Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1001-2217/56553 Дата решения 30.05.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Исрайлов Бахтиёр Адилович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "ASR KIMYO INVEST" масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый "NAQLGAZMAXSUSQURILISH" давлат акционерлик бирлашмаси
Source ID 1088888 Claim ID 3221307 PDF Hash 6e2561339f0d0266... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 3
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
йича ушбу Кодекс 302-моддаси йича ушбу Кодекс 302 code_article
ИПКнинг 304-моддаси ИПКнинг 304 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1001-2217/56553-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья С.Тўлқинов Апелляция инстанциясида маърузачи судья А.Мамараимов Кассация инстанциясида маърузачи судья Б.Исрайлов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ ҚАРОРИ 2023 йил 30 май Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Ш.Махмудовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев ва Б.Исрайловдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, “ASR KIMYO INVEST” масъулияти чекланган жамияти вакиллари Ш.Ишниязов (2023 йил 26 апрелдаги 1-сонли ордерга ва 2022 йил 15 августдаги ишончномага асосан), Н.Болтаев (2022 йил 9 августдаги 238-сонли ишончномага асосан) ва А.Нурмухаммедов (2023 йил 9 январдаги 8-сонли ишончномага асосан), “NAQLGAZMAXSUSQURILISH” акциядорлик жамияти вакили З.Гадаева (2023 йил 25 апрелдаги 25-сонли ордерга ва 2023 йил 27 мартдаги 02-01-04-31/157-сонли ишончномага асосан) ва Ш.Мирзаахамедов (2023 йил 4 майдаги 02-03-04-41/199-сонли ишончномага асосан)нинг иштирокида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг даъвогар “ASR KIMYO INVEST” масъулияти чекланган жамияти манфаатида жавобгар “NAQLGAZMAXSUSQURILISH” акциядорлик жамиятидан жами 1.534.793.076 сўм зарарни ундириш тўғрисидаги даъво аризасига асосан қўзғатилган иқтисодий иш бўйича қабул қилинган Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 21 декабрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 16 февралдаги қарори устидан жавобгар “NAQLGAZMAXSUSQURILISH” акциядорлик жамияти томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суд жойлашган бинода очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: “Электрон онлайн аукционларини ташкил этиш маркази” двлат унитар корхонаси томонидан 2020 йил 9 июнь куни “NAQLGAZMAXSUSQURILISH” акциядорлик жамияти (бундан буён матнда жавобгар ёки АЖ деб юритилади)га тегишли бўлган Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Бунёд кўчаси, Г-44-Б уй манзилидаги нотурар бино-иншоотлар электрон онлайн аукцион савдосига чиқарилган бўлиб, мазкур савдода иштирок этган “ASR KIMYO INVEST” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар ёки МЧЖ деб юритилади) аукцион ғолиби деб топилган ҳамда унга кадастр ҳужжатлари қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, мулк ҳуқуқи 2020 йил 3 июлда давлат рўйхатидан ўтказилган. “NAQLGAZMAXSUSQURILISH” АЖ мазкур нотурар жойни бўшатиб бермаганлиги сабабли “ASR KIMYO INVEST” МЧЖ томонидан Тошкент туманлараро иқтисодий судига “NAQLGAZMAXSUSQURILISH” АЖни бинодан мажбурий тартибда чиқариш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат этган ва суднинг 2020 йил 21 сентябрдаги 4-1001-2001/12683-сонли ҳал қилув қарорига асосан даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантирилиб, “NAQLGAZMAXSUSQURILISH” АЖни Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Бунёд кўчаси, Г-44-Б уй манзилидаги нотурар кўчмас мулк ҳудудидан мажбурий чиқариш белгиланган. Ижро