Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1501-2304/3441 Дата решения 25.05.2023 Инстанция Первая инстанция Тип документа Решение Суд Ферганский межрайонный экономический суд Судья Жамолиддинов Хусниддин Комолиддинович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Халқ банки акционерлик жамияти Ответчик / Подсудимый HAMKOR SAVDO INVEST QUVASOY масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1094781 Claim ID 3258482 PDF Hash d2a94d0b03666baa... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 5
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ФКнинг 234-моддаси ФКнинг 234 law
ФК 238-моддаси ФК 238 law
ИПК 68-моддаси ИПК 68 law
ИПК 72-моддаси ИПК 72 law
збекистон Республикаси ИПКнинг 118-моддаси збекистон Республикаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
FARG’ONA TUMANLARARO IQTISODIY SUDI FERGHANA INTER-DISTRICT ECONOMIC COURT 150105, Farg`ona shahri, Al-Farg’oniy ko’chasi 47uy 150105, Fergana, Al-Fargoniy street, 47 Tel: (+99873) 244-63-05, (+99873) 244-65-40 i.fargona.t@sud.uz е-mail: ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ 2023 йил 25 май 4-1501-2304/3441-сонли иш Фарғона туманлараро иқтисодий судининг судьяси Х.Жамолиддинов раислигида, судья ёрдамчиси Р.Рахматовнинг суд мажлиси котиблигида, даъвогар вакиллари С.Мўминов ва М.Ахмедовлар (ишончномага асосан), қўшимча жавобгар «QUVASOY INVEST» хусусий корхонаси ва «NURLI ZIYODA KELAJAGI POLOQ» хусусий корхонаси вакили А.Шакиров (ишончнома асосида), қўшимча жавобгар «QUVASOY INVEST» хусусий корхонаси вакили Т.Маткаримов (адвокатлик ордерига асосан) иштирокида, жавобгар вакили иштирок этмаган ҳолда, Ўзбекистон Савдо саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармасининг даъвогар “Халқ банки” акционерлик жамияти манфаатида жавобгар – “HAMKOR SAVDO INVEST QUVASOY” масъулияти чекланган жамияти ва қўшимча жавобгарлар «QUVASOY INVEST» хусусий корхонаси, «NURLI ZIYODA KELAJAGI POLOQ» хусусий корхоналари ҳисобидан 4 500 000 000 сўм муддати ўтган кредит асосий қарздорлиги, 3 574 062 046,02 сўм муддати ўтган кредит фоиз қарздорлиги ва суд харажатларини ундириш, ундирувни гаровга қўйилган бино ва иншоотларга қаратиш тўғрисидаги даъво аризаси ҳамда қўшимча жавобгар «QUVASOY INVEST» хусусий корхонасининг тарафлар ўртасида 2019 йил 8 октябрь куни тузилган ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарши даъво аризаси бўйича қўзғатилган иқтисодий ишни Фарғона туманлараро иқтисодий суди биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни АНИҚЛАДИ: Ўзбекистон Савдо саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси даъвогар “Халқ банки” акционерлик жамияти манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар – “HAMKOR SAVDO INVEST QUVASOY” масъулияти чекланган жамияти ва қўшимча жавобгарлар «QUVASOY INVEST» хусусий корхонаси, «NURLI ZIYODA KELAJAGI POLOQ» хусусий корхоналари ҳисобидан 4 500 000 000 сўм муддати ўтган кредит асосий қарздорлиги, 3 574 062 046,02 сўм муддати ўтган кредит фоиз қарздорлиги ва суд харажатларини ундириш, ундирувни гаровга қўйилган бино ва иншоотларга қаратишни, ишни палата вакили иштирокисиз кўришни сўраган. Қўшимча жавобгар «QUVASOY INVEST» хусусий корхонаси судга қарши даъво аризаси тақдим қилиб, тарафлар ўртасида 2019 йил 8 октябрь куни тузилган ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Суднинг ажрими билан қўшимча жавобгарнинг қарши даъво аризаси дастлабки даъво аризаси билан бирга кўриб чиқилиши белгиланган. Даъвогар вакиллари даъво аризасида кўрсатилга важларни қувватлаб, жавобгар кредит маблағи ажратилган 2019 йилдан буён 38 млн.