← Назад
Решение #604685 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
1
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ИПК | 299 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-2201-2203/2243-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўришда
маърузачи судья Х.Рахмиов
Апелляция инстанциясида маърузачи
судья И.Тешаев
Кассация инстанциясида маърузачи
судья Б.Убайдуллаев
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қ А Р О Р И
2023 йил 13 апрель
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати судья Б.Убайдуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар
О.Халмирзаев ва Ш.Мирзахакимовдан иборат таркибда, Б.Муродқосимовнинг
котиблигида, ТИФ “Миллий банк” вакили Т.Каримов (2023 йил 5 январдаги
01-152/12-сонли ишончномага асосан), “Хонқа дон маҳсулотлари” акциядорлик
жамияти вакиллари О.Зарипов ва А.Маткаримов (2022 йил 26 декабрдаги
752-сонли ишончномага асосан) иштирокида, мазкур иш бўйича қабул қилинган
Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 7 сентябрдаги ҳал қилув қарори
ва Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил
19 декабрдаги қарори устидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилоят
ҳудудий бошқармаси томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биносида видеоконференцалоқа
режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
аниқлади:
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси
(бундан буён матнда Палата деб юритилади) “Хонқа дон маҳсулотлари”
акциядорлик жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида
Урганч туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб,
Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилоят бошқармасининг (бундан буён матнда
жавобгар деб юритилади) 2022 йил 7 июлдаги 220022000202-сонли ижро иши
юритишни қўзғатиш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2022 йил 18 юлдаги ажрими билан ишга
низонинг предметига мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс
сифатида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият “Миллий банки”
АЖ (бундан буён матнда банк деб юритилади), шунингдек 2022 йил
26 августдаги ажрими билан ишга Марказий банки Хоразм вилояти бош
бошқармасидан мутахассис жалб этилган.
Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 7 сентябрдаги ҳал қилув
қарори билан даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириш рад қилинган.
Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 19 декабрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Палата Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти билан
мурожаат қилиб, шикоятда суд қарорларини бекор қилиб, даъво талабларини
қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўраган.
Суд мажлисида иштирок қилган даъвогар вакиллари қўшимча ҳужжатлар
тақдим қилиш учун ишни бошқа кунга қолдиришни, кассация шикоятини
қаноатлантиришни сўрадилар.
Суд мажлисида иштирок қилган банк вакили даъвогар вакиллари
жавобгарнинг ишни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимосномасини ва
кассация шикоятини қаноатлантиришни рад қилишни сўрадилар.
Суд мажлисида жавобгар вакили иштирок қилмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда
ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация
инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи
ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини)
берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни
уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шунинг учун судлов ҳайъати ишни жавобгар вакилининг иштирокисиз кўриб
чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг важларини тинглаб, шикоятда
келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги
асосларга кўра, жавобгарнинг ишни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги
илтимосномасини ва кассация шикоятини қаноатлантиришни рад қилишни лозим
топади.
Аниқланишича, даъвогар ва Италиянинг “FENKO s.p.a” компаниясининг 1998
йил 10 сентябрдаги 1-сонли йиғилиш баёнига асосан “Мева” қўшма корхонаси
таъсис этилиб, унинг Низоми тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси Адлия
вазирлиги томонидан 1998 йил 20 октябрда 002950-сонли рақам билан рўйхатдан
ўтказилган.
Банк ва “Мева” қўшма корхонаси ўртасида 1999 йил 22 январда
Ц-4/13-2055-сонли кредит шартномаси тузилиб, корхонага 5 йил муддатга
2 720 000 АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилган.
Мазкур кредит шартномаси мажбуриятларининг бажарилишини таъминлаш
учун банк билан даъвогар ўртасида 1999 йил 16 январда тузилган
22-сонли кафиллик шартномаси ҳамда банк билан “Мева” қўшма корхонаси
ўртасида 1999 йил 22 январда тузилган 2055-сонли гаров шартномаси тузилган.
Банк судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 3 028 504,96 АҚШ доллари
миқдоридаги кредит қарзини “Мева” қўшма корхонасининг барча мол-мулки
ҳисобидан ҳамда кредитнинг 1 708 600 АҚШ долларини кафил “Хонқа дон
маҳсулотлари” АЖдан ундириб беришни сўраган.
“Хонқа дон маҳсулотлари” АЖ қарши даъво ариза билан мурожаат қилиб,
тарафлар ўртасида 1999 йил 16 январда тузилган 22-сонли кафиллик шартномасини
ҳақиқий эмас деб топишни ва даъвонинг унга нисбатан қисмини рад этишни
сўраган.
Хоразм вилоят хўжалик судининг 22-0304/908-сонли иш бўйича қабул қилган
2003 йил 22 октябрдаги ҳал қилув қарори билан банкнинг даъво талаби қисман
қаноатлантирилиб, “Мева” қўшма корхонасининг мол-мулки ҳисобидан
3 028 504,96 АҚШ доллари ундирилган.
