Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1001-2220/51008 Дата решения 03.05.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Маҳмудов Шуҳрат Муҳаммадович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "DISCOVER INVEST" масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый UZTRADE давлат акционерлик бирлашмаси
Source ID 1079326 Claim ID 3221666 PDF Hash 899eadb47b1572fb... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 4
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
аролик кодексининг 236-моддаси аролик кодекси 236 code_article
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1001-2220/51008-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья – Н.Байзақова Апелляция инстанциясида маърузачи судья – Ф.Ёдгоров Кассация инстанциясида маърузачи судья – Ш.Маҳмудов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 3 май Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Ш.Маҳмудовнинг раислигида, судьялар А.Абдуллаев ва Б.Исрайловдан иборат таркибда, Н.Зармасовнинг котиблигида, даъвогарнинг вакиллари Ф.Ғайбуллаев (2023 йил 1 январдаги 01-23-сонли ишончнома асосида), жавобгар вакиллари А.Юлдашев, К.Комилов (2023 йил 9 январдаги 05/23-сонли ишончнома асосида) иштирокида, даъвогар Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг “Discover invest” масъулияти чекланган жамияти манфаатида “Uztrade” акциядорлик жамиятидан 33 600 000 сўм қарз ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 1 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 21 декабрдаги қарори устидан “Uztrade” акциядорлик жамияти томонидан берилган кассация шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга Олий суднинг биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 августдаги 136-сонли баённомасига кўра, Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги “Texnopark” масъулияти чекланган жамияти ҳудудидаги хориждан келтирилган йиғма чодирларни жойларга ўрнатиш, шу жумладан шикаст етказмаган ҳолда йиғиш ва кўчириш ишларини республика ҳудудларидан жалб этиладиган мутахассиларга ўргатиш ҳамда зарур қўлланмаларни тайёрлаб тарқатиш ишларини амалга ошириш “Discover invest” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) зиммасига юклатилган. Ушбу ишларни амалга ошириш учун Республика ҳудудларидан жалб этилган мутахассиларга хориждан келтирилган йиғма чодирларни жойларга ўрнатиш, шу жумладан шикаст етказмаган ҳолда йиғиш ва кўчириш ишларини амалга ошириш даъвогар томонидан ўргатилган ҳамда уларга зарур қўлланмалар тайёрлаб тарқатилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган баённомасида ушбу ишларни амалга оширишда мазкур йиғма чодирларни хориждан импорт қилиш учун “Маҳалла” хайрия жамоат фондидан “Uztrade” акциядорлик жамияти (бундан баён матнда жавобгар деб юритилади)га ажратилган маблағдан қолган 73 600 000 сўмни даъвогарга ўтказиб берилишига розилик берилган. Даъвогар томонидан баённомада белгиланган ишлар амалга оширилган. Бироқ, жавобгар жами 40 000 000 сўм тўловни амалга ошириб, қолган 33 600 000 сўмни тўламасдан келган. Натижада тарафлар ўртасида низо келиб чиққан ва Ўзбекистон Савдосаноат палатаси Тошкент шаҳар ҳуудий бошқармаси (бундан буён матнда палата деб юритилади) даъвогар манфаатида жавобгарга нисбатан даъво аризасида қўйилган талаб билан Тошкент туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилган. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 1 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 33 600 000 сўм ундириш белгиланган. Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 21 декабрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд қароридан норози бўлиб, жавобгар кассация шикояти билан мурожаат қилган. Шикоятда, суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни сўраган. Суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган палата суд мажлисида иштирок этмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Судлов ҳайъати, қайд этилганларга кўра, ишни палата вакили иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди. Суд мажлисида иштирок этган жавобгарнинг вакили кассация шикоятини қувватлаб, уни қаноатлантиришни сўради. Даъвогарнинг вакили, жавобгарнинг кассация шикоятига нисбатан эътироз билдириб, суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни сўради. Судлов