сўм тўловларни амалга оширганлиги, бошқар тўловларни амалга оширмаганлиги, жавобгарнинг кредит тўловларидан муддати ўтган қарздорлиги 2023 йил 3 февраль ҳолатига кредит танидан 4 500 000 000 сўмни, кредит фоизидан 3 574 062 046,02 сўмни ташкил қилганлиги, қадар кредит қарздорлиги шу кунга қадар қопланмаганлиги, шу сабабли даъво аризасини қаноатлантиришни, қўшимча жавобгарнинг қарши даъво аризасини қаноатлантириш учун ҳуқуқий асослар мавжуд эмаслиги сабабли қарши даъво аризасини қаноатлантиришни рад қилишни сўради. Қўшимча жавобгарлар «QUVASOY INVEST» хусусий корхонаси вакили даъво аризаси бўйича кўрсатма бериб, мазкур ҳолат бўйича жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукмида кредит асосий қарзини айбдор шахс А.Шакировдан ундириш белгиланганлиги, даъвогар ўз вақтида кредит қарздорлигини ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаганлиги, кредит фоизини сунъий ошишига йўл қўйганлигини, шу сабабли дастлабки даъво талабларини қаноатлантиришни рад қилишни, ипотека шартномаси корхона раҳбарининг янглишиш натижасида тузилганлиги боис қарши даъво аризасини қаноатлантиришни сўради. Қўшимча жавобгар «NURLI ZIYODA KELAJAGI POLOQ» хусусий корхонаси вакили ҳам қўшимча жавобгар «QUVASOY INVEST» хусусий корхонаси вакили кўрсатмаларини қувватлаб, кредит қарздорлигини вужудга келишига банк ходимларининг харакати ёки харакатсизлиги сабаб бўлганлиги, банк ходимлари ажратилган кредит маблағларини ўз вақтида ундириш чораларини кўрмаганлиги, қолаверса кредит асосий қарзини ундириш тўғрисида жиноят судининг ҳукми қабул қилинганлиги боис даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантиришни рад қилишни, «QUVASOY INVEST» хусусий корхонасининг қарши даъво аризасини қаноатлантиришни сўради. Суд, ишда иштирок этувчи шахслар вакилларини судда берган тушунтиришларини тинглаб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра, дастлабки даъвони қисман қаноатлантиришни, қарши даъвони қаноатлантиришни рад этишни лозим деб топди. Иш ҳужжатларига кўра, даъвогар АТ «Халқ банки» Киргули филиали (Банк) ва жавобгар «HAMKOR SAVDO INVEST QUVASOY” масъулияти чекланган жамияти (Қарз олувчи) ўртасида 2019 йил 8 октябрь куни “Музлатгичхона бино ва иншоотларини сотиб олиш” учун 2033-сонли кредит шартномаси тузилган бўлиб, ушбу кредит шартномасига асосан банк қарз олувчига 4 500 000 000 сўм кредит суммасини 36 ой муддатга 6 ой имтиёзли давр билан кредит шартномасига илова қилинган жадвал асосида тўловларни тўлаш шарти билан кредит маблағи ажратиши, қарз олувчи эса кредит тўловларини кредит шартномаси иловасида кўрсатилган жадвал асосида тўлаб бориш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномаси таъминоти сифатида 2019 йил 8 октябрь куни реестр рақами 201901123002096-сон билан қайд қилинган ипотека шартномаси тузилган. Ипотека шартномасига асосан Қувасой шаҳар Арсиф МФЙ Нуробод кўчасида жойлашган «QUVASOY INVEST» хусусий корхонасига тегишли Қувасой шаҳар Арсиф МФЙ ҳудудида жойлашган “АЁҚШ” бино ва иншоотлари ҳамда «NURLI ZIYODA KELAJAGI POLOQ» хусусий корхонасига тегишли бўлган Қувасой шаҳар Арсиф ҚФЙ Арсиф шаҳарчасида жойлашган савдо дўкони бино ва иншоотлари ердан фойдаланиш ҳуқуқи билан гаровга қўйилган. Шунингдек, кредит шартномаси таъминоти сифатида 2020 йил 2 март куни реестр рақами 202001123001414-сон билан қайд қилинган ипотека шартномаси тузилган. Ушбу ипотека шартномасига асосан «HAMKOR SAVDO INVEST QUVASOY” масъулияти чекланган жамиятига тегишли Қувасой шаҳар Арсиф ҚФЙ Арсиф шаҳарчасида жойлашган музлатгич бино ва иншоотлари ердан фойдаланиш ҳуқуқи билан гаровга қўйилган. Қарздор