← Назад
Решение #597853 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
6
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| апелляция инстанцияси суди ИПК | 101 | — | law | |
| онуни | 46 | — | law | |
| арори ва ИПК | 73 | — | law | |
| амда ФК | 229 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| ИПКнинг | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1001-2229/62361-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанция cудида ишни кўрган
судья – Б.Абдурахимов
Апелляция инстанцияси судида маърузачи
судья- М.Саидов
Кассация инстанцияси судида маърузачи
судья- Р.Сагатов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
2023 йил 8 май
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати И.Таджиевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари В.Сатторова ва Р.Сагатовдан
иборат таркибда, З.Қодировнинг котиблигида, даъвогар “Roison Eleсtronics” МЧЖ
вакили – адвокат Д.Хайдаров (2023 йил 27 апрелдаги 205-сонли ордер асосида),
жавобгар вакили – адвокат А.Тўйчиев (2023 йил 24 январдаги 18/2-сонли
ишончнома ва 2023 йил 15 февралдаги 873-сонли ордер асосида), қўшимча
жавобгар вакили – бўлим бошлиғи В.Ўтамуродов (2022 йил 18 ноябрдаги
01/28-05-3016-сонли
ишончнома
асосида)нинг
иштирокида,
Ўзбекистон
Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг
Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва “Silver Universal” масъулияти чекланган
жамияти ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз
қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилган ҳолда, даъвогарлар “Roison
Eleсtronics” масъулияти чекланган жамияти ва “Ўзсаноатқурилишбанк”
акциядорлик тижорат банкининг жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош
прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар Чилонзор
тумани бўлими ва “Электрон-онлайн аукцион савдоларини ташкил этиш маркази”
давлат унитар корхонасига нисбатан электрон онлайн-аукцион савдоларини
ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризалари ҳамда “Qadir Textile Group
LLC” масъулияти чекланган жамиятининг инсофли эгалловчи деб эътироф этиш
ҳақидаги қарши даъво аризаси юзасидан юритилган иш юзасидан қабул қилинган
суд ҳужжатлари устидан “Roison Eleсtronics” масъулияти чекланган жамияти
томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси
Олий суди биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
“Roison Eleсtronics” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда
даъвогар деб юритилади) иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро
бюросининг Чилонзор тумани бўлими (бундан буён матнда МИБ бўлими деб
юритилади), “Электрон-онлайн аукцион савдоларини ташкил этиш маркази” давлат
унитар корхонаси (аукцион ташкилоти)га нисбатан “Roison Eleсtronics” масъулияти
чекланган жамиятига тегишли Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Навоий
кўчаси, 29-уй манзилида жойлашган бино-иншоотларга нисбатан 2022 йил
5 сентябрдаги лот 2610300 рақами билан ўтказилган электрон онлайн-аукцион
савдоларини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Мазкур даъво аризасига асосан
4-1001-2228/49147-сонли иқтисодий иш қўзғатилган.
Мазкур иш доирасида даъвогар даъво аризасига қўшимча аризаси билан
мурожаат қилиб, жавобгарнинг давлат ижрочиси У.Зоиров томонидан қабул
қилинган бошланғич нархи 32 539 081 000 сўм қилиб белгиланган даъвогарга
тегишли Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 29-уй манзилида
жойлашган бино-иншоотларни мол-мулкни электрон онлайн-аукционда сотиш учун
чиқариш тўғрисидаги қарорни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Шунингдек, “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки (бундан
буён матнда Банк деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб,
даъвогарга тегишли Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 29-уйда
жойлашган бино-иншоотларга нисбатан 2022 йил 5 сентябрдаги лот 2610300 рақами
билан ўтказилган электрон онлайн-аукцион савдосини ҳақиқий эмас деб топишни
сўраган. Мазкур даъво аризасига асосан 4-1001-2229/62361-сонли иқтисодий иш
қўзғатилган.
Ўз навбатида, “Qadir Textile Group LLC” масъулияти чекланган жамияти
(бундан буён матнда учинчи шахс деб юритилади) қарши даъво аризаси билан
мурожаат қилиб, ўзини инсофли эгалловчи деб эътироф этишни сўраган.
Суднинг 2022 йил 9 декабрдаги ажрими билан 4-1001-2228/49147 ҳамда
4-1001-2229/62361-сонли иқтисодий ишлар битта иш юритувига бирлаштирилган,
даъвогарнинг даъво аризасига қўшимчасини иш юритишга қабул қилиш рад
этилган, учинчи шахснинг қарши даъвоси иш юритишга қабул қилинган, ишга
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро
бюросининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва “Silver Universal” масъулияти
чекланган жамияти низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз
қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 23 декабрдаги ҳал қилув
қарори билан даъвогар ва Банкнинг даъво талабларини ҳамда учинчи шахснинг
қарши даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган.
Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 22 февралдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларидан норози бўлиб, даъвогар
кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатларини бекор қилиб,
даъвони қаноатлантиришни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда Ўзбекистон
Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3149-сонли қарори билан
тасдиқланган “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда
мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш
ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом (бундан буён матнда Низом деб
юритилади)нинг 14-бандида электрон онлайн-аукционда иштирок этишга
буюртмалар хабарнома жойлаштирилган кундан бошлаб операторнинг
веб-порталида автоматик тарзда қабул қилиниши ва электрон онлайн-аукционни
ўтказиш кунидан икки иш куни олдин (соат 13-00да) якунланиши, Низомнинг
18-бандида буюртма қабул қилиш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин келиб
тушган буюртмалар қабул қилинмаслиги, Низомнинг 20-бандида буюртма мазкур
Низом 18-бандининг иккинчи-бешинчи хатбошиларида назарда тутилган
талабларга мувофиқ келмаган тақдирда, оператор зудлик билан (буюртма берилган
пайтда закалат пули операторнинг банкдаги ҳисоб рақамига келиб тушмаган
ҳолларда икки иш куни давомида) буюртмачининг электрон онлайн-аукционда
иштирок этишга буюртмасини рад этиши ва бу ҳақда унга электрон хат билан
билдиришнома юбориши, аукцион ташкилотнинг e-auksion.uz сайтидан олинган
маълумотларга кўра, электрон онлайн-аукцион савдоларида икки нафар иштирокчи
қатнашган бўлиб, иштирокчилар томонидан охирги буюртма 2022 йил 5 сентябрда
соат 9:00да қабул қилиб олинганлиги ва шу куни соат 10:00да савдо
бошланганлиги, буюртма ва унга илова қилиниши лозим бўлган закалат пули
тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг электрон (сканер қилинган)
нусхаси Низомга зид равишда аукцион ўтказилишидан икки иш куни олдин
жўнатилмаганлиги, бундай ҳолатда буюртма қайтарилиши ва аукцион савдолари
бир нафар шахс билан ўтказилмаслиги лозим бўлганлиги, Ўзбекистон Республикаси
Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 11 августдаги
4-1001-2206/4707-сонли иш бўйича чиқарилган ажримига асосан “Бизнес
ва инвестиция муаммоларини ўрганиш маркази” ҳузуридаги доимий фаолият
кўрсатувчи Ҳакамлик судининг 2021 йил 24 декабрдаги ҳал қилув қарори ижроси
тўхтатилганлиги, даъвогар томонидан мазкур ажрим 2022 йил 22 августда МИБга,
яъни аукцион ўтказилишидан деярли 15 кун аввал тақдим қилинганлиги, ушбу
ҳужжат асосида аукцион ташкилотга билдиришнома юбориш, “Суд ҳужжатлари
ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш
бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби
тўғрисида”ги Низом асосида МИБнинг мажбурияти бўлиб, ушбу мажбурият
бевосита онлайн-аукцион савдоларини ташкил этиш ва ўтказилиши билан боғлиқ
тартиб-таомилнинг бир қисми эканлиги, шу билан бирга, ижро ҳаракатлари
тўхтатилиши ҳақида ажрим чиқарилган вақтда кўчмас мулкни онлайн-аукционга
чиқариш ҳақида буюртма бериб бўлинганлиги, мазкур ҳолатда аукцион савдоларни
ўтказиш қоидалари бузилганлигини англатиши, судлар томонидан даъво
талабларини рад этиш учун асос сифатида келтирилган Тошкент туманлараро
маъмурий судининг ҳал қилув қарори 2022 йил 23 сентябрда, яъни аукцион савдо
ўтказилгандан кейин маъмурий суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги
эътиборга олинмаганлиги, кўчмас мулк аукцион савдоларга чиқарилган вақтда Банк
томонидан кредит шартномаси сифатида гаровда бўлганлиги ва мазкур мулк гаров
реестрига ёзув киритилганлиги, гаров реестридаги ёзувлар кредит мажбуриятлари
