← Назад
Решение #604598 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
8
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| аролик кодекси | 211 | — | code_article | |
| жой кодекси | 124 | — | code_article | |
| онуни | 28 | — | law | |
| ФКнинг | 228 | — | law | |
| онуни | 34 | — | law | |
| ФКнинг | 232 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| ИПКнинг | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1001-2220/48291-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўрган
судья – Н.Байзақова
Апелляция инстанциясида маърузачи
судья – Ф.Ёдгоров
Кассация инстанциясида маърузачи
судья - Р.М.Сагатов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
2023 йил 13 апрель
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари И.Таджиев ва
Р.Сагатовдан иборат таркибда, Б.Жўраевнинг котиблигида, даъвогар вакили –
адвокат С.Худаёров (2022 йил 19 декабрдаги ишончнома ва 2023 йил 13 февралдаги
115-сонли ордер асосида), Ё.Юлдашов (2023 йил 29 мартдаги 14-сонли ишончнома
асосида)нинг иштирокида, даъвогар “Omega Kommunal Servis” хусусий уй-жой
мулкдорлар ширкатининг жавобгарлар “Avto Plyus Taraqqiyot” масъулияти
чекланган жамияти, “Kompliment Avto Trans” масъулияти чекланган жамияти ва
“Avtorenting” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан бинодан мажбурий
тартибда чиқариш ва 3 000 000 сўм зарар ундириш тўғрисидаги даъво аризаси
бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан
“Avto Plyus Taraqqiyot” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган
кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий суди биносида
бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
“Omega Kommunal Servis” хусусий уй-жой мулкдорлар ширкати (бундан буён
матнда даъвогар деб юритилади) “Avto Plyus Taraqqiyot” масъулияти чекланган
жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ҳамда “Kompliment Avto
Trans” масъулияти чекланган жамияти ва “Avtorenting” масъулияти чекланган
жамияти (бундан буён матнда қўшимча жавобгарлар деб юритилади)га нисбатан
иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, бинодан мажбурий тартибда
чиқариш ва 3 000 000 сўм зарар ундиришни сўраган.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 11 октябрдаги ҳал қилув
қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгар ва
қўшимча жавобгарларни даъвогарга тегишли Миробод тумани, Туркистон кўчаси
12 уйда жойлашган бинодан мажбурий тартибда чиқариш ва жавобгардан даъвогар
фойдасига 3 000 000 сўм зарар, 3 300 000 сўм давлат божи ва 24 000 сўм почта
харажатлари ундирилиши белгиланган.
Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 1 декабрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларидан норози бўлиб, жавобгар
касссация шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатларини бекор
қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда суд ҳужжатларида даъвогарга
тегишли деб таъкидланган Миробод тумани, Туркистон кўчаси, 12-уйдаги бино –
Туркистон кўчаси, 12-сонли кўп квартирали уйдаги умумий фойдаланишдаги
13,0 м2дан иборат бўлган 3-йўлакнинг ички зинопоя майдони аслида даъвогарга
тегишли эмаслиги, яъни Тошкент шаҳар Миробод туман ҳокимининг 2013 йил
23 ноябрдаги 499-сонли қарори ҳам, ушбу қарор чиқарилишига асос бўлган
ҳужжатлар – даъвогар томонидан Миробод тумани ҳокими номига берилган рақами
ва санаси кўрсатилмаган, ҳокимлик томонидан 2013 йил 4 сентябрда
1-3/1118-сон билан кирим қилинган хат ва Туркистон кўчаси, 12-уй хусусий
уй-жой мулкдорлари умумий йиғилишининг 2013 йил 8 июндаги баённомасида ҳам
ушбу қурилма даъвогарга тегишли эмаслиги, аксинча Туркистон кўчаси,
12-сонли кўп квартирали уйдаги умумий фойдаланишдаги 13,0 м2дан иборат бўлган
3-йўлакнинг ички зинапоя майдони умумий мол-мулк Туркистон кўчаси, 12-сонли
кўп квартирали уйнинг турар-жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар
мулкдорларининг улушли мулк ҳуқуқи асосида умумий мулки деб ҳисобланиши
кўрсатилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 211-моддасининг
биринчи ва учинчи қисмларида кўп квартирали уйдаги турар жойлар ва яшаш учун
мўлжалланмаган жойлар мулкдорларига шу уйнинг умумий жойларини, таянч
ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўралма)
пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ва бошқа шахталар,
даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги
муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойлар ташқарисида ёки ичида
жойлашган ва биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр,
санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуналар
ва қурилмаларни ўз ичига олган умумий мол-мулк улушли мулк ҳуқуқи асосида
тегишли бўлиши, кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкка нисбатан улушли
мулк иштирокчиси ўз улушини бошқа шахсга беришга, ундан фуқаролар ёки
юридик шахслар фойдасига воз кечишга, шунингдек уни ўзига қарашли турар
жойга ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойга бўлган мулк ҳуқуқидан алоҳида
тарзда бошқа шахсга ўтишига сабаб бўлувчи ўзга хатти-ҳаракатлар содир этишга
ҳақли эмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 124-моддасига
асосан кўп квартирали уйдаги турар жой ва яшаш учун мўлжалланмаган жой
мулкдорининг умумий мол-мулкдаги улуши асли ҳолида ажратиб берилиши
мумкин эмаслиги, 2020 йил 1 августда ўз кучини йўқотган, лекин Миробод туман
ҳокимининг 2013 йил 23 ноябрдаги 499-сонли қарори чиқарилган вақтда амалда
бўлган “Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон
Республикаси Қонунининг 28-моддасига биноан кўп квартирали уйнинг умумий
жойлари, таянч ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган
(ўралма) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ва бошқа
шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердакларва томлар, уй ичидаги
муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойлар ташқарисида ёки ичида
жойлашган ва биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр,
санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуналар
ва қурилмалар умумий мол-мулк ҳисобланиши, “Тошкент шаҳар ер тузиш
ва кўчмас мулк кадастри” давлат корхонаси томонидан 2017 йил 25 августда
расмийлаштирилган кадастр ҳужжатида Миробод тумани, Туркистон кўчаси,
12-сонли кўп квартирали уйнинг умумий фойдаланишдаги 13,0м2дан иборат бўлган
3-йўлакнинг ички зинапоя майдонидаги иншоот (қурилма) даъвогарга мулк ҳуқуқи
асосида тегишли эканлиги қайд этилганлиги, бироқ адвокатлик бюросининг
2023 йил 13 январдаги сўровига жавобан Давлат кадастрлари палатаси томонидан
тақдим қилинган 2023 йил 28 январдаги 14-00846-сонли жавоб хатида 2017 йил
25 августда расмийлаштирилган кадастр ҳужжатининг титул бетида, хатолик сабаб
бино-иншоотга мулк сўзи хато ёзилганлиги, аслида бино қисмлари умумий
улушдаги мулк ҳуқуқида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги маълум қилиниши
таъкидлаб ўтилганлиги ва умумий улушдаги мулк ҳуқуқида давлат рўйхатидан
ўтказилганлигини тасдиқловчи TS0280252-сонли гувоҳнома нусхаси илова
қилинганлиги, мулк ва умумий улушдаги мулк тушунчалари ўртасида фарқ
борлиги, яъни бирор-бир кўчмас мулк бир субъектга мулк ҳуқуқи асосида тегишли
бўлса, субъект ушбу кўчмас мулкнинг тўлақонли эгаси ҳисобланиши, умумий
улушдаги мулк ҳуқуқида эса, бирор-бир кўчмас мулкка нисбатан бир қанча
мулкдорларнинг биргаликда эгалик қилиши назарда тутилиши, даъвогарга мулк
ҳуқуқи билан давлат рўйхатидан ўтказилган Туркистон кўчаси, 12-сонли кўп
квартирали уйдаги умумий фойдаланишдаги 13,0м2дан иборат бўлган 3-йўлакнинг
ички зинапоя майдони – аслида Туркистон кўчаси, 12-сонли кўп квартирали уйнинг
турар-жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларининг умумий
улушдаги мулки ҳисобланиши, мазкур зинапоя майдонининг даъвогарнинг
балансида бўлиб, хусусий мулк ҳисобланиши қонунчилик нормаларини қўпол
равишда бузилиши ҳисобланишини кўрсатган.