Қарши даъво аризаси қаноатлантирилиб, кафиллик шартномаси ҳақиқий эмас
деб топилган ва “Хонқа дон маҳсулотлари” АЖ жавобгарликдан озод қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг
2004 йил 24 февралдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув
қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 2006 йил
27 апрелдаги қарори билан биринчи инстанция судининг 2003 йил
22 октябрдаги ҳал қилув қарори, Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
2004 йил 24 февралдаги қарори ўзгартирилган, суд қарорларининг қарши даъвони
қаноатлантириш тўғрисидаги қисми бекор қилиниб, қарши даъво рад этилган.
Банкнинг даъвоси тўлиқ қаноатлантирилиб, 3 028 504,96 АҚШ доллари
миқдоридаги кредит қарздорликнинг 1 708 600 АҚШ доллари “Мева” қўшма
корхонаси ва кафил “Хонқа дон маҳсулотлари” АЖдан солидар тартибда ундириш
белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Раёсат қарорига асосан
“Мева” қўшма корхонаси ва кафил “Хонқа дон маҳсулотлари” очиқ акциядорлик
жамиятидан 1 708 600 АҚШ доллари солидар тартибда банк фойдасига ундириш
ҳақида Хоразм вилоят хўжалик суди томонидан 2006 йил 27 апрелда ижро варақаси
берилган.
ТИФ “Миллий банк” ижро варақани Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилоят
бошқармасига ижро учун топширган.
Шунингдек, банкнинг 2021 йил 2 мартдаги ШШ-1110/02-сонли хатида
“Хонқа дон маҳсулотлари” АЖнинг банк олдида 2006 йил 27 апрелдаги ижро
варақасига асосан 2020 йил 18 август ҳолатига 246.184 АҚШ доллари тўланганлиги
ва 1 200 264 АҚШ доллар қарздорлиги мавжудлиги кўрсатилган.
Шунга асосан, Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилоят бошқармасининг
2022 йил 07 июлдаги қарори билан қарздор “Хонқа дон маҳсулотлари” АЖга
нисбатан 220022000202-сонли ижро иши юритиш қўзғатилган.
Банкрот деб топилган “Мева” қўшма корхонасига нисбатан ҳеч қандай
мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилмаган. МИБ Хоразм вилоят
бошқармасининг 2022 йил 7 июлдаги 220022000202-сонли ижро иши юритишни
қўзғатиш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишга асослар мавжуд эмас.
Бундан ташқари, даъвогарнинг илтимосномасига кўра, судлов ҳайъати
томонидан 2022 йил 17 октябрдаги ажрими билан иш юзасидан Ўзбекистон
Республикаси Марказий банки Экспертлик Кенгашининг хулосасида га экспертиза
тайинланган. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тошкент шаҳар Бош
бошқармасининг 2022 йил 25 ноябрдаги далолатномасида 1 168 594,24 АҚШ
доллари миқдорида қарздорлиги ҳисоби балансдан ташқари ҳисобварақда
юритилиб келинаётганлиги қайд этилган.
Шу сабабли жавобгарнинг 2022 йил 7 июлдаги 220022000202-сонли ижро
иши юритишни қўзғатиш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишга асослар
мавжуд эмас.
Қайд этилган ҳолатларни инобатга олиб, биринчи инстанция суди
даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш, апелляция инстанцияси
суди эса ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида асосли хулосага
келган.
Кассация шикоятида келтирилган важлар асоссиз бўлиб, апелляция
инстанцияси судининг қарорини бекор қилиш учун асос бўлмайди.
Шунингдек, даъвогар вакилларини қўшимча ҳужжатларни судга тақдим қилиш
учун ишни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимосномаси асоссиз бўлиб, уни
қаноатлантириш рад қилиниши лозим. Чунки, ИПК 299-моддасининг иккинчи
қисмига асосан кассация инстанцияси суди янги далилларни текширишга ва янги
фактларни аниқлашга ҳақли эмас.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда
ИПК деб юритилади) 301-моддасининг 1-бандига биноан кассация инстанцияси
суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув
қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса
қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати Урганч туманлараро иқтисодий
судининг 2022 йил 7 сентябрдаги ҳал қилув қарори ва Хоразм вилоят судининг
иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 19 декабрдаги қарорини
ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни, кассация
шикояти учун тўланган суд харажатларини даъвогар зиммасида қолдиришни,
даъвогардан Олий суд депозит ҳисоб рақамига 75 000 сўм ишни суд мажлисини
видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ суд харажатларини
ундиришни, ижро варақа беришни лозим топади.
Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал
кодексининг 118, 301, 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
“Хонқа дон маҳсулотлари” акциядорлик жамияти вакилларининг ишни бошқа
кунга қолдириш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантириш рад қилинсин.
Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 7 сентябрдаги ҳал қилув
қарори ва Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 19 декабрдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
“Хонқа дон маҳсулотлари” акциядорлик жамиятидан Ўзбекистон
Республикаси Олий судининг депозит ҳисобрақамига 75 000 сўм суд харажатлари
ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Б.Убайдуллаев
ҳайъат аъзолари:
О.Халмирзаев
Ш.Мирзахакимов