варақасига асосан МИБ Тошкент шаҳар Чилонзор туман бўлими 2021 йил 24 мартда “NAQLGAZMAXSUSQURILISH” АЖни ушбу манзилдан мажбурий чиқарганлигига қарамасдан, жавобгар томонидан ўзига тегишли бўлган товар-моддий бойликлар ҳудуддан олиб чиқиб кетилмаган, жавобгар масъул шахсларига бир неча маротаба билдирилган эътирозлар оқибатсиз қолдирилган. Жавобгар томонидан даъвогарнинг ҳудуди тўлиқ бўшатиб берилмаганлиги сабабли 2021 йил 1 июлдан 2022 йил 1 майга қадар мазкур нотурар жойдан фойдаланиш имкони бўлмаганлиги, даъвогар ўз мулкидан қонунда белгиланган тартибда фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб, ўзига тегишли бўлган мол-мулкларни бошқа юридик шахслар билан тузилган ижара шартномалари асосида уларнинг омборларида сақлаб, 1.179.842.770 сўм ижара ҳақи тўлаганлиги, мазкур биноларнинг ер солиғи учун 186.107.382 сўм, мулк солиғи учун 168.842.924 сўм, жами 1.534.793.076 сўм тўловларни амалга оширганлигини кўрсатиб, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) даъвогар манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан жами 1.534.793.076 сўм зарарни ундиришни сўраган. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 21 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилган. Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 16 февралдаги қарори билан биринчи инстанция судининг 2022 йил 21 декабрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилсин. Мазкур суд қарорлари устидан жавобгар томонидан кассация шикояти берилиб, унда суд қарорларини бекор қилиш ва даъво талабларини рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган. Бунга асос қилиб шикоятда, биринчи инстанця суди АЖ бугунги кунгача ўзига тегишли моддий товарларни олиб кетмаганлиги, талабномалар оқибатсиз қолдирилганлиги, даъвогарнинг тўлиқ бўшатиб бермаганлигини кўрсатиб, 2021 йил 1 июлдан 2022 йил 1 майга қадар тўлақонли фойдаланиш имкони бўлмаган деб ноқонуний қарор қабул қилганлиги, апелляция инстанцияси суди ҳам бино ички ва ташқи қисмида АЖга тегишли мол-мулклар мавжудлиги ҳақидаги ҳужжатлар ва фотосуратларга асосланиб, даъвогар бинодан фойдаланиш имкони бўлмаган деб хулосага келганлиги, суд ушбу даврда даъвогарнинг объектдан тўлақонли фойдаланиш имкони бўлмаганлиги ҳолатини аниқламаганлиги, қанча миқдорда товар қолганлиги ва мулклар қанча жойни эгаллаганлигига аниқлик киритмаганлиги, даъвогар фойдаланган ижара майдони, объектнинг умумий майдони 4 889 кв.м.дан кўплигига аҳамият бермаганлиги, бу ҳолатда АЖ бинони бўшатиб берганда ҳам даъвогар бошқа бинодан ижара асосида фойдаланишга тўғри келишини, яъни ижара объекти майдони объектга номутаносиб эканлиги кўрсатилган. Суд мажлисида жавобгар вакиллари кассация шикоятини қувватлаб, даъвогар бинога мулк ҳуқуқи мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаганлиги, ижара шартномалар объектни топшириш-қабул қилиш далолатномалари расмийлаштирилгандан сўнг тузилган деб ҳисобланиши, мазкур ҳолатда далолатномалар тузилмаганлиги, суд қарори билан жавобгар объектдан мажбурий чиқарилиб, ижро ҳаракатлари тамомланганлиги, даъвогар объектда жавобгарнинг мол-мулки қолиб кетганлиги тўғрисида эътироз билдирмаганлиги, давлат ижрочисининг хатти-ҳаракати устидан шикоят қилмаганлиги, мол-мулклар қолиб кетганлиги тўғрисида ҳужжат мавжуд эмаслиги, даъвогарнинг турли манзилларда объектлардан ижара асосида фойдаланишига зарурат мавжуд бўлмаганлиги, жавобгар мажбурий чиқарилгандан сўнг қанча ҳудуд бўшатилганлигини суд аниқламаганлиги, ишдаги ҳужжатларда “ASR KIMYO INVEST” ХК, айрим ҳужжатларда эса “ASR KIMYO INVEST” МЧЖ деб кўрсатилганлиги, ишдаги ҳужжатларда даъвогарнинг манзили