Суд мажлисида даъвогар вакили шикоятдаги важларни такрорлаб, даъвогарга
низодаги объект мулк ҳуқуқи асосида берилмаганлиги, балки улушдаги умумий
мулк эканлигини билдириб, кассация шикоятини қаноатлантиришни, суд
ҳужжатларини бекор қилиб, даъво аризаси бўйича иш юритишни тугатишни
сўради.
Жавобгар вакили кассация шикоятида келтирилган важларга эътироз
билдириб, шикоятни қаноатлантиришни рад этишни, суд ҳужжатларини ўзгаришсиз
қолдиришни сўради.
Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб,
шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб,
қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, суд
ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Тошкент шаҳар, Миробод туман
ҳокимининг 2013 йил 23 ноябрдаги 499-сонли қарори билан Миробод тумани,
Туркистон кўчаси, 12-сонли кўп квартирали уйдаги умумий фойдаланишдаги
13,0 м2дан бўлган бино улушли мулк ҳуқуқи асосида даъвогарга умумий мулк этиб
берилган.
“Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” Давлат корхонаси
томонидан 2017 йил 25 августда расмийлаштирилган кадастр ҳужжатида Миробод
тумани, Туркистон кўчаси, 12 уй даъвогарга мулк ҳуқуқи асосида тегишлилиги
қайд этилган бўлиб, 2017 йил 23 сентябрда Туркистон кўчаси 12 уйга нисбатан
умумий улушдаги мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисида даъвогарга
TS0280252-сонли гувоҳнома берилган.
Шунингдек, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2021 йил 4 январда 6-сонли
ижара шартномаси тузилган. Ушбу шартномага кўра даъвогар томонидан
жавобгарга Миробод тумани, Туркистон кўчаси 12 уйда жойлашган бинонинг
13,0 м2 қисми офис сифатида 2021 йил 31 декабрга қадар вақтинчалик
фойдаланишга берилган.
Бироқ, ижара муддати тугаганлиги, жавобгар ва қўшимча жавобгарлар
2021 йил декабрь ойидан даъво аризам берилгунга қадар даъвогарга тегишли
бинодан ўзбошимчалик билан ҳамда ҳеч қандай асосларсиз фойдаланиб
келинаётганлиги важи билан даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб,
жавобгар ва қўшимча жавобгарларни бинодан чиқаришни сўраган.
ФК 9-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ фуқаролар ва юридик шахслар
ўзларига тегишли бўлган фуқаролик ҳуқуқларини, шу жумладан уларни ҳимоя
қилиш ҳуқуқини ҳам ўз хоҳишларига кўра тасарруф этадилар.
ФКнинг 228-моддасига асосан, мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг
қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга ҳақли (виндикация).
“Кўп
квартирали
уйларни
бошқариш
тўғрисида”ги
Ўзбекистон
Республикасининг Қонуни 34-моддасининг ўн биринчи қисмида ширкат қонун
ҳужжатларида ва ширкат уставида назарда тутилган ҳолларда, учинчи шахслар
билан умумий мол-мулкни сақлаш, унга эгалик қилиш ҳамда ундан фойдаланиш,
коммунал хизматлар кўрсатишга оид муносабатларда ширкат аъзоларининг
манфаатларини ифодалаши шартлиги белгиланган.
