Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-2002-2201/1464 Дата решения 11.05.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Таджиев Ибрагим Исакович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Бухоро вилоят божхона бошқармаси Ответчик / Подсудимый "A B C QOROVULBOZOR" масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1083227 Claim ID 3272062 PDF Hash 813d36c877312bf4... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 9
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
бандида ФКнинг 955-моддаси бандида ФК 955 law
нинг 345-моддаси нинг 345 law
БКнинг 347-моддаси БКнинг 347 law
олаверса БК 345-моддаси олаверса БК 345 law
ИПК 33-моддаси ИПК 33 law
ИПК 34-моддаси ИПК 34 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-2002-2201/1464-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья Ф.Муродов Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья М.Болтаев Кассация инстанцияси судида маърузачи судья И.Таджиев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 11 май Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари В.Сатторова ва И.Таджиевдан иборат таркибда, З.Қодировнинг котиблигида, “Asko-Vostok” АЖ вакиллари даъвогар вакиллари – юридик бўлим бошлиғи Д.Уразов (2023 йил 25 мартдаги 96-сонли ишончнома асосида) ва бош юрисконсульт А.Худайберганов (2023 йил 14 февралдаги 15-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, даъвогар Божхона қўмитаси Бухоро вилояти бўйича бошқармасининг жавобгарлар “ABC Qorovulbozor” масъулияти чекланган жамиятидан 299 354 756,04 сўм ва “Asko-Vostok” акциядорлик жамияти суғурта ташкилотидан 276 700 000 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Бухоро вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 24 мартдаги қарори устидан даъвогар томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “ABC Qorovulbozor” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар ёки МЧЖ деб юритилади) 2021 йил 31 мартда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади)га ариза билан мурожаат қилиб, Афғонистон давлатидан олиб келинган “саженцы гранат обыкновенный” товарини “эркин муомалага чиқариш” (ИМ-40) божхона режимига расмийлаштириш учун тўланиши лозим бўлган божхона тўловларини тўлаш муддатини божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш асосида кечиктириб тўлашга рухсат беришни сўраган. Жавобгар томонидан тўланиши лозим бўлган умумий миқдори 721 295 435,46 сўмлик божхона тўловларининг бир қисми учун 455 000 000 сўм миқдоридаги божхона тўловлари тўланишини таъминлаш учун “Asko-Vostok” акциядорлик жамияти суғурта ташкилоти (бундан буён матнда суғурта ташкилоти ёки АЖ деб юритилади) томонидан берилган 81-62/СС00619-1-рақамли суғурта полисини божхона органига тақдим қилган. Мазкур суғурта полиси суғурта ташкилоти ва жавобгар ўртасида тузилган 2021 йил 31 мартдаги жавобгарнинг божхона тўловлари бўйича фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш бўйича AVT-81-62/СС00619-сонли суғурта шартномаси асосида тақдим қилинган бўлиб, шартнома шартларига кўра МЧЖ томонидан белгиланган муддатларда божхона тўловлари тўланмаган тақдирда, суғурта ташкилоти 455 000 000 сўмлик божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Шунинг учун даъвогарнинг 2021 йил 2 апрелдаги қарорига мувофиқ, МЧЖнинг товарлари учун тўланиши лозим бўлган 455 000 000 сўмлик божхона тўловларини “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига божхона юк декларацияси (БЮД) рўйхатга олинган кундан эътиборан, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни 120 календарь кунга, бошқа божхона тўловларини 60 календарь кундан ошмаган муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилган. Жавобгар томонидан суғурта полисида кўрсатилган суғурта суммасининг 180 095 971,65 сўм миқдоридаги божхона тўловлари амалга оширилган. Бироқ, давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган жами 576 054 756,04 сўмлик божхона тўловлари тўлаб берилмаган. Шу сабабли даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 