Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1001-2202/54072 Дата решения 10.05.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Исрайлов Бахтиёр Адилович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "ТИФ МИЛЛИЙ БАНКИ" акционерлик жамияти Ответчик / Подсудимый KAFIL-SUG`URTA давлат акционерлик бирлашмаси
Source ID 1082670 Claim ID 3110078 PDF Hash d57c53d51dd92029... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 8
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
нинг 234-моддаси нинг 234 law
ФКнинг 915-моддаси ФКнинг 915 law
ФКнинг 236-моддаси ФКнинг 236 law
онун 40-моддаси онун 40 law
Биринчи инстанция суди ИПКнинг 171-моддаси Биринчи инстанция суди ИПК 171 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1001-2202/54072-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья М.Султонов Апелляция инстанциясида маърузачи судья В.Ли Кассация инстанциясида маърузачи судья Б.Исрайлов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 10 май Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Ш.Махмудовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев ва Б.Исрайловдан иборат таркибда, Н.Зармасовнинг котиблигида, “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти вакили Б.Аблабеков ва У.Қаршибоев (2023 йил 17 январдаги 01-112/08-сонли ишончномага асосан), А.Холисбоев (2023 йил 4 январдаги 01/3-6/06-сонли ишончномага асосан), “Kafil sug’urta” акциядорлик жамияти вакили О.Солиев (2023 йил 5 январдаги 5-1/05-9-сонли ишончномага асосан)нинг иштирокида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти манфаатида жавобгар “Kafil sug’urta” масъулияти чекланган жамиятидан суғурта товони ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан чиқарилган Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 7 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 12 январдаги қарори устидан жавобгар томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти (банк, бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва “Well Kapital Luyks” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда қарздор деб юритилади) ўртасида 2020 йил 8 июлда 2020-16-сонли кредит шартномаси тузилган ва ушбу шартномага асосан даъвогар томонидан йиллик 22%, 18 ойга, Тошкент шаҳар, Бектемир тумани, Хусайн Байқаро кўчаси, 77-уй ёнида кўп қаватли уй-жой қуриш мақсадида айланма маблағларни тўлдириш учун 2 800 000 000 сўм миқдорида кредит ажратилган. Даъвогар, жавобгар ва қарздор ўртасида тузилган 2020 йил 9 июлдаги 11-К-/1198-сонли шартномага асосан 350 000 000 сўмлик ҳамда 2020 йил 9 августдаги 11-01-19-1205/1-2020-сонли шартномага асосан 508 711 900 сўм кредит қайтмаслик хатаридан сақлаш суғурта шартномаси имзоланган бўлиб, унга кўра, жавобгар қарздор томонидан шартнома шартлари лозим даражада бажарилмай, кредит тўлови тўланмай қолганда, суғурта товонини тўлаш мажбуриятини олган. Қарздор томонидан кредит қарздорлиги муддатида тўланмаганлиги сабабли Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти манфаатида жавобгар “Well Kapital Luyks” масъулияти чекланган жамияти, Нигматова Муаззам Абдуганиевна ва Хакимов Зокир Насировичга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожат қилиб, кредит қарздорлигини ундиришни сўраган. Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2021 йил 15 декабрдаги 2-1003-2106/19478-сонли ҳал қилув қарори билан қарздордан даъвогар фойдасига 3 352 839 776 сўм қарздорликни ундириш, ундирувни М.Нигматовага тегишли бўлган Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Исломобод МФЙ, Исломобод кўчаси, 34Б-уйда жойлашган кўчмас мулк ва З.Хакимовга тегишли “Каптива” русумли 2015 йилда ишлаб чиқарилган, давлат рақами 01Х990GB бўлган автотраспорт воситасига қаратиш белгиланган. Ҳал қилув қарори юзасидан берилган ижро варақасига асосан Мажбурий ижро бюроси (бундан буён матнда МИБ деб юритилади)нинг Бектемир туман бўлими томонидан ижро иши қўзғатилиб, фуқаро М.Нигматовага тегишли бўлган кўчмас мулк e-auksion.uz портали орқали сотилиб, 1 109 482 150 сўм пул ҳамда фуқаро З.