Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1401-2104/2275 Дата решения 10.04.2023 Инстанция Надзор Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Убайдуллаев Бахберген Сагидуллаевич Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Shifokor-82 OK оилавий корхонаси Ответчик / Подсудимый Farm Lyuks Invest масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1071336 Claim ID 3178486 PDF Hash 17c7ac690476b2fa... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 1
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
онуни 13-моддаси онуни 13 law
Текст решения Оригинал (узб.)
Қ А Р О Р 2023 йил 10 апрель 4-1401-2104/2275-сонли иш Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б.Убайдуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари О.Халмирзаев, Ш.Маҳмудов, А.Абдуллаев ва Т.Аннаевадан иборат таркибда, Б.Муродқосимовнинг котиблигида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори Ш.Мамарахимова, “Shifokor-82” оилавий корхонаси вакили Ю.Хўжаназаров (2023 йил 4 январдаги 6-сонли ишончнома асосида), “Farm Lyuks Invest” масъулияти чекланган жамияти вакиллари адвокат М.Гиясова (2022 йил 27 апрелдаги 29-сонли ордер асосида), С.Исаев (2023 йил 27 мартдаги 242-23-сонли ишончнома асосида) иштирокида, “Shifokor-82” оилавий корхонасининг “Farm Lyuks Invest” масъулияти чекланган жамиятидан 6 472 218 000 сўмни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг киритган протестини Олий суд иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати жойлашган бинода бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: “Farm Lyuks Invest” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ва Maatr Healthcare Pvt. Ltd. Компанияси (Ҳиндистон Республикаси) ўртасида 2020 йил 26 ноябрда тузилган EXI-02-сонли контракт ва 2020 йил 26 ноябрдаги EXP/20-21/002-сонли инвойсга мувофиқ, ZHI-20035 серияли ҳар бирининг қиймати 3 АҚШ доллари бўлган 100 000 дона “Бактазон” дори воситаси 250-50833086-сонли авиа юк хати билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган ва “Қарши дори воситалари тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш” шўъба корхонасининг 2020 йил 16 декабрдаги UZ.SMT.01.0014.56283865-сонли мувофиқлик сертификатига асосан Ташқи иқтисодий фаолият “Авиа-юклар” божхона постида 2020 йил 17 декабрда 50827-рақам билан божхона юк декларацияси орқали “импорт” божхона режимига расмийлаштирилган. “Shifokor-82” оилавий корхонаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади)га “Бактазон” товар белгиси бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан 2021 йил 20 январда MGU 41147-сонли гувоҳнома берилган. Қарши туманлараро маъмурий суди томонидан 5-1801-2104/601-сонли иш бўйича қабул қилинган 2021 йил 1 июндаги ҳал қилув қарори билан “Қарши дори воситалари тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш” шўъба корхонасининг 2020 йил 16 декабрдаги UZ.SMT.01.0014.56283865-сонли мувофиқлик сертификатини бериш ҳақида 2020 йил 16 декабрдаги 0014/853-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Қашқадарё вилоят маъмурий судининг 2021 йил 17 сентябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасининг 2021 йил 17 февралдаги 05-01/03-сонли қарори билан Жавобгар томонидан 100 000 дона “Бактазон” дори воситасининг республика ҳудудига киритилишида “Рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 13-моддасининг тўртинчи хатбошиси талаблари бузилган деб топилган ва “Бактазон” дори воситасини республика ҳудудига киритиш ва сотишни тўхтатиш ҳамда сотилган маҳсулотларни сотувдан қайтариб олиш белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 5-1001-2108/979-сонли иш бўйича қабул қилинган 2021 йил 27 октябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг 2021 йил 27 мартдаги қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йил 29 сентябрдаги 18/36187-cонли хатида ушбу дори воситасининг қадоғида ишлаб чиқарувчи деб кўрсатилган “Zenocia Healthcare” компанияси Ҳиндистон Республикасида мавжуд эмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2021 йил 9 февралдаги 01/5-01-19-121-сонли хатида буюртмачи сифатида кўрсатилган “Zarafshan Marketing Group” корхонаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мавжуд эмаслиги қайд этилган. Даъвогар жавобгарни 100 000 дона умумий қиймати 300 000 АҚШ доллари миқдоридаги “Бактазон” дори воситасини республика ҳудудига олиб кириши ва ушбу дори воситасидан фойдаланган фуқароларда ножўя таъсирлар кузатилганлиги натижасида, даъвогар томонидан реализация қилинаётган “Бактазон” дори воситасига ишонч сусайганлиги ва мазкур дори воситасининг реализацияси 157 457 донага камайганлиги важи билан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 3 236 109 000 сўм зарар, 3 236 109 000 сўм бой берилган фойдани ундиришни сўраган. Суднинг 2021 йил 20 декабрдаги ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” давлат унитар корхонаси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси жалб этилган. Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 2021 йил 24 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари қаноатлантирилган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 3 236 109 000 сўм зарар, 3 236 109 000 сўм бой берилган фойда жами 6 472 218 000 сўм ундирилган. Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 24 февралдаги қарори билан 2021 йил 24 декабрдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, янги қарор қабул қилинган. Даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган. Даъвогар апелляция инстанцияси судининг қарори устидан кассация шикояти билан мурожаат қилиб, шикоятда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 5-1001-2108/979-сонли иш бўйича қабул қилинган 2021 йил 27 октябрдаги қарори билан жавобгар томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 13-моддасининг 4-хатбошиси талаблари бузилганлиги ўз тасдиғини топганлиги, “Бактазон” дори воситасининг қадоғида ҳақиқатда ишлаб чиқарувчиси ва буюртмачиси мавжуд бўлмаган корхоналар номларини кўрсатиб, ушбу дори воситасини республика ҳудудига олиб кирганлиги, Тошкент авиация транспорт прокуратураси томонидан 2021 йил 2 ноябрда жавобгар томонидан импорт қилинган “Бактазон” дори воситаларини олиб келишда ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида йўл қўйилган қонунбузилиши ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилганлиги ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги, ZHI-20035-серияли “Бактазон” дори воситасини қўллашда ножўя реакциялар бераётганлиги, даъвогар томонидан импорт қилинган 100 000 дона “Бактазон” дори воситасининг яроқлилик муддати ўтгани боис, даъвогар томонидан импорт қилинган 100 000 дона “Бактазон” дори воситаси йўқ қилинганлиги, инсофсиз рақобатга йўл қўйганлиги натижасида зарар келтирганлигини кўрсатган. Кассация инстанцияси судининг 2022 йил 28 апрелдаги қарори билан апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 24 февралдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Суд қарорлари устидан ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурор ўринбосари томонидан протест киритилган. Протестда судлар томонидан иш учун муҳим бўлган ҳолатлар аниқланмаганлиги, “Avantika Medex Pvt.Ltd” компаниясининг “Бактазон” дори воситаси 2013 йил 7 июнда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Б-250-95 17913-сонли гувоҳномаси билан давлат рўйхатидан ўтказилган ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси стандартлаштириш давлат маркази”нинг 2019 йил 12 мартдаги DV/X 05884-сонли гувоҳномаси билан мазкур дори воситаси 5 (беш) йил муддатга қайта рўйхатдан ўтказилганлиги, “Avantika Medex Pvt.Ltd” компаниянинг “Бактазон” дори воситасини республика ҳудудига импорт қилиш ва сотиш ҳуқуқи даъвогарга берилганлиги, Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 27 октябрдаги қарори билан жавобгарнинг “Рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 13-моддасининг тўртинчи хатбошиси талаблари бузилганлиги ҳолати, яъни истеъмолчиларни чалғитиш, товарнинг индивидуаллаштирувчи элементлардан нусха кўчириш орқали қалбакилаштириш билан инсофсиз рақобатга йўл қуйганлиги, зарар ўрни қопланиши лозимлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишга жалб қилинмаганлиги ҳақида важлар келтирилиб, суд қарорларини бекор қилиш, ишни янгидан кўриш учун апелляция иснтанцияси судига юбориш сўралган. Суд мажлисида иштирок қилган прокурор жавобгарнинг ишни қолдириш ва гувоҳларни суд мажлисига чақиртириш тўғрисида илтимосномаларини қаноатлантиришни рад қилишни, протестини қаноатлантиришни сўради. Суд мажлисида иштирок қилган даъвогар вакили протестни қаноатлантиришни, жавобгарнинг ишни қолдириш ва гувоҳларни суд мажлисига чақиртириш