кредит шартномаси мажбуриятларини бузиб, шартномада белгиланган муддатларда кредит асосий қарзи ва фоизини тўламасдан келган ҳолда даъво тақдим этилган санага кредит фоизи ва танидан қарздорликка йўл қўйган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (кейинчалик матнда ФК деб юритилади) 236-моддаси талабларига кўра мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. ФКнинг 234-моддасида мажбурият – фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс бошқа шахс фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: молмулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳаказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади, деб белгиланган. ФК 238-моддаси талабларига кўра, мажбурият келишилган ва тарафлар учун мақбул усулда бажарилиши керак. ФК 735-моддасининг биринчи қисмида “Қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт”, деб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 13/150-сонли Қарори 9-бандида “Судлар инобатга олишлари лозимки, кредит мажбуриятларининг ижроси кечиктирилган давр учун неустойка (пеня ва жарима шаклида) ёки мажбуриятларнинг бажарилишини ўз вақтида таъминламаганлик учун оширилган фоизлар белгиланишидан фарқли ўлароқ, кредит шартномасида мазкур шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши муддати кредит ташкилоти томонидан узайтирилган тақдирда кредитдан фойдаланганлик учун фоиз устамасининг оширилиши (кўпайтирилиши) назарда тутилиши мумкин. Кредит шартномаси бўйича асосий қарзни (ёки асосий қарзнинг бир қисмини) қайтариш муддати узайтирилган даврдаги банк фоизлари устамасининг оширилиши қарздор томонидан мажбуриятларни ўз вақтида бажармаганлик учун тўланадиган неустойка ёки оширилган фоизлар шаклидаги жавобгарлик бўлмай, судлар томонидан унга кредит маблағларидан фойдаланганлик учун шартномавий тўлов шакли сифатида қаралиши лозим” – деб тушунтириш берилган. Банк вакилининг судга тақдим қилган маълумотномасида 2023 йил 18 май ҳолатига кредит шартномаси бўйича жавобгарнинг муддати ўтган асосий қарздорлиги 4 500 000 000 сўмни, муддати ўтган фоиз қарздорлиги 5 337 785 718,49 сўмни жами кредит қарздорлиги 9 837 785 718,49 сўмни ташкил қилганлиги кўрсатилган. Лекин даъво аризасида кредит қарздорлигини жавобгарлардан солидар тартибда ундириш талаби қўйилган бўлиб, қўшимча жавобгарлар «QUVASOY INVEST» хусусий корхонаси ва «NURLI ZIYODA KELAJAGI POLOQ» хусусий корхонаси кредит шартномаси бўйича солидар жавобгарликни ўз зиммаларига олмаган. Шу боис суд даъвонинг муддати ўтган 4 500 000 000 сўм кредит асосий қарзи ва 3 574 062 046,02 сўм кредит фоиз қарзи ундириш талабини жавобгар «HAMKOR SAVDO INVEST QUVASOY” масъулияти чекланган жамиятидан ундиришни асосли деб, қўшимча жавобгарлар «QUVASOY INVEST» хусусий корхонаси ва «NURLI ZIYODA KELAJAGI POLOQ» хусусий корхоналаридан солидар тартибда ундириш талабини асоссиз деб ҳисоблайди. ФК 279-моддасининг 1-қисмида “Гаровга олувчининг (кредиторнинг) талабларини қондириш учун ундиpувни қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни ўзи жавобгаp бўлган вазиятларда бажармаган ёки лозим даpажада бажармаган тақдирда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш мумкин”лиги белгиланган. ФК 280-моддасининг 1-қисмига кўра гаровга олувчининг (кредиторнинг) талаблари гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк қийматидан суднинг қарорига мувофиқ қондирилади. Тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномаси таъминоти сифатида 2019 йил 8 октябрь куни реестр рақами 201901123002096-сон билан қайд қилинган ипотека шартномаси тузилган. Ипотека шартномасига асосан Қувасой шаҳар Арсиф МФЙ Нуробод кўчасида жойлашган «QUVASOY INVEST» хусусий корхонасига тегишли Қувасой шаҳар Арсиф МФЙ ҳудудида жойлашган “АЁҚШ” бино ва иншоотларини ҳамда «NURLI ZIYODA KELAJAGI POLOQ» хусусий корхонасига тегишли бўлган Қувасой шаҳар Арсиф ҚФЙ Арсиф шаҳарчасида жойлашган савдо дўкони бино ва иншоотларини ердан фойдаланиш ҳуқуқи билан гаровга тақдим қилинган. Ипотекага қўйилаётган «QUVASOY INVEST» хусусий корхонасига тегишли бино иншоотларнинг юридик акт бўйича ер майдони 1 408.0 кв.