Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1104-2202/2261 Дата решения 13.04.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Убайдуллаев Бахберген Сагидуллаевич Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "GUGLESHTR GROUP" масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый “Ўзагросуғурта” акционерлик жамияти
Source ID 1073767 Claim ID 3187908 PDF Hash 0012e5bd25277712... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 4
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ФКнинг 920-моддаси ФКнинг 920 law
Ушбу Кодекс 86-моддаси Ушбу Кодекс 86 code_article
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
Ушбу Кодекс 301-моддаси Ушбу Кодекс 301 code_article
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1104-2202/2261-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўришда маърузачи судья Т.Салимов Апелляция инстанциясида маърузачи судья И.Юсупов Кассация инстанциясида маърузачи судья Б.Убайдуллаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 13 апрель Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Б.Убайдуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар О.Халмирзаев ва Ш.Мирзахакимовдан иборат таркибда, Б.Муродқосимовнинг котиблигида, “GUGLESHTR GROUP” масъулияти чекланган жамияти вакили С.Абдазимов (2022 йил 28 июлдаги 1-сонли ишончнома асосида), “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти вакили Э.Салимбоев (2023 йил 4 январдаги 08-12/6-сонли ишончнома асосида), Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати вакили Х.Исламов (2023 йил 5 январдаги 01-15/1317-сонли ишончнома асосида) иштирокида, мазкур иш бўйича қабул қилинган Ўртачирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 15 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 26 январдаги қарори устидан “Ўзагросуғурта” АЖ томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий суди биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Пискент туман кенгаши (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) “GUGLESHTR GROUP” МЧЖ (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Ўзагросуғурта” АЖ (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) дан 161 526 058,28 сўм суғурта товони ундиришни сўраган. Суднинг 2022 йил 11 октябрдаги ажрими билан низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида “Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси”, Пискент туман сув истеъмолчилари уюшмаси, “Агробанк” АТБ, Пискент туман Ирригация бўлими, Пискент туман Қишлоқ хўжалиги бўлими, Пискент “Агрокимё” МЧЖ, Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот интитути ишга жалб қилинган. Ўртачирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 15 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан Кенгашнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 112 522 379 сўм суғурта товони ундирилган. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 26 январдаги қарори билан Ўртачирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 15 ноябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Жавобгар суд қарорлари устидан кассация шикояти билан мурожаат қилиб, кассация шикоятида иш юзасидан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантиришни рад қилиш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган. Суд мажлисида иштирок қилган жавобгар вакили кассация шикоятини қаноатлантиришни сўради. Суд мажлисида иштирок қилган даъвогар вакили кассация шикоятини ҳал қилишни судга ҳавола қилишини билдирди. Суд мажлисида иштирок қилган Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати вакили кассация шикоятини ҳал қилишни судга ҳавола қилишини билдирди. Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, кассация шикоятини қаноатлантиришни лозим топади. Аниқланишича, тарафлар ўртасида 2020 йил 25 май куни 1-001350-сонли суғурта шартномаси тузилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 8 ва 234-моддаларига асосан, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Мазкур холатда тарафларнинг мажбуриятлари суғурта шартномасидан келиб чиққан. ФК 914-моддасининг биринчи қисмига асосан, суғурта фуқаро ёки юридик шахс (суғурта қилдирувчи) суғурта ташкилоти (суғурталовчи) билан тузадиган мулкий ёки шахсий суғурта шартномалари асосида амалга оширилади. ФКнинг 920-моддасига асосан, тадбиркорлик хавфини суғурта қилиш шартномаси бўйича фақат суғурта қилдирувчининг ўз тадбиркорлик хавфи ва фақат унинг фойдасига суғурталаниши мумкин. Шартноманинг 2.1-бандига кўра, суғурталовчи 2019 йил 4 октябрдаги 11/1-02-2-сонли “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъектларининг бўлғуси кузги бошоқли дон ҳамда пахта экинларидан кам ҳосил олиши натижасида кўрадиган молиявий зарарини суғурталаш қоидалари” асосида даъвогарнинг аризасида кўрсатилган суғурта таваккалчиликлари туфайли пахта ҳосилидан кам ҳосил олиши натижасида кўрадиган молиявий зарарини қоплаш бўйича суғурта ҳимоясини тақдим этиш, шартноманинг 2.2-бандида эса, суғурта қилдирувчи суғурта шартнома бўйича ҳисобланган суғурта мукофотини шартномада белгиланган муддатларда тўлаш мажбуриятини олган. Шартноманинг 3.1-бандига мувофиқ суғурта қиймати 739 335 120 сўмни, суғурта пули 591 468 096 сўмни ва суғурта мукофоти 23 658 724 сўмни ташкил этган. Шунингдек, шартноманинг 4.1-бандида суғурта шартномаси тузилгандан сўнг 30 иш куни ичида суғурта қилдирувчи томонидан суғурталовчининг ҳисоб рақамига суғурта мукофотини ўтказиб берилиши, 5.2-бандида эса суғурта мукофоти суғурталовчининг ҳисоб рақамига келиб тушгач, 3 кун ичида суғурта полиси расмийлаштириб берилиши белгиланган. Суғурталовчи томонидан суғурта қилдирувчига 2020 йил 30 июнда 0047116-сонли суғурта полиси берилган ва унда суғурта қилдирувчи томонидан 23 658 724 сўм тўланганлиги, суғурта жавобгарлиги 100 фоиз ёки 591 468 096 сўм миқдорида эканлиги қайд этилган. Суғурта шартномаси ва суғурта полисига кўра, суғурта таваккалчиликлари сифатида бўрон, дўл, кучли ёмғир (жала); ёнғин, яшин уриши; қурғоқчилик ва гармсел; қора совуқ, кучли қор ёғиши; тупроқнинг ўта намлиги; сув сатҳининг паст бўлиши (камсувлик); сув сатҳининг баланд бўлиши (сув тошқини); зараркунандалар ва экин касалликлари кўрсатилган. Иш ҳужжатларидаги Пискент туманинг ваколатли ташкилотлари ва даъвогар вакили иштирокида тузилган далолатномалар ҳамда жавобгар Пискент туман бўлими ҳамда даъвогар томонидан тузилган далолатномада қишлоқ хўжалиги корхоналарининг экинлар ҳосилини суғурталаш бўйича оралиқ мониторинг далолатномасида даъвогарнинг 69,3 га пахта майдонига сув танқислиги сабабли ернинг мелиоратив ҳолати ёмонлашганлиги, ўргимчаккана ва кўсакқурти зараркунанда ҳашоратлари тушиши натижасида пахта майдонларида ғўза туплари, кўсак, шона, гуллари, барглари катта зарарланишига сабаб бўлаётганлиги қайд этилган. Пискент туман Статистика бўлимининг 2020 йил 11 декабрдаги 01/1-35-05/3-55-сонли маълумотномасида даъвогар томонидан 2020 йил пахта ҳосили режаси бўйича 379,9 тонна ҳосил етиштириш назарда тутилганлиги, бироқ даъвогар томонидан 216 тонна (57 %) пахта етиштирилганлиги қайд қилинган. Шунинг учун, даъвогар 2021 йил 18 январда жавобгарнинг Тошкент вилоят филиалига суғурта товонини тўлашни сўраб мурожаат қилган. Кенгаш даъвогар манфаатида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 161 526 058,28 сўм суғурта товони ундиришни