ҳайъати, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини тинглаб, иш ҳужжатларини ўрганиб, қуйидагиларга кўра, суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 августдаги 136-сонли баённомасига асосан, Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги “Texnopark” масъулияти чекланган жамияти ҳудудидаги хориждан келтирилган йиғма чодирларни жойларга ўрнатиш, шу жумладан шикаст етказмаган ҳолда йиғиш ва кўчириш ишларини республика ҳудудларидан жалб этиладиган мутахассиларга ўргатиш ҳамда зарур қўлланмаларни тайёрлаб тарқатиш ишларини амалга ошириш даъвогар зиммасига юклатилган. Мазкур йиғма чодирларни хориждан импорт қилиш учун “Маҳалла” хайрия жамоат фондидан жавобгарга ажратилган маблағдан қолган 73 600 000 сўм маблағни ушбу ишларни амалга оширганлик учун даъвогарга ўтказиб берилишига розилик берилган. Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги “Texnopark” масъулияти чекланган жамияти ҳудудида 2021 йил август ойида ўтказилган йиғилиш баёнига кўра, даъвогарнинг мутахассислари республика ҳудудларидан жалб этиладиган мутахассиларга хориждан келтирилган йиғма чодирларни жойларга ўрнатиш, шу жумладан шикаст етказмаган ҳолда йиғиш ва кўчириш ишларини амалга ошириш ўргатилган ҳамда зарур қўлланмалар тайёрлаб тарқатилган. Шундан сўнг, даъвогар томонидан баённомада белгиланган ишлар бажарилиб, ишлар бажарилганлиги тўғрисида 2022 йил 21 июндаги 1-сонли электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилиб, жавобгарга юборилган. Бироқ, мазкур ҳисобварақ-фактура жавобгар томонидан тасдиқланмаган. Шундан сўнг, даъвогар жавобгарга 2021 йил 8 сентябрь ва 22 ноябрда талабномалар юбориб, кўрсатилган хизмат учун белгиланган 73 600 000 сўмни тўлаб беришни сўраган. Жавобгар жами 40 000 000 сўм тўловни амалга ошириб, бироқ қолган 33 600 000 сўмни тўламасдан келган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Мазкур ҳолатда даъвогар томонидан ишлар тўлиқ бажарилиб, бунинг учун жавобгар томонидан қисман, яъни 40 000 000 сўм тўлов амалга оширилган. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2009 йил 18 декабрдаги 203-сонли қарори 8-бандининг еттинчи хатбошисида, агар тарафларнинг шартномавий ҳуқуқий муносабатларга киришганлиги ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқланса, шартноманинг мавжуд эмаслиги даъвогарнинг етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар қийматини ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмаслиги ҳақида тушунтириш берилган. Мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди ишдаги мавжуд ҳужжатларга тўғри ҳуқуқий баҳо бериб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқлаб, даъво аризасини қаноатлантириш ва жавобгардан даъвогар фойдасига 33 600 000 сўмни ундириш ҳақида асосли хулосага келган. Қайд этилганларни инобатга олиб, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириб, тўғри тўхтамга келган. Судлов ҳайъати, жавобгарнинг кассация шикоятида қайд этилган важлари билан келишмайди. Чунки, даъвогар томонидан амалга оширилган ишлар жавобгар томонидан қабул қилинган ва қисман бўлса-да тўлов амалга оширилган бўлиб, ушбу ҳолат тарафлар шартномавий ҳуқуқий муносабатларга киришганлигидан далолат беради. ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Судлар иш ҳолатларига мувофиқ қонуний ва асослантирилган қарор қабул қилганлар, шу сабабли суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас. ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса, қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига кўра суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Шунга кўра, кассация шикояти учун олдиндан тўланган почта харажатларини жавобгарнинг зиммасида қолдириш ва ундан республика бюджетига 336 000 сўм давлат божи ундириш лозим. Баён этилганларга асосан, ИПКнинг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л а д и: Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 1 ноябрдаги ҳал қилув қраори ва Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 21 декабрдаги қарори ўзгаришсиз, “Uztrade” акциядорлик жамиятининг кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. “Uztrade” акциядорлик жамиятидан Республика бюджетига 336 000 сўм давлат божи ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Ш.Маҳмудов ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев Б.Исрайлов