Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-14-2303/7 Дата решения 10.05.2023 Инстанция Апелляция Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Убайдуллаев Бахберген Сагидуллаевич Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение ТОО "Содружество-Казахстан" хорижий корхона Ответчик / Подсудимый "YUNUSJON AHLI" масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1083267 Claim ID 3274539 PDF Hash 00086167a4006ca2... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 6
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПКнинг 93-моддаси ИПКнинг 93 law
онун 79-моддаси онун 79 law
онун 81-моддаси онун 81 law
онун 84-моддаси онун 84 law
ИПК 279-моддаси ИПК 279 law
ИПКнинг 281-моддаси ИПКнинг 281 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-14-2303/7-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида маърузачи судья М.Дусматова Апелляция инстанциясида маърузачи судья Б.Убайдуллаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 10 май Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Т.Аннаеванинг раислигида, ҳайъат аъзолари Ш.Мирзахакимов ва Б.Убайдуллаевдан иборат таркибда, Б.Муротқосимовнинг котиблигида, ТОО “Содружество Казахстан” вакили Ф.Мамадризаев (2023 йил 25 мартдаги 661-сонли ордер ва 2023 йил 20 мартдаги 606-03-00044-сонли ишончномага асосан), “Yunusjon ahli” МЧЖ вакиллари муваққат бошқарувчиси Ф.Ниязметов, Д.Бабаханов (2023 йил 1 майдаги 05-сонли ордер ва 2022 йил 17 октябрдаги 11/12-сонли ишончномага асосан) ва “Миллий банк” АЖ вакили Р.Хасанов (2023 йил 9 январдаги 01-150/10-сонли ишончномага асосан) иштирокида, мазкур иш юзасидан қабул қилинган Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 30 мартдаги даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрими устидан “Yunusjon ahli” МЧЖ ва “Миллий банк” АЖ томонидан берилган апелляция шикоятлари асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Аризачи ТОО “Содружество Казахстан” иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилиб, қарздор “Yunusjon ahli” МЧЖни тўловга қобилиятсиз деб топишни сўраган. Самарқанд вилоят судининг 2023 йил 30 мартдаги ажрими билан аризаси иш юритувга қабул қилиниб, иш қўзғатилиб, кузатув жорий қилиниб, ишни кўриш 2023 йил 15 май кунига тайинланган. Аризачи ТОО “Содружество Казахстан” аризасида келтирган илтимосномасида даъвони таъминлаш чораларини қўллашни сўраган. Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 30 мартдаги ажрими билан ариза қаноатлантирилиб, “Yunusjon ahli” МЧЖнинг пул маблағлари ва мол-мулклари хатланган. Қарздор “Yunusjon ahli” МЧЖ ва “Миллий банк” АЖ Ўзбекистон Республикаси Олий судига ушбу ажримдан норози бўлиб, апелляция шикоятлари билан мурожаат қилган. Шикоятларда ажримнинг Самарқанд вилояти, Оқдарё тумани, Пўлатдархон МФЙ, Р.Хамроев массивида жойлашган мулкларини хатлаш қисмини бекор қилишни сўраган. “Миллий банк” АЖ иш бўйича манфаатдор шахс ҳисобланади. Чунки, 4-1406-2201/2735-сонли иш бўйича “Yunusjon ahli” МЧЖ ва “Миллий банк” АЖ ўртасида 2022 йил 29 декабрда тузилган келишув битими Иштихон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 10 январдаги ажрими билан тасдиқланган. Ушбу келишув битимга кўра, “Yunusjon ahli” МЧЖнинг зиммасига “Миллий банк” АЖ фойдасига 1 638 396,16 АҚШ доллари миқдорида кредит қарздорлигини 2023 йил 31 январга қадар тўлиқ тўлаб бериш, тўланмаган ҳолатда ундирув “Yunusjon ahli” МЧЖнинг гаровдаги мол-мулкига қаратилиши назарда тутилган. Шу сабабли Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 30 мартдаги ажрими “Миллий банк” АЖнинг манфаатига ҳам дахлдор ҳисобланади. Суд мажлисида иштирок қилган “Yunusjon ahli” МЧЖ вакиллари ёзма фикрини тақдим қилиб, апелляция шикоятини қаноатлантиришни сўрадилар. Суд мажлисида иштирок қилган “Миллий банк” АЖ вакили апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад қилишни сўради. Суд мажлисида иштирок қилган ТОО “Содружество Казахстан” вакили қарздорнинг 1 та мулки мавжудлигини, даъвони тахминлаш чорасини кўрмаслик келгусида суд қарорининг ижросини қийинлаштириб қўйишини билдириб, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад қилишни сўради. Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, апелляция шикоятини қаноатлантиришни лозим топади. Аниқланишича, аризачи ТОО “Содружество Казахстан” иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилиб, қарздор “Yunusjon ahli” МЧЖни тўловга қобилиятсиз деб топишни сўраган. Самарқанд вилоят судининг 2023 йил 30 мартдаги ажрими билан аризаси иш юритувга қабул қилиниб, иш қўзғатилиб, кузатув жорий қилиниб, ишни кўриш 2023 йил 15 май кунига тайинланган. Шунингдек, аризачи ТОО “Содружество Казахстан” аризасида даъвони таъминлаш чораларини қўллашни сўраган. “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундай буён матнда Қонун деб юритилади) 47-моддасининг биринчи қисмига кўра, суд тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахснинг аризаси асосида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига (бундай буён матнда ИПК деб юритилади) мувофиқ кредиторлар талабларини таъминлашга доир чора-тадбирлар кўришга ҳақли. ИПКнинг 93-моддасида, ишда иштирок этувчи шахснинг аризаси даъвони таъминлаш чораларини кўриш учун асос бўлади. Даъвони таъминлашга, агар шундай чораларни кўрмаслик суд ҳужжатининг ижросини қийинлаштириши ёхуд бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкин бўлса, иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади деб белгиланган. Биринчи инстанция суди даъвони таъминлаш чораларини қўллаш тўғрисида асоссиз хулосага келган. Чунки, Қонун 79-моддасининг биринчи қисмига кўра, кузатув тартиб-таомили жорий этилган пайтдан эътиборан: мулкий ундирувлар бўйича ижро ҳужжатларини ижро этиш тўхтатиб турилади, бундан иш ҳақи бўйича, муаллифлик шартномалари бўйича ҳақларни, алиментларни тўлаш бўйича қарздорликни ундириш ҳақидаги, шунингдек ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги, суд томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинган пайтга қадар қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари асосида берилган ижро ҳужжатларини ижро этиш мустасно. Суднинг аризани иш юритишга қабул қилиш ва тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ажрими ижро ҳужжатларини ижро этишни тўхтатиб туриш учун асос бўлади; қарздор юридик шахс муассисларининг (иштирокчиларининг) унинг таркибидан муассислари (иштирокчилари) чиқиб кетиши муносабати билан қарздорнинг мол-мулкидан улушни (пайни) ажратиш ҳақидаги талабларини қаноатлантириш тақиқланади; эмиссия қимматли қоғозлари бўйича дивидендлар ва бошқа тўловларни тўлаш тақиқланади. Қонун 81-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига биноан қарздорнинг бошқарув органлари: кўчмас мол-мулкни ижарага, гаровга бериш билан ёки шу мол-мулкни бошқа усулда тасарруф этиш билан боғлиқ битимларни; йирик битимларни; заёмлар (кредитлар) олиш ва бериш, кафолат хатлари ва кафолатлар бериш, талаб қилиш ҳуқуқларидан ўзга шахс фойдасига воз кечиш, қарзни бошқа шахсга ўтказиш, шунингдек қарздорнинг мол-мулкини ишончли бошқариш шартномасини тузиш билан боғлиқ битимларни фақат муваққат бошқарувчининг ёзма розилигига биноан тузиши мумкин. Қарздорнинг бошқарув органлари қуйидаги қарорларни қабул қилишга ҳақли эмас: қарздорни қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, ажратиб чиқариш, бўлиш, ўзгартириш) ва тугатиш тўғрисидаги қарор; юридик шахсларни тузиш ҳақидаги ёки бошқа юридик шахсларнинг иштироки тўғрисидаги қарор; ваколатхоналар очиш ва филиаллар ташкил этиш тўғрисидаги қарор; дивидендлар тўлаш ёки қарздорнинг даромадини (фойдасини) унинг муассислари (иштирокчилари) ўртасида тақсимлаш тўғрисидаги қарор; қарздор томонидан облигациялар ва бошқа эмиссия қоғозларини жойлаштириш тўғрисидаги қарор, бундан акциялар чиқариш ҳақидаги қарор мустасно; илгари чиқарилган акцияларни акциядорлардан сотиб олиш тўғрисидаги қарор. Қонун 84-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, муваққат бошқарувчи: қарздорнинг мол-мулки бут сақланишини таъминлаш чораларини кўриши; қарздорнинг молиявий аҳволини таҳлил