299 354 756,04 сўм ва суғурта ташкилотидан 276 700 000 сўмлик божхона тўловларидан юзага келган қарздорликни ундиришни сўраган. Когон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 18 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилган. Бухоро вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 24 мартдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгартирилган. Ҳал қилув қарорининг суғурта ташкилотидан 276 700 000 сўм қарздорлик ундириш қисми бекор қилинган ва даъвонинг суғурта ташкилотидан 276 700 000 сўм қарздорлик ундириш талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилинган. Ҳал қилув қарорининг суд харажатлари тақсимлаш қисми ўзгартирилган. Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилсин. Иш юзасидан қабул қилинган апелляция инстанцяси судининг қарори устидан даъвогар кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда божхона қонунчилигида ҚҚС тўлов муддатини узайтириш ва ҚҚСни тўлаш муддатини узайтирилиши БЮД расмийлаштирилган кундан бошлаб 120 кундан ошмаслиги кераклиги белгиланганлиги, божхона тўловлари тўланишини таъминлаш юзасидан божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш назарда тутилганлиги, жавобгар томонидан олиб келинган маҳсулотларнинг божхона тўловларининг бир қисми, яъни 455 000 000 сўм миқдоридаги божхона тўловлари тўланишини таъминлаш воситаси сифатида суғурта ташкилоти томонидан берилган суғурта полиси даъвогарга тақдим этилганлиги, суғурта полиси асосида 455 000 000 сўм божхона тўловларини тўлаш муддатини ҚҚСни 120 календарь кунгача, бошқа божхона тўловларини 60 календарь кундан ошмаган муддатга кечиктириб тўлаш имконияти берилганлиги, суғурта шартномасида жавобгар томонидан белгиланган муддатларда божхона тўловлари тўланмаган тақдирда, суғурта ташкилоти божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олиши, жавобгар суғурта полиси тақдим этилган 455 000 000 сўм миқдоридаги божхона тўловларининг 180 095 971,65 сўмлик қисми божхона органига тўлаб берилганлиги, жавобгар томонидан суғурта полиси билан таъминланган божхона тўловларининг қолган 276 700 000 сўм миқдоридаги божхона тўловлари тўланмаган ва суғурта ҳодисаси юзага келганлиги, апелляция инстанцияси суди ўз қарорида Олий суднинг 2017 йил 29 ноябрдаги 45-сонли Пленум қарорининг 15-банди талабларини баён этган бўлса-да, суғурта пулини тўлашни рад этишнинг Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 955-моддасида белгиланган ҳеч бир асосини келтирмаганлиги, ваҳоланки, ушбу қарорнинг 15.1-бандида ФКнинг 955-моддасида назарда тутилган суғурта товонини тўлашни рад этиш учун асослар мавжудлигини аниқлаши кераклиги кўрсатилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси (бундан буён матнда БК деб юритилади)нинг 345-моддасида суғурта полиси билан таъминланган мажбурият тўловчи томонидан бажарилмаган тақдирда божхона тўловларининг суммаси ва фоизлар суғурта полисини берган суғурталовчидан божхона органи томонидан сўзсиз тартибда қонунчиликка мувофиқ ундириб олиниши белгиланганлиги, БКнинг 347-моддасида кечиктириш муддати тугаган куннинг эртасидан қарздорлик юзага келган кун деб ҳисобланиши, 351-моддасида эса қарздорлик сўзсиз тартибда ундирилиши тўғрисида инкассо топшириқномаси юбориш орқали амалга оширилиши кўрсатиб ўтилганлиги, даъвогар томонидан суғурта ташкилотининг банкдаги ҳисобварағига 2021 йил 18 декабрдаги 273-сонли инкассо топшириқномаси қўйилган бўлишига қарамай пул маблағлари ундирилмаганлигини кўрсатган. Суднинг 2023 йил 11 апрелдаги ажрими билан даъвогар унинг ҳуқуқий вориси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси билан алмаштирилган. Суд мажлисида суғурта ташкилоти вакили шикоятда келтирилган важларга эътироз билдириб, даъво талабида суғурта ташкилотидан қарздорлик ундириш сўралганлиги, суғурта ташкилотининг даъвогар олдида қарздорлиги йўқлиги, суғурта товони тўлаш мажбурияти мавжудлиги, даъво предмети суғурта товони ундириш эмаслиги, суғурта ташкилоти Бош офисининг банкдаги ҳисоб рақамига