Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1304-2202/2666 Дата решения 02.05.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Сайфуллаев Бахтиёр Насуллоевич Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение ZIYODABONU-AFRUZABONU масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый Сирдарё вилоят молия бошқармаси
Source ID 1081156 Claim ID 3246166 PDF Hash 861b4e7c33ee22f7... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 7
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
аролик кодекси 14-моддаси аролик кодекси 14 code_article
Мазкур кодекс 985-моддаси Мазкур кодекс 985 code_article
ИПКнинг 45-моддаси ИПКнинг 45 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
йича ушбу Кодекс 302-моддаси йича ушбу Кодекс 302 code_article
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
суд харажатларини ИПКнинг 118-моддаси суд харажатларини ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1304-2202/2666-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья – Б.Махмудов Апелляция инстанциясида маърузачи судья – А.Сувонқулов Кассация инстанциясида маърузачи судья – Б.Сайфуллаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 2 май Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар В.Сатторова ва Р.Сагатовдан иборат таркибда, З.Қодировнинг котиблигида, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида кўришда кўмаклашаётган Жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман судининг ходими Ш.Аширов, даъвогар раҳбари З.Джумаевнинг иштирокида, “ZIYODABONUAFRUZABONU” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар Сирдарё вилоят хокимлиги молия бош бошқармасидан 114 000 000 сўм етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қабул қилинган Гулистон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 20 январдаги ҳал қилув қарори ва Сирдарё вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 28 февралдаги қарори устидан “ZIYODABONUAFRUZABONU” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суд жойлашган бинода видеоконференцалоқа режимида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Жиззах вилояти Дўстлик тумани ҳокимининг 2019 йил 8 апрелдаги 532-сонли қарори билан “ZIYODABONU-AFRUZABONU” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар ёки МЧЖ деб юритилади)га Дўстлик тумани, Ғ.Ғулом маҳалласи худудидан 0,95 га ер майдонидаги сув ҳавзасида балиқчилик хўжалиги ташкил этиш учун рухсат берилган. МЧЖ томонидан балиқчилик хўжалигини ривожлантириш учун АТ “Асакабанк” Жиззах филиали (бундан буён банк деб юритилади)дан 114 000 000 сўм кредит маблағи олинган ва ушбу кредит маблағи эвазига балиқ чавоқлари сотиб олиниб, 0,95 га сув ҳавзасига боқиш учун ташланган. Сардоба сув омборида 2020 йил 1 майда содир бўлган сув тошқини натижасида 2020 йил 4 майдан 2020 йил 4 июнга қадар Жанубий Мирзачўл канали Марказий чап тармоқ каналининг ПК-35+00 даги қисмида сув оқими тўхтаган ва балиқчилик хўжалигидаги сув сатҳи пасайиб кетган. Бунинг натижасида 114 000 000 сўмлик кредит маблағлари эвазига олиб келинган балиқ чавоқлари нобуд бўлганлиги ва МЧЖга шунча миқдорда зарар етказилганлиги тўғрисидаги асос билан даъвогар иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилган ва Сирдарё вилоят хокимлиги молия бош бошқармаси (бундан буён матнда жавобгар ёки молия бошқармаси деб юритилади)дан 114 000 000 сўм миқдоридаги етказилган зарарни ундиришни сўраган. Гулистон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 20 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган. Сирдарё вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 28 февралдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан даъвогар кассация шикояти билан Олий судга мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатларини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда Дўстлик туман ҳокимлигининг 2019 йил 8 апрелдаги 532-сонли қарори билан МЧЖга балиқчилик билан шуғулланиш учун умумий ер майдони 0,75 га. бўлган сув ҳавзаси берилганлиги ҳамда 0,20 га. ер майдонига ошхона бинолари қуришга рухсат берилганлиги, банкдан олинган 114 000 000 сўмни балиқ чавоқлари сотиб олишга йўналтирилганлиги, балиқчилик билан шуғулланиш учун сув ҳавзаси ташкил этганлиги, мазкур сув ҳавзаси Сардоба сув омборида содир бўлган техноген офат натижасида каналда сув оқими тўхтаб қолганлиги ва сув сатҳи пасайиб кетганлиги оқибатида балиқлар нобуд бўлганлиги, бу бўйича мутасадди ташкилотларнинг мутахассислари иштирокида далолатнома тузилганлиги, Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг 2023 йил 24 апрелдаги йиғилишида содир бўлган техноген офат оқибатида етказилган зарарни аниқлаш ва молиялаштириш манбаларини кўрсатган ҳолда аниқ таклиф киритиш масаласи белгиланганлиги, Ишчи гуруҳи томонидан МЧЖга етказилган зарар масаласида суҳбат баёни тузилганлиги, бироқ зарар қоплаб берилмаганлиги, апелляция инстанцияси суди қарорида аслида эса даъвогар сув тошқини оқибатларида кўрган зарарини қоплаб бериш