Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-12-2206/9 Дата решения 25.05.2023 Инстанция Апелляция Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Таджиев Ибрагим Исакович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение IS SAYRAM TUMOR масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый LOVEL TEXTILE DIS TICARET ANONIM SIRKETI хорижий корхона
Source ID 1085732 Claim ID 3202890 PDF Hash 259b8362f5ccab5f... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 8
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
арорида ФКнинг 132-моддаси арорида ФК 132 law
Олимов Жиноят кодексининг 168-моддаси Олимов Жиноят кодекси 168 code_article
ФКнинг 126-моддаси ФКнинг 126 law
бандининг иккинчи хатбошисида ФКнинг 126-моддаси бандининг иккинчи хатбошисида ФК 126 law
ФКнинг 363-моддаси ФКнинг 363 law
лиги сабабли биринчи инстанция суди ИПК 110-моддаси лиги сабабли биринчи инстанция суди ИПК 110 law
ИПК 278-моддаси ИПК 278 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-12-2206/9-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья Ҳ.Мамарасулов Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья И.Таджиев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 16 май Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари В.Сатторова ва И.Таджиевдан иборат таркибда, Б.Жўраевнинг котиблигида, даъвогар вакиллари Ё.Абдумажидов (раҳбар) ва адвокат Т.Аманов (2023 йил 14 апрелдаги ишончнома асосида), жавобгар вакили А.Инатов (2021 йил 15 октябрдаги ишончнома асосида)нинг иштирокида, даъвогар “IS Sayram Tumor” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгарлар “Lovel Tekstil dis Ticaret Anonim Sirketi” компанияси (Туркия) ва “Yeda Kagit Orman Urunleri Tekstil Makina Nakliye Ithalat Ihracat Sanayu ve Ticaret Limited Sirketi” компанияси (Туркия)га нисбатан битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Сирдарё вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 6 февралдаги ҳал қилув қарори устидан даъвогар томонидан берилган апелляция шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “IS Sayram Tumor” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар ёки МЧЖ деб юритилади) “Lovel Tekstil dis Ticaret Anonim Sirketi” компанияси (бундан буён матнда 1-жавобгар деб юритилади) ва “Yeda Kagit Orman Urunleri Tekstil Makina Nakliye Ithalat Ihracat Sanayu ve Ticaret Limited Sirketi” компанияси (бундан буён матнда 2-жавобгар деб юритилади)га нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида 2018 йил 12 декабрда тузилган 0055-сонли контрактга 2020 йил 24 февралда тузилган 2-сонли қўшимча келишувни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Бунга асос қилиб, даъво аризасида даъвогар ва 1-жавобгар ўртасида 2018 йил 25 декабрда 0055-сонли олди-сотди контракти тузилганлиги, мазкур контрактга асосан 1-жавобгар ускуна етказиб бериш мажбуриятини олганлиги, МЧЖ томонидан контрактга асосан пул маблағлари ўтказиб берилган бўлса-да, 1-жавобгар контрактда назарда тутилган ускуна ўрнига бошқа ускуна етказиб берганлиги, шунингдек, контрактга 2020 йил 24 февралда 2-сонли қўшимча келишув тузилганлиги, унга кўра 1-жавобгар қарздорликни талаб қилиш ҳуқуқини 2-жавобгарга ўтказганлиги, ушбу қўшимча келишув 2-жавобгарнинг раҳбари Ferhan Yilkin ўрнига бошқа шахс томонидан имзоланганлиги, ушбу ҳолат эксперт хулосаси билан тасдиқланганлиги, қўшимча келишувда қандай шартлар ўтказилганлиги аниқ кўрсатилмаганлиги, асосий контрактнинг санаси нотўғри кўрсатилганлигини кўрсатган. Сирдарё вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 6 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво талабини қаноатлантириш рад этилган. 