← Назад
Решение #602692 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
11
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| аролик кодекси | 367 | — | code_article | |
| ушбу Кодекс | 370 | — | code_article | |
| аролик кодекси | 361 | — | code_article | |
| ИПК | 73 | — | law | |
| олатда судлар ИПК | 73 | — | law | |
| ИПК | 177 | — | law | |
| илишда ИПК | 177 | — | law | |
| ИПКнинг | 74 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| йича ушбу Кодекс | 302 | — | code_article | |
| ИПК | 302 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1501-2201/467-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўрган
судья – Т.Маматожиев
Апелляция инстанциясида маърузачи
судья – И.Турсунов
Кассация инстанциясида маърузачи
судья – Р.Хайдаров
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қ А Р О Р И
2023 йил 19 апрель
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар
бўйича судлов ҳайъати судья Ш.Маҳмудовнинг раислигида, судьялар
Б.Исрайлов ва Р.Хайдаровдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг
котиблигида, даъвогар вакиллари С.Набиев (раҳбари), М.Рахимов (2023 йил
1 мартдаги 15/34-сонли ишоннома асосида), А.Эрқўзиев (2023 йил 1 мартдаги
15/32-сонли ишоннома асосида)лар, жавобгар вакиллари И.Атабаева,
Ғ.Абдиламидов, Х.Шомирзаев (2023 йил 15 февралдаги 77-сонли ишоннома
асосида)лар иштирокида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Фарғона
вилоят ҳудудий бошқармаси даъвогар “Quva paxta tozalash” акциядорлик
жамияти манфаатида “Bahodir log`on tekstil” масъулияти чекланган жамияти
шаклидаги қўшма корхонаси ҳисобидан ўзганинг мол-мулкидан асоссиз
равишда фойдаланганлик учун 7 527 451 300 сўм тўловни ундириш
тўғрисидаги даъво аризаси юзасидан қабул қилинган Фарғона туманлараро
иқтисодий судининг 2022 йил 11 мартдаги ҳал қилув қарори ҳамда Фарғона
вилоят судиг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил
25 апрелдаги қарори устидан даъвогар томонидан берилган кассация
шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга Олий судининг биносида
видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб,
қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Фарғона вилоят ҳудудий
бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) “Quva paxta tozalash”
акциядорлик жамияти (бундан буён матнда даъвогар ёки АЖ деб юритилади)
манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Bahodir log`on tekstil”
масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси (бундан буён
матнда жавобгар деб юритилади) ҳисобидан ўзганинг мол-мулкидан асоссиз
равишда фойдаланганлик учун 7 527 451 300 сўм тўловни ундиришни сўраган.
Суднинг 2022 йил 25 февралдаги ажрими билан Давлат активларини
бошқариш агентлигининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён
матнда учинчи шахс деб юритилади) ишга низонинг предметига нисбатан
мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб
қилинган.
Палата даъвогар манфаатида судга даъво талабини ўзгартириш тўғрисида
ариза тақдим қилиб, жавобгар ҳисобидан ўзганинг мол-мулкидан асоссиз
равишда фойдаланганлик учун 14 904 783 527 сўм тўлов ундиришни сўраган.
Суднинг ажрими билан даъво талабини ўзгартириш тўғрисидаги аризаси
иш юритишга қабул қилинган.
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 11 мартдаги ҳал
қилув қарори билан даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.
Фарғона вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 25 апрелдаги қарори билан 2022 йил 11 мартдаги ҳал қилув қарори
ўзгаришсиз қолдирилган.
Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил
28 июлдаги қарори билан иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари бекор
қилиниб, Палатанинг даъво талабини қисман қаноатлантириш ҳақида янги
қарор қабул қилинган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 1 938 452 110 сўм
асосий қарз ва 38 769 042 сўм суд харажатлари ундирилган. Шунингдек,
республика бюджетига жавобгардан 38 769 042 сўм ва даъвогардан
259 326 628 сўм давлат божи ҳамда Олий суднинг депозит рақамига ишни
видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 142 500 сўм суд
харажатлари ундирилган.
Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил
9 декабрдаги ажрими билан кассация инстанция судининг 2022 йил 28 июлдаги
қарори суд ҳужжатини янги очиган ҳолатлар бўйича бекор қилинган. Шу кунги
ажрим билан даъвогарнинг кассация шикояти кўрмасдан қолдирилган.
Иш юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси
судининг қароридан норози бўлиб, даъвогар қайта кассация шикояти билан
мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатларини бекор қилишни сўраган. Бунга асос
қилиб, шикоятда даъвогар жавобгарга 2019 йил 18 июлда 1/189-сонли хат билан
АЖга қарашли Қува тумани, Пахтакор кўчаси, 1-уй манзилидаги маъмурий ва
ишлаб чиқариш бинолари, Ёзёвон туманидаги “Хонобод” ҳамда “Қоратепа”
пахта қабул қилиш масканлари, Қува туманидаги “Бўстон” пахта қабул қилиш
маскани ва Ёзёвон туманидаги “Хонобод” ҳамда “Қоратепа” пахта тайёрлов
масканларини кўчмас мулк сифатида ижара шартномаси тузишни таклиф
қилиб, ижара шартномаси лойиҳасини имзолаш ва иккинчи нусхасини
даъвогарга қайтариш шарти билан жавобгарга юборганлиги, аммо жавобгар
мазкур шартномаларни қабул қилиб олиб, ижара шартномасига бирор-бир
эътироз билдирмасдан, мол-мулклардан фойдаланишни даъвом этириб
келганлиги, Фуқаролик кодексининг 367-моддасида бир ёки бир неча муайян
шахсга юборилган, етарли даражада аниқ бўлган ва таклифни киритган
шахснинг ўзини таклиф йўлланган ва уни қабул қиладиган шахс билан
шартнома тузган деб ҳисоблаш ниятини ифода этадиган таклиф оферта
ҳисобланиши белгиланганлиги, ушбу Кодекснинг 370-моддасида эса офертани
акцептлаш учун белгиланган муддатда олган шахснинг унда кўрсатилган
шартнома шартларини бажариш юзасидан қилган ҳаракатлари (товарларни
жўнатиш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш, тегишли суммани тўлаш ва
ҳ.к.), агар қонунчиликда ёки офертада бошқача тартиб назарда тутилмаган ёки
кўрсатилмаган бўлса, акцепт ҳисобланади деб кўрсатилганлиги, Олий хўжалик
суди Пленумининг “Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи
субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги
Қонунини иқтисодий судлари амалиётида қўллашнинг айрим масалалари
ҳақида” 2002 йил 4 мартдаги 103-сонли қарорининг 2-бандида офертани
акцептлаш учун белгиланган муддатда уни олган шахснинг кўрсатилган
шартнома шартларини бажариш юзасидан қилган ҳаракатлари (товарларни
жўнатиши, хизмат кўрсатиши, ишларни бажариши, муайян суммани тўлаши ва
ҳоказолар), агарда қонун ва офертада бошқача тартиб кўрсатилмаган бўлса,
акцепт ҳисобланиши, агар шартнома тузиш ҳақидаги таклифни олган шахс
белгиланган муддат давомида шартномада назарда тутилган шартларни қисман
бажарган (товарларни қисман жўнатган, пул суммасини қисман тўлаган) бўлса,
унинг ҳаракати акцепт деб баҳоланиши, бундай ҳолатларда судлар тарафлар
ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари бўйича келишувга эришилган
бўлса, хўжалик шартномасини тузилган деб ҳисоблаб, унга тегишли баҳо
беришлари лозимлиги ҳақида тушунтириш берилганлиги, жавобгар томонидан
ижара шартномаси имзоланмаган бўлса-да, ушбу шартномани ижросига доир
юридик харакатларни амалга оширганлиги, яъни мол-мулкни қабул қилиб олиб,
ундан фойдаланиб келганлиги, суднинг тарафлар ўртасида тузилган дастлабки
олди-сотди шартномасида ижара шартномаси тузиш назарда тутилмаганлиги
ва шу сабабли ижарадан бўлган қарздорликнинг ундиришга ҳуқуқий асос