тўлиқ бажарилмаганлиги сабабли чиқариб ташланмаганлиги, Низомнинг
20-бандида буюртмачи томонидан тақдим этилган буюртма ва унга илова қилинган
аукцион объекти бўйича маълумот ҳамда ҳужжатлар белгиланган талабларга
мувофиқ деб ҳисобланган тақдирда, оператор буюртмани олган кундан кейинги иш
кунидан кечиктирмай, аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани савдо
платформасида эълон қилиши, Низом 20-бандининг бешинчи хатбошисида
буюртмадаги аукцион объекти бўйича улушли мулк иштирокчиларининг розилиги
олинмаганлиги, мулкларни гаровга қўйилганлиги ва тақиқ солинганлиги
ҳолатларидан бири аниқланганда, буюртма қайтарилишига асос бўлиши, гарчанд
объектга қўйилган тақиқ олиб ташланган бўлса-да, ушбу ёзувни гаров реестридан
кўриш мумкинлигини эътиборга олиб, оператор бундай ҳолда буюртмани
қайтаришига асос бўлса-да, буюртма қайтарилмаганлиги, шунингдек, гаров реестри
маълумотига кўра, аукцион савдоларга қўйилган кўчмас мулк 2022 йил 31 октябрда,
яъни биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар
“Хамкорбанк” ХМБнинг Андижон шаҳар Нодирабегим филиали томонидан гаровга
олинганлиги ва бу ҳақда гаров реестрига ёзув киритилганлиги, суд ҳужжати мазкур
банкнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига таъсир кўрсатса-да, банк судлар
томонидан ишга жалб қилинмаганлиги, бу эса суд ҳужжатини ҳар қандай ҳолатда
бекор қилинишига сабаб бўлиши, бундан ташқари, Банкнинг МИБнинг 2022 йил
30 июндаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризаси асосида
Тошкент туманлараро иқтисодий судида иқтисодий иш қўзғатилганлиги, Тошкент
туманлараро маъмурий судининг ажримига асосан иккинчи жавобгарнинг
МИБнинг 2022 йил 28 январдаги кўчмас мулкни ундирувга қаратишда ифодаланган
хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси бўйича
5-1001-2304/276-сонли маъмурий иш қўзғатилганлиги, бугунги кунга қадар
судларнинг юқоридаги низолари бўйича якуний ҳал қилув қарорлари қабул
қилинмаганлиги, кўчмас мулкни электрон онлайн-аукционга қўйилишига асос
бўлган маъмурий органнинг ҳужжати ҳамда ушбу ҳужжат қабул қилинишига
қадарли бўлган ижро ҳаракатлари қонунийлиги юзасидан низолашилаётган
масалалар бевосита ушбу ишга боғлиқлиги сабабли, Тошкент туманлараро
маъмурий ва иқтисодий судларнинг қонуний кучга кирган якуний суд ҳужжати
қабул қилингунга қадар апелляция шикояти юзасидан қонуний ва асосли тўхтамга
келиши мумкин бўлмаганлиги, бироқ апелляция инстанцияси суди ИПКнинг
101-моддасига зид равишда илтимосномани асоссиз равишда рад қилиш ҳақида
ажрим чиқарганлигини кўрсатган.
Суд мажлисида даъвогар вакили кассация шикоятини қувватлаб, уни
қаноатлантириб беришни ва суд ҳужжатларини бекор қилиб, даъвони
қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўради.
Жавобгар ва учинчи шахс вакиллари кассация шикоятини қаноатлантиришни
рад этишни, суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни сўрашди.
Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида Банк ва МИБ бўлими тегишли
тартибда хабардор қилинган бўлса-да, ундан вакиллар келмадилар.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация
инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи
ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини)
берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни
уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шунинг учун судлов ҳайъати ишни иккинчи Банк ва МИБ бўлимининг
иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг
тушунтиришларини тинглаб ва шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари
билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини
қаноатлантиришни рад этишни, суд ҳужжатларини ўзгартиришни лозим топади.
