← Назад
Решение #595966 Экономические
Решение
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
2
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| кодекс | 26 | — | code_article | |
| онунни | 5 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
FARG’ONA TUMANLARARO
IQTISODIY SUDI
FERGHANA INTER-DISTRICT
ECONOMIC COURT
150105,Farg’ona shahri, Al-Farg’oniy ko’chasi,47
150105, Ferghana, Al-Fargoniy street, 47
е-mail: i.fargona.t@sud.uz
Tel: (+99873) 244 65 30, 244 65 40
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН
ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
2023 йил 16 май
4-1501-2302/3770-сонли иш
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг судьяси Д.С. Акрамова
раислигида, судья ёрдамчиси Б. Охуновнинг суд мажлиси котиблигида, даъвогар
вакили У.З. Абдурахмонов (2023 йил 5 май кунги 20/1-37379-сонли ишончномага
асосан), жавобгар вакили О. Иргашев (2023 йил 2023 йил 31 декабрь кунига қадар
берилган рақамсиз ишончномага асосан) иштирокида, НОМИнинг жавобгар
"НОМИ" масъулияти чекланган жамиятидан 298 007 543,5 сўм қўшилган қиймат
солиғини ундириш тўғрисидаги аризаси бўйича қўзғатилган иқтисодий ишни суд
биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
А Н И Қ Л А Д И:
Даъвогар НОМИ (бундан буён матнда Бошқарма деб юритилади) судга
даъво аризаси билан мурожаат этиб жавобгар "НОМИ" масъулияти чекланган
жамиятидан 298 007 543,5 сўм қўшилган қиймат солиғини (бундан буён матнда
ҚҚС деб юритилади) ундиришни сўраган.
Суд мажлисида даъвогар вакили даъво талабини қаноатлантиришни
сўраб, жавобгар даъво аризасида келтирилган контрагент ўртасида
расмийлаштирилган ҳисоб-фактуралар кўзбўямачилик учун тузилганини, уларга
сохта маълумотлар киритилганини, контрагенти солиқларни тўламасдан банкрот
деб топилиб тугатилганини, товарлар контрагентида бўлмаганини, жавобгар жами
298 007 543,5 сўм ҚҚС асоссиз равишда ҳисобга олганини тушунтириб ўтишди.
Жавобгар вакили даъвони ишни қонуний кўриб чиқишни сўраб, Қува
тумани цемент ишлаб чиқариш корхонаси қурилганини ва товарлар қурилишга
сотиб олиниб, ишлатилганини, товар Фарғона шаҳридаги “Польша” бозоридан
сотиб олинганини, сотувчи ҳисоб-фактурани берганини, сотувчига қишилган
қиймат солиғи ўтказиб берилганини, лекин солиқ контрагентдан ундирилмасдан
жамиятларидан ундириш сўралганини, камерал текшириш хужжатларини солиқдан
олишганларини тушунтириб ўтди.
Суд, тарафлар вакилларининг тушунтиришини тинглаб, иш ҳужжатларини,
далилларни текшириб, қуйидагиларга асосан аризани қаноатлантиришни лозим
деб топади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекснинг 26-моддасига асосан солиқ
хизмати органи солиқ тўловчи тўғрисидаги ўзида мавжуд ахборот, шунингдек
бошқа шу каби солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотлар асосида солиқлар
суммасини ҳисоб-китоб орқали мустақил равишда аниқлайди.
“Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг
Қонунни 5-моддасининг 5-бандига асосан солиқ хизмати органи бюджетга ва
давлат мақсадли жамғармаларига ўтказилиши лозим бўлган солиқлар суммасини
солиқ тўловчи тўғрисидаги, шунингдек унга ўхшаш бошқа солиқ тўловчилар
ҳақидаги ўзларида мавжуд бўлган маълумотлар асосида ҳисоб-китоб қилиш орқали
мустақил равишда аниқлаш ҳуқуқи берилган.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекснинг (бундан буён матнда СК деб
юритилади) 266-моддасининг 14-қисмига кўра, агар ҳисобга олиш ҳуқуқи
товарларни (хизматларни) олиш бўйича қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган
битим натижасида вужудга келганлигига оид далиллар мавжуд бўлса, солиқ
органлари ҳисобга олишни бекор қилишни ёки унга тузатишни амалга оширишга
ҳақли.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Бошқарманинг 2023 йил 7 апрель кунги
20/1-00506-kt-сонли буйруғига асосан "НОМИ" МЧЖда 2020 йил январь-2021
декабрь ойлари ва 2022 йилни январь-февраль ойлари давомидаги фаолиятида
қўшилган қиймат солиғи тўғри ҳисоблаб чиқарилиши ва бюджетга тўланиши
юзасидан камерал солиқ текшируви ўтказилган. Текшириш натижалари бўйича
тузилган далолатнома солиқ тўловчини кабинетига юборилган.
Шунингдек, текширув натижаларига кўра, 2023 йил 6 май кунги солиқ
ҳисоботларига тузатиш киритиш ҳақидаги 20/1-27614-сонли талабнома юборилган.