м.ни, фойдаланилаётган ер майдони 1 632.0 кв.м.ни, участкадаги қурилиш майдони 340.06 кв.м.ни, умумий майдони 340.06 кв.м.ни, яшаш майдони 95.86 кв.м.ни, фойдали майдони 95.86 кв.м.ни ташкил этиб, литерлар 0004-0005-0006-0007-0008-0009-0010-0011-0012-дан иборат бўлган. Ипотека қўйилаётган бино ва иншоотлар ипотека қўювчига Фарғона шаҳар 12-сон давлат нотариал идораси нотариуси томонидан 2019 йил 19 августда реестр 201901123000864-сон билан расмийлаштирилган нотурар жой олди-сотди шартномасига асосан тегишли бўлиб, ушбу шартнома тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган. Ипотекага қўйилаётган «NURLI ZIYODA KELAJAGI POLOQ» хусусий корхонасига тегишли бино иншоотларнинг юридик акт бўйича ер майдони 75.0 кв.м.ни, фойдаланилаётган ер майдони 75.0 кв.м.ни, участкадаги қурилиш майдони 63.18 кв.м.ни, умумий майдони 63.18 кв.м.ни, яшаш майдони 47.57 кв.м.ни, фойдали майдони 47.57 кв.м.ни ташкил этиб, литерлар 0001-дан иборат бўлган. Ипотека қўйилаётган бино ва иншоотлар ипотека қўювчига 2015 йил 2 сентябрда тузилган олди-сотди шартномасига асосан тегишли бўлиб, ушбу шартнома тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган. Ипотекага қўйилаётган мулклар тарафлар томонидан 2019 йил 10 сентябрь куни тузилган мулкларни баҳосини келишув далолатномасига асосан «QUVASOY INVEST» хусусий корхонасига тегишли бино иншоотлар 1 250 000 000 сўмга ва «NURLI ZIYODA KELAJAGI POLOQ» хусусий корхонасига тегишли бино иншоотлар 750 000 000 сўмга жами 2 000 000 000 сўмга баҳоланган. Шунингдек, кредит шартномаси таъминоти сифатида 2020 йил 2 март куни реестр рақами 202001123001414-сон билан қайд қилинган ипотека шартномаси тузилган бўлиб, ушбу ипотека шартномасига асосан «HAMKOR SAVDO INVEST QUVASOY” масъулияти чекланган жамиятига тегишли Қувасой шаҳар Арсиф ҚФЙ Арсиф шаҳарчасида жойлашган музлатгич бино ва иншоотлари ердан фойдаланиш ҳуқуқи билан гаровга тақдим қилинган. Ипотекага қўйилаётган бино иншоотлар умумий майдони 1 725.68 кв.м., яшаш майдони 406.24 кв.м., фойдали майдони 406.24 кв.м., юридик акт бўйича майдон 4 300 кв.м., фойдаланаётган ер майдони 4 360 кв.м., қурилиш майдони 1 725.68 кв.м.дан иборат бўлиб, литерлар 0001-0002-0003-0004-0005-0006-0007-0008-0009-0010-0011-00120013-дан иборат бўлиб, ушбу ҳолатлар “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали 2020 йил 2 мартда олинган 27263286-сонли маълумотнома билан тасдиқланади. Тарафлар томонидан гаров нарсаси 2020 йил 24 февраль куни тузилган гаров нархини белгилаш ҳақидаги келишувига ҳамда гаров шартномасининг 3-бандига асосан 3 600 000 000 сўмга баҳоланганлиги қайд этилган. Ипотека шартномаларининг 6-бандига асосан гаровга олувчи асосий мажбурият бўйича талаб муддати бошланган пайтдан бошлаб ундирувни гаровга қўйилган мулкка қаратиш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатилган. Юқоридаги қонун нормалари ва ипотека шартномаси талабларидан келиб чиқиб, даъвогарнинг ундирувни гаровга қўйилган мулкларга қаратиш талаби асосли ҳисобланади. Суд қўшимча жавобгар «QUVASOY INVEST» хусусий корхонасининг тарафлар ўртасида 2019 йил 8 