ҳам турлича кўрсатилганлигини билдирди. Суд мажлисида даъвогар вакиллари кассация шикоятига эътироз билдириб, муқаддам айни бир шахслар ўртасидаги ижара ва солиқ тўловидан бўлган қарздорликни ундириш юзасидан иш кўрилиб ижара тўловлари ундирилганлиги, жавобгар манзилдан мажбурий чиқарилган бўлса-да, мулки қолиб кетганлиги, май ойида жавобгар объектдан мажбурий чиқарилганлиги, банк ва солиқ органи тўловлар амалга оширилганлигини тасдиқлаганлиги, даъвогар АЖнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгарганлиги тарафлар ўртасида муқаддам судда кўрилган ишлар доирасида ҳам муҳокама қилинганлиги, объектда жавобгарнинг “Намуна” филиали жойлашганлиги, шу кунга қадар мол-мулклар олиб кетилмаганлиги сабабли даъвогар турли ташкилотларда ижара шартномаси тузиб омборлардан фойдаланишга мажбур бўлганлиги, объектнинг майдони билан даъвогар ижара асосида фойдаланган ҳудудларнинг ижара майдонини бир-бири билан таққослаш нотўғри эканлиги, сабаби жавобгар вақтида бинони бўшатиб берганида даъвогар ушбу объектда зарур қўшимча иншоотларни қуриб ундан фойдаланиш имкони бўлишини, зарарни тасдиқловчи барча ҳужжатлар ишда мавжудлиги, иш судда кўрилишида ижара тўловларининг суммаси даъво аризасида ундириш сўралган 1.179.842.770 сўмдан ҳам кўп чиққанлиги сабабли суд даъво аризасида сўралган суммани ундириш билан чекланиб асосли тўхтамга келганлиги, судлов ҳайъатининг таклифи билан даъвогар ижара қарздорлиги суммасини жадвал асосида тайёрлаганида ҳам ижара тўловлари суммаси жами 1 204 941 840 сўмни ташкил этганлиги, даъвогар 1.179.842.770 сўмдан ортиқча суммага талаб билдирмаганлигини инобатга олиб, суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни ва шикоятни рад қилишни сўради. Суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинган Палата вакили суд мажлисида иштирок этмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунга кўра судлов ҳайъати ишни Палата вакилининг иштирокисиз кўришни лозим топди. Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахснинг тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни, суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади. Мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди томонидан процессуал ва моддий ҳуқуқ ҳуқуқ нормалари бузилган. Жумладан, даъво аризасида қайд этилишича, жавобгар объектни бўшатиб ўзига тегишли мол-мулкларни олиб чиқиб кетмаганлиги ва ҳудудни бўшатиб бермаганлиги сабабли даъвогар 2021 йил 1 июлдан 2022 йил 1 майга қадар мулкларини бошқа юридик шахслар билан ижара шартномалари тузиб, млукларини ушбу ташкилотларнинг омборларида сақлаб, ижара ҳақини тўлаб келган ва ижара миқдори 1.179.842.770 сўмни ташкил этган. Биринчи инстанция суди қарздорлик суммаси даъвогар томонидан тақдим қилинган ижара шартномалари, тўлов топшириқномалари ва солиқ ҳисоботлари билан ўз тасдиғини топган, даъвогар жавобгар низоли ҳудудни ўз вақтида бўшатиб бермаганлиги натижасида 2021 йилнинг июль ойидан 2022 йил 1 май кунига қадар ушбу кўчмас мулкдан фойдаланиш имкони бўлмаган деб ҳисоблаб, даъво талабларини тўлиқ қаноатлантиришни лозим топган. Бироқ суд ушбу қарздорликни келиб чиқишига асос сифатида кўрсатилган ижара шартномалари ва тўлов топшириқномаларидаги суммаларга, шунингдек ижара тўловлари даврига аниқлик киритмаган. Иш биринчи инстанция судида кўрилишида даъвогар ўз важларини асословчи ҳужжат сифатида даъвогар томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилган: -“Таъминотчи пахта” АЖ билан 2021 йил 22 сентябрда тузилган 17-сонли ижара шартномаси ва ушбу шартнома асосида жами 61.600.000 сўм тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномалари; -“Тайёрлов