Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-2201-2201/3578 Дата решения 23.05.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Маҳмудов Шуҳрат Муҳаммадович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение REMSTROYKOMPLEKT INVEST INJINIRING масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый O`ZTRANSGAZ AKSIYADORLIK JAMIYATINING URGANCHTRANSGAZ унитар корхонаси
Source ID 1086068 Claim ID 3175365 PDF Hash 96ddc79930aaea36... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 7
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 176-моддаси ИПК 176 law
ИПК 177-моддаси ИПК 177 law
аролик кодекси 670-моддаси аролик кодекси 670 code_article
ИПК 299-моддаси ИПК 299 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
йича ушбу Кодекс 302-моддаси йича ушбу Кодекс 302 code_article
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-2201-2201/3578-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья – Х.Рахимов Апелляция инстанциясида маърузачи судья – В.Қазақов Кассация инстанциясида маърузачи судья – Ш.Маҳмудов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 23 май Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Ш.Маҳмудовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев ва Б.Исрайловдан иборат таркибда, Н.Зармасовнинг котиблигида, даъвогарнинг вакиллари А.Ражабов (2023 йил 28 мартдаги 62-сонли ишончнома асосида), Ф.Хасанов (2023 йил 1 февралдаги 5-сонли ишончнома асосида), Д.Ахматов (2023 йил 28 мартдаги 2-сонли ордер ва шу кундаги ишончнома асосида), жавобгарнинг вакиллари А.Матякубов (2023 йил 10 январдаги 39-13/75-сонли ишончнома асосида), Х.Қобулов (2023 йил 28 мартдаги 39-14/1338-сонли ишончнома асосида), қўшимча жавобгар вакили М.Карабаев (2023 йил 4 январдаги 01-32/04д-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасининг “Remstroykomplekt invest injiniring” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси манфаатида, жавобгар “Urganchtransgaz” унитар корхонаси ва қўшимча жавобгар “Uztransgaz” акциядорлик жамиятидан солидар тартибда 17.647.630.469,95 сўм асосий қарз, 488.310.106 қўшимча лойиҳа сметани экспертизадан ўтказиш харажати, 92.820.420 сўм банк харажати, 352.952.600 сўм пеня, жами 18.581.713.595,95 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 7 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 8 февралдаги қарори устидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: даъво аризаси ва иш ҳужжатларидан кўринишича, “Remstroykomplekt invest injiniring” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси (буён матнда даъвогар деб юритилади) ва “Urganchtransgaz” унитар корхонаси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида “Бухоро-Урал” ва “Газли-Нукус” магистрал газ қувурларини боғловчи Амударё дарёсининг остидан 1.020 мм.лик ва 838 метр (ГНБ усулида) газ қувури қуриш ишларини бажариш ҳақида 2021 йил 20 январда 11/с-2021-сонли пудрат шартномаси тузилган. Шартноманинг 3-бандига асосан бажариладиган ишларнинг умумий қиймати 19.759.599.623 сўм қилиб белгиланган. Тарафлар ўртасида тузилган пудрат шартномасининг 16-17-бандларига кўра, жорий молиялаштириш бажарилган ишлар сифати текширилгандан кейин, берилган авансни ҳисобга олган ҳолда, ишларни бажариш ва молиялаштириш жадвалларига мувофиқ объектнинг умумий шартномавий жорий қийматининг 95 фоизигача доирасида амалга оширилади. Бажарилган ишлар қийматининг қолган 5 фоизи мазкур шартномада белгиланган кафолатли муддат тамом бўлгандан кейин, бироқ молия йили тугамасдан амалга оширилади. Мазкур шартномага асосан даъвогар томонидан 19.069.671.170 сўмлик ишлар бажарилган ва жавобгар томонидан 2022 йилнинг 21 февралда қабул қилиб олинган. Бироқ, даъвогар томонидан қўшимча бажарилган 17.674.630.469,95 пудрат ишлари ҳақи ва 438.660.760 сўм қўшимча лойиҳа-смета тузиш ва уни экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ зарар суммаси тўлаб берилмаган. Даъвогарнинг жавобгарга улар ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатнинг вужудга келишига асос бўлган шартномага қўшимча келишув тузиш, лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартириш ҳақидаги талабномалари натижасиз, қўшимча бажарилган ишларнинг қийматини тўлаш ҳақида юборган талабномалари эса, жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган. Шу сабабли, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) даъвогар манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ва “Uztransgaz” акциядорлик жамияти (бундан буён матнда қўшимча жавобгар деб юритилади)дан солидар тартибда 17.647.630.469,95 сўм асосий қарз, 488.310.106 қўшимча лойиҳа сметани экспертизадан ўтказиш харажати, 92.820.420 сўм банк харажати, 352.952.600 сўм пеня, жами 18.581.713.595,95 сўм ундиришни сўраган. Ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар, даъвогар судга даъво предметини ўзгартириш ҳақида ариза тақдим этиб, жавобгарлардан солидар тартибда 17.647.630.469,95 сўм бажарилган ишлар қиймати ва 438.660.760 сўм қўшимча лойиҳа-смета тузиш ва уни экспертизадан ўтказганлик учун етказилган зарарни ундиришни сўраган. Даъвогарнинг даъво предметини ўзгартириш ҳақидаги аризаси иш юритишга қабул қилиниб, иш ушбу талаб доирасида кўриб чиқилиши белгиланган. Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 7 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъвоси қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 46.516.441,50 сўм асосий қарз ундириш белгиланган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 8 февралдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Мазкур суд қарорлари устидан Палата томонидан кассация шикояти берилиб, шикоятда ҳал қилув қарори ва қарорни бекор қилиш, даъво талабини тўлиқ қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган. Даъвогарнинг вакиллари кассация шикояти важларини қувватлаб, тарафлар ўртасида тузилган пудрат шартномасига асосан 37.597.159.621 сўмлик пудрат ишлари бажарилганлиги, шундан 18.069.671.170 сўм тўлаб берилганлиги, лойиҳа-смета ҳужжатлари жавобгар билан келишилган ҳолда янгидан ишлаб чиқилганлиги, бурғулаш ишларининг тўхтатилиши объектининг нобуд бўлишига олиб келиши мумкин бўлганлиги муносабати билан даъвогар жавобгарнинг манфаатини кўзлаб дарҳол ҳаракат қилганлиги, қўшимча бажарилган ишлар учун 17.674.630.469,95 сўм ҳамда қўшимча лойиҳа-смета тузиш ва уни экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ 438.660.760 сўм зарар суммаси жавобгар томонидан тўлаб берилмаганлигини маълум қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилишни ва даъво талабини тўлиқ қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўрадилар. Суд мажлисида иштирок этган жавобгарнинг вакиллари, тарафлар ўртасида 2021 йил 20 январда пудрат шартномаси тузилганлиги, шартноманинг умумий суммаси 19.759.599.623 сўм қилиб белгиланганлиги, даъвогар томонидан бажарилган 19.069.671.170 сўмлик пудрат ишлари қабул қилиб олинганлиги, бунинг учун бажарилган ишлар қийматининг 95 фоиз қисми тўлаб берилганлиги, қолган 5 фоиз қисми кафолат муддати тугаши билан тўлаб берилиши, даъвогар томонидан ундирилиши талаб этилган сумма бўйича, яъни тарафлар ўртасида ишлар қийматини ошириш тўғрисида қўшимча шартнома имзоланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилмаганлигини билдириб, суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни сўрадилар. Қўшимча жавобгарнинг вакили кассация шикоятига нисбатан эътироз билдириб, уни қаноатлантиришни рад этишни сўради. Суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган бўлса-да, палата суд мажлисида ўз вакили иштирокини таъминламади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Судлов ҳайъати жойида маслаҳатлашиб, ишни палата вакили иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди. Судлов ҳайъати, тарафлар вакилининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади. ИПК 176-моддасининг олтинчи қисмига кўра, суднинг ҳал қилув қарори қонуний ва асослантирилган бўлиши керак. Бироқ, иш юзасидан қарор қабул қилишда судлар қайд этилган талабларга риоя қилмаган, ИПК 177-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган масалаларни ҳал этмаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларни тўлиқ аниқламасдан, даъвони қисман қаноатлантириш юзасидан ўзининг хулосаларини тўлиқ асослаб бермаган ҳамда даъвогар томонидан келтирилган далиллар ва важларга баҳо бермаган. Биринчи инстанция суди тарафлар ўртасида бажариладиган ишларнинг қийматини ошириш тўғрисида қўшимча шартнома имзоланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилмаганлиги ёки бажарилганлиги таъкидланаётган 37.597.159.621 сўмлик ишларнинг жавобгар томонидан қабул қилиб олинганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим қилинмаганлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2016 йил 23 декабрдаги 306-сонли қарорининг 6.2-бандига ҳавола қилиб, даъвонинг асосий қарз ундириш талабини 46.516.441,50 сўмга қаноатлантириб, қолган қисмини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида хулосага келган. Аммо, биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқланмасдан, бундай хулосага барвақт келган. Хусусан, суд даъвогар томонидан ўз талабларини асослантириш учун тақдим этилган мазкур низога алоқадор бўлган тарафларнинг ёзишмалари, йиғилиш баённомалари ва иш ҳужжатларидаги иш учун аҳамиятли бошқа далилларга баҳо бермаган. Уларни қарорнинг асоси учун қабул қилмаслик сабаблари асослаб берилмаган. Натижада, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосалар иш ҳолатларига номувофиқ бўлган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 