Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1107-2101/1619 Дата решения 05.05.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Сайфуллаев Бахтиёр Насуллоевич Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Ответчик / Подсудимый Оҳангарон бунёдкор қурилиш масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1081157 Claim ID 3240372 PDF Hash 3f41ef8ae4e0a825... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 1
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1107-2101/1619-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья – Б.Тўраев Апелляция инстанциясида маърузачи судья – У.Сайдахмедов Кассация инстанциясида маърузачи судья – Б.Сайфуллаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 5 май Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар В.Сатторова ва Ш.Мирзахакимовдан иборат таркибда, З.Қодировнинг котиблигида, даъвогар вакили А.Норқўзиев (2023 йил 14 мартдаги 29-0606-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳозирда Ўзбекистон Республикаси тоғ–кон саноати ва геология вазирлигининг жавобгар “OHANGARON BUNYODKOR QURILISH” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан жавобгарга ер қаъри участкаларини геологик жиҳатдан ўрганиш учун 2020 йил 23 сентябрда берилган FR серияли, G5 турдаги, тартиб рақами 0206 бўлган лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги аризаси юзасидан қабул қилинган Оҳангарон туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 8 октябрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 17 мартдаги қарори устидан жавобгар “OHANGARON BUNYODKOR QURILISH” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суд биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Аниқланишича, “OHANGARON BUNYODKOR QURILISH” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) 2020 йил 19 сентябрда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида, норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун ўтказилган электрон онлайн аукционда ғолиб деб топилган. Ушбу электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги баённомага асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан 2020 йил 23 сентябрда жавобгарга Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида жойлашган Ўқчи экспресс травертин участкасини геологик жиҳатдан ўрганиш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи FR серияли, G5 турдаги, тартиб рақами 0206 бўлган лицензия берилган. Мазкур лицензия билан бирга жавобгарга лицензиянинг ажралмас қисми бўлган ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартлари ҳам тақдим этилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳозирда Ўзбекистон Республикаси тоғ–кон саноати ва геология вазирлиги (бундан буён матнда аризачи деб юритилади) Оҳангарон туманлараро иқтисодий судига ариза билан мурожат қилиб, жавобгар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш жараёнини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 1 июлдаги 546-сонли қарори билан тасдиқланган “Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида электрон аукционни ўтказиш ҳамда ушбу участкалардан фойдаланиш ҳуқуқига лицензиялар бериш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 79-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўпламини унга (аризачига) топширмаганлигини асос қилиб, жавобгарга берилган ер қаъри участкаларини геологик жиҳатдан ўрганиш учун 2020 йил 23 сентябрдаги FR серияли, G5 турдаги, 0206-сонли лицензияни бекор қилишни сўраган. Оҳангарон туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 8 октябрдаги ҳал қилув қарори билан аризачининг аризаси қаноатлантирилиб, жавобгарга 2020 йил 23 сентябрда берилган FR серияли, G5 турдаги, 0206-сонли лицензия бекор қилинган. Тошкент вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 23 ноябрдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш юзасидан янги қарор қабул қилинган. Аризачининг жавобгарга берилган лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги аризаси кўрмасдан қолдирилган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 17 февралдаги қарори билан аризачининг кассация шикояти қисман қаноатлантирилиб, апелляция инстанцияси судининг қарори бекор қилинган ва иш апелляция инстанцияси судида мазмунан кўриб чиқиш учун Тошкент вилоят судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига юборилган. Тошкент вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 17 мартдаги қарори билан жавобгарнинг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Иш юзасидан қабул қилинган Оҳангарон туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 8 октябрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 17 мартдаги қарори устидан жавобгар кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатларини бекор қилиб, янги қарор қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда жавобгарга коннинг геологик харитаси координатлари тақдим этилганлиги, ушбу харитада кўрсатилган координатларда чиғаноқли оҳактош (травертин) бор бўлиши лозим бўлганлиги, бироқ лицензия шартларини бажариш учун топосъёмка қилиш (хариталаш) жараёнида чиғаноқли оҳактош (травертин) жавобгарга тақдим этилган коннинг геологик харитаси координатларидан ташқарида жойлашганлиги аниқланганлиги, натижада коннинг геологик координатларини ўзгартириш зарурати туғилганлиги, шу сабабли жавобгар 2020 йил 9 ноябрь куни коннинг геологик харитаси координатларини ўзгартириб беришни сўраб, 37-сонли хат билан аризачига мурожаат қилганлиги, лекин аризачи томонидан ариза эътиборсиз қолдирилганлиги, шундан сўнг Ўзбекистон туман ҳокимлигига мурожаат қилинганлиги, туман ҳокимлиги ўз навбатида коннинг координатларига ўзгартириш киритишни сўраб, аризачига 2020 йил 9 декабрда 1-21/1544-сонли хат билан мурожаат қилганлиги, бироқ, аризачи томонидан ушбу мурожаат ҳам эътиборсиз қолдирилганлиги, берилган лицензиянинг 1-иловасида кўрсатилган координатларда чиғаноқли оҳактош (травертин) топилмаган бўлса, суд қандай қилиб лицензияни бекор қилиши мумкинлиги, бундан ташқари судлар 2020 йилнинг охирида ва 2021 йилнинг бошларида мамлакатимизда коронавирус пандемияси авжига чиққанлиги, Республика махсус комиссияси томонидан кўплаб чекловлар жорий қилинганлиги эътиборга олинмаганлиги, бу билан жавобгарнинг манфаатларига зид равишда, одиллик ва инсонпарварлик принципларига зид равишда қарор қабул қилганлиги ҳақида важлар келтирилган. Суд мажлисида иштирок этган аризачи вакили шикоятни қаноатлантирмасдан қолдиришни сўради. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар суд муҳокамасида ўз вакили иштирокини таъминламади. Олдинги суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакиллари шикоятда келтирилган важларни такрорлаб, уни қаноатлантиришни сўрашган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Судлов ҳайъати жойида маслаҳатлашиб, ишни жавобгар вакилининг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкинлиги ҳақида хулосага келди. Судлов ҳайъати аризачи вакилининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд ҳужжатларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. Аниқланишича, жавобгарга Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида жойлашган Ўқчи экспресс травертин участкасини геологик жиҳатдан ўрганиш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи FR серияли, G5 турдаги, тартиб рақами 0206 бўлган лицензия берилган. Лицензия 2020 йил 23 сентябрда берилган ва унинг амал қилиш муддати 2022 йил 22 сентябргача белгиланган. Мазкур лицензия билан бирга жавобгарга лицензиянинг ажралмас қисми бўлган ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартлари ҳам тақдим этилган. Ариза тақдим этилган ва суд қарорлари қабул қилинган кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш жараёнини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 1 июлдаги 546-сонли қарори билан тасдиқланган “Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида электрон аукционни ўтказиш ҳамда ушбу участкалардан фойдаланиш ҳуқуқига лицензиялар бериш тартиби тўғрисида”ги Низом (бундан буён Низом деб юритилади)нинг 15-бандида ер қаъридан фойдаланиш лицензияда назарда тутилган шартларга мувофиқ амалга оширилиши белгиланган. Мазкур Низомнинг 79-бандига кўра, аукцион ғолиби - ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига онлайн-аукцион натижалари бўйича лицензия расмийлаштирилган ер қаъридан фойдаланувчи томонидан 4 ой ичида тегишли ер қаъри участкаси бўйича қуйидаги ҳужжатлар тўплами аризачига тақдим этилади: йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар - лицензия ер қаъри участкасини геологик ўрганиш учун берилганда; техник-иқтисодий асослар - лицензия норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун берилганда; давлат экология экспертизасининг ваколатли органи томонидан атроф-муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза лойиҳасига берилган ижобий хулоса. Бироқ, жавобгар томонидан юқорида қайд этилган ҳужжатлар аризачига белгиланган муддатда тақдим этилмаган. Низомнинг 82-бандида лицензия расмийлаштирилган ер қаъридан фойдаланувчи томонидан 4 ой ичида ушбу Низомнинг 79-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўплами Давлат геология қўмитасига топширилмаган ҳолда, расмийлаштирилган лицензия ва ер участкасини ажратиш ҳақидаги қарор бекор қилиниши белгиланган. Жавобгар томонидан Низомнинг ушбу банди бажарилмаганлиги сабабли аризачининг талаби асосли ҳисобланади ва судлар томонидан аризани қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келинган. Жавобгарнинг коннинг геологик харитаси координатларини ўзгартириб беришни сўраб, аризачига ҳам ўзи ҳам Ўзбекистон туман ҳокимлиги мурожаат қилганлиги, бироқ, аризачи томонидан ушбу мурожаатлар эътиборсиз қолдирилганлиги, судлар 2020 йилнинг охирида ва 2021 йилнинг бошларида мамлакатимизда коронавирус пандемияси авжига чиққанлиги, Республика махсус комиссияси томонидан кўплаб чекловлар жорий қилинганлиги эътиборга олинмаганлиги тўғрисидаги важлари суд ҳужжатларини бекор қилиш учун асос бўла олмайди. Чунки, биринчидан, коннинг геологик харитаси координатларини ўзгартириб бериш аризачининг ваколатига киришини жавобгар исботлаб бермаган, иккинчидан жавобгарга лицензия 2020 йил 23 сентябрда берилган бўлса, ариза 2021 йил 23 августда имзоланиб, иқтисодий судга 2021 йилнинг 14 сентябрда кирим қилинган. Яъни, лицензия берилганидан кейин унинг шартларини бажариш учун жавобгарда нафақат тўрт ой, балки қарийб бир йиллик муддат бўлган. Ушбу муддатда ҳам лицензия шарти бажарилмаган. Қолаверса, жавобгарга берилган лицензиянинг амал қилиш муддати 2022 йил 13 сентябрда тугаган. ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига кўра, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги асос бўлади. Мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас. Баён қилинганларга асосан судлов ҳайъати, суд ҳужжатларини ўзгаришсиз, жавобгарнинг кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ олдиндан тўланган почта харажатларини жавобгарнинг зиммасида қолдиришни лозим топади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301-303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: Оҳангарон туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 8 октябрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 17 мартдаги қарори ўзгаришсиз, “OHANGARON BUNYODKOR QURILISH” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Б. Сайфуллаев ҳайъат аъзолари: В. Сатторова Ш. Мирзаҳакимов