савдо” МЧЖ билан 2021 йил 1 февралда тузилган 7-сонли ижара шартномаси ва ушбу шартнома асосида жами 149.357.400 сўм тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномалари; -“Тайёрлов савдо” МЧЖ билан 2021 йил 1 февралда тузилган 5-сонли ижара шартномаси ва ушбу шартнома асосида жами 154.190.850 сўм тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномалари; -“Тайёрлов савдо” МЧЖ билан 2021 йил 1 февралда тузилган 6-сонли ижара шартномаси ва ушбу шартнома асосида жами 136.050.750 сўм тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномалари; -“Тайёрлов савдо” МЧЖ билан 2021 йил 1 февралда тузилган 7-сонли ижара шартномаси ва ушбу шартнома асосида жами 149.357.400 сўм тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномалари; -“Узбек савдо экспорт” МЧЖ билан 2021 йил 12 февралда электрон тузилган 3-сонли ижара шартномаси (ушбу шартнома асосида тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномалари мавжуд бўлмаган); -“Узбек савдо экспорт” МЧЖ билан 2021 йил 1 февралда электрон тузилган 3-сонли ижара шартномаси (ушбу шартнома асосида тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномалари мавжуд бўлмаган); -“Узбек савдо экспорт” МЧЖ билан 2021 йил 12 февралда электрон тузилган 4-сонли ижара шартномаси (ушбу шартнома асосида тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномалари мавжуд бўлмаган); -“Агрокимехимоя” АЖ билан 2021 йил 1 майда тузилган 3-сонли ижара шартномаси ва ушбу шартнома асосида 139.894.663,84 сўм тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномаси; -Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси билан 2021 йил 7 сентябрда тузилган 9-сонли ижара шартномаси (ушбу шартнома асосида тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномалари мавжуд бўлмаган). Мазкур ҳолатда биринчи инстанция судига даъвогар томонидан ижара шартномаларига мувофиқ амалга оширилган жами 641.093.366 сўмлик тўлов топшириқномалари тақдим этилган. Шунингдек, даъвогар тегишли шартномалари илова қилинмаган ҳолда жами 398.279.214 сўмлик тўловлар амалга оширилганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномаларини ҳам тақдим этган. Тақдим этилган барча (шартномаси мавжуд ва мавжуд бўлмаган) тўлов топшириқномаларининг суммаси жами 1.039.372.580,73 сўмни ташкил этган бўлса-да, биринчи инстанция суди ижара тўловлари суммасига аниқлик киритмасдан, уларнинг асослантирувчи ҳужжатларни тўлиқ талаб қилиб олмасдан жавобгардан 1.179.842.770 сўм ундириш тўғрисида барвақт тўхтамга келган. Кассация инстанцияси судига даъвогар томонидан биринчи инстанция судига тақдим этилмаган шартнома ва тўлов топшириқномалари олиниб, ҳисобкитоб қилинганда тўловлар жами 1.210.706.177,84 сўмни ташкил этди. Шундан сўнг судлов ҳайъати томонидан даъвогар вакилларига даъво талабидаги 1.179.842.770 сўм ижара тўловлари қайси тўлов топшириқномалари асосида ва қайси давр учун ҳисобланганлигига аниқлик киритиш сўралганда, даъвогар судлов ҳайъати тақдим этган маълумотномада жами ижара тўловлари 1.204.941.840 сўмни ташкил этиши кўрсатилган. Мазкур ҳолатда ишни кассация инстанциясида кўриш вақтида даъвогар вакилларига бир неча маротаба имконият берилишига қарамай даъво аризасидаги 1.179.842.770 сўм ижара тўловларига аниқлик киритиш, ушбу сумманинг асосли қисмини аниқлаш имкони бўлмади. Шунингдек, ишдаги ҳужжатларга кўра даъвогар “Агрокимехимоя” АЖ билан 2021 йил 1 майда тузилган 3-сонли ижара шартномасида омборхона ижарасидан ташқари даъвогар темирйўл шаҳобчасидан фойдаланганлиги учун ҳам ижара тўловлари тўлаган бўлиб, ушбу тўловни ҳам даъвогар ҳисобидан ундиришни сўраган. Суд томонидан даъвогарга тегишли Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Бунёд кўчаси, Г-44-Б уй манзилидаги темирйўл шаҳобчасидан фойдаланиш имкони мавжуд бўлганлигига аниқлик киритилмаган. Шунингдек, даъвогарга тегишли объект майдони 4 889 кв.