йўқлиги ҳақидаги важлар асоссиз эканлиги, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
25 январдаги 53-сонли қарорининг 11-бандида пахта хом ашёсини дастлабки
қайта ишлаш маҳсулотини қайтариш асосида пахта тозалаш корхонасида ёхуд
пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиларининг ўз корхонасида
ёки улар томонидан ижарага олинган пахта тозалаш корхонасида амалга
оширилиши, 2021 йил 4 декабрдаги 733-сонли қарори билан тасдиқланган
“Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби
тўғрисида”ги Низомнинг 26-бандида кластерлар пахта хомашёсини ўзининг ёки
ижарага олинган пахта тозалаш заводида ёхуд тегирмон усулида дастлабки
қайта ишлашни амалга ошириши белгиланганлиги, тарафлар ўртасида тузилган
2019 йил 30 октябрдаги 45-сонли дастлабки шартнома фақатгина “Хонобод”
ва “Қоратепа” пахта қабул қилиш пунктларини олди-сотди қилиш юзасидан
тузилганлиги, унинг шартлари АЖга қарашли Қува тумани, Пахтакор кўчаси,
1-уй манзилидаги маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари, “Хонобод” пахта
қабул қилиш пункти ва АЖнинг барча асбоб-ускуналарига нисбатан тадбиқ
қилинмаслиги, Фуқаролик кодексининг 361-моддасида дастлабки шартнома
асосий шартнома учун белгиланган шаклда, борди-ю, асосий шартноманинг
шакли аниқланмаган бўлса, ёзма шаклда тузилиши, дастлабки шартноманинг
шакли тўғрисидаги қоидаларга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий саналмаслигига
сабаб бўлиши белгиланганлиги, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
31 мартдаги 253-сонли қарорининг 2-бандида пахта тозалаш корхоналари ва
тайёрлов пунктларининг ишлаб турган ускуналари ва бошқа асосий воситалари
пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ҳамда кластерлари ташкилотчиларига
ижарага мулк ва ер солиғи ҳамда амортизация ажратмалари ҳисобга олинган
ҳолда, давлат мулки учун белгиланган энг кам ставкалар бўйича берилиши
белгиланганлиги, ушбу қарор талабларига асосан жавобгар тўланиши лозим
сумма 15 400 млн. сўмни ташкил қилиши, ушбу тўловнинг асослилиги аудит
хулосаси билан тасдиқланишини кўрсатган.
Суд мажлисида даъвогар вакили шикоятда келтирилган важларни қўллаб,
мазкур иш ва 4-1501-2101/360-сонли ишнинг даво предмети ва асоси
бошқа-бошқа эканлиги, бу ҳақда судга аудит хулосаси тақдим қилинганлиги,
дастлабки шартномалар 2020 йил 1 январда ўз кучини йўқотганлиги ва шунинг
учун жавобгар мол-мулкдан фойланаланиб келгани учун ҳақ тўлаши
лозимлигини баён қилиб, шикоятни қаноатлантиришни ва суд ҳужжатларини
бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни
сўради.
Суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакиллари кассация шикоятига
нисбатан эътироз билдириб, суд қарорларини қонуний ва асосли
чиқарилганлиги сабабли уларни ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Палата кассация шикоятида ишни палата вакили иштирокисиз кўриб
чиқишни сўраган.
Учинчи шахс тегишли тартибда суд мажлиси куни ва вақти тўғрисида
хабардор қилинган бўлса-да, суд мажлисида иштирок этмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра,
кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш
вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини
(протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг
келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шу сабабли судлов ҳайъати суд мажлисини учинчи шахс иштирокисиз
кўриб чиқиш лозим деб ҳисоблади.
Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб,
кассация шикоятида баён этилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда
муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қисман
қаноатлантиришни, суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун
биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар
Маҳкамасининг
“Пахта-тўқимачилик
ишлаб
чиқаришларини
янада
ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил
19 сентябрдаги 744-сонли қарорининг 7-бандида “O`zpaxtasanoat” АЖ,
“O`zto`qimachiliksanoat”
уюшмаси
ва
Ўзбекистон
Республикаси
Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш
давлат қўмитасининг ушбу қарор 2-иловасига мувофиқ пахта тозалаш
корхоналари ҳамда пахта тайёрлаш пунктларининг бино ва иншоотларини
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Пахта-тўқимачилик
ишлаб чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 31 мартдаги 253-сон қарорининг
2-бандида назарда тутилган шартлар асосида пахта-тўқимачилик ишлаб
чиқаришлари ташкилотчиларига инвестициялар киритган ҳолда, беш йил
муддатда бўлиб тўлаш (тенг миқдордаги йиллик тўловлар) шарти билан
баҳолаш қийматида сотиш тўғрисидаги таклифини қабул қилиш ҳамда
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш
ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси “O`zpaxtasanoat” АЖ
ва “O`zto`qimachiliksanoat” уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда ушбу
қарор 2-иловасига киритилган пахта тозалаш корхоналарини ва пахта тайёрлаш
пунктларини хатловдан ўтказиш ва уларнинг ҳолатини баҳолаш белгиланган.
Ушбу қарорнинг 2-иловасида кўрсатиб ўтилган сотиладиган пахта
тозалаш корхоналари, пахта қабул қилиш масканларининг бино ва иншоотлари
рўйхатига кўра, “Bahodir Log`on Tekstil” масъулияти чекланган жамияти
шаклидаги қўшма корхонаси томонидан “Quva Paxta Tozalash” акциядорлик
жамиятининг “Хонабод” ва “Қоратепа” пахтани қабул қилиш пунктлари билан
биргаликда харид қилиниши кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Пахта-тўқимачилик кластерлари
фаолиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил
10 декабрдаги 747-сонли қарорининг 2-банди билан қишлоқ хўжалигида
иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича республика комиссияси,
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари,
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат активларини
бошқариш агентлиги ва “O`zbekiston paxta-to`qimachilik klasterlari”
уюшмасининг ушбу қарорнинг 1-иловасига мувофиқ пахта тозалаш
корхоналари ва пахта қабул қилиш масканларининг бино ва иншоотлари ҳамда
улушини баҳоланган қийматда беш йил муддатга бўлиб тўлаш (тенг
миқдордаги йиллик тўловлар) шарти билан истисно тариқасида тўғридан-тўғри
пахта-тўқимачилик кластерларига белгиланган тартибда сотиш тўғрисидаги
таклифлари маъқулланган.
Ушбу қарорнинг 4-бандида Ўзбекистон Республикаси Давлат
активларини бошқариш агентлиги “O`zpaxtasanoat” АЖни тугатиш Лойиҳа
офиси билан биргаликда икки ой муддатда:
пахта тозалаш корхоналарининг бошқарув органларида 1-иловага
мувофиқ сотиладиган пахта тозалаш корхоналари ва пахта қабул қилиш
масканларининг бино ва иншоотларини хатловдан ўтказиш ва белгиланган
тартибда баҳолаш ҳамда сотиш ташаббуси билан чиқилишини;
пахта тозалаш корхоналарининг бошқарув органлари қарорларига асосан
пахта-тўқимачилик кластерлари билан тегишли шартномалар тузилишини
таъминлаши белгиланган.
Мазкур қарорнинг 1-иловасида пахта-тўқимачилик кластерларига
сотиладиган пахта тозалаш корхоналари, пахта қабул қилиш масканларининг
бино ва иншоотлари рўйхатида, пахта-тўқимачилик кластери сифатида
жавобгар ҳамда сотиладиган объект сифатида АЖга қарашли “Бўстон” пахта
қабул қилиш маскани кўрсатилган.