қилиши; қарздорнинг кредиторларини аниқлаши ва кредиторларнинг талаблари реестрини юритиши, қарздорга нисбатан кузатув тартиб-таомили жорий этилганлиги ҳақида кредиторларни хабардор қилиши; кредиторнинг талабига кўра қарздорнинг молиявий аҳволи ва (ёки) ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўн кунлик муддатда тақдим этиши; кредиторларнинг биринчи йиғилишини чақириши ва ўтказиши шарт. Демак, ушбу ҳолатда жамиятга нисбатан кузатув тартиб-таомили жорий этилган пайтдан бошлаб қарздорнинг пул маблағлари ва мол-мулкларининг бут сақланиши бўйича унинг бошқарув органлари ва муваққат бошқарувчисига муайян мажбуриятлар юклатилади. Бу ўз навбатида келгусида суд ҳужжатларининг ижросини қийинлаштирувчи ёки бажариб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолишининг олдини олади. Бундан ташқари, аризада келтирган даъвони таъминлаш тўғрисида илтимосномасида даъвони таъминлашга, агар шундай чораларни кўрмаслик суд ҳужжатининг ижросини қийинлаштириши ёхуд бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкин бўлган ҳолатлар асослаб берилмаган. Қайд этилган ҳолатларга кўра, судлар моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган ҳолда, биринчи инстанцияси суди даъвони таъминлаш чорасини қўллаш, апелляция инстанцияси суди эса биринчи инстанция судининг ажримини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида асоссиз хулосага келган. ИПК 279-моддаси биринчи қисмининг 4-бандида моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлиши белгиланган. ИПКнинг 281-моддасига кўра, биринчи инстанция судининг ажримлари устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Биринчи инстанция судининг қарори, ажрими устидан ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича берилган апелляция шикояти (протести) ушбу бобда суднинг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) кўриш учун назарда тутилган тартибда апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилади. Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қарори, ажрими устидан берилган шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли: 1) қарорни, ажримни ўзгаришсиз қолдиришга; 2) қарорни, ажримни ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга; 3) даъво аризасини қабул қилишни рад этиш, даъво аризасини қайтариш, даъво аризасини кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш, иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажримни бекор қилишга ва даъво аризасини, ишни биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун юборишга; 4) ажримни бекор қилишга ва даъво аризасини (аризани), иш материалларини кўриб чиқиш учун судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга. Бундай ҳолатда судлов ҳайъати апелляция шикоятларини қаноатлантиришни, Самарқанд вилоят судининг 2023 йил 30 мартдаги даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрими бекор қилишни, янги қарор қабул қилиб, ТОО “Содружество Казахстан”нинг даъвони таъминлаш чораларини қўллаш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантиришни рад қилишни, “Yunusjon ahli” МЧЖ ва “Миллий банк” АЖ томонидан апелляция шикояти учун тўланган суд харажатларини ТОО “Содружество Казахстан”дан ундиришни, ижро варақаларини беришни лозим топади. Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 278-281-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: Самарқанд вилоят судининг 2023 йил 30 мартдаги даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрими бекор қилинсин. “Yunusjon ahli” МЧЖ ва “Миллий банк” АЖ томонидан берилган апелляция шикоятлари қаноатлантирилсин. Янги қарор қабул қилинсин. ТОО “Содружество Казахстан”нинг даъвони таъминлаш чораларини қўллаш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантириш рад қилинсин. ТОО “Содружество Казахстан”дан: -“Yunusjon ahli” МЧЖ фойдасига 30 000 сўм почта харажати; -“Миллий банк” АЖ фойдасига 30 000 сўм почта харажати ундирилсин. Ижро варақалари берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Т.Аннаева Ҳайъат аъзолари Ш.Мирзахакимов Б.Убайдуллаев