инкассо топшириқномаси қўйилмаганлиги, инкассо топшириқномаси Бухоро филиалининг ҳисоб рақамига қўйилганлиги, бугунги кунда ҳам суғурта ташкилотининг ҳисоб рақамига инкассо топшириқномаси қўйиб, пул маблағлари ундириш имкони мавжудлиги, суғурта ташкилотининг Бош офиси Тошкент шаҳрида жойлашганлиги сабабли, даъвогар Тошкент туманлараро иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиши лозим бўлганлигини баён қилиб, кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни ва апелляция инстанцияси судининг қарорини ўз кучида қолдиришни сўради. Даъвогар ва МЧЖ суд муҳокамаси вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинган бўлса-да, улардан вакил суд мажлисига келмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов ҳайъати ишни даъвогар ва МЧЖнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Судлов ҳайъати суғурта ташкилоти вакилининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни лозим топади. ФК 2-моддасининг олтинчи қисмига кўра, бир тарафнинг иккинчи тарафга маъмурий бўйсунишига асосланган мулкий муносабатларга, шу жумладан солиқ, молиявий ва бошқа маъмурий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонунчилиги қўлланилмайди, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно. БК 329-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, божхона органининг қарорига асосан тўловчига божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 февралдаги 76-сонли қарори билан тасдиқланган “Товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 8-9-бандларида товарларни импорт қилишда солиқ тўловчиларга ҚҚС тўлов муддатини узайтириш имконияти давлат божхона хизмати органининг қарори билан берилиши, ҚҚСни тўлаш муддатининг узайтирилиши божхона декларацияси расмийлаштирилган кундан бошлаб 120 кундан ошмаслиги кераклиги белгиланган. БК 336-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ божхона тўловлари тўланишини таъминлаш ушбу Кодекснинг 87, 93, 95, 222, 223, 236, 272, 321 ва 329-моддаларида белгиланган ҳолларда қўлланилади. БК 345-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмига кўра, божхона тўловлари тўланишини таъминлаш сифатида тўловчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш шартномасига кўра суғурталовчининг мажбуриятлари кучга кирганлигини тасдиқловчи суғурта полиси қўлланилиши мумкин. Суғурта полиси билан тасдиқланадиган божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммасининг миқдори тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг ва фоизларнинг суммасидан кам бўлмаслиги керак. Даъвогар божхона қонунчилигининг ушбу нормаларига асосланиб, МЧЖнинг мурожаати ва суғурта ташкилоти томонидан берилган 81-62/СС00619-1-рақамли суғурта полисига асосан жавобгар томонидан тўланиши лозим бўлган умумий миқдори 721 295 435,46 сўмлик божхона тўловларининг тўланиши лозим бўлган 455 000 000 сўмлик божхона тўловларини “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига БЮД рўйхатга олинган кундан эътиборан, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни 120 календарь кунга, бошқа божхона тўловларини 60 календарь кундан ошмаган муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берган. Жавобгар томонидан суғурта полисида кўрсатилган суғурта суммасининг 180 095 971,65 сўм миқдоридаги божхона тўловлари амалга оширилган. Бироқ, давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган жами 576 054 756,04 сўмлик божхона тўловлари тўлаб берилмаган. БК 347-моддаси иккинчи қисмининг 2-хатбошисида божхона тўловлари уларни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш муддати тугаганидан кейин тўланмаганда, кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш муддати тугаган куннинг эртасидан қарздорлик юзага келган кун деб ҳисобланиши белгиланган. БК 351-моддасининг биринчи қисмига кўра, божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўловчининг банк ҳисобварақларида турган пул маблағлари ҳисобидан ундириш божхона органи томонидан банкка пул маблағларининг сўзсиз тартибда ундирилиши тўғрисидаги