Шунинг учун даъвогар (сотувчи) билан жавобгар (сотиб олувчи) ўртасида
кўчмас мулк ва асбоб ускуналарни сотиш юзасидан 2019 йил 30 октябрда
45-сонли ҳамда 2020 йил 28 майда 14-сонли дастлабки шартномалар тузилган.
Мазкур шартномаларнинг 1.1-бандига кўра, сотувчи мулкларни сотиб
олувчига келгусида сотиб олиш мажбурияти билан асосий шартнома
тузилгунга қадар мулк қилиб топшириши, сотиб олувчи эса ушбу мулкни қабул
қилиб олиши ва мазкур шартномада кўрсатилган муддатда асосий шартномани
имзолаш ҳамда белгиланган тартибда ва муддатларда сотувчига мулк учун
тўловларни амалга ошириши белгиланган.
Тарафлар ўртасида тузилган 2020 йил 28 майдаги 14-сонли шартноманинг
4.1-бандида тарафлар мазкур шартноманинг 1 ва 2-иловаларида кўрсатилган
мулк белгиланган тартибда баҳоланиб, акциядорлар умумий йиғилиши
томонидан сотишга рухсат берилгандан кейин, лекин шартноманинг
3.2-бандида белгиланган муддатда асосий шартнома имзоланиши белгиланган.
Лекин, мулкларни бир неча маротаба баҳоловчи ташкилотлар орқали
баҳолатилиши ва уларнинг берган хулосаларидаги баҳолар бўйича тарафлар
ўртасида келишмовчиликлар юзага келганлиги сабабли асосий шартномалар
имзоланмасдан келган.
Судлар томонидан даъвони қаноатлантиришни рад этишда моддий ва
процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган ҳолда асоссиз тўхтамга
келган.
Жумладан, судлар даъвони қаноатлантиришни рад этиш учун Фарғона
туманлараро иқтисодий судининг 4-15-2101/360-сонли иш бўйича қабул
қилинган 2021 йил 23 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг
жавобгарга кўчмас мулкларни ижарага бериш ва асосий воситаларни ижарага
бериш бўйича мажбурий шартнома тузиш мажбуриятини юклаш талаби
тегишли далиллар билан исботлаб берилмаганлиги, жавобгар даъвогар билан
“Бино иншоотларни ижарага бериш” ҳамда “Асосий воситаларни ижарага
бериш” шартномаларини тузишга мажбур эмаслиги сабабли даъвонинг ушбу
қисмини қаноатлантиришни рад этишни лозим деб топганлиги, ИПК
73-моддасининг иккинчи қисмида иқтисодий суднинг илгари кўрилган иш
бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар суд
худди шу шахслар иштирок этаётган бошқа ишни кўраётганида янгидан исбот
қилинмаслигини асос қилиб кўрсатган.
Ваҳоланки, 4-15-2101/360-сонли ишнинг даъво предмети ижара
шартномаси тузишга мажбурлаш ва зарар ундиришдан иборат бўлган. Мазкур
ишнинг даъво предмети жавобгар мол-мулкдан фойдаланганлиги учун ҳақ
ундиришдир ва шунинг учун мазкур ҳолатда судлар ИПКнинг 73-моддасидаги
нормасини қўллашда иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқлик
киритмасдан қарор қабул қилган.
