Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-2003-2202/1336 Дата решения 26.04.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Исрайлов Бахтиёр Адилович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Кадастр агентлигининг Ғиждувон туман бўлими Ответчик / Подсудимый Муқим Субхон деҳқон хўжалиги
Source ID 1078500 Claim ID 3229804 PDF Hash 684d46a6b245932d... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 6
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
аролик кодекси 212-моддаси аролик кодекси 212 code_article
онуни 9-моддаси онуни 9 law
збекистон Республикаси Ер кодекси 90-моддаси збекистон Республикаси Ер кодекси 90 code_article
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-2003-2202/1336-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья Б.Кенжаев Апелляция инстанциясида маърузачи судья М.Болтаев Кассация инстанциясида маърузачи судья Б.Исрайлов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 26 апрель Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б.Исрайловнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар В.Сатторова ва А.Абдуллаевдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастрлар агентлигининг Бухоро вилоят бошқармаси вакили Д.Икрамов (ишончномага асосан), Кадастрлар агентлигининг Бухоро вилоят бошқармаси Ғиждувон туман бўлими мутахассиси Ж.Хотамов (ишончномага асосан), Бухоро вилоят қурилиш бош бошқармаси вакили Ф.Эгамбердиев (ишончномага асосан)нинг иштирокида, Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ кўмитаси ҳузуридаги Кадастрлар агентлигининг Бухоро вилоят бошқармаси номидан ишончнома асосида Ғиждувон туман бўлимининг жавобгар “Муқум Субхон” деҳқон хўжалигига нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган дундамент ва деворни буздириш ва ер майдонини ўз ҳолатига келтириш тўғрисидаги даъво аризаси юзасидан қабул қилинган Ғиждувон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 22 декабрдаги ҳал қилув қарори ва Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судининг 2023 йил 1 мартдаги қарори устидан жавобгар томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида Бухоро вилоят суди кўмагида видеоконференцалоқа режимида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: Кадастр агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси Ғиждувон туман бўлимининг 2021 йил 8 ноябрдаги 1111-сонли буйруғига асосан Ғиждувон туманида фаолият юритиб келаётган “Муқум Субхон” деҳқон хўжалиги (бундан буён матнда жавобгар, д/х деб юритилади)да ердан фойдаланиш, ўрнатилган талабларга риоя этилиши юзасидан дастур асосида текшириш ўтказилган. Ўтказилган текширишда “Муқум Субхон” д/х томонидан туман ҳокимининг қарори асосида деҳқон хўжалиги фаолиятини амалга ошириш учун ажратиб берилган қишлоқ хўжалиги харитасининг 337-контуридаги 60 балл бонитетли 0,18 гектар экин майдонида ноқонуний 170 метрлик бетон пойдеворли девор қурилганлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан даъвогар томонидан қишлоқ хўжалиги харитасининг 337-контурдаги 60 балл бонитетли 0,18 гектар экин майдонидан ноқонуний 170 метрлик бетон пойдевори бартараф этиб, ер майдонини ўз ҳолатига келтириш тўғрисида 2021 йил 12 ноябрда ФИ-15-1128-сонли хат орқали жавобгар ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани ўз ҳисобидан буздириб ва ер майдонини ўз ҳолатига келтириб, деҳқон хўжалигига қайтариш тўғрисида огоҳлантирилган. Жавобгар томонидан ихтиёрий равишда ўзбошимчалик билан қурилган пойдевор ва девор бартараф этилмаганлиги сабабли даъвогар жавобгарга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарга деҳқон ҳўжалиги юритиш учун ажратиб берилган, “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини, “Бофандар” қишлоғида жойлашган Ўзбекистон массиви ҳудуди қишлоқ хўжалиги харитасининг 337-контуридаги 0,18 гектар ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилган умумий узунлиги 170 метрдан иборат фундамент ва деворни мажбурий тартибда буздириш ва экин ер майдонини ўз ҳолатига келтиришни сўраган. Суднинг 2022 йил 2 ноябрдаги ажрими билан ишга Бухоро вилоят ҳокимлиги, Ғиждувон туман ҳокимлиги, Бухоро вилоят қурилиш бош бошқармаси, Давлат кадастрлар палатаси Бухоро вилоят бошқармаси ҳамда Бухоро вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси низонинг предметига мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган. Ғиждувон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 22 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талабининг жавобгар томонидан Ғиждувон тумани, “Тинчлик” МФЙ, Бофандалар қишлоғи, Ўзбекистон массиви ҳудудида қишлоқ хўжалиги харитасининг 337-контурдаги 0,18 гектар экин майдонида ўзбошимчалик билан қурилган умумий узунлиги 170 метрдан иборат фундамент ва девор буздириш тўғрисидаги қисми қаноатлантирилиб, жавобгарга нисбатан экин ер майдонини ўз ҳолатига келтириш тўғрисидаги даъво талаби бўйича иш юритиш тугатилган. Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 1 мартдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Мазкур суд қарорлари устидан жавобгар томонидан кассация шикояти берилиб, унда ҳал қилув қарори ва қарорни бекор қилиш, даъво аризаси бўйича иш юритишни тугатиш сўралган. Бунга асос қилиб шикоятда, 4-2003-2102/71-сонли иши бўйича Ғиждувон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 2 февралдаги ҳал қилув қарорида жавобгар томонидан Ғиждувон тумани, “Тинчлик” МФЙ, “Бофандалар” қишлоғи, “Ўзбекистон” массиви ҳудудида қишлоқ хўжалиги харитасининг 337-контуридаги 0,18 гектар экин майдонида ўзбошимчалик билан қурилган умумий узунлиги 170 метрдан иборат фундамент ва деворни бузиш мажбурияти МИБ Ғиждувон туман бўлими зиммасига юклатилганлиги, ушбу ҳал қилув қарори бугунги кунда қонуний кучда эканлиги, мазкур ҳолатда айни бир шахслар ўртасида, айни бир даъво предмети бўйича иш кўрилганлиги сабабли суд Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 110-моддасининг 2-бандига асосан иш юритишни тугатиши лозимлиги, бундан ташқари даъвода деҳқон хўжалигига 0,17 гектар (амалда 0,18 гектар) ер майдони мавжудлиги кўрсатилган бўлиб, низоли ер майдони амалда ажратилган 0,17 гектар ер майдони ҳудудидами ёки ортиқча фойдаланиб келинаётган 0,01 гектар ер майдонида қурилганлигига аниқлик киритмаганлиги кўрсатилган. Суд муҳокамасида иштирок этган даъвогар вакили кассация шикоятига нисбатан эътироз билдириб, муқаддам Ғиждувон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 2 февралдаги 4-2003-2102/71-сонли иши бўйича ҳал қилув қарори билан ҳақиқатдан ҳам Ғиждувон тумани, “Тинчлик” МФЙ, “Бофандалар” қишлоғи, “Ўзбекистон” массиви ҳудудида қишлоқ хўжалиги харитасининг 337-контурдаги 0,18 гектар экин майдонида жавобгар томонидан ўзбошимчалик билан қурилган умумий узунлиги 170 метрдан иборат фундамент ва деворни бузиш мажбурияти юклатилганлиги, бироқ ушбу ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар эътироз билдириб, қарорда жавобгарга мажбурият юклатилмаганлигини тан олиб, қарорни ижро қилишдан бош тортиб келганлиги, мазкур ҳолатда жавобгарга яшаш учун ёнма-ён ажратилган ер майдонида деҳқон хўжалиги ишлаб чиқариши лозим бўлса-да, бироқ ушбу ҳудудни жавобгар пойдевор билан ўраб олиб, устига девор қуриб ўраб олганлиги, шунга кўра судга даъво аризаси берилганлигини билдириб, суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни сўради. Суд мажлисида иштирок этган Бухоро вилоят қурилиш бош бошқармаси жавобгар қурилишни амалга ошириш учун унга ҳеч қандай рухсат берилмаганлигини билдириб, шикоятни рад этишни сўради. Суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар, Бухоро вилоят ҳокимлиги, Ғиждувон туман ҳокимлиги, Давлат кадастрлар палатаси Бухоро вилоят бошқармаси ҳамда Бухоро вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси вакиллари иштирокини таъминламади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов ҳайъати ишни жавобгар ва учинчи шахсларнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди. Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 212-моддасининг биринчи қисмига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади. Ғиждувон туман ҳокимининг 2004 йил 21 майдаги 274-сонли қарори билан фуқаро С.Мукимовга деҳқон хўжалиги тузиш учун 0,18 гектар уйжойи билан биргаликда фойдаланиб келаётган томорқа ерига қўшимча 0,17 гектар жами 0,35 гектар деҳқончилик билан шуғулланиши учун ажратилган. Жавобгар томонидан деҳқон хўжалигига тегишли ер майдонининг 337-контурининг 0,17 гектар экин майдони ва яна 1 сотих ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб, ушбу жами 0,18 гектар ер майдонини 170 метр фундамент ҳамда девор билан ўраб олган. Ғиждувон туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимининг 2021 йил 11 ноябрдаги далолатномасида жавобгар деҳқон хўжалиги юритиш учун ажратилган экин ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини бажариб, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 9-моддаси 4-банди талаби, Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 90-моддасининг 2-банди талабларини бузганлиги сабабли мазкур қурилмалар жавобгар томонидан бартараф қилиниши лозимлиги қайд этилган. Жавобгарга берилган давлат реестридан кўчирмада жавобгарнинг 0,35 гектар умумий ер майдони давлат рўйхатидан ўтказилганлиги қайд этилган бўлиб, давлат рўйхатидан ўтказилган бино-иншоотларнинг