октябрь куни тузилган ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарши даъво аризасини муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра қарши даъвони қаноатлантирмасликни лозим топди. Қарши даъво аризасида 2019 йил 31 июлдаги 1624-сонли кредит шартномаси «QUVASOY INVEST» хусусий корхонаси айланма маблағларини ривожлантириш учун тузилганлиги, корхона мулкдори ва раҳбари Рахматов Абдулазиз Абдураимжон ўғли «HAMKOR SAVDO INVEST QUVASOY” масъулияти чекланган жамиятига олинаётган 4 500 000 000 сўм миқдоридаги кредит маблағини олишини билмаганлиги, билганида ўз мулкини гаровга қўймаслигини, шунинг учун 2019 йил 8 октябрдаги ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни, ҳақиқий бўлмаган битимнинг оқибатини қўллашни сўраган. ФК 122-моддасига кўра жиддий аҳамиятга эга бўлган янглишиш таъсирида тузилган битим янглишиш таъсирида ҳаракат қилган тарафнинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 28 ноябрдаги 269-сонли “Иқтисодий судлар томонидан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори 13-бандида “Янглишиш таъсирида тузилган битим деганда судлар тарафларнинг ҳақиқий хоҳиш-истагини акс эттирмайдиган, уни тузиш вақтида тарафлар назарда тутган ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлмаган битим эканлигини тушунишлари лозим. Тузилган битимга нисбатан қўлланиладиган қонун нормаларини нотўғри шарҳлаш, ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда битимнинг асл ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида нотўғри тасаввур этиш янглишишнинг мисоли бўлиши мумкин. Бунда қонунни билмасликка ҳавола қилиниши битимни ушбу асос билан ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди. Янглишиш таъсирида ҳаракат қилган тараф янглишиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини ва битим предмети ёки моҳиятига таъсир этишини исботлаши лозим. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, битимни ушбу асос бўйича ҳақиқий эмас деб топиш учун янглишиш битимни тузиш пайтида мавжуд бўлиши ва унинг тузилиши учун муҳим аҳамият касб этиши керак. Шунингдек, назарда тутиш керакки, янглишиш битимнинг бошқа иштирокчиларининг қасддан қилинган ҳаракатлари натижаси бўла олмайди. Янглишиш таъсири остида тузилган битим алдаш таъсири остида тузилган битимдан шу билан фарқ қиладики, агар алдаш атайин қилинса, янглишиш бошқа бирон шахснинг қасддан қилинган ҳаракатлари билан боғлиқ бўлмайди. Бошқа тарафнинг айби эҳтиётсизлик шаклида ифодалангандагина, битим янглишиш таъсирида тузилган ҳисобланади.” – деб тушунтириш берилган. Иш ҳужжатларида банк ва қарз олувчи «QUVASOY INVEST» хусусий корхонаси ўртасида 2019 йил 31 июль куни 600 000 000 сўм кредит маблағи ажратиш тўғрисида 1624-сонли кредит шартномаси, банк ва қарз олувчи «HAMKOR SAVDO INVEST QUVASOY” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 4 500 000 000 сўм кредит маблағи олиш учун 2033-сонли кредит шартномаси тузилган бўлиб, тарафлар ўртасида 2019 йил 8 октябрь кунги реестр рақами 201901123002096-сон билан қайд қилинган ипотека шартномаси 2033-сонли кредит шартномаси таъминоти сифатида тузилган. Ушбу ипотека шартномаси Нотариус томонидан ўқиб тушунтирилганлиги, 13-бандида ипотека шартномаси гаровга қўювчиларнинг турмуш ўртоғидан розилик хати олинганлиги қайд қилинган. Судга қарши даъво аризаси бўйича «QUVASOY INVEST» хусусий корхонаси вакиллари томонидан ипотека шартномасини имзолашда корхона раҳбари янглишиш таъсирида ҳаракат қилганлиги, унинг янглишиши муҳим аҳамиятга эга эканлигини ва битим предмети ёки моҳиятига таъсир этишини исботлаб бера олмади. Ваҳоланки, ИПК 68-моддасига кўра ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Суд қўшимча жавобгарлар вакилларининг мазкур низо бўйича жиноят ишлари бўйича Сўх туман судининг 2021 йил 24 декабрь кунги 1-1516-2101/53-сонли жиноят иши бўйича қабул қилинган ҳукми ва Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг 2022 йил 24 ноябрь кунги ажримида судланган А.