Бундан ташқари, қуйи инстанция судларининг қарорларида Вазирлар
Маҳкамасининг 2018 йил 19 сентябрдаги 744-сонли ҳамда 2021 йил
10 декабрдаги 747-сонли қарорларида даъвогарга қарашли мулклар жавобгарга
ижара шартномалари асосида берилиши эмас, балки пахта-тўқимачилик ишлаб
чиқарувчи ташкилотчиларига инвестициялар киритган ҳолда, беш йил
муддатда бўлиб тўлаш (тенг миқдордаги йиллик тўловлар) шарти билан
баҳолаш қийматида сотиш белгиланганлиги, баҳоловчи ташкилотлар орқали
баҳолатилган мулклар баҳосида тарафлар ўртасида келишмовчиликлар юзага
келганлиги сабабли Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорлари ва дастлабки
тузилган шартномалар ижроси кечиктирилишига олиб келганлиги, бу эса ижара
ҳақи ҳисобланишига сабаб бўлмаслиги кўрсатилган.
Бироқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 сентябрдаги 744-сонли
қарорининг 2-иловасида жавобгар томонидан АЖнинг “Хонабод” ва
“Қоратепа” пахтани қабул қилиш масканларининг бино ва иншоотларининг
харид қилиниши кўрсатиб ўтилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 декабрдаги 747-сонли қарорнинг
1-иловасида ҳам пахта тозалаш корхоналари ва пахта қабул қилиш
масканларининг бино ва иншоотлари ҳамда улушини баҳоланган қийматда беш
йил муддатга бўлиб тўлаш (тенг миқдордаги йиллик тўловлар) шарти билан
истисно тариқасида тўғридан-тўғри пахта-тўқимачилик кластерларига
белгиланган тартибда сотиш назарда тутилган.
Мазкур қарорнинг 1-иловасида, пахта-тўқимачилик кластерларига
сотиладиган пахта тозалаш корхоналари, пахта қабул қилиш масканларининг
бино ва иншоотлари рўйхатида, пахта-тўқимачилик кластери ҳисобланган
жавобгарга сотиладиган объект сифатида АЖга қарашли “Бўстон” пахта қабул
қилиш маскани кўрсатилган.
Яъни, қуйи судлар томонидан ҳавола қилинган Вазирлар Маҳкамасининг
2018 йил 19 сентябрдаги 744-сонли ҳамда 2021 йил 10 декабрдаги 747-сонли
қарорларида пахта тозалаш корхоналари ва тайёрлов пунктларининг ишлаб
турган ускуналари эмас, балки пахта тозалаш корхоналари, пахта қабул қилиш
масканларининг бино ва иншоотлари пахта-тўқимачилик кластерларига
сотилиши белгиланган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги 253-сонли
қарорининг 2-бандида пахта тозалаш корхоналари ва пахта тайёрлаш
пунктларининг бино ҳамда иншотлари пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари
ҳамда кластерлари ташкилотчиларига ишлаб чиқаришни 2 йилдан ортиқ
бўлмаган вақт давомида модернизациялаш шарти билан сотилиши, пахта
тозалаш корхоналари ва тайёрлов пунктларининг ишлаб турган ускуналари
ва бошқа асосий воситалари пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ҳамда
кластерлари
ташкилотчиларига
ижарага
модернизациялаш
амалга
ошириладиган давргача берилиши мумкинлиги ёки мулк ва ер солиғи ҳамда
амортизация ажратмалари ҳисобга олинган ҳолда, давлат мулки учун
белгиланган энг кам ставкалар бўйича берилиши белгиланган.
Шунинг учун, даъвогар жавобгардан АЖга қарашли Қува тумани,
Пахтакор кўчаси, 1-уй манзилидаги, “Бўстон”, “Хонобод” ва “Қоратепа” пахта
қабул қилиш масканларидаги асбоб-ускуналаридан фойдаланганлиги учун ҳақ
талаб қилишга ҳақли.
Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини
такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2009 йил 8 апрелдаги
+102-сонли қарори 3-бандининг биринчи ва иккинчи хатбошиларида давлат
мулки юридик ва жисмоний шахсларга марказлар орқали ижарага берилиши,
қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно, давлат кўчмас
мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари
Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси томонидан тақдим этилган
ҳамда Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ижаранинг
энг кам ставкаларини ҳисоблаб чиқиш асосида тегишли коэффициентлар
белгиланган ҳолда ҳар йили 31 декабргача Қорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан
тасдиқланиши белгиланган.