сўраган. Бунга асос қилиб, даъво аризасида сув манбалари тушиб кетиши сабабли даъвогарнинг майдонларига сув тўлиқ етказиб берилмаганлиги, бунинг натижасида ғўза кўчатлари кўсак қурти ва ўргамчакана билан зарарланганлиги, оқибатда режадагидан кам ҳосил олинганлиги кўрсатилган. Суднинг ажрими билан низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида “Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси”, Пискент туман сув истеъмолчилари уюшмаси, “Агробанк” АТБ, Пискент туман Ирригация бўлими, Пискент туман Қишлоқ хўжалиги бўлими, Пискент агрокимё масъулияти чекланган жамияти, Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот интитути ишга жалб қилинган. Шунингдек, суднинг 2022 йил 24 октябрдаги ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини Ривожлантириш агентлигидан мутахассис (бундан буён матнда мутахассис деб юритилади) жалб қилинган. Биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилиш тўғрисида асоссиз хулосага келган. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июндаги 505-сонли қарори билан тасдиқланган “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш тартиби тўғрисида”ги Низомда суғурта шартномасига асосан пахта хом ашёси (бошоқли дон экинлари) ҳосили бўйича суғурта товонини ҳисоблаш жадвали (бундан буён матнда ҳисоблаш жадвал деб юритилади) белгиланган. Ишдаги ҳужжатларга кўра, суғурталанган майдон 69,33 гектарни, 1 га майдондаги режалаштирилган ҳосилдорлик 24,8 центнерни, 1 центнер ҳосилнинг прейскурант нархи эса 430 000 сўмни ташкил қилган. Жавобгарнинг пахта ҳосилини суғурта қилиш бўйича жавобгар тақдим қилган электрон аризасида суғуртага 24,8 ц/га қабул қилинган. Шундан келиб чиқиб, тарафлар ўртасидаги суғурта шартномасининг 3.1-бандида суғурта қиймати 739 335 120 сўм (69,33 га х 24,8 ц х 430 000 сўм)ни ташкил қилган. Суғурта пули суғурта қийматининг 20 фоизи миқдорида 591 468 096 деб белгиланган. Яъни тўлиқ бўлмаган суғурта ҳисобланади. Шу сабабли 1 га майдонга режалаштирилган ҳосилнинг қиймати 10 664 000 сўм (24,8 ц х 430 000 сўм)ни ташкил қилади. Тошкент вилоят статистика бошқармасининг 2020 йил 11 декабрдаги 01/1-35-05/3-55-сонли маълумотига кўра, олинган ялпи ҳосил 2167 центнерни ташкил қилади. Жами майдондан олинган ҳосилнинг қиймати 931 810 000 сўм (430 000 сўм х 2167 центнер)ни ташкил қилади. Фермер хўжалиги томонидан 1 га майдондан олинган ҳосил қиймати ҳисоблаш жадвалига асосан 13 440 213,4 сўм (931 810 810 000 сўм / 69,33 га)ни ташкил қилади. Мазкур ҳолатда даъвогар томонидан 1 га майдондан олинган ҳосил қиймати (13 440 213,4 сўм), 1 га майдонга режалаштирилган ҳосилнинг қийматидан (10 664 000 сўм) ҳам кўпроқ яъни 2 776 213,4 сўм ҳосил олганлиги сабабли, даъвогар зарар кўрмаган. Балки, 1 га майдонга режалаштирилган 10 664 000 сўм ҳосил ўрнига, фермер хўжалик томонидан 13 440 213,4 сўм ҳосил олинган. Шартноманинг 2.1-бандига кўра, суғурта қилдирувчининг аризасида кўрсатилган суғурта тавакалчилиқлари туфайли пахта ҳосилдан кам ҳосил олиш натижасида кўрадиган молиявий зарарини қоплаш бўйича суғурта ҳимоясини тақдим этиши белгиланган. Қайд этилганларга кўра, даъвогар суғурта тавакалчилиқлари туфайли пахта ҳосилдан кам ҳосил олиш ҳолати мавжуд бўлмаган ва молиявий зарар кўрмаган. Мазкур жадвал бўйича биринчи инстанция суди томонидан ишга жалб қилинган мутахассис ёзма тушунтиришида даъвогарга тўланиши лозим бўлган суғурта товони суммаси 112 522 379 сўмни ташкил қилиши ҳақида нотўри ҳисоб-китоб қилинган. Чунки, мутахассиснинг ёзма тушунтиришида келтирилган жадвалнинг 2-устунида суғурталанган майдон 69,33 гктар деб кўрсатилган бўлса-да, амалда ҳисоб-китоб учун 110,8 гектарни ҳисобга