1-жавобгар тугатилганлиги сабабли даъвонинг унга нисбатан қисми бўйича иш юритиш тугатилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатидан норози бўлиб, даъвогар апелляция шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда суд кўзбўямачилик учун сохта шартномалар тузилганлиги ҳолатини инобатга олмаганлиги, жавобгарлар БМТ ва Халқаро ҳамжамият Эрон давлатига савдо-сотиқ масаласида қўйган санкциясини айланиб ўтиш, халқаро ҳуқуқ нормаларини бузиш мақсадида даъвогар билан контракт ва ундан кейин қўшимча келишув тузилганлиги, шартнома бўйича тўланиши лозим бўлган 79 000 АҚШ долларини ушбу контракт матнини ёзган шахслар олиб бўлганлиги, контракт ва қўшимча келишув Туркия давлатининг компаниялари билан тузилганлиги, лекин жавобгарлар турк тилида ёзилган ва ундан кейин рус тилига таржима қилинганлиги, даъвогар томонидан имзо қўйган контракт ва қўшимча келишувни асл нусхасини судга тақдим қилинмаганлиги, суд ўзининг қарорида ФКнинг 132-моддасини жавобгарлар фойдасига талқин қилган ҳолда гўёки қўшимча келишувни 2-жавобгар қандайдир номаълум, шахси аниқланмаган вакили Жунейт Байлан имзолаганлиги далил деб баҳоланганлиги, ваҳоланки ишни кўриш жараёнида суд нафақат ушбу шахс, балки унга ваколат берган шахс Ferhan Yilkinини ҳам 2-жавобгарга қандай алоқаси борлиги ва ушбу компанияда у аслида ким эканлиги ҳолати аниқланмаганлиги, иқтисодий суд ҳал қилув қарори қабул қилишда даъвогарнинг таъсисчиси ва мулкдори Б.Назиров, МЧЖ раҳбари Ё.Абдумажидов контракт ва қўшимча келишув тузилганда Туркия компанияларининг раҳбарлари, уларнинг вакиллари билан мулоқот қилмаганлиги, уларни танимасликлари, ҳеч қачон кўрмаганлиги, контракт ва қўшимча келишувни Тошкент шаҳрида Эрон фуқароси Илёс Шатри ва Ўзбекистон фуқароси А.Олимов тузиб ва сохталаштириб, даъвогарга имзо қўйдириб олинганлигини кўрсатган. Суд мажлисида даъвогар вакили шикоятда келтирган важларни такрорлаб, даъвогар 2018 йил 25 декабрда 1-жавобгар билан шартнома тузганлиги, шартнома тузишда А.Олимов Эрон давлатининг фуқароси иштирокида “мен Туркия компаниясининг вакили” деб ўзини таништирганлиги ва шартнома матнини тайёрлаб, уни даъвогар раҳбарига имзолатганлиги, қўшимча келишувдаги имзо Ferhan Yilkinга тегишли эмаслиги, ушбу ҳолат эксперт хулосаси билан тасдиқланганлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳуқуқи билан боғлиқ нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2003 йил 28 февралдаги 110-сонли қарорининг 4-бандида талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномасида қандай талаблар қайси мажбуриятларга асосан ўтаётганлиги аниқ кўрсатилган бўлиши лозимлиги, ўтказилаётган талаблар ҳажмини белгилашда у қандай мажбуриятдан келиб чиққанлиги кўрсатилиб, ҳар қандай шартноманинг муҳим шарти ҳисобланган шартнома предмети ҳам битим иштирокчилари томонидан белгиланиши, талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномасининг предмети унинг муҳим шартларидан бири ҳисобланиб, тарафлар (дастлабки ва янги кредитор) шартномада ўтказиладиган ҳуқуқ предметини аниқ, равшан тарзда асосий мажбуриятга боғлаган ҳолда кўрсатишлари шартлиги ҳақида тушунтириш берилганлиги, низолашаётган қўшимча келишувда қандай талаблар қайси мажбуриятларга асосан 2-жавобгарга ўтаётганлиги аниқ кўрсатилмаганлиги, асосий шартнома бўйича 1-жавобгар шартномада назарда тутилган ускунанинг ўрнига бошқа ускунани етказиб берганлиги ҳамда у сифатсиз бўлганлиги, шу сабабли, даъвогар бошқа компаниядан ускуна сотиб олишга мажбур бўлганлиги, бугунги кунда А.Олимовга жиноят иши қўзғатилганлиги ва тергов органи томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлигиини баён қилиб, шикоятни қаноатлантиришни сўради. Жавобгар вакили шикоятда келтирилган важларга эътироз билдириб, шартнома ва қўшимча келишувнинг шакли ФКда белгиланган талабларга жавоб бериши, кассация шикоятида судга далил тақдим қилиниши кўрсатилганлиги, аммо, ИПК талабларига кўра далилларни ишда иштирок этувчи шахсларга таништириш кераклиги, кассация шикоятида давлат божи ҳақида ҳам важ келтирилганлиги, ваҳоланки, жавобгар томонидан давлат божи тўланганлиги, судда даъвогар 2023 йил 19 апрелдаги тергов органининг қарорини тақдим қилганлиги, бироқ, ушбу ҳужжатнинг мазкур иқтисодий ишга алоқаси йўқлиги, чунки, А.Олимов Жиноят кодексининг 168-моддаси билан айбланишини баён қилиб, шикоятни қаноатлантиришни рад этишни сўради. Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб ва шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 113-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, битим ушбу Кодексда белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд ҳақиқий эмас деб топганлиги сабабли (низоли битим) ёки бундай деб топилишидан қатъи назар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим). Низоли битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни ушбу Кодексда кўрсатилган шахслар қўйишлари мумкин. Даъвогар даъво аризасида қушимча келишувни ҳақиқий эмас деб топиш учун ушбу қўшимча келишув 2-жавобгарнинг раҳбари Ferhan Yilkin ўрнига бошқа шахс томонидан имзоланганлиги, ушбу ҳолат эксперт хулосаси билан тасдиқланганлигини асос қилиб кўрсатган. ФКнинг 126-моддасига биноан, агар шахснинг битим тузиш ваколатлари шартнома билан ёки юридик шахс ваколатлари унинг таъсис ҳужжатлари билан ишончномада, қонунда белгилаб қўйилганига нисбатан ёинки битим тузилаётган вазиятдан аниқ кўриниб турган деб ҳисобланиши мумкин бўлган ваколатларига нисбатан чеклаб қўйилган бўлса ва битимни тузиш пайтида бундай шахс ёки орган ана шу чеклашлар доирасидан чиқиб кетган бўлсалар, битимдаги иккинчи тараф мазкур чеклашларни билган ёки олдиндан билиши лозим бўлганлиги исботланган ҳоллардагина битим чеклаш белгиланишидан манфаатдор бўлган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2014 йил 28 ноябрдаги 269-сонли қарори 17-бандининг иккинчи хатбошисида ФКнинг 126-моддасида кўрсатилган асос билан битим кимнинг манфаатида чеклаш белгиланган бўлса, фақат ўша шахснинг даъвоси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги, шу боис, ФКнинг 126-моддасига асосан битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво билан бошқа шахс мурожаат қилган бўлса, бундай даъвони қаноатлантириш рад этилиши ҳақида тушунтириш берилган. Шунинг учун, қўшимча келишув 2-жавобгарнинг раҳбари Ferhan Yilkin ўрнига бошқа шахс томонидан имзоланганлиги асоси билан ушбу келишувни ҳақиқий эмас деб топиш талаб билан фақат 2-жавобгар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек, даъво аризасида қушимча келишувни ҳақиқий эмас деб топиш учун қўшимча келишувда 2-жавобгарга талаб қилиш ҳуқуқи қандай шартларда ўтказилганлиги аниқ кўрсатилмаганлиги ва асосий контрактнинг санаси нотўғри кўрсатилганлиги асос қилиб кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳуқуқи билан боғлиқ нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2003 йил 28 февралдаги 110-сонли қарори 4-бандининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, дастлабки кредиторнинг ҳуқуқи янги кредиторга ҳуқуқ ўтиш пайтида мавжуд бўлган ҳажмда ва шартлар асосида ўтиши, янги кредиторга, хусусан, пул мажбуриятининг бажарилишини таъминлайдиган ҳуқуқлар (масалан: боқиманда ундириш ва ҳ.к), шунингдек талаб билан боғлиқ бошқа ҳуқуқлар, шу жумладан тўланмаган фоизларга бўлган ҳуқуқ ҳам ўтиши, пул мажбуриятида кредитор ўзгарган ҳар қандай ҳолда ҳам дастлабки кредитордан янги кредиторга барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўтиши ҳақида тушунтириш берилган. Низолашаётган қўшимча келишувда ушбу келишув имзоланиш пайтига қадар 2018 йил 12 декабрдаги 0055-сонли контракт бўйича фойдаланилмаган талаб қилиш ҳуқуқлар (все нереализованные до пописания настоящего дополнительного соглащения права требования по контракту № 0055 от 12.12.2018 г.) 2-жавобгарга ўтказилиши кўрсатилган. Шунинг учун, даъвогарнинг қўшимча келишувда талаб қилиш ҳуқуқи қандай шартларда ўтказилганлиги аниқ кўрсатилмаганлиги ҳақидаги важи асоссиздир. Даъвогарнинг қўшимча келишувда асосий контрактнинг санаси нотўғри кўрсатилганлиги ҳақидаги важи ҳам низолашаётган келишувни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўла олмайди. Чунки, даъвогар ва 1-жавобгар ўртасида фақат 1 та 0055-сонли контракт тузилган ва улар ўртасида бошқа шартнома тузилмаган. Ушбу ҳолат даъвогар раҳбари Ё.