Бундан кўринадики, биринчи инстанция суди низо юзасидан қарор қабул
қилишда тарафлар ўртасида тузилган шартномаларга баҳо бермасдан, қилинган
ҳисоб-китобларга аниқлик киритмасдан қарор қабул қилган.
ИПК 177-моддасининг биринчи қисмига кўра, ҳал қилув қарорини қабул
қилиш чоғида суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ўз талаблари ва
эътирозларини асослантириш учун келтирган далиллари ва важларига баҳо
бериши, иш учун аҳамиятли қайси ҳолатлар аниқланганлигини ва қайсилари
аниқланмаганлигини белгилаши, ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб
келтирган қайси қонунчилик ҳужжатларини ушбу иш бўйича қўллаш мумкин
эмаслигини ҳал қилиши, ушбу иш бўйича қайси қонунчилик ҳужжатларини
қўллаш зарурлигини аниқлаши, ишда иштирок этувчи шахсларнинг қандай
ҳуқуқ ва мажбуриятлари борлигини белгилаши, даъвони қаноатлантириш
лозимлигини ёки лозим эмаслигини ҳал қилиши лозим.
Аммо, биринчи инстанция суди томонидан ҳал қилув қарори қабул
қилишда ИПК 177-моддасининг биринчи қисмида санаб ўтилган масалаларни
ҳал этмаган, даъвогар томонидан келтирилган далиллар ва важларга баҳо
берилмаган.
ИПКнинг 74-моддасига кўра, суд далилларга ишнинг барча ҳолатларини
жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда ҳар томонлама,
тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради.
Ҳар бир далил ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи
назаридан, далилларнинг йиғиндиси эса, етарлилиги нуқтаи назаридан
баҳоланиши лозим. Агар текшириш натижасида далилнинг ҳақиқатга тўғри
келиши аниқланса, у ишончли деб тан олинади. Ҳеч қандай далил суд учун
олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмас.
Бироқ, судлар томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ
ўрганилмасдан, тарафлар ўртасида тузилган шартномаларга баҳо бермасдан,
амалга оширилган ҳисоб-китобларга аниқлик киритмасдан, даъвогарнинг
даъвосидаги важлар иш ҳужжатларидаги далиллар билан текширилиб, ҳуқуқий
баҳо бермасдан барвақт хулосага келган.
ИПК 301-моддасининг учинчи бандига кўра, кассация инстанцияси суди
кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс
302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ва тўртинчи қисмининг 4 ва
7-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ҳал қилув қарорини,
қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор
қилинган суд инстанциясига юборишга ҳақли.
ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра, иш учун
аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги биринчи инстанция судининг
ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш
ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Қайд этилганларга кўра, суд қарорлари бекор қилиниши ва иш янгидан
кўриш учун биринчи инстанция судига юборилиши лозим.
Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли
ҳолатларни тўлиқ аниқлаш мақсадида қуйидаги кўрсатмаларни бажариши
лозим:
- даъво аризасида баён этилган ҳар бир важга, ишдаги мавжуд далиллар
ҳамда ишни янгидан кўришда тақдим этиладиган янги далилларга ҳар
томонлама, тўлиқ ва холис ҳуқуқий баҳо бериш;
- тарафлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни ишдаги ҳужжатлар билан
таққослаб қонуний ва асосли хулосага келиш;
- моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда
қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиш.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси иқтисодий
процессуал кодексининг 301-303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л а д и:
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Фарғона вилоят ҳудудий
бошқармасининг кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин.
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 11 мартдаги ҳал
қилув қарори ва Фарғона вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2022 йил 25 апрелдаги қарори бекор қилинсин.
Иш янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун Фарғона туманлараро
иқтисодий судига юборилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи
Ш.Маҳмудов
ҳайъат аъзолари
Б.Исрайлов
Р.Хайдаров