидан
моддий
ҳуқуқ
нормалари
тўғри
қўлланилганлигини ва процессуал қонун талабларига риоя этилганлигини иш
материаллари бўйича текширади.
Кассация инстанцияси суди янги далилларни текширишга ва янги
фактларни аниқлашга ҳақли эмас.
Мазкур ҳолатда мутахассис ёрдамида текшириш далолатномасидаги
айнан тарафлар ўртасида тузилган шартномалар бўйича ишлар бажарилган
объектларни ажратиб, фақат даъвогарга тааллуқли бўлган объектлардаги
ишларни даъвогарнинг жавобгарга тақдим этган ва жавобгарнинг бош
пудратчига тақдим этган ҳужжатлари асосида қайтадан кўриб чиқиш, шундан
келиб чиқиб камомад суммасини аниқлаш лозим бўлади.
Шунга кўра судлов ҳайъати апелляция инстанция суди иш учун
аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқламасдан, процессуал ва моддий ҳуқуқ
нормаларини бузиб қарор қабул қилган деб топди.
ИПК 301-моддасининг 3-бандига кўра, кассация инстанцияси суди
кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс
302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ва тўртинчи қисмининг
7-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ҳал қилув қарорини,
қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор
қилинган суд инстанциясига юборишга ҳақли.
Юқоридагиларга асосан судлов ҳайъати апелляция инстанцияси судининг
қарорини бекор қилиб, ишни апелляуия инстанцияси судига юборишни,
кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни лозим топади.
ИПКнинг 304-моддасига кўра, кассация инстанцияси судининг қарорида
баён қилинган кўрсатмалар ишни янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир.
Шунга кўра ишни биринчи инстанция судида кўриш вақтида текшириш
далолатномасидаги объектларни тарафлар ўртасидаги шартномага тааллуқли
қисмларини ажратиб, шундан даъвогар иш бажарган объектлар ва ишлардаги
камомад суммасини ажратиш, тарафларнинг ҳар бир важларига тўлиқ баҳо
бериб, иш учун аҳамиятли барча ҳолатларни аниқлаш учун заруратга қараб
мутахассисни жалб қилиш масаласини кўриб, сўнг даъво талабларини
қаноатлантириш ёки рад қилиш лозимлигини ҳал қилиш, барча суд
харажатларини ундириш масаласини ҳал қилиши лозим бўлади.
Юқоридагиларга кўра, кассация инстанцияси суди Ўзбекистон
Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 301-303-моддаларига
асосланиб,
қарор
қ и л а д и:
Сирдарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 15 декабрдаги қарори бекор қилинсин ва иш Сирдарё вилоят суди
иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясида кўриб
чиқиш учун юборилсин.
Кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин.
Сирдарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан
2022 йил 15 декабрда берилган ижро варақалари бўйича ундирув бекор
қилинсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи
Ш.Махмудов
ҳайъат аъзолари
А.Абдуллаев
Б.Исрайлов