Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-10-2216/478 Дата решения 20.04.2023 Инстанция Апелляция Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Саттарова Волида Рустамовна Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение TAJ MAHAL CITY МЧЖ ҚК тасисчиси Қ.Каршиев Ответчик / Подсудимый TAJ MAHAL CITY МЧЖ ҚК тасисчиси Nauyi Abdul Kader
Source ID 1081428 Claim ID 3248116 PDF Hash 52c61ba114a9a5b0... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 8
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
онун 8-моддаси онун 8 law
онун 33-моддаси онун 33 law
онуннинг 32-моддаси онуннинг 32 law
онуннинг 33-моддаси онуннинг 33 law
ИПК 278-моддаси ИПК 278 law
ра ушбу Кодекс 279-моддаси ра ушбу Кодекс 279 code_article
ИПК 279-моддаси ИПК 279 law
тисодий процессуал кодексининг 118-моддаси тисодий процессуал кодекси 118 code_article
Текст решения Оригинал (узб.)
4-10-2216/478-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья – М.Саидов Апелляция инстанциясида маърузачи судья – В.Сатторова ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 20 апрель Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Б.Сайфуллаевнинг раислигида, судьялар Р.Сагатов ва В.Сатторовадан иборат таркибда, З.Қодировнинг котиблигида, МЧЖ шаклидаги “Taj Mahal City” қўшма корхонаси таъсисчиси Каршиев Кахрамон Тураевичнинг вакили Б.Тўхтаев (2022 йил 17 сентябрдаги ишончнома асосида)нинг иштирокида, даъвогар МЧЖ шаклидаги “Taj Mahal City” қўшма корхонаси таъсисчиси Каршиев Кахрамон Тураевичнинг жавобгар Туркия Республикаси фуқароси Nauyi Abdul Kaderни МЧЖ шаклидаги “Taj Mahal City” қўшма корхонаси таъсисчилари сафидан чиқариш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иш юзасидан қабул қилинган Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 20 январдаги ҳал қилув қарори устидан МЧЖ шаклидаги “Taj Mahal City” қўшма корхонаси таъсисчиси Каршиев Кахрамон Тураевич томонидан берилган апелляция шикоятини Олий суднинг биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “Taj Mahal City” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жамият деб юритилади) таъсисчиларининг 2019 йил 26 августдаги 1-сонли умумий йиғилиш баённомаси билан жамиятнинг устави тасдиқланган бўлиб, унга кўра иштирокчиларнинг улуши қуйидаги тартибда тақсимланган: -Қаршиев Қаҳрамон Тўраевич 100 000 000 сўм 25 фоиз; -Asadullah Mohammad Salim 100 000 000 сўм 25 фоиз; -Babur Zainullah 100 000 000 сўм 25 фоиз; -Nauyi Abdul Kader 100 000 000 сўм 25 фоиз. Юнусобод туман давлат хизматлари маркази томонидан 2019 йил 26 августда жамиятнинг устави 755256-сон билан давлат рўйхатига олинган. Туркия Республикаси фуқароси Nauyi Abdul Kader (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) томонидан 3 йилдан буён жамият устави шакллантирилмаганлиги, жавобгар жамиятнинг юридик манзилини ўзгартириш бўйича умумий йиғилишда иштирок этмасдан унинг фаолиятига тўсқинлик қилаётганлиги, шу сабабли таъсисчилар жавобгарни жамият таъсисчилари сафидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилганликлари асоси билан Каршиев Кахрамон Тураевич (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарни жамият таъсисчилар сафидан чиқаришни сўраган. Суднинг 2022 йил 25 ноябрдаги ажрими билан ишга жамият, жамият таъсисчилари Asadullah Mohammad Salim ва Babur Zainullah низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган. Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 20 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво талабини қаноатлантириш рад қилинган. Даъвогар томонидан иш юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти тақдим этилган ва унда ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган. Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, илтимоснома ва апелляция шикоятида келтирилган важ ҳамда асосларни такрорлаб, жамият устав фонди жавобгар томонидан шакллантирилмаганлиги асоси билан даъво аризаси киритилганлиги, бироқ суд ҳал қилув қарорини қабул қилишда жавобгар томонидан устав фондидаги улуши шакллантирилганлигини асос қилганлиги, аслида устав фондидаги жавобгарнинг улуши кеч шакллантирилганлиги, қолаверса иш учун аҳамиятли ҳолатлар аниқланмаганлиги, жамиятнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши ўтказилган бўлса-да, ҳал қилув қарори қабул қилишда суд “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонуннинг иштирокчиларнинг умумий йиғилишини ўтказиш бўйича нормаларини қўллаганлиги, қолаверса жавобгарга нисбатан 2023 йил 6 апрелда жиноят иши қўзғатилганлиги, МЧЖ таъсисчилари ўртасидаги улушларнинг қонунийлигига баҳо бериш зарурлиги сабабли, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни сўради. Судга жавобгарнинг адвокати илтимоснома билан мурожаат қилиб, жавобгар Туркия давлатига хизмат сафарига кетганлиги сабабли суд мажлисини бошқа кунга қолдиришни сўраган. Учинчи шахслар суд муҳокамаси вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлса-да, уларнинг вакили суд мажлисига келмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 274-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, апелляция инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган апелляция шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов ҳайъати ишни учинчи шахсларнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Судлов ҳайъати, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни, жавобгарнинг илтимосномасини қаноатлантиришни рад қилишни лозим топади. “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (матнда Қонун деб юритилади) 9-моддасига кўра жамият иштирокчилари: ушбу Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, миқдорда, усулларда ва муддатларда ҳисса қўшишлари; жамият фаолияти тўғрисидаги сир тутилган ахборотни ошкор қилмасликлари шарт. Ишдаги мавжуд ҳужжатлардан аниқланишича, даъвогар томонидан 2021 йил 7 майдаги тўлов ҳужжати билан 6 700 000 сўм, шу санадаги тўлов ҳужжати билан 4 600 000 сўм, 2021 йил 23 августдаги тўлов ҳужжати билан 1 350 000 сўм, 2021 йил 30 августдаги тўлов ҳужжати билан 8 500 000 сўм ҳамда 2022 йил 9 августдаги тўлов ҳужжати билан билан 108 650 000 сўм жами 129 800 000 сўм, Asadullah Mohammad Salim томонидан 2022 йил 20 июлдаги тўлов ҳужжати билан 33 000 000 сўм, Babur Zainullah томонидан 2022 йил 20 июлдаги тўлов ҳужжати билан 33 000 000 сўм жамиятнинг устав фондига улушлар киритилиб, устав фонди шакллантирилган. Жамият уставининг 5.2-бандида иштирокчилар қонун ҳужжатларида ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган қоидаларга амал қилишлари, қонун ҳужжатларида ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, миқдорда, усулларда ва муддатларда ҳисса қўшишлари, жамият фаолияти тўғрисидаги сир тутилган ахборотни ошкор қилмасликлари шартлиги белгиланган. Қонун 8-моддасининг иккинчи қисмига кўра, жами улушлари жамият устав фондининг (устав капиталининг) камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчини жамиятдан суд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақлидирлар; 14-моддасининг еттинчи қисмига кўра жамиятнинг ҳар бир иштирокчиси таъсис ҳужжатларида белгиланган ва жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб бир йилдан ошмайдиган муддат мобайнида жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) ўз ҳиссасини тўлиқ киритиши керак; 19-моддасининг учинчи қисмига кўра жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида унинг устав фонди (устав капитали) тўлиқ тўланмаган тақдирда, жамият ўзининг устав фондини (устав капиталини) амалда тўланган миқдоргача камайтиришини эълон қилиши ва унинг камайтирилганлигини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши ёки жамиятни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак. Мазкур ҳолатда жамиятнинг устав фонди жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида нафақат жавобгар, балки даъвогар ва қолган таъсисчилар томонидан ҳам шакллантирилмасдан, уларнинг мажбуриятлари лозим даражада бажарилмаганлиги сабабли, биринчи инстанция суди даъво аризасида кўрсатилган ушбу асос бўйича жавобгарни таъсисчилар сафидан чиқариш мумкин эмас деб асосли тўхтамга келган. Қонун 33-моддасининг биринчи қисмига кўра, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақирувчи орган ёки шахслар уни ўтказишдан камида ўттиз кун олдин бу ҳақда жамиятнинг ҳар бир иштирокчисини жамият иштирокчиларининг рўйхатида кўрсатилган манзил бўйича буюртма хат билан ёки жамиятнинг уставида назарда тутилган бошқа усулда хабардор қилиши шарт. Иш ҳужжатларига кўра, 2022 йил 18 июлда Asadullah Mohammad Salim, Babur Zainullah ва 2022 йил 19 июлда даъвогар жамиятга жавобгарни таъсисчилар сафидан чиқариш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган. Жамият ижроия органи, яъни директори 2022 йил 29 августда соат 11-00 жамиятнинг офисида иштирокчиларнинг навбатдаги умумий йиғилишини ўтказишни белгилаб, жамиятнинг иштирокчиларга хабарнома тайёрлаган. Asadullah Mohammad Salim ва Babur Zainullah хабарномага имзо қўйган бўлсада, ушбу умумий йиғилишда иштирок этмаган. Шу билан бирга жавобгарнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиш тўғрисида огоҳлантирилганлигини тасдиқловчи далил иш ҳужжатларида мавжуд эмас. Жамият иштирокчиларининг 2022 йил 29 августдаги 1-сонли баённомасида жамият иштирокчиларининг бирортаси ҳам умумий йиғилишга келишмаганлигини ва кела олмаслик сабабларини билдиришмаганлиги баён этилиб, умумий йиғилиш ўтказилмаганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган. Шундан сўнг, жамият таъсисчилари ҳисобланган Asadullah Mohammad Salim ва Babur Zainullah 2022 йил 12 сентябрда, даъвогар 13 сентябрда жамиятга такроран ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар ўз мажбуриятларини қўпол равишда бузаётганлиги, ўз ҳаракатсизлиги билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётганлиги, жамият устав фондини шакллантирмаганлиги ҳамда жамият фаолиятини жиддий тарзда қийинлаштираётганлиги сабабли уни суд тартибида таъсисчилар сафидан чиқариш ва таъсис ҳужжатларига