умумий фойдаланиш, қурилиш ости ва яшаш майдони қайд этилмаган. Шунингдек, Бухоро вилоят қурилиш бош бошқармасининг 2022 йил 21 декабрдаги 1842-сонли хатига кўра жавобгар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июлдаги 467-сонли Қарорига зид равишда ўзбошимчалик билан умумий узунлиги 170 метрдан иборат бўлган пойдевор ва шлакоблок қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда девор қурилмаси ноқонуний равишда қурилганлиги бошқарманинг мутахассислари томонидан жойида ўрганилганда аниқланган. “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 9-моддасининг биринчи қисмида деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасидан деҳқон хўжалигининг ихтисослашуви асосида фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун фойдаланилиши кераклиги, ушбу модданинг тўртинчи қисмида деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасида бинолар ва иншоотларни, шу жумладан ер ости иншоотларини қуриш тақиқланиши белгиланган. Биринчи инстанция суди жавобгар томонидан қишлоқ хўжалиги харитасининг 337-контурдаги 60 балл бонитетли жами 0,18 гектар (шундан 0,17 гектар ер майдони деҳқон хўжалиг юритиш учун, 1 сотих ерни жавобгар ўзбошимчалик билан эгаллаб олган) экин майдонида ўзбошимчалик билан қурилган умумий узунлиги 170 метрдан иборат фундамент ва девор ўзбошимчалик билан қурилганлиги ҳолати иш ҳужжатлари билан тасдиқланганлиги сабабли даъво талабини қаноатлантириш ҳақида қонуний тўхтамга келган. Шунингдек, биринчи инстанция суди даъвогарнинг жавобгарга нисбатан экин ер майдонини ўз ҳолатига келтириш тўғрисидаги даъво талаби бўйича иш юритиш тугатиш тўғрисида асосли хулосага келган. Чунки Ғиждувон туманлараро судининг 2022 йил 2 февралдаги 4-2003-2102/71-сонли ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг жавобгарга нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани бузиш ва экин ер майдонини ўз ҳолатига келтириш мажбурияти юклатилган. ИПК 302-моддасининг биринчи қисмида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари келтирилган бўлиб, мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас. Ўз навбатида, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қонуний қарор қабул қилган. ИПК 301-моддасининг 2-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятидаги важлари билан келиша олмайди. 4-2003-2102/71-сонли иш билан даъвогар томонидан судга ўзбошимчалик билан қурилган фундамент ва деворни бузиш мажбуриятини юклаш талаби билан мурожаат қилинган бўлиб, ҳозирда кўриб чиқлаётган иш бўйича эса ўзбошимчалик билан қурилган фундамент ва деворни мажбурий тартибда буздириш талаби қўйилган. Шунга кўра қуйи судлар томонидан жавобгарнинг айни бир шахслар, айни бир асос ва айни бир предмет бўйича ишлар кўрилганлиги сабабли иш юритишни тугатиш тўғрисидаги важлари билан асосли келишмаган. Ҳар икки иш бўйича айни бир даъво предмети бўйича кўрилмаган. Шунингдек, жавобгарга деҳқон хўжалиги юритиш учун 2004 йил 21 майдаги 274-сонли туман ҳокимининг қарори билан 0,17 гектар экин майдони ажратиб берилган бўлса-да, жавобгар томонидан ушбу ерга қўшимча 1 сотих ер майдонини ҳам ўзбошимчалик билан эгаллаб, амалда жами 0,18 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан фундамент қуйиб, девор билан ўраб олганлиги аниқланган, шунга кўра амалда жами 0,18 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан фундамент қуйиб, девор билан ўраб олганлиги ҳолати юзасидан судга даъво аризаси берилган. Шу сабабли жавобгарнинг кассация шикоятидаги жавобгарнинг низоли ер майдони амалда ажратилган 0,17 гектар ер майдони ҳудудида ёки ортиқча фойдаланиб келинаётган 0,01 гектар ер майдонида қурилганлигига аниқлик киритмаганлиги тўғрисидаги важлар билан келишиб бўлмайди. Баён этилганларга асосан, судлов ҳайъати кассация шикоятини қаноатлантирмасдан, суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан ихтиёрий тўланган суд харажатлари жавобгар зиммасида қолдириб, ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғиқ 75 000 сўм харажат жавобгардан ундирилади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л а д и: “Муқум Субхон” деҳқон хўжалигининг кассация шикояти қаноатлантирмасдан, Ғиждувон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 22 декабрдаги ҳал қилув қарори ва Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 1 мартдаги қарори қарори ўзгаришсиз қолдирилсин. “Муқум Субхон” деҳқон хўжалиги ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳисобига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм харажат ундирилсин. Қарор асосида ижро варақаси берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Б.Исрайлов ҳайъат аъзолари В.Сатторова А.Абдуллаев