Аниқланишича,
Тошкент
туманлараро
иқтисодий
судининг
4-1001-2220/29-сонли иш бўйича берилган 2022 йил 18 январдаги ижро варақасига
асосан “Roison eleсtronics” масъулияти чекланган жамиятидан “Silver Universal”
масъулияти чекланган жамияти фойдасига 1 032 792 026 сўм асосий қарз,
309 837 607 сўм пеня, 10 000 000 сўм ҳакамлик йиғими, 540 000 сўм давлат божи
ва 21 600 сўм почта харажати ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросининг Чилонзор тумани
бўлимига 2022 йил 28 январда келиб тушган ва шу куни ижро иши юритиш
қўзғатилган. Ижро ҳаракатлари жараёнида давлат ижрочиси томонидан қарздор
“Roison eleсtronics” масъулияти чекланган жамиятига тегишли, Тошкент шаҳар,
Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 29-уйда жойлашган бино-иншоотлар
хатланган. Баҳоловчи – “Master Estimation” масъулияти чекланган жамиятининг
2022 йил 22 апрелдаги баҳолаш ҳисоботи асосида низоли кўчмас мулк
32 539 081 000 сўмга баҳоланган. Давлат ижрочиси У.Зоировнинг мол-мулкни
электрон онлайн-аукционда сотиш учун чиқариш тўғрисидаги 2022 йил 30 июндаги
қарорига асосан “Roison eleсtronics” масъулияти чекланган жамиятига тегишли,
Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 29-уйда жойлашган
бино-иншоотлар “Электрон-онлайн аукцион савдоларини ташкил этиш маркази”
давлат унитар корхонаси орқали аукцион савдосига чиқарилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа
органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш
чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 24 ноябрдаги ПФ-6118-сонли Фармони
14-бандининг “б” хатбошисида 2020 йил 1 декабрдан бошлаб ижро ҳужжатини
мажбурий ижро этиш давомида қарздорнинг хатланган мол-мулки бошланғич
нархдан 30 фоизлик чегирма билан электрон онлайн-аукционга қўйилиши
белгиланган.
Шунга кўра, юқоридаги кўчмас мулкнинг аукцион савдосидаги бошланғич
нархи 22 777 356 700 сўм этиб белгиланган.
“Электрон-онлайн аукцион савдоларини ташкил этиш маркази” давлат унитар
корхонасининг 2022 йил 5 сентябрдаги ОА 1408-522039-сонли баённомасига кўра,
“Qadir Textile Group LLC” масъулияти чекланган жамияти 23 428 138 320 сўмга
берган таклифи билан аукцион ғолиби деб топилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги
ПҚ-3149-сонли қарори билан тасдиқланган “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар
ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон
онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом
(бундан буён матнда Низом деб юритилади)нинг 14-бандида электрон
онлайн-аукционда иштирок этишга буюртмалар хабарнома жойлаштирилган кундан
бошлаб операторнинг веб-порталида автоматик тарзда қабул қилиниши ва электрон
онлайн-аукционни ўтказиш кунидан икки иш куни олдин (соат 13-00да)
якунланиши, Низомнинг 18-бандида буюртма қабул қилиш учун белгиланган
муддат ўтганидан кейин келиб тушган буюртмалар қабул қилинмаслиги
белгиланган.
Жавобгарнинг иштирочилар томонидан охирги буюртма 2022 йил
5 сентябрда соат 9:00да қабул қилиб олинганлиги ва шу куни соат 10:00да
бошланганлиги, буюртма ва унга илова қилиниши лозим бўлган закалат пули
тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг электрон (сканер қилинган)
нусхаси Низомга зид равишда аукцион ўтказилишидан икки иш куни олдин
жўнатилмаганлиги, бундай ҳолатда буюртма қайтарилиши ва аукцион савдолари
бир нафар шахс билан ўтказилмаслиги лозим бўлганлиги ҳақидаги важи билан
қуйидагиларга кўра келишиб бўлмайди.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Электрон онлайнаукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, унинг шаффофлигини ошириш
ҳамда иштирокчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш
чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 24 июлдаги ПҚ-5197-сонли қарорининг
1-бандида 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб электрон савдо платформасидаги
электрон онлайн-аукционлар тартиб-таомилларининг ягона тартиби жорий этилиши
ва унга мувофиқ аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабар эълон қилинган пайтдан
бошлаб аукцион жараёни якунига қадар иштирокчиларга объектни сотиб олиш
бўйича аукцион қадамига боғланмаган ўз нарх таклифини киритиш ҳуқуқи
берилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги
18-сонли қарори билан тасдиқланган “E-auksion” электрон савдо платформасида
электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби
тўғрисида”ги Низомнинг 24-бандида хабарнома жойлаштирилган пайтдан бошлаб
аукцион якунлангунга қадар иштирокчи объектни сотиб олиш (ижарага олиш)
бўйича аукцион қадамига боғланмаган ва савдо бошлангунга қадар бошқа
иштирокчиларга ошкор этилмайдиган ўз нарх таклифини киритиш мумкинлиги
қайд этилган.
Мазкур ҳолатда, аукцион савдосига иштирокчилар томонидан буюртма
беришнинг охирги муддати аукцион жараёни якунлангунга қадар ўз нарх
таклифини бериш ҳуқуқи берилган. Бу билан аукцион савдоларининг шаффофлиги
ва иштирокчиларнинг ҳуқуқлари чекланиши олдини олишга қаратилганлигини
англаш мумкин.
