Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1701-2201/1325 Дата решения 25.04.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Сайфуллаев Бахтиёр Насуллоевич Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение SAPFIR BUSTONI масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый Андижон шаҳар ҳокимлиги
Source ID 1078644 Claim ID 3219392 PDF Hash fbc90e0bb4e1acf7... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 9
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
онуннинг 11-моддаси онуннинг 11 law
аролик кодексининг 108-моддаси аролик кодекси 108 code_article
Бунда судлар ФКнинг 363-моддаси Бунда судлар ФК 363 law
ФКнинг 358-моддаси ФКнинг 358 law
ФКнинг 361-моддаси ФКнинг 361 law
ФКнинг 379-моддаси ФКнинг 379 law
дирда ушбу Кодекс 377-моддаси дирда ушбу Кодекс 377 code_article
ртасида ФКнинг 361-моддаси ртасида ФК 361 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1701-2201/1325-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья – С.Рустамов Апелляция инстанциясида маърузачи судья – Ш.Мирзаев Кассация инстанциясида маърузачи судья – Б.Сайфуллаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 25 апрель Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар В.Сатторова ва Ш.Мирзахакимовдан иборат таркибда, Б.Жўраевнинг котиблигида, даъвогар “Sapfir Bustoni” МЧЖ вакили Д.Мардонов (2023 йил 10 январдаги 1-сонли ишончнома ҳамда 2023 йил 10 январдаги 133-сонли ордер асосида)нинг иштирокида, Андижон вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи” инжиниринг компанияси ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишга жалб қилинган ҳолда, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармасининг “Sapfir Bo’stoni” масъулияти чекланган жамияти манфаатида жавобгар Андижон шаҳар ҳокимлиги зиммасига шартнома тузиш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Андижон шаҳар ҳокимининг “Андижон шаҳар, Мустақиллик МФЙ ҳудудида шаҳар бош режасига асосан Мусаев, Э.Ашуров, Бобир шрҳ, Б.Рахимов, Муқумий, Маориф, А.Ҳайдаров, А.Умархон, Пушкин, Ҳ.Ҳакимзода, Юксалиш, М.Тикланиш, Истиқлол, Гавоий шоҳ кўчаларидаги турар-жой биноларини белгиланган тартибда бузишга рухсат бериш тўғрисида” 2018 йил 20 июлдаги 792-сонли қарорининг 3-бандида турар жой биноларининг бузилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қари талаблари асосида ҳал этилиши белгиланган. Мазкур қарор қабул қилингач, Андижон шаҳар ҳокими бузилишга тушган турар жойлар ўрнига якка тартибда уй-жой қуриш учун Андижон шаҳрига туташ бўлган Хўжаобод туманидаги Хўжаобод массиви ҳудудидан зарур бўлган ер майдонларини Андижон шаҳар хокимлиги ихтиёрига ўтказишда амалий ёрдам сўраб 2018 йил 7 сентябрда 01\3760-сонли хат билан Андижон вилоят ҳокимлигига мурожаат қилган. Шу хат асосида Хўжаобод туман хокими 2018 йил 7 сентябрда 2736-қ сонли қарор қабул қилган. Мазкур қарорга асосан Хўжаобод тумани, Хидирша массивида жами 14,66 гектар ер майдони ажратилиб, икки сотихли коттеджлар қурилиши режалаштирилган. Даъво аризасида қайд этилишича, ушбу режани амалга ошириш мақсадида қурилиш учун барча керакли смета ҳужжатлар асосида, шартнома тузмаган холда даъвогар томонидан ушбу манзилда жами 10 (ўн) дона, икки сотихли коттеджлар қуриб битказилган. Бироқ, бажарилган ишлар ҳақини тўлаш ва шартнома тузиш пайсалга солиб келинаётганлиги баён этилган. Бажарилган ишлар учун шартнома тузилмаганлиги ва ишлар ҳақи тўланмаганлигини асос қилиб, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён Палата деб юритилади) “Sapfir Bustoni” МЧЖ (бандан буён матнда МЧЖ ёки даъвогар деб юритилади) манфаатида жавобгар Андижон шаҳар ҳокимлигига