Хакимовга тегишли бўлган автотранспорт воситаси аукцион орқали сотилиб, 187 495 000 сўм пул кредит қарздорлигини сўндириш учун йўналтирилган. МИБ томонидан ижро ҳаракатлари давом эттирилиб, қарздорнинг мол-мулки ва пул маблағлари мавжуд эмаслиги сабабли ижро ҳужжати “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 40-моддасининг учинчи қисмига асосан даъвогарга ижросиз қайтарилган. Ўз навбатида, даъвогар жавобгарга кредит маблағлари тўлиқ қопланмаганлиги учун суғурта шартномасига асосан хат билан мурожаат қилиб, суғурта товонини тўлаб беришни сўраган. Бироқ жавобгар томонидан даъвогарнинг мурожаатига ўз вақтида жавоб берилмаганлиги сабабли даъвогар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) орқали судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 858 711 900 сўм суғурта товонини ундиришни сўраган. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 7 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан жавобгар вакилининг ишни кўришни бошқа кунга қолдириш ҳақидаги оғзаки илтимосномасини қаноатлантириш рад этилган. Даъвогарнинг даъвоси тўлиқ қаноатлантирилган. Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 12 январдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилган. Биринчи ва апелляция инстанция судларининг иш юзасидан чиқарилган қарорлари устидан жавобгар “Kafil-Sug‘urta” акциядорлик жамияти кассация шикояти билан мурожаат қилиб, унда суд қарорларини бекор қилиш ва даъвони рад қилишни сўраган. Бунга асос қилиб шикоятда, давлат ижрочисининг ижро ишини тамомлаш тўғрисидаги қарори 2023 йил 6 январда МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилиб, асоссизлиги сабабли бекор қилинганлиги ва қайта иш юритувига олиш ҳақида қарор қабул қилинганлиги, апелляция инстанцияси суди эса буни инобатга олмаганлиги, банкнинг даъво аризаси бўйича фуқаролик ишлари бўйича суднинг ҳал қилув қарорига асосан 1,3 млрд. сўм пул ундирилганлиги, банкнинг 2023 йил 12 январдаги хатида қарздорга жами 2,7 млрд. сўм кредит ажратилиб, ушбу пул сўндирилганлиги кўрсатилганлиги, банк эса жавобгардан қўшимча 858 млн. сўм пул ундирганлиги, жавобгар ходими О.Солиев бошқа судда қатнашганлиги сабабли суд мажлисини кейинга қолдириш тўғрисида илтимоснома берилган бўлса-да, илтимоснома рад этилиб, иш амалий кўникмага эга бўлмаган жавобгар ходими иштирокида кўриб чиқилганлиги, суғурта муддати 2022 йил 7 январгача, қарздорнинг молмулки мажбуриятни бажариш учун етарли эмаслиги ҳақидаги қарор 15 июнь куни, яъни суғурта муддати тугагандан сўнг 5 ой вақт ўтиб қабул қилинганлиги ва жавобгарга асоссиз талаб қўйилганлиги, Well Kapital Max” МЧЖ билан 2020 йил 4 июнда субпудрат шартномаси тузилиб, унга кўра кам таъминланган оилалар учун кўп қаватли уй қуриб берилиб, қарздорнинг ушбу корхонадан дебитор қарздорлиги мавжуд бўлса-да, МИБ ижрони асоссиз тамомлаб, ижросиз қайтарганлиги кўрсатилган. Суд муҳокамасида иштирок этган жавобгар вакили кассация шикоятини қувватлаб, давлат ижрочиси ижро ишини тамомлаш тўғрисида шошма-шошарлик билан қарор қабул қилганлиги, суд эса жавобгарнинг ушбу важларини инобатга олмаганлиги, ижрочининг қарори бошқарма томонидан бекор қилинганлиги, мулклар сотилиб қарздорлик қисман қопланганлиги, банкнинг маълумотномасига кўра кредит қарздорлиги тўлиқ сўндирилганлиги, суғурта ҳодисаси давлат ижрочисининг ижро ишини тамомлаш тўғрисидаги қарори қабул қилиниши билан юз берганлиги, яъни суғурта ҳодисаси суғурта даври тамом бўлгандан сўнг орадан беш ой ўтиб юз берганлиги, суд эса ушбу ҳолатларни инобатга олмаганлигини билдириб, шикоятни қаноатлантиришни сўради. Банк вакили кассация шикоятига эътироз билдириб, суднинг ҳал қилув қарори асосида қарз ундирилиб, ижро ҳаракатлари давомида қарздорлик қисман қопланганлиги, қарздорнинг бошқа мол-мулки аниқланмаганлиги сабабли ижро иши тамомланганлиги, суд эса ушбу ҳолатдан келиб чиқиб жавобгардан суғурта товонини ундириш масаласини кўриб чиққанлиги, судда ишни кўриш вақтида давлат ижрочисининг қарори қонуний кучда бўлганлиги, ушбу қарор бошқарма томонидан бекор қилинган бўлса-да, охирги маълумотларга кўра давлат ижрочиси томонидан яна ижро иши юритиш тамомланганлиги, банк томонидан судга тақдим этилган маълумотномада кредит қарздорлиги қопланганлиги эмас, балки ссуда ҳисобварағидан муддати ўтган қарз ҳисобварағига ўтказилганлиги, қарздор томонидан кредит имтиёзли даврида тўловларни амалга ошириб келиб, асосий қарзни тўлаш муддати келганда қарзни тўламаганлиги учун қарздорлик вужудга келганлиги, шундан сўнг қарздорликни ундириш юзасидан банк ўзига боғлиқ барча чораларни кўрганлиги, суд мажлисида жавобгарнинг ваколатли вакили иштироки таъминланганлиги ва суд томонидан қонуний қарор қабул қилинганлигини билдириб, шикоятни рад қилишни сўради. Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 46-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ тарафлардан бири низоли ёки суд ҳужжати билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган ҳолларда (юридик шахснинг қайта ташкил этилиши, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш, қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши, фуқаронинг ўлими ва мажбуриятлардаги шахслар ўзгаришининг бошқа ҳолларида) суд бу тарафни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштиради. Ҳуқуқий ворислик иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкин. Мазкур ҳолатда “Kafil-Sug‘urta” масъулияти чекланган жамияти акциядорлик жамиятига айлантирилганлиги сабабли, “Kafil-Sug‘urta” масъулияти чекланган жамиятини “Kafil-Sug‘urta” акциядорлик жамияти билан алмаштириш лозим. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг 234-моддасига кўра мажбурият шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. ФКнинг 915-моддасига мувофиқ мулкий суғурта шартномасига мувофиқ бир тараф (суғурталовчи) шартномада шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига шартномада назарда тутилган воқеа (суғурта ҳодисаси) содир бўлганда бошқа тарафга (суғурта қилдирувчига) ёки шартнома қайси шахснинг фойдасига тузилган бўлса, ўша шахсга (наф олувчига) бу ҳодиса оқибатида суғурталанган мулкка етказилган зарарни ёхуд суғурталанувчининг бошқа мулкий манфаатлари билан боғлиқ зарарни шартномада белгиланган сумма (суғурта пули) доирасида тўлаш (суғурта товони тўлаш) мажбуриятини олади. ФКнинг 236-моддасига мувофиқ мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Суғурта шартномасининг 3.1-бандида асосий қарзни ва (ёки) у бўйича фоизларни тўлашнинг 30 календарь кундан ортиқ муддатга кечиктирилиши суғурта ходисаси ҳисобланиши белгиланган. Биринчи инстанция суди суғурта ҳодисаси юз берганлиги, қарз олувчининг тўловга қобилиятсизлиги МИБнинг қарори билан тасдиқланганлиги, ушбу ҳолатни тасдиқловчи далиллар жавобгарга юборилган бўлса-да, жавобгар томонидан суғурта қопламаси қоплаб берилмаганлигини, даъвогар томонидан барча мажбуриятлар тўлиқ бажарилганлигини инобатга олиб, даъвогарнинг даъво талабини асосли деб ҳисоблаб, тўлиқ қаноатлантиришни лозим топган. Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг юқоридаги тўхтами билан келишиб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топган. Суғурта шартномаси 7.1-бандининг б-кичик бандига кўра, суғурталовчи суғурта ҳодисаси тўғрисидаги барча ҳужжатларни олгандан ва суғурта ҳодисаси тан олинганидан сўнг суғурта қилдирувчи 7.3-бандда кўрсатилган мажбуриятларни бажаргани ёки бажармаганидан қатъи назар шартномада келишилган суғурта товонини тўлаб беришга мажбур. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Судлар томонидан суғурта шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2017 йил 29 ноябрдаги 45-сонли қарорининг 22-бандида, агар суғурта шартномаси мажбурият бажарилишининг таъминоти сифатида тузилган бўлса, асосий мажбурият бажарилмаган тақдирда кредитор суғурталовчидан суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, агар суғурта шартномаси хўжалик шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида тузилганида, суғурталовчига талаб билдирилгунга қадар кредитор қарздордан қарзни ундириш чораларни кўриши зарур ва фақат қарздорнинг мажбуриятни бажариш учун мол-мулки етарли бўлмагандагина кредитор суғурталовчига талаб билдириш ҳуқуқига эга эканлиги, агар суғурта шартномасида бошқача ҳолат белгиланмаган бўлса, қарздорнинг мол-мулки мажбуриятни бажариш учун етарли эмаслиги давлат ижрочисининг ижро ҳужжатини Қонун 40-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига асосан ундирувчига қайтариш тўғрисидаги қарори билан тасдиқланиши ҳақида тушунтириш берилган. Суғурта ҳодиса юз берганлиги мақбул далиллар билан, хусусан қарздорнинг мажбуриятни бажариш учун мол-мулки етарли эмаслиги давлат ижрочисининг ижро ишини тамомлаш ва ижро ҳужжатини ундирувчига