инкассо топшириқномасини юбориш орқали амалга оширилади. Шу сабабли даъвогар 2021 йил 10 август куни МЧЖнинг банкдаги ҳисоб рақамига 431 150 727,69 сўм ва 2021 йил 18 октябрда 325 000 000 сўм миқдоридаги божхона тўловларини сўзсиз тартибда ундириш учун 131 ва 208-сонли инкассо топшириқномари қўйган. Бироқ, МЧЖнинг банкдаги ҳисоб рақамида пул маблағлари бўлмаганлиги сабабли, ушбу инкассо топшириқномалари бўйича ундирув амалга оширилмаган. БК 345-моддасининг учинчи қисмига асосан, суғурта полиси билан таъминланган мажбурият тўловчи томонидан бажарилмаган тақдирда божхона тўловларининг суммаси ва фоизлар суғурта полисини берган суғурталовчидан божхона органи томонидан сўзсиз тартибда қонунчиликка мувофиқ ундириб олинади. Шунинг учун, даъвогар томонидан суғурта ташкилотининг банкдаги ҳисоб рақамига 276 700 000 сўмлик божхона тўловларини сўзсиз тартибда ундириш учун 2021 йил 18 декабрда 273-сонли инкассо топшириқномаси қўйилган. Аммо, ушбу инкассо топшириқномаси бўйича ҳам ундирув амалга оширилмаган ва шу сабабли даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 299 354 756,04 сўм ва суғурта ташкилотидан 276 700 000 сўмлик божхона тўловларидан юзага келган қарздорликни ундиришни сўраган ва биринчи инстанция суди даъвогарнинг талабини қаноатлантириш ҳақида асосли хулосага келган. Апелляция инстанцияси суди даъвогар томонидан суғурта ташкилотига юзага келган қарздорликни эмас, балки суғурта товонини ундириш ҳақида талаб қўйишга ҳақли эканлиги, шу сабабли биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг суғурта ташкилотидан 276 700 000 сўм қарздорликни ундириш тўғрисидаги қисми асоссиз эканлиги тўғрисида хулосага келган. Апелляция инстанцияси суди ўз хулосасини Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан суғурта шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2017 йил 29 ноябрдаги 45-сонли қарори (бундан буён матнда Пленум қарори деб юритилади)нинг 15.1-бандида ФК 955-моддасининг учинчи қисмида суғурталовчи суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлашни рад этганлиги юзасидан суғурта қилдирувчи (наф олувчи)нинг унга (суғурталовчига) нисбатан судга даъво бериш орқали низолашиш ҳуқуқи белгиланганлиги, суғурта қилдирувчи (наф олувчи) томонидан ушбу ҳуқуқдан фойдаланилганда, даъво аризасидаги талаб тўлашни рад этишни ноқонуний деб топиш ҳақида эмас, балки суғурта товонини ёки суғурта пулини ундириш ҳақида бўлиши лозимлиги тўғрисида тушунтириш берилганлиги билан асослаган. Бироқ, Пленум қарорининг мазкур бандида судларнинг эътибори суғурталовчи томонидан суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлашни рад этганда суғурта қилдирувчи (наф олувчи) судга суғурталовчининг бундай ҳаракатини ноқонуний деб топиш талаб билан эмас, балки мулкий талаб (суғурта товонини ёки суғурта пулини ундириш) билан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш лозимлигига қаратилган. Қолаверса БК 345-моддасининг учинчи қисмида ҳам суғурта полиси билан таъминланган мажбурият тўловчи томонидан бажарилмаган тақдирда божхона тўловларининг суммаси ва фоизлар суғурта полисини берган суғурталовчидан божхона органи томонидан сўзсиз тартибда қонунчиликка мувофиқ ундириб олиниши белгиланган. Шунингдек, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорининг суғурта ташкилотига оид қисмини бекор қилиш учун Пленум қарорининг 22.1-бандида қонун ҳужжатларида мажбурият бажарилишининг таъминоти сифатида тузилган суғурта шартномаси бўйича суғурталовчининг суғурта пули тўлаш ва қарздорнинг асосий мажбурияти бўйича солидар жавобгарлиги назарда тутилмаганлиги, шу муносабат билан судлар шуни инобатга олиши керакки, суғурталовчи ва асосий қарздорга нисбатан арз қилинган бундай талабнинг суғурталовчига нисбатан қисмини қаноатлантириш рад этилиши, талабнинг қарздорга нисбатан қисми эса мазмунан кўрилиши лозимлиги ҳақида тушунтириш берилганлигини асос қилиб кўрсатган. Бироқ, апелляция инстанцияси томонидан даъвогар томонидан қарздорликни солидар ундириш тўғрисида талаб қўйилмаганлиги, балки