нисбатан иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Андижон шаҳар ҳокимлиги зиммасига шартнома тузиш мажбуриятини юклашни сўраган. Суднинг 2022 йил 13 июндаги ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида Андижон вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи” инжиниринг компанияси жалб қилинган. Андижон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 21 июндаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган. Андижон вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 23 августдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан даъвогар кассация шикояти билан Олий судга мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатларини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, Хўжаобод туман ҳокимининг 2018 йил 9 июлдаги 2736-қ сонли қарорига ажратилган ер майдонида 10 дона икки хонали турар-жой (коттедж) қурилганлиги, ушбу уй-жойлар фуқароларга топширилганлиги ва кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилганлиги, ҳар иккала туман кадастр бўлимлари ҳатто Андижон шаҳар ҳокими юқорида қайд этилган 10 та турар жойни уй-жойи бузилишга тушган фуқароларга берилганлигини тан олганлиги, қурилишни амалга оширган пудратчига ҳақ тўлашда эса сансоларликка йўл қўйилганлиги, турар-жойлар тегишли тартибда ишлаб чиқилган ва экспертизадан ўтказилган лойиҳа асосида қурилганлиги, бироқ Андижон шаҳар ҳокимлиги бажарилган ишлар бўйича ёзма шартнома тузишдан бош тортиб келаётганлиги, гарчанд тарафлар ўртасида ёзма шартнома тузилмаганлиги “Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонун ҳамда ушбу Қонунни қўллаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Пленумининг 2002 йил 4 мартдаги 103-сонли қарорига мувофиқ тарафлар ўртасидаги шартнома ҳақиқий эмаслигига олиб келмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Плненумининг “Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2009 йил 18 декабрдаги 203-сонли қарори (бундан буён матнда Пленумнинг 203-сонли қарори деб юритилади)нинг 8-бандида агар тарафларнинг шартномавий ҳуқуқий муносабатларга киришганлиги ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқланса, шартноманинг мавжуд эмаслиги даъвогарнинг етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар қийматини ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмаслиги ҳақида тушунтириш берилганлиги ҳақида важлар келтирилган. Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили шикоятдаги важларни такрорлаб, судга ёзма тушунтириш тақдим этди. Унда уй-жойларни олган фуқаролардан бирор бир эътироз келиб тушмаганлиги, аксинча ташаккурномалар билдирилганлиги, ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида даъвогар томонидан жавобгарга пул маблағлари ундириш юзасидан талабнома юборилган бўлиб, шартнома тузиш учун таклиф юборилмаганлиги қайд этилганлиги, бироқ иш ҳужжатларида 2022 йил 1 фервралдаги 8-сонли талабнома мавжудлигига суд эътибор бермаганлиги, суд қарорларида жавобгар шартнома тузишга мажбур эмаслиги баён этилганлиги, бироқ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Ўзбекистон Республикасининг "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Қонунини иқтисодий судлари амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2002 йил 4 мартдаги 103-сонли қарорининг 3-бандида қуйидагича тушунтириш берилганлиги. Қонуннинг 11-моддаси ва Фуқаролик кодексининг 108-моддасига кўра, хўжалик шартномалари ёзма шаклда тузилади. Шартноманинг ёзма шаклига риоя этмаслик (оғзаки келишув) унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди (қонунда кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно). Бироқ, судлар