670-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, пудратчи қурилиш давомида лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олинмаган ишларни ва шу муносабат билан қўшимча ишларни бажариш ва қурилишнинг смета қийматини ошириш зарурлигини аниқласа, бу тўғрида буюртмачига хабар бериши шарт. Жавобгарнинг 2021 йил 17 августдаги 1-сонли йилиши баённомасига кўра, даъвогар зиммасига лойиҳа-смета ҳужжатларига тегишли ўзгартириш киритиш вазифаси юклатилган. Даъвогарнинг 2022 йил 12 февралдаги хати билан янгидан ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари жавобгарга келишиш учун юборилган. Жавобгар томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ўрганиб чиқилиб, келишилган ва унинг 2022 йил 21 февралдаги хати билан айрим камчиликларни бартараф этиш, яъни импорт маҳсулотлар ва қурилиш материалларида қўлланилган 1,2 фоиз харажатларни, жавобгарнинг материалларидан 2 фоиз транспорт харажатларини чиқариб ташлаш ҳамда лойиҳага саноат хавфсизлиги бўйича экспертиза хулосасини олиш, давлат шаҳарсозлик бўйича экспертиза хулосасини олиш, Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази (НАПУ)дан хулоса олиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги 740-сонли қарорига асосан тегишли вазирликдан хулоса олиш сўралган. Жавобгар вакилларининг қайд этишича, ушбу камчиликлар (эътирозлар) даъвогар томонидан бартараф этилган. Бундан ташқари, тендер комиссиясининг 2022 йил 25 июндаги 6/191-сонли йиғилиш баёни билан ишлар даъвогар томонидан муваффақиятли амалга оширилганлиги, объект учун янгидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқиш зарурати туғилганлиги, шунга кўра, ишлаб чиқилган янги лойиҳа-смета ҳужжатлари “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” давлат унитар корхонасининг 2022 йил 7 майдаги 40147-сонли эксперт хулосасига асосан 37.597.159.621 эканлиги маълумот учун қабул қилинган. Аммо, биринчи инстанция суди томонидан ушбу далилларга баҳо берилмаган. Ваҳоланки, ИПК 177-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига биноан суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилиниши чоғида ишда иштирок этувчи шахсларнинг ўз талаблари ва эътирозларини асослантириш учун келтирган далиллари ва важларига баҳо берилиши лозим бўлган. Апелляция инстанцияси суди ҳам ушбу ҳолатларга аҳамият бермасдан, биринчи инстанция судининг даъвони қисман қаноатлантириш ҳақидаги хулосалари билан келишиб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида барвақт тўхтамга келган. ИПК 299-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, суд ишни кассация тартибида кўриш чоғида биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси суди томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлигини ва процессуал қонун талабларига риоя этилганлигини иш материаллари бўйича текширади. Кассация инстанцияси суди янги далилларни текширишга ва янги фактларни аниқлашга ҳақли эмас. ИПК 301-моддасининг 2-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ва тўртинчи қисмининг 4 ва 7-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган суд инстанциясига юборишга ҳақли. ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига кўра, иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати кассация шикоятини қисман қаноатлантириб, суд қарорларини бекор қилишни ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади. 6 Биринчи инстанция суди ишни янгидан кўришда, юқорида қайд этилган иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларни тўлиқ аниқлаши, хусусан, даъвогар ишларни тўхтатмасдан жавобгарнинг манфаатини кўзлаб дарҳол ҳаракатлар қилиши керак бўлганлиги ҳақидаги важларини ўрганиб, унга баҳо бериши, зарур бўлган ҳолларда ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажми ва қийматига аниқлик киритиш учун ИПКда белгиланган тартибда экспертиза (назорат ўлчови) тайинлаши, шунингдек тарафлар вакилининг ҳар бир важига баҳо бериши, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, қонуний, асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши ҳамда суд ҳаражатларини, шу жумладан ишни кассация инстанцияси судида видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ харажатларини ундириш масаласини ҳал этиши лозим бўлади. Юқоридагиларга кўра, судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 301-303-моддаларига асосланиб, Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасининг кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин. Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 7 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 8 февралдаги қарори бекор қилинсин. Иш янгидан кўриш учун Урганч туманлараро иқтисодий судига юборилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Ш.Маҳмудов ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев Б.Исрайлов