жавобгар ва суғурта ташкилотига алоҳида талаблар қўйилганлиги, бундай ҳолатда ҳар бир талаб алоҳида тарзда жавобгарларга нисбатан кўрилиши лозим бўлганлигини эътибордан четдан қолдирган. Бундан кўринадики, апелляция инстанцияси суди томонидан Пленум қарори кўрсатмаларини нотўғри талқин қилинган, бу эса ноқонуний қарор қабул қилишга сабаб бўлган. Суғурта ташкилоти вакилининг АЖ Бош офисининг банкдаги ҳисоб рақамига инкассо топшириқномаси қўйилмаганлиги, инкассо топшириқномаси Бухоро филиалининг банкдаги ҳисоб рақамига қўйилганлиги ҳақидаги важи билан судлов ҳайъати келишмайди. Чунки, даъвогар томонидан 2021 йил 18 декабрда айнан суғурта ташкилотининг банкдаги ҳисоб рақамига 276 700 000 сўмлик божхона тўловларини сўзсиз тартибда ундириш учун 273-сонли инкассо топшириқномаси қўйилган. Суғурта ташкилоти вакилининг АЖ Бош офиси Тошкент шаҳрида жойлашганлиги сабабли, даъвогар Тошкент туманлараро иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиши лозим бўлганлиги ҳақидаги важи ҳам асоссиздир. Чунки, ИПК 33-моддасининг иккинчи қисмига биноан юридик шахсларга нисбатан уларнинг алоҳида бўлинмалари фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар алоҳида бўлинмалар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади. Мазкур ҳолатда 81-62/СС00619-1-рақамли суғурта полиси АЖнинг Бухоро шаҳар филиали томонидан берилган. Қолаверса, ИПК 34-моддасининг биринчи қисмига кўра, турли ерларда жойлашган бир неча жавобгарга нисбатан даъволар даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгарлардан бири давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади. Мазкур ҳолатда МЧЖ Бухоро вилояти, Қоравулбозор туманида, АЖ эса Тошкент шаҳрида давлат рўйхатидан ўтган. ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандида моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлиши, иккинчи қисмининг 3-бандида қонунчилик ҳужжатининг нотўғри талқин қилинганлиги моддий ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши эканлиги белгиланган. ИПК 301-моддасининг 6-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича айрим суд ҳужжатларини бекор қилиш ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга ҳақли. Баён этилганларга кўра, судлов ҳайъати даъвогарнинг кассация шикоятини қаноатлантиришни, апелляция инстанция судининг қарорини бекор қилишни ва биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари суғурта ташкилоти зиммасига юклатилади. Суғурта ташкилоти томонидан апелляция шикояти билан мурожаат қилишда тўланган 2 767 000 сўм давлат божи ва 30 000 сўм почта харажатини зиммасида қолдиради. Ишни кассация инстанцияси судида кўриш учун суғурта ташкилотидан республика бюджетига 2 767 000 давлат божи ва даъвогар фойдасига 30 000 сўм почта харажати ундирилади. Иш апелляция инстанцияси судида видеоконференцалоқа режимида кўрилганлиги сабабди суғурта ташкилотидан Олий суднинг депозит рақамига 75 000 сўм суд харажатлари ундирилади. Шунингдек, апелляция инстанцияси судининг қарори бўйича ундирув бекор қилинади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 – 303 ва 343-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: Божхона қўмитаси Бухоро вилояти бўйича бошқармасининг кассация шикояти қаноатлантирилсин. Бухоро вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 24 мартдаги қарори бекор қилинсин. Когон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 18 январдаги ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилсин. “Asko-Vostok” акциядорлик жамиятидан: - республика бюджетига 2 767 000 сўм давлат божи; - Божхона қўмитасининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси фойдасига 30 000 сўм почта харажатлари; - Олий суднинг депозит рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатлари ундирилсин. Ижро варақалари берилсин. Бухоро вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 24 мартдаги қарори бўйича ундирув бекор қилинсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Б. Сайфуллаев ҳайъат аъзолари: В. Сатторова И. Таджиев