Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1802-2202/325 Дата решения 18.04.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Маҳмудов Шуҳрат Муҳаммадович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "OQ SAROY KLASTER" масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый Шаҳрисабз туман АБКМ
Source ID 1076259 Claim ID 3207547 PDF Hash c4ab37dcba961b90... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 4
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
йича ушбу Кодекс 302-моддаси йича ушбу Кодекс 302 code_article
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПКнинг 304-моддаси ИПКнинг 304 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1802-2202/325-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья – О.Қурбонов Апелляция инстанциясида маърузачи судья – А.Арзиев Кассация инстанциясида маърузачи судья – Ш.Маҳмудов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 18 апрель Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б.Исрайловнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Р.Хайдаров ва Ш.Маҳмудовдан иборат таркибда, А.Бахшуллаевнинг котиблигида, даъвогарнинг вакиллари М.Элмуродов, Н.Қурбонов, Шаҳрисабз тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази вакили И.Бўронов, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг вакили З.Саттарованинг иштирокида, Ўзбекистон Савдосаноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармасининг даъвогар “Oq saroy klaster” масъулияти чекланган жамияти манфаатида, Шаҳрисабз тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказидан 170 000 000 сўм асосий қарз, 25 500 000 сўм жарима ундириш тўғрисидаги даъво аризаси юзасидан қабул қилинган Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 18 апрелдаги ҳал қилув қарори ва Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 19 июлдаги қарори устидан Шаҳрисабз тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан берилган кассация шикоятини Олий суднинг биносида видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Шаҳрисабз туманидаги “Oq saroy klaster” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матда даъвогар деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги 799-сонли Қарори асосида Шаҳрисабз тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази (бундан буён матда жавобгар деб юритилади)га 2021 йил 15 сентябрда 441/01-сонли буюртма бериб, 2021 йил 15 сентябрдан 15 октябрга қадар 86 нафар ишчи ходимга 2 000 000 сўмдан ойлик иш ҳақи тўлаш бўйича жамоат ишларини ташкил қилиш истагини билдирган. Шунга кўра, тарафлар ўртасида 2021 йил 15 сентябрда ва 2021 йил 1 ноябрда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича 62/09-сонли шартномалар тузилиб, унда ишсиз ва банд бўлмаган 86 нафар ишчини 2021 йил 15 сентябрдан 15 октябрга қадар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш ва 2 000 000 сўмдан, жами 172 000 000 сўм ҳақ тўлаш келишилган. Шартноманинг умумий суммаси жамғарма маблағлари ҳисобидан 172 000 000 сўмни ташкил қилиши келишилган. Ҳар иккала шартнома бир хил мазмунда тузилиб, унда жавобгар даъвогарнинг буюртмасига асосан белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган ва иш изловчи сифатида рўйхатга олинган 86 нафар фуқароларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига йўлланма асосида юбориш, ҳар ойнинг 15 санасига қадар жамоат ишларида қатнашган фуқаролар учун тўланиши лозим бўлган иш ҳақининг 50 фоизини тегишли ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг иш берувчининг ҳисоб-рақамига ўтказиб беришга келишилган. Даъвогар жавобгарга 2021 йил 1 ноябрда ва 2021 йил 22 декабрда талабнома хат юбориб, тарафлар ўртасида тузилган шартномага асосан 2021 йил сентябрь-октябрь ойларида жами 85 та терим отрядлари раҳбарлари шакллантирилиб, улар билан шартнома асосида иш ташкиллаштирилиб, жами 170 000 000 сўм нақд пул кўринишида тарқатиб берилганлиги, шу сабабли жамғарма ҳисобидан жами 170 000 000 сўмни даъвогарнинг ҳисоб рақамига ўтказиб беришни сўраб, акс ҳолда асосий қарз ва шартномага асосан жарима ундириш ҳақида судга мурожаат қилиши тўғрисида огоҳлантирган. Мазкур талабномалар оқибатсиз қолдирилганлиги сабабли тарафлар ўртасида низо келиб чиққан ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси (бундан буён матнда палата деб юритилади) даъвогар манфаатида жавобгарга нисбатан даъво аризасида кўрсатилган талаб билан судга мурожаат қилган. Биринчи инстанция судининг 2022 йил 18 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 170 000 000 сўм асосий қарз ва 5 100 000 сўм жарима ундириш белгиланган. Апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 19 июлдаги қарори билан биринчи инстанция судининг 2022 йил 18 апрелдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Жавобгарнинг кассация шикоятида суд қарорларини бекор қилиб, даъвогарнинг даъво аризасини рад қилиш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган. Суд мажлисида иштирок этган жавобгарнинг ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг вакиллари кассация шикоятида келтирилган важларини қувватлаб, кассация шикоятини қаноатлантиришни, биринчи ва апелляция инстанцияси судларининг қарорларини бекор қилиб, даъвони рад қилиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўрашди. Суд мажлисида иштирок этган даъвогарнинг вакиллари жавобгарнинг кассация шикоятига нисбатан эътироз билдириб, суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни сўрадилар. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган бўлса-да, суд мажлисида палата вакили иштирок этмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шу сабабли судлов ҳайъати ишни унинг вакили иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди. Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра шикоятни қисман қаноатлантиришни, суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади. Аниқланишича, тарафлар ўртасидаги шартномалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги 799-сонли қарори билан тасдиқланган “Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом (бундан буён матнда низом деб юритилади) талабларига асосан тузилган. Низомнинг 8-бандига кўра, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уйлардаги уй-жой мулкдорларининг ширкатлари бундан мустасно) ташкил этиладиган ҳақ тўланадиган жамоат ишларида меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича харажатларнинг эллик фоизигача бўлган қисмининг ўрни иш берувчи бажарилган ишларни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси (бундан буён матнда Жамғарма деб юритилади)нинг маблағлари ҳисобидан қопланади. Низомнинг 16-бандига кўра, шартномалар аҳоли бандилигига кўмаклашиш марказининг жамоат ишларини ташкил қилиш учун харажатлар сметасида кўзда тутилган маблағлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги бўлинмалари томонидан рўйхатга олинади. Тарафлар ўртасида тузилган шартномаларнинг 3-бўлимида шартнома ғазначилик органларида рўйхатга олинган кундан шартнома шартлари тўлиқ бажарилгунга қадар амал қилиши белгиланган. Шунингдек, Низом 25-бандининг иккинчи хатбошисига кўра, жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича тўловлар аҳоли бандилигига кўмаклашиш маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги бўлинмаларига мемориал ордер ёки тўлов топшириқномалари тақдим этиш орқали амалга оширилиши белгиланган. Биринчи инстанция суди тарафлар ўртасида тузилган шартнома ғазначилик бўлими томонидан рўйхатга олинганлигини аниқлаш ҳамда Низом талабларига асосан тўловлар жамғарма ва ғазначилик бўлинмалари орқали амалга оширилиши сабабли уларни ишга жалб қилиш чораларини кўрмасдан, даъвони қисман қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келган. Апелляция инстанцияси суди эса, биринчи инстанция суди томонидан йўл қўйилган хатоликка тегишли баҳо бермасдан, суд қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида асоссиз хулосага келган. ИПК 301-моддасининг 3-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ва тўртинчи қисмининг 4 ва 7-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган суд инстанциясига юборишга ҳақли. ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 4-бандларига кўра, иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Судлов ҳайъати, баён этилганларга асосан кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни, биринчи ва апелляция инстанцияси судларининг қарорларини бекор қилишни ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади. ИПКнинг 304-моддасига кўра, кассация инстанцияси судининг қарорида баён қилинган кўрсатмалар ишни янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир. Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди иш ҳолатларини тўлиқ аниқлаши, ишга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ва тегишли ғазначилик бўлинмасини жалб қилиш чораларини кўриши, ишдаги ҳар бир далилларга ва тарафларнинг важларига ҳуқуқий баҳо бериши, моддий ҳамда процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши, шунингдек суд харажатларини, шу жумладан ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ харажатларни ундириш масаласини ҳал қилиши лозим бўлади. Юқоридагиларга кўра, ИПКнинг 301-304 ва 343-моддаларига асосланиб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 18 апрелдаги ҳал қилув қарори ва Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 19 июлдаги қарори бекор қилинсин. Иш янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий судига юборилсин. Шаҳрисабз тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин. Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 19 майдаги ижро варақалари бўйича ундирув бекор қилинсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Б.Исрайлов ҳайъат аъзолари Р.Хайдаров Ш.Маҳмудов