бўйича Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига ёки Сирдарё вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармасига эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги ПФ-5569-сонли Фармойиши билан ташкил этилган Сирдарё вилоятидаги “Сардоба сув омбори” тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссиясига Дўстлик туманида ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан тўпланган ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат этиши лозимлиги кўрасатилганлиги, бироқ МЧЖ барча ҳужжатлар билан Ҳукумат комиссиясига ҳам, Дўстлик туманидаги Ишчи гуруҳига ҳам мурожаат қилганлиги, суд ушбу ҳолатларни инобатга олмаганлиги, МЧЖ зарар кўрганлигини Сирдарё тасдиқлаганлиги, бироқ “Сенинг жойинг Жиззахда” деб аризани қабул қилмаганлиги, Жиззахда эса “воқеа жойи Сирдарёда” деб аризани қабул қилмаганлиги, турли идораларга қилинган мурожаатлар натижасиз қолаётганлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига мувофиқ Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига 100 млрд. сўм маблағ компенсация учун ажратилганлиги сабабли зарар суммасини жавобгардан ундириш сўралганлиги ҳақида важлар келтирилган. Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили кассация шикоятини қўллаб-қувватлаб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанция судининг қарорини бекор қилиб, даъвони тўлиқ қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўради. Суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар суд суҳокамасида ўз вакили иштирокини таъминламади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Судлов ҳайъати жойида маслаҳатлашиб, ишни улар вакилларини иштирокисиз кўриб чиқиш мумкинлиги ҳақида хулосага келди. Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, қуйидаги асосларга кўра суд ҳужжатларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанцияси судига юборишни, кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни лозим топади. Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Жиззах вилояти, Дўстлик тумани ҳокимининг 2019 йил 8 апрелдаги 532-сонли қарори билан МЧЖга Дўстлик тумани, Ғ.Ғулом маҳалласи худудидан 095га ер майдонидаги сув ҳавзасида балиқчилик хўжалиги ташкил этиш учун рухсат берилган. МЧЖ томонидан балиқчилик хўжалигини ривожлантириш учун банкдан 2019 йил 13 майда тузилган кредит шартномасига асосан 114 000 000 сўм кредит маблағи олинган ва ушбу кредит маблағи эвазига балиқ чавоқлари сотиб олиниб, 0,95 га сув ҳавзасига боқиш учун ташланган. Сардоба сув омборида 2020 йил 1 майда содир бўлган сув тошқини натижасида натижасида 2020 йил 4 майдан 2020 йил 4 июнга қадар Жанубий Мирзачўл канали Марказий чап тармоқ каналининг ПК-350+00даги қисмида сув оқими тўхтаган ва балиқчилик хўжалигидаги сув сатҳи пасайиб кетган ва бунинг оқибатида 114 000 000 сўмлик кредит маблағлари эвазига олиб келинган балиқ чавоқлари нобуд бўлган. Нобуд бўлган балиқ човоқлари кредит маблағига сотиб олинганлиги ва мақсадли ишлатилганлиги ишчи гуруҳи ҳамда даъвогар раҳбари томонидан тузилган кредит маблағининг мақсадли ишлатилиши юзасидан тузилган 2019 йил 5 майдаги маълумотнома билан тасдиқланади. Даъвогарга тегишли сув ҳавзасидаги балиқлар сув тошқини оқибатида нобуд бўлганлиги ишдаги далиллар, жумладан, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимлари томонидан тузилган 2020 йил 30 июндаги маълумотнома, банк вакили, МЧЖ раҳбари, Дўстлик туманидаги Бош вазир қабулхонаси мудири томонидан имзоланган далолатнома, Дўстлик туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Данияров томонидан 2021 йил 30 ноябрда тасдиқланган туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилиш баёни, МЧЖ раҳбари билан ўтказилган суҳбат баёнлари, МЧЖ раҳбари номига берилган хатлар билан тасдиқланган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 14-моддасининг иккинчи қисмига кўра, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади. Мазкур кодекс 985-моддасининг биринчи қисмига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим. Биринчи ва апелляция инстанцияси суди қайд этилган ҳуқуқ нормларига асосланиб, Сардоба сув омборида юз берган тошқин оқибатида МЧЖга қарашли бўлган балиқчилик хўжалигини сув билан таъминлайдиган каналда бир ой давомида сув оқиши тўхтаб қолганлиги, натижада балиқчилик сув ҳавзасида сувнинг сатҳи пасайиб кетганлиги, сувнинг сизиб кетиши натижасида балиқ чавоқларининг нобуд бўлишида жавобгарнинг қай даражада айби мавжудлигини даъвогар етарли ҳужжатлар билан исботлаб бера олмаганлиги ҳақида хулосага келган. Судлов ҳайъати қуйи инстанция судлари даъвогарнинг даъвосини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида барвақт хулосага келган деб ҳисоблайди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги ПФ-5569-сонли фармойиши билан Сирдарё вилоятидаги “Сардоба сув омбори” тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси ташкил этилган. Ушбу комиссия зиммасига “Сардоба сув омбори” тўғонидан сув тошиши оқибатида иқтисодиёт