Солиқ тўловчи томонидан ҳисоботларига тузатиш киритилмагани
учун Бошқарма судга даъво аризаси билан мурожаат этган.
Камерал текшириш давомида аниқланишича, жавобгар-харидор ҳамда
етказиб берувчи “Plast Comp Lider” МЧЖ) (306102722, солиқ сайтидаги
маълумотга асосан банкрот деб топилган) ўрталарида расмийлаштирилган ҳисобфактураларда келтирилган товарлар аслида етказиб берувчида мавжуд бўлмаган.
Бундан ташқари, шубҳали деб топилган контрагентни балансида ҳеч қандай
асосий воситалар, ишлаб чиқариш активлари, омборхона, транспорт воситалари ва
етарли ишчи-ходимлар сони
бўлмаган ёки улар томонидан транспорт
воситаларини ижара олинмаган.
Жавобгар юқорида келтирилган контрагенти билан тузилган шартномада
ҳамда расмийлаштирган ҳисоб-фактураларда келтирилган товарлар олинганини
тасдиқловчи ишончли далил даъвогарга ёки судга тақдим этмади ва судда уларни
олишни бошқа имконияти мавжуд эмас.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 1 августдаги
213-сон Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида автомобиль
транспортида юкларни ташиш қоидалари” Қоидаларда белгиланишича,
“Автомобиль транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига
мувофиқ автомобиль транспортида ташиш жараёни қатнашчиларининг ўзаро
муносабатларини, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини
тартибга солади, шунингдек юкларни ташишга, уларнинг сақланишига
қўйиладиган талабларни ва Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида
юкларни ташишнинг бошқа шарт-шароитларини белгилайди. Ушбу Қоидаларнинг
амал қилиши фуқароларга мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида
тегишли бўлган автомототранспорт воситаларини қўллаган ҳолда шахсий
эҳтиёжлар учун улар томонидан бажариладиган юкларни ташишга татбиқ
этилмайди, холос.
Қоиданинг 5-бандида ташиш шартномаси деб ташувчи унга юкни
жўнатувчи томонидан ишониб топширилган юкни бориш пунктига етказиб бериш
ва уни юкни олишга вакил қилинган шахсга (юкни олувчига) топшириш
мажбуриятини олган, юкни жўнатувчи эса юк ташилганлиги учун белгиланган
тўловни тўлаш мажбуриятини олган битим тушунилиши; юкни жўнатувчи —
юкнинг мулкдори номидан иш кўрувчи ёки ташиш шартномаси бўйича юкнинг
мулкдори ҳисобланган жисмоний ёки юридик шахс; юкни олувчи — юкни олишга
ваколат берилган ва юкка доир илова ҳужжатларида кўрсатилган жисмоний ёки
юридик шахс; юк — юкни олувчига бериш учун юкни жўнатувчидан ташишга
қабул қилиб олинган моддий бойликлар; йўл варақаси — автотранспорт
воситасининг ишини аниқлаш ва ҳисобга олиш учун белгиланган намунадаги
юридик ҳужжат; товар-транспорт юкхати — транспорт жараёнининг қатнашчилари
учун ягона бўлган, товар-моддий бойликларни ҳисобдан чиқаришга, уларни йўлда
ҳисобга олишга, кирим қилишга, омбор, тезкор ва бухгалтерия ҳисоби учун,
шунингдек юк ташилганлиги учун ҳисоб-китоб қилиш ва бажарилган ишнинг
ҳисобини юритиш учун мўлжалланган ҳужжат ҳисобланиши, деган
тушунтиришлар берилган.
Ушбу Қоиданинг 7-бандига мувофиқ автомобиль транспортида юкларни
ташиш ташиш шартномаси асосида амалга оширилиши лозим.
Қоиданинг 47-бандида “Товар ва нотовар хусусиятга эга бўлган юкларни
ташиш товар-транспорт юкхати билан расмийлаштирилиши керак”; 48-бандида
“Юк ортиладиган автотранспорт воситасининг товар-транспорт юкхатлари ва йўл
варақалари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ҳисобланади, матбаа усулида
тайёрланади, ҳисобга олиш серияси ва тартиб рақамига эга бўлади”; 49-бандида
“Товар-транспорт юкхати белгиланган тартибда юкни жўнатувчи томонидан ҳар
бир боришга ҳар бир юкни олувчининг номига алоҳида тўрт нусхада тузилади,
улардан: биринчи нусха юкни жўнатувчида қолади ва товар-моддий бойликларни
ҳисобдан чиқаришни (зарарни) ҳисобга олиш учун мўлжалланади; иккинчи нусха
юкни олувчига берилади ва у томонидан моддий бойликлар кирим қилиниши учун
асос бўлиб хизмат қилади; учинчи ва тўртинчи нусхалар ташувчига берилади
ҳамда ташувчининг мижоз билан ҳисоб-китоб қилиши ва автотранспорт ишини
ҳисобга олиш учун хизмат қилади”, деб белгиланган.