тўғрисида илтимосномаларини қаноатлантиришни рад қилишни сўради. Суд мажлисида иштирок қилган жавобгар вакиллари дори воситаларини йўқ қилиш тўғрисидаги далолатнома бўйича аниқлик киритиш учун ушбу тегишли ташкилотларга сўровнома юборганлигини, сўровноманинг жавобларини олиш учун ва дори воситасини йўқ қилишда иштирок қилган тегишли давлат вакилларини суд мажлисига гувоҳ сифатида чақириш учун ишни қолдиришни, протестни қаноатлантиришни рад қилишни сўрадилар. Судлов ҳайъати прокурор ва тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб ва протестда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қисман қаноатлантиришни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ, иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Судлар томонидан жавобгарнинг 100 000 дона “Бактазон” дори воситасини қайси даврда сотганлиги ва унинг даъвогар учун оқибатлари ўрганилмаган. Бундан ташқари, жавобгар томонидан “Vitrum Med Line” МЧЖга 2021 йил 13 январдаги 300-сонли шартномага асосан 99 759 дона “Бактазон” дори воситаси сотилганлиги ва 2021 йил 14 июлда яна 99 668 дона “Бактазон” дори воситаси қайтариб олинганлиги, мазкур қайтариб олинган дори воситалари ҳолатларига судлар ҳуқуқий баҳо бермаган. Бундан ташқари, даъвогар томонидан “Бактазон” дори воситаси йўқ қилинганлиги ҳақидаги 2022 йил 11 мартдаги далолатномалар тақдим қилинган. Мазкур далиллар ўрганиб, уларга ҳуқуқий баҳо бериш лозим. Ушбу йўқ қилинган дори воситалар қайси даврга тегишлиги ўрганлиши лозим. Қолаверса, судлар томонидан жавобгарнинг даъвогардан 8 000 дона “Бактазон” дори воситаси сотиб олганлиги ва уларнинг жавобгар томонидан сотилганлиги сабаблари ва ҳолатлари ўрганилмаган. Кассация инстанцияси суди даъвогарнинг кассация шикоятида келтирган важларига тўлиқ ҳуқуқий баҳо бермаган. Шунингдек, иш учун муҳим ҳолатларга аниқлик киритиш учун ишга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигини жалб қилиш масаласи ҳал қилинмаган. Шунинг учун, судлов ҳайъати жавобгарнинг ишни қолдириш ва гувоҳларни суд мажлисига чақиртириш тўғрисида илтимосномалари асоссизлиги сабабли уларни қаноатлантиришни рад қилишни, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг киритган протестини қисман қаноатлантиришни, биринчи инстанция судининг 2021 йил 24 декабрдаги ҳал қилув қарори, апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 24 февралдаги қарори ва кассация инстанцияси 5 судининг 2022 йил 28 апрелдаги қарорини бекор қилишни, ишни янгидан кўриш учун Самарқанд шаҳар иқтисодий судига юборишни, даъвогарнинг кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни, апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 24 февралдаги қарори бўйича ундирувни бекор қилишни лозим топади. Ишни янгидан кўришда биринчи инстанцияси суди иш учун аҳамиятли ҳолатларга аниқлик киритиш, иш учун муҳим ҳолатларга аниқлик киритиш учун ишга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигини жалб қилиш масаласини ҳал қилиш, далилларга ҳуқуқий баҳо берган ҳолда асосли ва қонуний суд ҳужжатини қабул қилиш ва суд харажатларни ишни кўриш натижалари бўйича ундириш масалаларини ҳал қилиши лозим. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 301-303, 3051-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати “Farm Lyuks Invest” масъулияти чекланган жамияти вакилларининг ишни бошқа кунга қолдириш ва “Бактазон” дори воситасини йўқ қилишда иштирок қилган тегишли давлат идораларининг вакилларини гувоҳ сифатида суд мажлисига чақиртириш тўғрисида илтимосномаларини қаноатлантириш рад қилинсин. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурор ўринбосарининг протести қисман қаноатлантирилсин. Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 2021 йил 24 декабрдаги ҳал қилув қарори, Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 24 февралдаги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 28 апрелдаги қарори бекор қилинсин. Ишни янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун Самарқанд шаҳар иқтисодий судига юборилсин. “Shifokor-82” оилавий корхонасининг кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин. Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 24 февралдаги қарори бўйича ундирув бекор қилинсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: ҳайъат аъзолари: Б. Убайдуллаев О.Халмирзаев Ш.Маҳмудов А.Абдуллаев Т.Аннаева