Абдумажидовнинг суд мажлисида берган тушунтиришлари билан ҳам тасдиқланади. ФКнинг 363-моддасига кўра, суд шартнома шартларини шарҳлашда ундаги сўз ва ибораларнинг асл маъносини эътиборга олади. Шартноманинг шарти аниқ бўлмаса, унинг асл маъноси уни бошқа шартларга ва бутун шартноманинг маъносига таққослаш йўли билан аниқланади. Агар ушбу модданинг биринчи қисмида баён этилган қоидалар шартноманинг мазмунини аниқлаш имконини бермаса, тарафларнинг ҳақиқий умумий хоҳиш-иродаси шартноманинг мақсадини ҳисобга олган ҳолда аниқланиши керак. Бунда барча тегишли ҳолатлар, шу жумладан шартнома тузиш олдидан олиб борилган музокаралар ва ёзишмалар, тарафларнинг ўзаро муносабатларида қарор топган амалиёт, иш муомаласи одатлари, тарафларнинг кейинчалик ўзларини қандай тутганлиги эътиборга олинади. Мазкур ҳолатда қўшимча келишув тарафларнинг ҳақиқий умумий хоҳиш-иродаси ушбу келишув имзоланиш пайтига қадар 2018 йил 12 декабрдаги 0055-сонли контракт бўйича фойдаланмаган талаб қилиш ҳуқуқлар 2-жавобгарга ўтказилишидан иборат бўлган. Шунинг учун биринчи инстанция суди даъвогарнинг қўшимча келишувни ҳақиқий эмас деб топиш талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида асосли хулосага келган. Шунингдек, 1-жавобгар Туркия савдо қонунининг моддаларига мувофиқ бекор қилинган (фирма фаолияти тугатилган)лиги сабабли биринчи инстанция суди ИПК 110-моддасининг 4-бандига асосан унга (1-жавобгарга) нисбатан иш юритишни тугатган. Бундан кўринадики, биринчи инстанция суди низо юзасидан қарор қабул қилишда иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқлаган ва моддий ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган. Даъвогарнинг жавобгарлар БМТ ва Халқаро ҳамжамият Эрон давлатига савдо-сотиқ масаласида қўйган санкциясини айланиб ўтиш, халқаро ҳуқуқ нормаларини бузиш мақсадида даъвогар билан контракт тузганлиги, шартнома бўйича тўланиши лозим бўлган 79 000 АҚШ долларини ушбу контракт матнини ёзган шахслар олиб бўлганлиги, даъвогарнинг таъсисчиси ва мулкдори Б.Назиров, МЧЖ раҳбари Ё.Абдумажидов контракт тузилганда Туркия компанияларининг раҳбарлари, уларнинг вакиллари билан мулоқот қилмаганлиги, уларни танимаслиги, ҳеч қачон кўрмаганлиги ҳақидаги важи суд ҳужжатини бекор қилиш учун асос бўла олмайди. Чунки, мазкур даъвонинг предмети асосий контрактни эмас, балки қўшимча келишувни ҳақиқий эмас деб топишдан иборатдир. Шунингдек, даъвогарнинг асосий шартнома бўйича 1-жавобгар шартномада назарда тутилган ускунанинг ўрнига бошқа ускунани етказиб берганлиги ҳамда у сифатсиз бўлганлиги, шу сабабли, даъвогар бошқа компаниядан ускуна сотиб олишга мажбур бўлганлиги ҳақидаги важи ҳам низолашаётган қўшимча келишувни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўла олмайди. Чунки, сотиб олувчига сифати тегишли даражада бўлмаган товар сотилганида унда (сотиб олувчида) ФКнинг 434моддасида назарда тутилган ҳуқуқлар вужудга келади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 279-моддасининг биринчи қисмида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар келтирилган бўлиб, мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас. ИПК 278-моддасининг 1-бандига кўра, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли. Баён этилганлардан келиб чиқиб, судлов ҳайъати даъвогарнинг апелляция 6 шикоятини қаноатлантиришни рад этишни ва иш юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари даъвогар зиммасига юклатилади ва даъвогар томонидан апелляция шикояти билан мурожаат қилишда тўланган почта харажатлари унинг зиммасида қолдирилади. Шунингдек, ишни апелляция тартибида кўриш учун даъвогардан республика бюджетига 750 000 сўм давлат божи ундирилади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 278 ва 280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: “IS Sayram Tumor” масъулияти чекланган жамиятининг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилсин. Сирдарё вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 6 февралдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилсин. “IS Sayram Tumor” масъулияти чекланган жамиятидан республика бюджетига 750 000 сўм давлат божи ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Б. Сайфуллаев ҳайъат аъзолари: В. Сатторова И. Таджиев