тармоқларида, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги, йўл-транспорт ва ирригация тизимлари, ижтимоий соҳа, аҳоли уй-жой фонди, нотурар жой биноларига етказилган зарар ва йўқотишлар миқдорини аниқлаш ва баҳолаш белгиланган. Бундан ташқари, Сирдарё вилоятидаги “Сардоба сув омбори” тўғонидан сув тошиш оқибатларини бартараф этиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов бошчилигидаги Ҳукумат комиссиясининг 2020 йил 2 июндаги сайёр йиғилиши баёнининг 9-бандида Молия вазирлиги, тижорат банклари билан биргаликда Сирдарё вилоятининг “Сардоба сув омбори”дан сув тошиши оқибатида талофат кўрган, лекин кредитлари суғурта қилинмаган юридик ва жисмоний шахслар томонидан кўрилган зарарнинг миқдорини аниқлаш ҳамда уларнинг ўрнини қоплаш манбаларига аниқлик киритиб, ўн кун муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш юклатилган. Иш ҳужжатларида Бош вазир ўринбосари бошчилигида экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича 2021 йил 24 апрелда ўтказилган 26-сонли йиғилиш баёни мавжуд бўлиб, ушбу йиғилиш баёнида Жиззах вилоятидаги тадбиркорлар билан ўтказилган “Давра суҳбати” давомида кўтарилган масалаларни ҳал этиш юзасидан манзилли Чора-тадбирлар режаси илова қилинган. Ушбу режанинг 42-бандида даъвогар томонидан 2019 йилда банкдан олинган 114 000 000 сўм кредит ҳисобига ташкил этилган балиқчилик ҳавзаси Сардоба сув омборида содир бўлган техноген офат натижасида зарар кўрганлиги сабабли етказилган моддий зарарни қоплаб бериш назарда тутилган бўлиб, ушбу тадбирни амалга ошириш механизми сифатида даъвогар томонидан кўтарилган масалани атрофлича ўрганиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи тузиш, Ишчи гуруҳи томонидан жойига чиққан ҳолда содир бўлган техноген офат натижасида кўрилган зарарни аниқлаш, аниқланган зарарни қоплаш бўйича Ҳукумат комиссиясига молиялаштириш манбаларини кўрсатган ҳолда аниқ таклиф киритиш, масъул сифатида эса, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Жиззах вилоят ҳокимлиги кўрсатилган. ИПКнинг 45-моддасига кўра, суд даъво бўйича жавоб бериши лозим бўлмаган шахсга нисбатан даъво тақдим этилганлигини аниқласа, ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар даъвогарнинг розилиги билан ишга дахлдор жавобгар билан алмаштиришга йўл қўйиши мумкин. Агар даъвогар жавобгарни бошқа шахс билан алмаштиришга рози бўлмаса, суд бу шахсни даъвогарнинг розилиги билан иккинчи жавобгар сифатида ишга жалб этиши мумкин. Биринчи инстанци суди даъвогарга етказилган зарарни қоплаш масаласи юзасидан топшириқ юқорида қайд этилган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Жиззах вилоят ҳокимлигига берилганлиги сабабли уларни, шунингдек Дўстлик туман ҳокимлигини ишга жавобгар сифатида жалб қилиш масаласини ҳал қилмаган. Ваҳоланки, иш ҳужжатларида Жиззах вилоят ҳокимлиги, Дўстлик туман ҳокимлиги ва бошқа идораларнинг даъвогарга етказилган зарар билан боғлиқ турли ёзишмалари мавжуд бўлиб, ушбу ёзишмалардан мазкур масала бўйича ушбу ташкилотлар ҳам шуғулланганлигини англаш мумкин. Мазрур ҳолатда биринчи инстанция суди қайд этилган ташкилотларни ишга жавобгар сифатида жалб қилиб, даъвогарга етказилган зарарни қоплаб берилмаганлигининг сабабларини, бунинг учун айбдор шахсларни аниқлаши лозим бўлган. ИПК 301-моддасининг 3-бандида кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ва тўртинчи қисмининг 4 ва 7-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган суд инстанциясига юборишга ҳақли эканлиги белгиланган. ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига кўра, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги асос бўлади. Мазкур ҳолатда биринчи ва апелляция инстанцияси суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ ўрганилмаган. Ишга жавобгар сифатида жалб этилиши лозим бўлган шахслар жалб этилмаган. Шу сабабли судлов ҳайъати, кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанцияси судига юборишни лозим деб топади. Биринчи инстанция суди ишни янгидан кўришда тарафларнинг важларини ишдаги ва тақдим этиладиган далиллар билан бирга тўлиқ ўрганиши, уларга баҳо бериши, ишга юқорида қайд этилган вазирлик ва ҳокимликларни жавобгар сифатида жалб этиши, моддий ҳамда процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда ишни кўриш натижаси бўйича қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши, суд харажатларини ИПКнинг 118-моддасига асосан тақсимлаши лозим бўлади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301-305-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: “ZIYODABONU-AFRUZABONU” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин. Гулистон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 20 январдаги ҳал қилув қарори ва Сирдарё вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 28 февралдаги қарори бекор қилинсин. Иш янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун Гулистон туманлараро иқтисодий судига юборилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Б. Сайфуллаев ҳайъат аъзолари: В. Сатторова Р. Сагатов