қайтариш тўғрисидаги қарори билан тасдиқланганлиги сабабли биринчи инстанция суди қарз олувчининг қарздорлиги бўйича 858 711 900 сўм суғурта товонини жавобгардан ундириш тўғрисида асосли хулосага келган. Биринчи инстанция суди ИПКнинг 171-моддасида суд муҳокамасини бошқа кунга қолдиришга асос бўлиши мумкин ҳолатлар келтирилганлиги, жавобгарнинг суд мажлисини кейинга қолдириш тўғрисидаги илтимосномаси асослантирилмаганлиги, суд мажлисида жавобгарнинг ишончнома асосида вакили иштирок этганлиги сабабли илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида асосли тўхтамга келган. МИБ томонидан ижро ҳаракатлари амалга оширилиб, қарздорнинг бошқа мол-мулки ва пул маблағлари мавжуд эмаслиги сабабли МИБнинг 2022 йил 15 июндаги “Ижро иши юритишни тамомлаш ва ижро ҳужжатини ундирувчига қайтариш тўғрисида”ги қарори билан ижро ҳужжати Қонун 40-моддасининг учинчи қисмига асосан даъвогарга ижросиз қайтарилган бўлиб, мазкур қарор суд ҳал қилув қарори қабул қилган пайтда қонуний кучда бўлган, шу сабабли суд давлат ижрочисининг қарори кейинчалик МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари томонидан 2023 йил 6 январдаги қарор билан бекор қилинганлиги суд қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўла олмайди деб, асосли тўхтамга келган. Жавобгарнинг кассация шикоятидаги банкнинг 2023 йил 12 январдаги хатида қарздорга жами 2,7 млрд. сўм кредит ажратилиб, ушбу сумма банкка келиб тушганлиги кўрсатилганлиги, шунга қарамай банк жавобгардан қўшимча 858 млн. сўм пул ундирганлиги тўғрисидаги важлари билан келишиб бўлмайди. Сабаби банкнинг пул маблағлари айланмаси тўғрисидаги кўчирмасида 2 791 707 600 сўм кредит қарздорлиги қопланганлиги эмас, балки ушбу қарздорлик ссуда ҳисобварағидан муддати ўтган қарз ҳисобварағига ўтказилганлиги кўрсатилган. Шунингдек, жавобгарнинг суғурта муддати 2022 йил 7 январгача, қарздорнинг мол-мулки мажбуриятни бажариш учун етарли эмаслиги ҳақидаги қарор 2022 йил 15 июнь куни, яъни суғурта муддати тугагандан сўнг 5 ой вақт ўтиб қабул қилинганлиги ва жавобгарга асоссиз талаб қўйилганлиги тўғрисидаг важлари ҳам асоссиз. Сабаби суғурта ҳодисаси қарздорнинг мол-мулки мажбуриятни бажариш учун етарли эмаслиги ҳақидаги қарор қабул қилиниши эмас, балки шартноманинг 3.1-бандига кўра қарздорнинг аоссий қарз ва фоизларни тўлаш муддатини 30 календарь кун муддатга кечиктириши деб белгиланган. Бундан кўринадики, суғурта ҳодисаси суғурта муддати даврида юз берган. Юқоридагиларга асосланиб, биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантиришда моддий ва процессуал қонун нормаларини тўғри қўллаган ҳолда асослантирилган ва қонуний қарор қабул қилган. Шунинг учун апелляция инстанцияси суди асосли равишда ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган. ИПК 302-моддасининг биринчи қисмида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини 7 ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар келтирилган бўлиб, мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас. ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Баён этилганлардан келиб чиқиб, судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантирмасдан ва иш юзасидан қабул қилинган суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан жавобгар томонидан кассация шикояти билан мурожаат қилишда тўланган давлат божи ва почта харажатлари унинг зиммасида қолдирилади. Ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм харажат жавобгардан ундирилади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 46, 118, 169, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: “Kafil-Sug‘urta” масъулияти чекланган жамияти “Kafil-Sug‘urta” акциядорлик жамияти билан алмаштирилсин. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 7 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 12 январдаги қарори ўзгаришсиз, “Kafil-Sug’urta” акциядорлик жамиятининг кассация шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилсин. “Kafil-Sug’urta” акциядорлик жамияти ҳисобидан кассация инстанциясида ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм харажат ундирилсин. Қарор асосида ижро варақаси берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Ш.Махмудов ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев Б.Исрайлов