м.дан иборат бўлса-да, ижара шартномалари асосида даъвогар 2021-2022 йилларда фойдаланган майдон объект майдонига мутаносиб ёки номутаносиблигига ҳуқуқий баҳо берилмаган. Шунингдек, ишдаги ҳужжатларга кўра даъвогарга тегишли объектдан жавобгар томонидан 2022 йил 30 сентябрда, 2021 йил 14 сентябрда, 2022 йил 15 апрелда ва 2022 йил 27 апрелда айрим мол-мулклар олиб чиқиб кетилган ва бу ҳақда юк хати ва далолатнома расмийлаштирилган. Суд эса ушбу мулклар олиб чиқиб кетилгандан сўнг бўшаган майдон ёки бино қисми майдони, ундан даъвогар фойдаланиш имкони бўлган ёки бўлмаганлиги ҳолатларига аниқлик киритилмаган. Бундан ташқари, даъвогар 2021 йил 1 июлдан 2022 йил 1 майга қадар солиқ органига тўлаган 186.107.382 сўм ер солиғи ва 168.842.924 сўм мулк солиғи айнан Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Бунёд кўчаси, Г-44-Б уй манзилидаги нотурар бино-иншоотлар учун тўлаганлигига аниқлик киритмаган. Апелляция инстанция суди эса биринчи инстанция судининг йўл қўйган юқоридаги процессуал ва моддий ҳуқуқ нормаларининг бузилишларига эътибор бермасдан, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириб нотўғри тўхтамга келган. ИПК 301-моддасининг 3-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ва тўртинчи қисмининг 7-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган суд инстанциясига юборишга ҳақли. Мазкур ҳолатда судлов ҳайъати биринчи ва апелляция инстанцияси судларининг қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборишни, кассация шикоятини қаноатлантиришни лозим топади. ИПКнинг 304-моддасига кўра, кассация инстанцияси судининг қарорида баён қилинган кўрсатмалар ишни янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир. Шунга кўра ишни биринчи инстанция судида кўриш вақтида даъвогарнинг даъво суммасининг келиб чиқиш асослари, қарздорлик 7 ҳисобланган шартнома ва ижара даврига, ер ва мулк солиғини айнан юқоридаги объект учун тўланганлиги, айрим мулклар кўчмас мулк ҳудудидан олиб чиқиб кетилгандан сўнг бўшаган майдон ёки бино қисми майдони ва ундан даъвогар фойдаланиш имкони бўлган ёки бўлмаганлиги, шунингдек даъвогарга ўзига тегишли объектда темирйўл шаҳобчасидан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлганлиги ҳолатларига аниқлик киритиб, ижара шартномалари асосида даъвогар 2021-2022 йилларда фойдаланган майдон объект майдонига мутаносиб ёки номутаносиблигига ҳуқуқий баҳо бериб, иш учун аҳамиятли барча ҳолатларни аниқлаш учун заруратга қараб мутахассисларни жалб қилиш масаласини кўриб, сўнг даъво талабларини қаноатлантириш лозимлигини ёки лозим эмаслигини ҳал қилиш, барча суд харажатларини ундириш масаласини ҳал қилиши лозим бўлади. Юқоридагиларга кўра, кассация инстанцияси суди Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 301-303-моддаларига асосланиб, қарор қ и л а д и: Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 21 декабрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 16 февралдаги қарори бекор қилинсин. Иш биринчи инстанция судида янгидан кўриб чиқиш учун Тошкент туманлараро иқтисодий судига юборилсин. Кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин. Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан 2023 йил 28 февралда берилган ижро варақалари бўйича ундирув бекор қилинсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Ш. Махмудов ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев Б.Исрайлов