Келтирилган меъёрий хужжатни талаби бўйича жавобгар омборига кирим
қилган товарлар олиб келинганини тасдиқловчи транспорт юк хатини нусхаси
бўлиши шарт эди. Товар контрагентларда бўлмагани учун тегишли тартибда юк
хатлари расмийлаштирилмаган.
СК 14-моддасининг бешинчи қисмига кўра, агар солиқ тўловчи ягона ёки
устувор мақсади солиқ тўламаслик тарзидаги асоссиз солиқ нафи олишдан ёхуд ўзи
тўлайдиган
солиқларнинг
суммасини
камайтиришдан
иборат
бўлган
операцияларни ёки операциялар кетма-кетлигини амалга оширса, унинг бундай
ҳаракатлари ушбу Кодекс мақсадларида ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб эътироф
этилади.
Ушбу модданинг саккизинчи қисмига кўра, ушбу моддада кўрсатилган
ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун
тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини
қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса,
солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилади.
СК 15-моддаси кўра, Солиқ муносабатларида солиқ тўловчилар
контрагентларни танлаш чоғида уларнинг солиқ органларида солиқ тўловчилар
сифатида ҳисобга қўйилганлигини, контрагентнинг ишбилармонлик обрўсини,
ишлаб чиқариш базаси ва ходимлари мавжудлигини, молиявий ҳолатини, битим
бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини текшириб, лозим даражада
эҳтиёткорлик қилиши шарт.
Солиқ тўловчи томонидан унинг олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган
шахслар билан тузилган битимлар бўйича қилинган харажатлар (кўрилган
зарарлар), агар ушбу солиқ тўловчи битим тузаётганда лозим даражада
эҳтиёткорлик қилмаган бўлса, солиқ солиш мақсадида тан олинмайди.
Солиқ органлари солиқ тўловчиларга контрагентларнинг солиқ
органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги
ахборотдан, шунингдек бошқа ахборотдан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ
қўмитаси томонидан белгиланган тартибда фойдаланиш имкониятини беради.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар
томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 2023
йил 4 февраль кунги Пленуми қарорининг 16-бандида Солиқ кодексининг 14моддасига асосан солиқ органлари солиқ солиш мақсадида барча битимлар ва
солиқ тўловчи киришадиган бошқа иқтисодий муносабатлар, уларнинг юридик
жиҳатдан расмийлаштирилиши усулидан ёки шартноманинг номланишидан қатъий
назар, ўзининг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олиш
ваколатига эга.
Бунда қўшимча солиқ ҳисобланиши натижасида ҳосил бўлган
солиқ қарзи солиқ органларининг солиқ текшируви бўйича ҳуқуқни суиистеъмол
қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг)
ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллашга асосланган ва
бунга солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда солиқ органи ҳосил бўлган солиқ
қарзини ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича судга
ёки иқтисодий судга мурожаат қилиши лозим.
Солиқ тўловчининг юқорида қайд этилган норозилиги солиқ текшируви
якуни бўйича текширув материалларини кўриб чиқиш босқичи тугагунга қадар
билдирилмаган бўлса, солиқ органининг солиқни қўшиб ҳисоблаш тўғрисида қабул
қилган қарори юзасидан маъмурий судда низолашиш мумкин.
Судларнинг эътибори солиқ органининг ҳуқуқни суиистеъмол қилиш ёки
битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатлари бўйича
солиқ қарзини суд орқали ундириш ҳақида қабул қилган қарори солиқ тўловчи
учун ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармаслиги сабабли, уни ҳақиқий эмас деб топиш
ҳақидаги талаб судга тааллуқли эмаслигига қаратилсин,” деган тушунтиришлар
берилган.
Даъвогарнинг жавобгардан 298 007 543,5 сўм ҚҚС ундириш талабини
қонуний ва асосли бўлгани учун суд уни қаноатлантиришни лозим деб топади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекснинг (ИПК) 118модасига мувофиқ жавобгардан Бошқарма фойдасига ва 30 000 сўм почта
харажатини ва республика бюджетига 5 960 150,87 сўм давлат божини ундиришни
лозим деб топди.
Бинобарин, суд ИПК 118, 176-179, 188-моддаларига асосан,
ҚАРОР
Қ И Л Д И:
Даъво талаби қаноатлантирилсин.
Жавобгар "НОМИ" масъулияти чекланган жамиятидан даъвогар Фарғона
вилоят давлат солиқ бошқармаси орқали давлат бюджетига 298 007 543,5 сўм
қўшилган қиймат солиғи ва даъвогар фойдасига 30 000 сўм почта харажати
ундирилсин.
5
Жавобгардан республика бюджетига 5 960 150,87 сўм давлат божи
ундирилсин.
Ҳал қилув қарори устидан бир ой муддат ичида шу суд орқали Фарғона
вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича апелляция судлов ҳайъатига шикоят
(прокурор протест) келтирилиши мумкин.
Д.С. Акрамова