Қолаверса, аукцион савдони ўтказиш билан боғлиқ тартиб-таомиллар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 июлдаги ПҚ-5197-сонли
қарори асосида ишлаб чиқилган ва амалиётга тўғридан-тўғри жорий қилинган.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси
Қонунининг 46-моддасига мувофиқ, илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий
ҳужжатларга янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги муносабати
билан зарур ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритилади ҳамда илгари қабул
қилинган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки уларнинг қисмлари, агар улар
янги ҳуқуқий нормаларга зид бўлса ёхуд янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан
тўлалигича қамраб олинган ёки амалда ўз ҳуқуқий аҳамиятини йўқотган бўлса,
лекин расман ўз кучини йўқотган деб топилмаган бўлса, ўз кучини йўқотган деб
топилиши лозим.
Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги
ПҚ-3149-сонли қарори амалда бекор қилинмаган бўлса-да, аслида кейинроқ қабул
қилинган 2021 йил 24 июлдаги ПҚ-5197-сонли қарори амалиётга жорий қилинган.
Жавобгарнинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар
бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 11 августдаги 4-1001-2206/4707-сонли иш
бўйича чиқарилган ажримига асосан “Бизнес ва инвестиция муаммоларини ўрганиш
маркази” ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи Ҳакамлик судининг 2021 йил
24 декабрдаги ҳал қилув қарори ижроси тўхтатилганлиги, даъвогар томонидан
мазкур ажрим 2022 йил 22 августда МИБга, яъни аукцион ўтказилишидан деярли
15 кун аввал тақдим қилинганлиги ҳақидаги важи асоссиздир. Чунки, буюртмачи
бўлган МИБ томонидан операторга аукцион савдоларини тўхтатиш тўғрисида
билдиришнома электрон онлайн-аукцион ўтказиш бошлангунга қадар
юборилмаган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5197-сонли
қарори 2-бандининг тўртинчи хатбошисида электрон онлайн-аукционни ташкил
этиш ва ўтказиш тартибидан ташқари бўлган тартиб-таомилларга риоя
қилинмаганлиги учун аукцион натижаларини ва баённомасини бекор қилиш
ёки ўзгартиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Шунга асосан, биринчи инстанция суди мол-мулк давлат ижрочиси
томонидан суд ҳужжати асосида аукцион савдосига чиқарилганлиги, давлат
ижрочисининг мулкни аукционга чиқариш бўйича қарори ёки ҳаракати
ғайриқонуний деб топилмаганлиги ҳамда низоли кўчмас мулкка нисбатан учинчи
шахснинг мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилганлиги асоси билан
даъвогарларнинг даъво аризаларини қаноатлантириш рад этилган.Апелляция
инстанцияси суди эса, биринчи инстанция судининг хулосалари билан келишган
ҳолда ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилган.
Бироқ, суд қарорларининг асослантирувчи қисмидаги Тошкент туманлараро
маъмурий судининг 2022 йил 23 сентябрдаги ҳал қилув қарори ва ИПК
73-моддасининг иккинчи қисми ҳамда ФКнинг 229-моддасига қилинган ҳаволалар
чиқариб ташланиши лозим. Чунки, МИБнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ
маъмурий ёки иқтисодий судларнинг қарорлари аукцион савдосини ҳақиқий эмас
деб топиш учун асос бўлмайди.
ИПК 301-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, кассация инстанцияси
суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув
қарорини, қарорни ўзгартиришга ҳақли.
Баён қилинганларга асосан судлов ҳайъати, даъвогарнинг кассация
шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, суд ҳужжатларини ўзгартиришни лозим
топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари даъвогар зиммасига
юклатилади ва ундан республика бюджетига 1 500 000 сўм давлат божи
ундирилади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал
кодексининг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
“Roison Eleсtronics” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикоятини
қаноатлантириш рад этилсин.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 23 декабрдаги ҳал қилув
қарори ва Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 22 февралдаги қарори ўзгартирилсин.
Суд қарорларининг асослантирувчи қисмидаги Тошкент туманлараро
маъмурий судининг 2022 йил 23 сентябрдаги ҳал қилув қарори ва ИПК
73-моддасининг иккинчи қисми ҳамда ФКнинг 229-моддасига қилинган ҳаволалар
чиқариб ташлансин.
Суд қарорларининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилсин.
“Roison Eleсtronics” масъулияти чекланган жамиятидан республика
бюджетига 1 500 000 сўм давлат божи ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
И. Таджиев
ҳайъат аъзолари:
В. Сатторова
Р. Сагатов