ўзгартириш киритишни сўрашган. Жамият директори 2022 йил 14 сентябрда 2022 йил 19 сентябрь соат 10-00 жамият офисида умумий йиғилиш ўтказилиши тўғрисида 1-сонли қарор қабул қилган. Навбатдан ташқари ушбу йиғилиш тўғрисида даъвогар, Asadullah Mohammad Salim ва Babur Zainullah хабарномага имзо қўйиш орқали огоҳлантирилган. Жамият таъсисчиси ҳисобланган жавобгарга йиғилиш ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома 2022 йил 15 сентябрда, йиғилиш ўтказилишидан тўрт кун аввал почта орқали юборилган. Қонуннинг 32-моддасига кўра, жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши жамиятнинг уставида белгиланган ҳолларда, шунингдек, агар бундай умумий йиғилишни ўтказишни жамиятнинг ва унинг иштирокчиларининг манфаатлари тақозо этса, бошқа ҳолларда ҳам ўтказилади. Жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши жамиятнинг ижро этувчи органи томонидан: жамият иштирокчилари умумий овозлар сонининг жами камида ўндан бирига эга бўлган жамият иштирокчиларининг; жамият кузатув кенгашининг; жамият тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) талабига биноан чақирилади. Жамиятнинг ижро этувчи органи жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги талаб олинган санадан эътиборан уч кун ичида мазкур талабни кўриб чиқиши ва жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш ҳақида ёки уни ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт. Жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, бундай умумий йиғилиш уни ўтказиш тўғрисидаги талабнома олинган кундан эътиборан қирқ беш кундан кечиктирмай ўтказилиши шарт. Мазкур ҳолатда жамият ижроия органи (директори) томонидан Қонуннинг 32-моддаси талаблари асосида жамият таъсисчиларидан йиғилиш ўтказиш ҳақидаги талабномани олган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида умумий йиғилиш ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган бўлса-да, Қонуннинг 33-моддасида белгиланган йиғилишни ўтказишдан камида ўттиз кун олдин бу ҳақда жамиятнинг ҳар бир иштирокчисини хабардор қилиш тўғрисидаги талабга риоя қилмаган. Гарчи, иш ҳужжатларида жамият иштирокчиси бўлган жавобгарга йиғилиш ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани 2022 йил 15 сентябрда буюртма хат орқали юборилганлиги тўғрисида далил мавжуд бўлса-да, 2022 йил 19 сентябрда ўтказилиши белгиланган йиғилиш тўғрисидаги хабарнома 2022 йил 15 сентябрда юборилганлиги бу жавобгарни йиғилиш тўғрисида ўттиз кун олдин хабардор қилинганлигининг тасдиғи бўлиб ҳисобланмайди. Шунингдек, даъвогар даъво аризаси асосида жавобгар жамиятнинг юридик манзилини ўзгартириш бўйича умумий йиғилиш ва бошқа йиғилишларга иштирок этмасдан келаётганлиги оқибатида жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётганлиги, уни жиддий тарзда қийинлаштираётганлиги тўғрисидаги важларни келтирган. Бироқ, ишдаги ҳужжатларда жамият иштирокчилари томонидан бундай мазмунда йиғилиш ўтказилганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас. Шу сабабли, биринчи инстанция суди қайд этилган асослардан келиб чиқиб, моддий ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда қонуний тўхтамга келган. Шунга кўра даъвогарнинг апелляция шикоятида келтирган важлари асоссиз ҳисобланади. Шу билан бирга жавобгар адвокати томонидан жавобгарнинг Туркия давлатига хизмат сафарига кетганлиги сабабли, суд мажлисини бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимосномасини муҳокама қилиб, судлов ҳайъати илтимосномани қаноатлантириш учун асос мавжуд эмас деб ҳисоблайди. Шу сабабли, илтимосномани қаноатлантириш рад қилинади. ИПК 278-моддасининг 2-бандига кўра апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга, 5-бандига кўра ушбу Кодекс 279-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли. ИПК 279-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандига кўра, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун асос бўлади. Қайд қилинган ҳолатда, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишга асослар мавжуд эмас. Баён этилганлардан келиб чиқиб, судлов ҳайъати даъвогарнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантиришни рад қилишни, даъвогарнинг апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, ҳал қилув қарорини эса ўзгаришсиз қолдиришни, лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118-моддасига асосан ишни апелляция инстанцияси судида кўриш учун тўланган давлат божи ва почта харажати даъвогар зиммасида қолдирилади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 278 ва 280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л а д и: Жавобгарнинг суд мажлисини бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантириш рад қилинсин. МЧЖ шаклидаги “Taj Mahal City” қўшма корхонаси таъсисчиси Каршиев Кахрамон Тураевичнинг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилсин. Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 20 январдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Б.Сайфуллаев ҳайъат аъзолари Р.Сагатов В.Сатторова