Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1001-2202/50558 Дата решения 20.04.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Таджиев Ибрагим Исакович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "ISHONCH SUG'URTA KOMPANIYASI" давлат акционерлик бирлашмаси Ответчик / Подсудимый "TRANSPORT VOSITALARI EGALARINING FUQAROLIK JAVOBGARLIGINI
Source ID 1076688 Claim ID 3232240 PDF Hash 9099a37c48e4c0b1... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 9
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
нинг 957-моддаси нинг 957 law
дирда даъвогар ФКнинг 957-моддаси дирда даъвогар ФК 957 law
онуннинг 26-моддаси онуннинг 26 law
онун 26-моддаси онун 26 law
онуннинг 25-моддаси онуннинг 25 law
ФКнинг 234-моддаси ФКнинг 234 law
онун 25-моддаси онун 25 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1001-2202/50558-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья М.Султонов Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья А.Ибрагимов Кассация инстанцияси судида маърузачи судья И.Таджиев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 20 апрель Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Р.Сагатов ва И.Таджиевдан иборат таркибда, З.Қодировнинг котиблигида, даъвогар вакили – бош юрисконсульт С.Султонов (2023 йил 4 январдаги ВО 01-1/2-сонли ишончнома асосида), жавобгар вакили – юрисконсульт Ш.Сатторов (2023 йил 20 апрелдаги 05-06LZ/467-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, даъвогар “Ishonch sug'urta kompaniyasi” акциядорлик жамиятининг жавобгар Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармасидан 10 441 553,62 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан жавобгар томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: 2022 йил 21 июнда номаълум ҳайдовчи бошқарувидаги номаълум транспорт воситаси томонидан Яккасарой тумани, Шота Руставели ва Глинка кўчалари чорраҳасида, амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмай, ҳайдовчи Мадина Талапбоевна Анорбоева бошқарувидаги “Optimal Architect Group” МЧЖ (бундан буён матнда жабрланувчи деб юритилади)га тегишли “Traiblazer LTZ AT” русумли 01/014 XGA давлат рақамли транспорт воситаси (бундан буён матнда транспорт воситаси деб юритилади)га техник шикаст етказилган ҳамда воқеа ҳақида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (ЙҲХБ) ходимларига хабар бермасдан, кетиб қолган ва бу билан амалдаги Йўл ҳаракати қоидалари 13-бандининг тўртинчи қисми талабларини бузган. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази томонидан тақдим этилган судга оид кимёвий экспертизасининг 2022 йил 18 июлдаги 29/18(5791) 6.1 Z/9852-сонли ҳулосасига кўра, транспорт воситасининг орқа томон бамперида бошқа транспорт воситасига тегишли бўлган оқ рангли бўёқнинг излари мавжудлиги аниқланган. Текшириш учун тақдим этилган транспорт воситасининг орқа томонидаги из ва шикастланишларнинг келиб чиқиш механизмига кўра қаттиқ объект, яъни, бошқа транспорт воситасининг чиқиб турган қисмларига урилиши натижасида вужудга келганлиги маълум қилинган. Шунингдек, МЧЖ шаклдаги “Genprojects” баҳоловчи ташкилоти томонидан тақдим этилган 2022 йил 28 июндаги ГП-044/22-сонли баҳолаш ҳисоботига кўра, йўл транспорт ҳодисаси натижасида транспорт воситасига 10 605 728,92 сўм миқдорда моддий зарар етказилган. Жабрланувчига етказилган зарар учун жавобгар шахснинг номаълумлиги Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБнинг қарори билан тасдиқланган. Транспорт воситаси “Ishonch sug'urta kompaniyasi” акциядорлик жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади)нинг 2021 йил 5 мартдаги SP 106291-сонли “Автокредит” суғурта полисига асосан суғурталанганлиги боис, жабрланувчига етказилган 10 441 553,62 сўм зарар даъвогар томонидан 2022 йил 15 сентбярда ихтиёрий суғурта шартномасига асосан жабрланувчига тўлаб берилган. Шундан сўнг даъвогар Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармаси (бундан буён матнда жавобгар ёки Жамғарма деб юритилади)га мурожаат қилиб, жабрланувчига етказилган зарар учун жавобгар шахснинг номаълумлиги оқибатида мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта тўлови тўланиши мумкин бўлмаганлиги сабабли жабрланувчининг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаб беришни сўраган. Аммо, жавобгар даъвогарнинг талабини қаноатлантиришни рад этган ва бунга асос қилиб, даъвогар Жамғармага мурожаат қилмасдан, зарарни ихтиёрий суғурта шартномаси ҳисобидан қоплаб берганлигини кўрсатган. Шунинг учун, даъвогар иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 10 441 553,62 сўм зарар ундиришни сўраган. Бунга асос қилиб, даъво аризасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” 2008 йил 24 июндаги 141-сонли қарори билан тасдиқланган “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш Қоидалари” (бундан буён матнда Қоидалар деб юритилади)нинг 71-бандига асосан жабрланувчига етказилган зарар учун компенсация тўлови Жамғармадан амалга оширилиши лозимлигини кўрсатган. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 20 сентябрдаги декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган. Тошкент шаҳар суди Иқтисодий судлов ҳайъатининг 2022 йил 28 декабрдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан жавобгар кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатларини бекор қилиб, суднинг ҳал қилув қарори асосида ундирилган пул маблағларини қайтарма ижросини ҳал қилиш ҳамда апелляция ва кассация шикоятлари билан мурожаат қилишда тўланган давлат божи ҳамда почта харажатларини даъвогардан ундириб беришни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг 957-моддасида агар мулкий суғурта шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурта қилдирувчи (наф олувчи)нинг суғурта натижасида қопланган зарар учун жавобгар шахсдан талаб қилиш ҳуқуқи тўланган сумма доирасида суғурта товонини тўлаган суғурталовчига ўтиши, суғурталовчига ўтган талаб қилиш ҳуқуқи унинг томонидан суғурта қилдирувчи (наф олувчи) ва зарар учун жавобгар бўлган шахс ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи қоидаларга риоя қилган ҳолда амалга оширилиши белгиланганлиги, иш бўйича транспорт воситасига зарар етказган шахс жавобгар бўлиши, ушбу шахс аниқланган тақдирда даъвогар ФКнинг 957-моддасига асосан жавобгар шахсга даъво билан чиқиши мумкинлиги, ФК 318-моддаси биринчи қисмининг 4-бандида суғурта ҳолати бошланиши учун жавобгар бўлган қарздорга нисбатан кредитор ҳуқуқларининг суғурта қилувчига суброгацияси (ўтиши) натижасида кредиторнинг мажбурият бўйича ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтиши белгиланганлиги, мазкур ҳолатда Жамғарма тегишли жавобгар эмас, балки зарар етказган номаълум ҳайдовчи тегишли жавобгар ҳисобланиши, “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 26-моддасининг иккинчи қисмида фойдаланилаётганда жабрланувчига зарар етказилган транспорт воситаси эгасининг номаълумлиги ёки фуқаролик жавобгарлиги суғурталанмаганлиги ёки транспорт воситаси уни ғайриқонуний йўл билан эгаллаб олган шахс томонидан фойдаланилганлиги натижасида зарар етказилганлиги сабабли суғурта товонини тўлаш имкони бўлмаган тақдирда жабрланувчи ёки унинг меросхўрлари (агар жабрланувчининг аҳволи мустақил равишда мурожаат этиш имконини бермаса, қариндошлари ёки бошқа вакиллари) ёхуд ҳуқуқий ворислари Тўловларни кафолатлаш жамғармасига компенсация тўловларини амалга ошириш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат этади деб белгиланганлиги, даъвогар жабрланувчи ёки унинг меросхўри (қариндоши ёки бошқа вакили) ёхуд ҳуқуқий вориси эмаслиги сабабли Қонуннинг 26-моддасида келтирилган компенсация тўловларини амалга ошириш тўғрисида илтимоснома билан Жамғармага мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасига кирмаслиги, Қонун 26-моддасининг олтинчи қисмида компенсация тўловлари уларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ҳафталик муддат ичида бевосита жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) Тўловларни кафолатлаш жамғармаси томонидан тўланиши, 3-моддасида жабрланувчи деганда, транспорт воситаси бошқа шахс томонидан фойдаланилаётганда ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказилган шахс тушунилиши белгиланганлиги, даъвогарнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказилмаганлиги сабабли у жабрланувчи ҳисобланмаслиги, Қоидалар 60-бандининг иккинчи хатбошисида мажбурий ва ихтиёрий суғурта шартномаси бўйича мол-мулкка етказилган зарар учун суғурта товони тўлаш юзасидан суғурталовчиларнинг мажбуриятлари пайдо бўлган тақдирда, биринчи навбатда мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта товони тўланиши, мол-мулкка етказилган зарарнинг тўланмаган қисми ихтиёрий суғурта шартномаси бўйича қопланиши белгиланганлиги, Қонуннинг 25-моддасида жабрланувчига етказилган зарар учун жавобгар шахснинг номаълумлиги оқбатида компенсация тўловлари Жамғарма томонидан амалга оширилиши, 26-моддасида тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар Жамғарма томонидан ўрганиб чиқилиши, хусусан суғурта бозорининг профессионал иштирокчисиларини шартнома асосида жалб этган ҳолда ўрганиб чиқилиши белгиланганлигига қарамай, даъвогар томонидан Қонун 4 ва Қоидаларнинг ушбу талабларига зид равишда, яъни, биринчи навбатда мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта товони тўланиши зарурлилига қарамай, ихтиёрий суғурта бўйича товон тўлаб берилганлиги, даъвогар юз берган ҳодиса бўйича 2022 йилнинг сентябрь ойида жабрланувчига тўлов амалга оширганлиги ва сўнг Жамғармага мурожаат қилганлиги, бунинг оқибатида Жамғарма томонидан белгиланган тартибда ўрганиб чиқиш ҳамда компенсация тўловини амалга ошириш масаласи ҳал этилиши лозим бўлган иш Қоидалар 60-бандининг иккинчи хатбошиси талабларига амал қилинмаган ҳолда даъвогар томонидан кўриб чиқилганлигини кўрсатган. Суд мажлисида жавобгар вакили шикоятда келтирилган важларни такрорлаб, шикоятни қаноатлантиришни ва суд ҳужжатларини бекор қилиб, суднинг ҳал қилув қарори асосида ундирилган пул маблағларини қайтарма ижросини ҳал қилиш ҳамда апелляция ва кассация шикоятлари билан мурожаат қилишда тўланган давлат божи ҳамда почта харажатларини даъвогардан ундириб беришни сўради. Даъвогар вакили кассация шикоятида келтирилган важларга эътироз билдириб, Қонун ва Қоидаларда суғурта компанияси Жамғармага мурожаат қила олмаслиги ҳақида норма мавжуд эмаслиги, жабрланувчининг Жамғармага мурожаат қилиш ҳуқуқи суғурта компаниясига ўтганлигини баён қилиб, шикоятни қаноатлантиришни рад этишни сўради. Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб ва шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. ФКнинг 234-моддасига кўра, мажбурият шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Мазкур ҳолатда тарафларнинг мажбуриятлари Қонун ва Қоидалардан келиб чиққан. Қонун 25-моддаси биринчи қисмининг уинчи хатбошисига кўра, жабрланувчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳисобига компенсация тўлови мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта тўлови жабрланувчига етказилган зарар учун жавобгар шахснинг номаълумлиги оқибатида тўланиши мумкин бўлмаган ҳолларда амалга оширилади. Худди шундай норма Қоидаларнинг 71-бандида ҳам белгиланган. Иш ҳужжатларидан аниқланишича, жабрланувчига етказилган зарар учун жавобгар шахс номаълум. Шунинг учун, жабрланувчи билан тузилган мулкий суғурта шартномаси бўйича транспорт воситасига етказилган зарар даъвогар томонидан тўлаб берилган. ФК 957-моддасининг биринчи қисмига кўра, агар мулкий суғурта шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурта қилдирувчи (наф олувчи)нинг суғурта натижасида қопланган зарар учун жавобгар шахсдан талаб қилиш ҳуқуқи тўланган сумма доирасида суғурта товонини тўлаган суғурталовчига ўтади. Шунингдек, ФК 318-моддасининг 4-бандига биноан кредиторнинг мажбурият бўйича ҳуқуқлари суғурта ҳолати бошланиши учун жавобгар бўлган қарздорга нисбатан кредитор ҳуқуқларининг суғурта қилувчига суброгацияси (ўтиши) натижасида ўтади. Даъвогар фуқаролик қонунчилигининг ушбу нормаларидан келиб чиқиб, жавобгарга мурожаат қилиб, жабрланувчига етказилган зарар учун жавобгар шахснинг номаълумлиги оқибатида мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта тўлови тўланиши мумкин бўлмаганлиги сабабли жабрланувчининг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаб беришни сўраган. Аммо, жавобгар даъвогарнинг талабини қаноатлантиришни рад этган ва шунинг учун, даъвогар иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 10 441 553,62 сўм зарар ундиришни сўраган. Жавобгарнинг жабрланувчининг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаб бериш мажбурияти Қонун ва Қоидаларда назарда тутилганлиги сабабли, биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантириш ҳақида асосли тўхтамга келган ва шунинг учун апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирилган. Жавобгарнинг ФКнинг 318 ва 957-моддаларида суғурталовчига зарар учун жавобгар бўлган шахсга бўлган жабрланувчининг ҳуқуқи ўтиши назарда тутилганлиги ва шунинг учун Жамғарма тегишли жавобгар эмас, балки зарар етказган номаълум ҳайдовчи тегишли жавобгар ҳисобланиши ҳақидаги важи билан судлов ҳайъати келишмайди. Чунки, ФКнинг 318 ва 957-моддаларига асосан суғурталовчига зарар учун жавобгар бўлган шахсга бўлган жабрланувчининг талаб қилиш ҳуқуқи ўтган бўлиб, етказилган зарар учун жавобгар шахснинг номаълумлиги сабабли жабрланувчининг Жамғармадан зарарнинг ўрнини қоплаш ҳисобига компенсация тўловини талаб қилиш ҳуқуқи ҳам даъвогарга ўтган. Шу асос билан Жамғарманинг Қонун 26-моддасининг иккинчи қисмига асосан жабрланувчи ёки унинг меросхўрлари (агар жабрланувчининг аҳволи мустақил равишда мурожаат этиш имконини бермаса, қариндошлари ёки бошқа вакиллари) ёхуд ҳуқуқий ворислари Жамғармага компенсация тўловларини амалга ошириш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат этиши белгиланганлиги, даъвогар жабрланувчи ёки унинг меросхўри (қариндоши ёки бошқа вакили) ёхуд ҳуқуқий вориси эмаслиги сабабли компенсация тўловларини амалга ошириш тўғрисида илтимоснома билан Жамғармага мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эмаслиги ҳақидаги важи билан ҳам судлов ҳайъати келишмайди. Қолаверса, Қонун 26-моддасининг учинчи қисми мазмунига кўра, суғурталовчи ҳам Жамғармага компенсация тўловини амалга ошириш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат этиши мумкин. Жавобгарнинг Қоидалар 60-бандининг иккинчи хатбошисида мажбурий ва ихтиёрий суғурта шартномаси бўйича мол-мулкка етказилган зарар учун суғурта товони тўлаш юзасидан суғурталовчиларнинг мажбуриятлари пайдо бўлган тақдирда, биринчи навбатда мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта товони тўланиши, мол-мулкка етказилган зарарнинг тўланмаган қисми ихтиёрий суғурта шартномаси бўйича қопланиши белгиланганлиги, даъвогар томонидан Қонун ва Қоидаларнинг ушбу талабларига зид равишда ихтиёрий суғурта бўйича товони тўлаб берилганлиги ҳақидаги важи ҳам асоссиздир. Чунки, мазкур ҳолатда етказилган зарар учун жавобгар шахс номаълум бўлганлиги сабабли мажбурий суғурта шартномаси бўйича мол-мулкка етказилган зарар учун суғурта товони тўлаш юзасидан суғурталовчининг мажбуриятлари пайдо бўлмаган. Юқоридагиларга асосланиб, биринчи инстанция суди даъвони 6 қаноатлантиришда моддий ва процессуал қонун нормаларини тўғри қўллаган ҳолда асослантирилган ва қонуний қарор қабул қилган. Шунинг учун, апелляция инстанцияси суди асосли равишда ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 302-моддасининг биринчи қисмида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар келтирилган бўлиб, мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас. ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Баён этилганлардан келиб чиқиб, судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни ва иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари жавобгар зиммасига юклатилади ва жавобгар томонидан кассация шикояти билан мурожаат қилишда тўланган давлат божи ва почта харажатлари унинг зиммасида қолдирилади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармасининг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилсин. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 20 сентябрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди Иқтисодий судлов ҳайъатининг 2022 йил 28 декабрдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин. Суд харажатлари Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармасининг зиммасида қолдирилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Б. Сайфуллаев ҳайъат аъзолари: Р. Сагатов И. Таджиев