олиб, хатоликга йўл қўйган. Шу сабабли мутахассис тушунтришида келтирилган жадвалнинг 8-устунида 1 гектар майдондан олинадиган ҳосил қийматини ҳисоблаш учун 7-устундаги жами майдондан олинадиган ҳосилнинг қиймати яъни 931 810 000 сўмни 2-устунда кўрсатилган 69,33 гектар суғурталанган майдонга эмас, балки жадвалда кўрсатилмаган 110,8 гектарга бўлиб, 1 гектар майдондан олинадиган ҳосил қиймати 8 409 837,55 сўмни ташкил қилиши ҳақида нотўғри тушунтириш берган. Биринчи инстанцияси суди қайд этилган ҳолатларни инобатга олмасдан, мутахассиснинг нотўғри ёзма тушунтиришига асосланиб, даъвони қисман қаноатлантириш ҳақида, апелляция инстанцияси суди эса ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида асоссиз хулосага келган. Даъвогар вакили томонидан судга тақдим қилинган Х.Сулайманова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 2023 йил 13 мартдаги 29/14(2092)17.IZ/3073-сонли хулосасидаги 1 га майдондаги режалаштирилган ҳосилдорлик 30,6 центнерни ташкил қилиши ҳақидаги хулосасига қўшилиб бўлмайди. Чунки, эксперт хулосаси асослантирилмаган. Бундан ташқари, Жавобгарнинг пахта ҳосилини суғурта қилиш бўйича жавобгар тақдим қилган электрон аризасида суғуртага 24,8 ц/га қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 74-моддасининг тўртинчи қисмига асосан Ҳеч қандай далил суд учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмас. Ушбу Кодекс 86-моддасининг олтинчи қисмига асосан хулоса суд мажлисида текширилади ҳамда бошқа далиллар билан бир қаторда баҳоланади. ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 3 ва 4-бандларига кўра, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Ушбу Кодекс 301-моддасининг 2-бандига биноан кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга ёки бекор қилишга ва ишни янгидан кўриб чиқиш учун юбормасдан янги қарор қабул қилишга ҳақли. Баён этилганларга кўра, судлов ҳайъати кассация шикоятини қаноатлантиришни, Ўртачирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 15 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 26 январдаги қарорини бекор қилишни, янги қарор қабул қилишни, даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантиришни рад қилишни, даъвогардан жавобгар фойдасига апелляция ва кассация инстанцияси судлари учун тўланган жами 2 650 446 сўм давлат божини ва 60 000 сўм почта харажатини ундиришни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3318-сонли Қарорининг 3-бандига асосан Кенгашнинг давлат божи тўлашдан озод этилганлигини инобатга олиб, қолган давлат божи қисмини ундирмасликни, ижро варақа беришни, биринчи инстанция судининг судининг 2022 йил 6 15 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг 2023 йил 26 январдаги қарори бўйича ундирувни бекор қилишни лозим топади. Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301-303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати Ўртачирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 15 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 26 январдаги қарори бекор қилинсин. Янги қарор қабул қилинсин. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Пискент туман кенгашининг “GUGLESHTR GROUP” МЧЖ манфаатида берган даъво аризасини қаноатлантириш рад қилинсин. “GUGLESHTR GROUP” МЧЖдан “Ўзагросуғурта” АЖ фойдасига 2 650 446 сўм давлат божини ва 60 000 сўм почта харажати ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Ўртачирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 15 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 26 январдаги қарори бўйича ундирув бекор қилинсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Б.Убайдуллаев ҳайъат аъзолари: О.Халмирзаев Ш.Мирзахакимов