Демак, даъвогарга улушдаги мулк ҳуқуқи асосида ўзига бириктирилган
Миробод тумани, Туркистон кўчаси 12 уйда жойлашган бинога нисбатан жой
мулкдорлари манфаатида судда ҳимоя қилиши мумкинлигини англатади.
Мазкур ҳолатда, биринчи инстанция суди жавобгар ва қўшимча жавобгарлар
даъвогарга тегишли Миробод тумани, Туркистон кўчаси 12 уйдаги бинодан ҳеч бир
асоссиз фойдаланиб келаётганлигини инобатга олиб, даъвогарнинг жавобгар ва
қўшимча жавобгарларни бинодан мажбурий чиқариш тўғрисидаги даъво талабини
қаноатлантириш тўғрисида асосли хулосага келган.
Шу боис, апелляция инстанцияси суди жавобгар ва қўшимча жавобгарларни
15 кун ичида даъвогарга тегишли Тошкент шаҳар Миробод тумани, Туркистон
кўчаси 12 уйда жойлашган бинодан мажбурий тартибда чиқариш ҳақида тўғри
тўхтамга келган.
Жавобгарнинг даъвогарда умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида тегишли
жойга мулк ҳуқуқи берилганлигини келтириб чиқармаслиги ҳақидаги важи билан
келишиб бўлмайди. Чунки, ФКнинг 232-моддасига кўра, гарчи мулкдор бўлмаса
ҳам, лекин мол-мулкка мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, хўжалик
юритиш, оператив бошқариш ҳуқуқи асосида ёки қонун ёхуд шартномада назарада
тутилган бошқа асосга кўра эгалик қилаётган шахс ҳам ушбу Кодекснинг
228-231-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўлади. Бу шахс
ўз эгалигини мулкдордан ҳам ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Бундан ташқари, даъво аризасида жавобгарлар ҳисобидан 3 000 000 сўм зарар
(адвокат ҳаражати)ни ундириш сўралган.
ФК 14-моддасига кўра, агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда
тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг
тўла қопланишини талаб қилиши мумкин. Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган
шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган
харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар),
шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи
шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой
берилган фойда) тушунилади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар билан “Himoya Ostida” адвокатлик
бюроси ўртасида 2022 йил 29 августда 4/22-сонли юридик ёрдам кўрсатиш ҳақида
шартномаси тузилган. Ушбу шартнома асосида даъвогар томонидан адвокатлик
бюросига 2022 йил 8 сентябрдаги тўлов топшириқномаси билан 3 000 000 сўм
хизмат ҳақи ўтказилган.
Яъни, даъвогар ўз ҳуқуқини тиклаш учун судга мурожаат этишга мажбур
бўлган ва адвокат хизматидан фойдаланган. Шу сабабли биринчи инстанция суди
адвокат харажатини зарар сифатида жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига
ундириш тўғрисида асосли хулосага келган.
Апелляция инстанцияси суди эса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув
қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида тўғри тўхтамга келган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 302-моддасининг биринчи қисмига биноан иш учун
аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган,
иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида
баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки)
процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги
биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг
қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Мазкур ҳолатда бундай ҳолатлар мавжуд эмас.
ИПК 301-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ кассация
инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал
қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса
қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли.
Бундай ҳолатда, судлов ҳайъати кассация шикоятини қаноатлантиришни рад
этишни, иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни
лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари жавобгар
зиммасига юклатилади. Жавобгар томонидан тўланган суд харажатлари унинг
зиммасида қолдирилади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал
кодекси нинг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
“Avto Plyus Taraqqiyot” масъулияти чекланган жамиятининг кассация
шикоятини қаноатлантириш рад этилсин.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 11 октябрдаги ҳал қилув
қарори ва Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 1 декабрдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Б. Сайфуллаев
ҳайъат аъзолари:
И. Таджиев
Р. Сагатов