шартноманинг ёзма шаклига риоя этмаслик оқибатида низо келиб чиққан тақдирда, тарафларни битимнинг тузилганлиги, мазмуни ва бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум этса-да, ёзма ва бошқа далиллар билан тасдиқлаш ҳуқуқини сақлаб қолишига эътибор бермоқлари лозим. Судлар шартноманинг тузилганлиги, мазмуни ва бажарилганлигини тасдиқлаш учун тақдим этилган далиллар (юк хати, товар-транспорт ҳужжати, ишончнома, далолатнома ва ҳоказолар)га ҳар томонлама баҳо бериб, шартноманинг ёзма шаклига риоя қилинмасдан (оғзаки келишув асосида) бажарилган мажбуриятлар бўйича келиб чиққан низоларни Қонунда белгиланган тартибда ҳал этмоқлари керак. Бунда судлар ФКнинг 363-моддаси талабларидан келиб чиқиб, шартномани тузишга хизмат қилган барча ҳолатлар, жумладан, шартнома тузиш олдидан олиб борилган мунозаралар, ёзишмалар, ўзаро муносабатларда шаклланган амалиёт, иш муомаласи одатлари, тарафларнинг ўзларини тутишларини ўрганишлари ва баҳо беришлари лозим”лиги қайд этилганлиги, жавобгарнинг “ўзини тутиши” (коттеджларни ўз маблағларига қургандай тақсимлаши)га судлар эътибор бермаганлиги, мазкур ҳолатда тарафлар ўртасида ёзма шартнома тузилган бўлмаса-да, ушбу ҳолат юқоридаги қонун ва Пленум кўрсатмаларига мувофиқ шартномани ҳақиқий эмаслиги ёки уни тузилмаган деб ҳисобланишига олиб келмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2016 йил 23 декабрдаги 306-сонли қарори (бундан буён матнда Олий хўжалик суди Пленумининг 306-сонли қарори деб юритилади) нинг 5-бандида ФКнинг 108 ва 109-моддалари мазмунига кўра, қурилиш пудрати шартномаси оддий ёзма шаклда тузилади ва ушбу шаклга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиши, бунда, агар қурилиш пудрати шартномаси ёзма шаклда тузилмаган бўлса, тарафлар битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини ёзма ёхуд бошқа далиллар билан тасдиқлашлари мумкинлиги, шунга кўра, қурилиш ишларини бажариш билан боғлиқ низони ҳал этишда тарафлар қурилиш пудрати шартномасини оддий ёзма шаклда тузмаган ҳолда ҳуқуқий муносабатга киришганлиги аниқланса, судлар мазкур қарорнинг 2.3-бандида белгиланган қоидаларни қўллашлари лозимлиги, 2.3-бандида эса, қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартларнинг мавжуд бўлмаганлиги ва шунга кўра шартнома тузилмаган деб ҳисобланиши, агар бундай ишларнинг бажарилганлиги ҳолати тақдим этилган далиллар билан исботланса, бажарилган ишлар қийматини ундириш тўғрисидаги талабни рад этишга асос бўлмаслигига, бироқ, бундай қурилиш пудрати шартномаси шартлари ва (ёки) қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик чорасини (неустойка, фоизлар ундириш, зарарни қоплаш) қўллаш тўғрисидаги талабни қаноатлантириш рад этилиши белгиланганлиги, судлар даъвогар томонидан тақдим этилган ёзма далилларга ҳуқуқий баҳо бермасдан, нотўғри хулосага келганлиги, яъни моддий ҳуқуқ нормаси нотўғри қўлланилганлиги, бундан ташқари, даъвогар бажарилган ишлар ҳақини эмас, балки шартнома тузиш мажбуриятини юклаш ҳақида даъво берганлиги, чунки, 2018 йилдаги нархлар билан бугунги кундаги нархлар ўртастда тафовут анча миқдорни ташкил қилиши ҳеч кимга сир эмаслиги тўғрисидаги талабни қаноатлантириш рад этилиши белгиланганлиги баён этилган. Суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган Палата, жавобгар, қўшимча жавобгар ҳамда учинчи шахслар суд мажлисида ўз вакили иштирокини таъминламади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Судлов ҳайъати жойида маслаҳатлашиб, ишни улар вакилининг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкинлиги ҳақида хулосага келди. Судлов ҳайъати даъвогар вакилининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд ҳужжатларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. Аниқланишича, даъвогар томонидан Хўжаобод туман ҳокимининг 2018 йил 7 сентябрда 2736-қ сонли қарори асосида ажратилган ер майдонида турар-жойлар қурилган. Даъвогар ушбу турар жойлар фуқароларга топширилган бўлса-да, бажарилган ишлар ҳақи тўланмаганлиги ва у (даъвогар) билан ёзма шартнома тузилмаганлигини даъво аризасида асос қилиб келтирган. Демак, тарафлар ўртасидаги муносабат хўжалик шартномасини тузиш ва уни бажаришга оид қонунчилик нормалари билан тартибга солиниши лозим. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 353-моддасининг биринчи қисмига кўра, икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади. ФК 377-моддасининг биринчи қисмига кўра, ушбу Кодексга ёки бошқа қонунларга мувофиқ оферта (шартнома лойиҳаси) йўлланган тараф учун шартнома тузиш мажбурий бўлган ҳолларда бу тараф оферта олинган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида бошқа тарафга акцепт тўғрисида ёки акцептдан бош тортиши тўғрисида ёхуд офертани бошқа шартларда акцептлаши тўғрисида (шартнома лойиҳасига келишмовчилик баённомаси) билдириши йўллаши керак. Мазкур модданинг олтинчи қисмига асосан, агар ушбу Кодексга ёки бошқа қонунларга шартнома тузиши мажбурий бўлган тараф уни тузишдан бош тортса, иккинчи тараф уни шартнома тузишга мажбур қилиш талаби билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Пленум 203-сонли қарорининг 12-бандида шартнома тузиши мажбурий бўлган тараф уни тузишдан бўйин товлаган ҳолда, бошқа тараф шартнома тузишга мажбурлаш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги ҳақида тушунтириш берилган. Яъни, мазкур ҳолатда даъвогар ФК ёки бошқа қонунларда шаҳар ҳокимлиги даъвогар билан шартнома тузишга мажбур эканлигини асослантириб бериши лозим. Даъвогар эса Андижон шаҳар ҳокимлиги у (даъвогар) билан шартнома тузишга мажбурий эканлигини моддий ҳуқуқ нормаси билан асослантириб бермаган. Даъвогарнинг судга тарафлар ўртасида оғзаки шартнома тузилганлиги, судга тақдим этилган ҳокимликларнинг қарорлари, шартнома тузиш ҳақида юборилган талабномалар, турар-жойлар ҳақиқатда қурилганлиги, кадастр органларининг маълумотлари тақдим этилганлиги тўғрисидаги важлари даъвони қаноатлантириш учун асос бўла олмайди. Чунки, ФК ёки бошқа қонунларда юқорида қайд этилганидек, қурилиш пудрати шартномаси мажбурий тартибда тузиладиган шартнома ҳисобланмайди. Ушбу Пленум қарорининг 10-бандига кўра, қонунчилик ҳужжатларида шартнома тузиш мажбурий бўлган ҳолатлар ҳам ўрнатилган. Хусусан, оммавий шартнома (ФКнинг 358-моддаси), дастлабки шартномада назарда тутилган асосий шартнома (ФКнинг 361-моддаси), кимошди савдосида ғолиб чиққан шахс билан тузилган шартнома (ФКнинг 379-моддаси), давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш шартномаси (ФКнинг 457-459моддалари) ва ҳ.к. Мазкур ҳолатда даъвогар жавобгарга шартнома тузиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги шартнома, тузилиши мажбурий бўлган шартнома ҳисобланмайди. ФКнинг 361-моддасига кўра, дастлабки шартнома бўйича тарафлар келгусида мол-мулк бериш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ҳақида дастлабки шартномада назарда тутилган шартлар асосида шартнома тузиш (асосий шартнома) мажбуриятини оладилар. Дастлабки шартнома асосий шартнома учун белгиланган шаклда, борди-ю, асосий шартноманинг шакли аниқланмаган бўлса, ёзма шаклда тузилади. Дастлабки шартноманинг шакли тўғрисидаги қоидаларга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлади. Дастлабки шартномада асосий шартноманинг нарсасини, шунингдек бошқа муҳим шартларини белгилаб қўйиш имконини