Шакировдан “Ҳалқ банки” Қиргули филиали фойдасига 4 500 000 000 сўм моддий зарар суммаси ундирилганлиги, шу сабабли даъвонинг кредит асосий қарзи ундириш талабини қаноатлантиришни рад қилиш талаби билан ҳам келишмайди. Тарафлар 2019 йил 8 октябрь кунги тузилган ипотека шартномасида мажбуриятларни ўз вақтида таъминлаш мақсадида «QUVASOY INVEST» хусусий корхонасига ҳамда «NURLI ZIYODA KELAJAGI POLOQ» хусусий корхонасига ўзларига тегишли бўлган бино ва иншоотларини гаровга тақдим қилган. Ушбу ипотека шартномаси бекор қилинмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилмаган. ФК 268-моддасига кўра, агар гаров шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаров талабнинг уни қондириш пайтидаги ҳажмини таъминлайди, хусусан фоизлар, неустойка, ижрони кечиктириб юбориш натижасида етказилган зарар тўланишини, шунингдек гаровга олувчининг гаровга қўйилган ашёни сақлашга қилган зарур харажатлари ва ундирув харажатлари тўланишини таъминлайди. ИПК 72-моддасига кўра, қонунчиликка мувофиқ муайян далиллар билан тасдиқланиши керак бўлган иш ҳолатлари бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси ИПКнинг 118-моддасига мувофиқ, суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Шу сабабли суд ишни судда кўриш билан боғлиқ дастлабки даъво аризаси бўйича ҳисобланган 161 481 240,92 сўм давлат божини ва 30 000 сўм почта харажатини жавобгар «HAMKOR SAVDO INVEST QUVASOY” масъулияти чекланган жамиятидан ундиришни, қўшимча жавобгар «QUVASOY INVEST» хусусий корхонасининг қарши даъво аризаси бўйича тўланган 1 500 000 сўм давлат божи ва 30 000 сўм почта харажатини унинг зиммасида қолдиришни лозим топади. Шунингдек, суд тарафлар ўртасида кредит ва гаров (ипотека) шартномаларини расмийлаштирилиши, кредит маблағларини ажратилишида банк ходимларининг хаттихаракатларида қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш, уларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Фарғона шаҳар прокуроратурасига хусусий ажрим чиқаришни лозим топди. Юқоридагиларда асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал Кодексининг 118, 178-179, 186-190, 259, 262 моддаларини қўллаб суд ҚАРОР ҚИЛАДИ: Даъвогар “Халқ банки” акционерлик жамиятининг даъво талаблари қисман қаноатлантирилсин. Даъвогар “Халқ банки” акционерлик жамияти фойдасига жавобгар «HAMKOR SAVDO INVEST QUVASOY” масъулияти чекланган жамиятидан 4 500 000 000 сўм муддати ўтган кредит асосий қарзи, 3 574 062 046,02 сўм муддати ўтган кредит фоиз қарзи ва 30 000 сўм почта ҳаражати ундирилсин. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад қилинсин. Қўшимча жавобгар «QUVASOY INVEST» хусусий корхонасининг қарши даъво аризасини қаноатлантириш рад қилинсин. Жавобгар «HAMKOR SAVDO INVEST QUVASOY” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан Республика бюджети ҳамда Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 161 481 240,92 сўм давлат божи ундирилсин. Қўшимча жавобгар «QUVASOY INVEST» хусусий корхонаси томонидан тўланган 1 500 000 сўм давлат божи ва 30 000 сўм почта харажати зиммасида қолдирилсин. Мазкур ҳал қилув қарори устидан бир ойлик муддат ичида шу суд орқали Фарғона вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти(протест) берилиши мумкин. Раислик этувчи Х.Жамолиддинов