берадиган шартлар бўлиши керак. Дастлабки шартномада тарафлар қанча муддатда асосий шартномани тузиш мажбуриятини олиши кўрсатилади. Агар дастлабки шартномада бундай муддат белгилаб қўйилган бўлмаса, асосий шартнома дастлабки шартнома тузилган пайтдан бошлаб бир йил ичида тузилиши шарт. Дастлабки шартномани тузган тараф асосий шартномани тузишдан бош тортган тақдирда ушбу Кодекс 377-моддасининг олтинчи ва еттинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар қўлланилади. Агар тарафлар асосий шартномани тузишлари лозим бўлган муддатнинг охиригача у тузилмаса ёки тарафларнинг биронтаси ҳам иккинчи тарафга ана шундай шартнома тузиш ҳақида таклиф юбормаса, дастлабки шартномада назарда тутилган мажбуриятлар бекор бўлади. Тарафлар ўртасида ФКнинг 361-моддасида назарда тутилган дастлабки шартнома ҳам тузилмаган. Шунинг учун судларнинг даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги хулосалари асосли ҳисобланади. Шунингдек, даъвогарнинг судлар Олий хўжалик судининг юқорида қайд этилган Пленум қарорларида тушунтиришларга риоя қилмаганлиги тўғрисидаги важлари ҳам шикоятни қаноатлантириш учун асос бўлмайди. Чунки, ушбу тушунтиришларнинг бирортасида мазкур иш бўйича юзага келган вазиятда мажбурий тартибда қурилиш пудрати шартномаси тузилиши лозимлиги назарда тузилмаган. Аксинча, даъвогарнинг фикрномасида баён этилгандек, Олий хўжалик суди Пленумининг 306-сонли қарорининг 2.3-бандида эса, қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартларнинг мавжуд бўлмаганлиги ва шунга кўра шартнома тузилмаган деб ҳисобланиши, агар бундай ишларнинг бажарилганлиги ҳолати тақдим этилган далиллар билан исботланса, бажарилган ишлар қийматини ундириш тўғрисидаги талабни рад этишга асос бўлмаслигига, бироқ, бундай қурилиш пудрати шартномаси шартлари ва (ёки) қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик чорасини (неустойка, фоизлар ундириш, зарарни қоплаш) қўллаш тўғрисидаги талабни қаноатлантириш рад этилиши белгиланган. Яъни, агар даъвогар шаҳар ҳокимлиги у билан шартнома тузишга мажбур эканлиги ҳақида фикрда бўлса, ҳокимлик бундай шартноманинг муҳим шартлари нималардан иборат бўлиши ва бундай муҳим шартлар ҳокимият билан келишилганлиги қандай далиллар билан тасдиқланишини асослантириб бермаган. Судга тақдим этилган бирорта ҳужжатда (ҳокимлик қарорлари, талабномалар, кадастр маълумотлари ва ҳ.к.) пудрат шартномасининг муҳим бўлган шартлари кўрсатилмаган. ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига кўра, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги асос бўлади. Мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас. Баён қилинганларга асосан судлов ҳайъати, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси суди қарорини ўзгаришсиз, Палатанинг кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ олдиндан тўланган почта харажатини даъвогарнинг зиммасида қолдириб, ундан давлат божи ундиришни лозим топади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301-303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: Андижон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 21 июндаги ҳал қилув қарори, Андижон вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 23 августдаги қарори ўзгаришсиз, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармасининг “Sapfir Bo’stoni” масъулияти чекланган жамияти манфаатида киритган кассация шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилсин. “Sapfir Bo’stoni” масъулияти чекланган жамиятидан республика бюджетига 1 350 000 сўм давлат божи ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Б.Сайфуллаев ҳайъат аъзолари: В.Сатторова Ш.Мирзахакимов