← Назад
Решение #608574 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
5
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| уни ФК | 326 | — | law | |
| чунки ИПК | 299 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-2202-2201/982-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда
ишни кўрган судья М.Қазақов
Апелляция инстанциясида
маърузачи судья М.Бобоназаров
Кассация инстанциясида
маърузачи судья Т.Аннаева
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қ А Р О Р И
2023 йил 5 апрель
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати Т.Аннаеванинг раислигида, ҳайъат аъзолари Б.Убайдуллаев
ва О.Халмирзаевдан иборат таркибда, Б.Муродқосимовнинг котиблигида,
Хоразм вилоят судининг ходими И.Рахмоновнинг кўмаклашувида, “Еrkinboy
Хurramshoh” хусусий корхонасининг вакили Э.Атахонов (ишончнома билан),
“Shovot ta’minot” масъулияти чекланган жамиятининг вакили Я.Саидов (ордер
ва ишончнома билан) иштирокида, “Еrkinboy Хurramshoh” хусусий
корхонасининг “Shovot ta’minot” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан
110 000 000 сўм асосий қарз ва 55 000 000 сўм пеня ундириш тўғрисидаги даъво
аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Урганч туманлараро
иқтисодий судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳал қилув қарори ва Хоразм вилоят
суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 26 октябрдаги
қарори устидан “Shovot ta’minot” масъулияти чекланган жамиятининг кассация
шикояти иш ҳужжатлари билан бирга очиқ суд мажлисида Олий суд биносида
видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқиб куйидагиларни
аниқлади:
“Erkinboy Xurramshoh” хусусий корхонаси (бундан буён матнда даъвогар
деб юритилади) ва ТИФ “Миллий банк” Шовот филиали ўртасида 2020 йил
28 декабрда тузилган 1858/2020-сонли кредит шартномасига асосан даъвогарга
36 ой муддатга, шундан олти ой имтиёзли давр билан, йиллик 20 фоиз тўлаш
шарти билан 250 000 000 сўм кредит ажратилган.
Сунъий спорт майдончаси анжомларини сотиб олиш учун даъвогар
ва сотувчи “Shovot ta’minot” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён
матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида 2020 йил 3 ноябрда 1-21-сонли
шартнома тузилган.
Ушбу шартномага асосан сотувчи сотиб олувчига 20 250 000 сўмлик
“профиль”, 12 000 000 сўмлик “тор”, 41 445 000 сўмлик “гранула”, 15 000 000
1
сўмлик “прожектор”, 23 310 000 сўмлик “цемент”, 28 000 000 сўмлик
“профиль”, 109 995 000 сўмлик “чим-газон”, жами 250 000 000 сўмлик маҳсулот
етказиб бериш мажбуриятини олган.
Шартноманинг 3-бўлимида шартномада белгиланган сумма 100 фоиз
олдиндан тўлангандан кейин маҳсулот 10 кун ичида етказиб берилиши
белгиланган.
Даъвогар (сотиб олувчи) 2021 йил 11 февралдаги 1-сонли тўловтопшириқномаси билан 250 000 000 сўмни жавобгарнинг ҳисоб-рақамига
ўтказиб берган.
Бироқ, жавобгар 100 фоиз олдиндан тўловни қабул қилиб олган бўлса-да,
даъвогарга 2022 йил 11 апрелдаги 1-21-сонли ҳисоб-варақ фактураси билан
фақат 140 005 397 сўмлик маҳсулот етказиб бериб, қолган маҳсулотларни
етказиб бермаган.
Натижада жавобгарнинг даъвогар олдида 109 994 603 сўм муддати ўтган
қарздорлиги вужудга келган.
Мазкур қарздорликларни тўлаб беришни сўраб, даъвогарнинг жавобгарга
қилган мурожаати жавобгар томонидан ижросиз ва жавобсиз қолдирилганлиги
боис даъвогар иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар
ҳисобидан 110 000 000 сўм асосий қарз ва 55 000 000 сўм пеня ундиришни
сўраган.
Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳал
қилув қарори билан даъво аризаси қисман қаноатлантирилган, жавобгардан
109 994 603 сўм асосий қарз, 25 699 559 сўм пеня, 3 300 000 сўм давлат божи
ва 24 000 сўм почта харажати ундирилган.
Хоразм вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 26 октябрдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув
қарори ўзгартирилиб даъво талабининг пеня ундириш қисми рад этилган.
Суд қарорлари устидан жавобгар кассация шикояти билан мурожаат
қилиб, унда жавобгар вакили суд мажлисини қолдиришни сўраганида, унга иш
ҳужжатлари билан танишиш учун фақатгина 2 кун муҳлат берилгани,
даъвогарга эса суд мажлисида адвокат иштирокини таъминлаш учун 15 кун
муҳлат берилгани, шу билан суд бир тарафга ёнбосаётгани аниқ бўлиқ қолгани,
кейинги суд мажлисига келганида, суд биносига бориб кутиб ўтиргани, бироқ
уни суд мажлисига таклиф қилмасдан, ишни унинг иштирокисиз кўриб чиқиб,
қарор қабул қилгани, судья унга пеняни ундиришни рад қилганлиги ҳақида
айтгани, лекин суд қарорида қарздорликка нисбатан сал кам 50 фоиз пеня
ундирилгани, апелляция инстанция суди эса ҳал қилув қарорини фақат қисман
ўзгартириб қўйгани ҳақида важларини келтириб, даъво аризасига даъвогарнинг
ўзи имзо қўймаганлигини аниқлаштириш бўйича хатшунослик экспертизани
тайинлашни, биринчи инстанция судининг судьясига нисбатан хусусий ажрим
чиқаришни ҳамда ҳал қилув қарор ва қарорни бекор қилиб, янги қарор қабул
қилишни сўраган.
Суд мажлисида жавобгар вакили кассация шикоятида келтирилган
важларни қўллаб-қувватлаб, кассация шикоятини қаноатлантириб, биринчи
2
ва апелляция инстанция судларнинг қарорларини бекор қилишни ҳамда даъво
талабини рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўради. Шу билан бирга,
биринчи инстанция судининг судьясига нисбатан хусусий ажрим чиқаришни
ҳамда аризада имзо ким томонидан қўйилганлиги бўйича хатшунослик
экспертиза тайинлашни сўради.
Даъвогар вакили кассация шикоятига эътироз билдириб, апелляция
инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради, шунингдек
суд-хатшунослик экспертиза тайинлаш бўйича эътирози йўқлиги ҳақида
таъкидлаб ўтди.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахсларнинг важ
ва эътирозларини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш
ҳужжатлари билан бирга ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан кассация
шикоятини ҳамда экспертиза тайинлаш ва хусусий ажрим чиқариш тўғрисида
илтимосномаларни қаноатлантиришни рад этишни лозим топди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК
деб юритилади) 420-моддасига кўра, олдиндан тўланган суммани олган сотувчи
товарни топшириш бўйича мажбуриятни бажармаган тақдирда сотиб олувчи
ҳақи тўланган товарни топширишни ёки сотувчи топширмаган товар учун
олдиндан тўланган суммани қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.
Даъвогар жавобгарга 250 000 000 сўм ўтказиб берганлиги ва жавобгар
томонидан даъвогарга 140 005 397 сўмлик маҳсулот етказиб берилганлиги иш
ҳужжатлари билан ўз исботини топган, шунингдек даъвогар мазкур товарни
олганлигини тан олган.
Шунингдек, қолган товарлар жавобгар томонидан даъвогарга етказиб
берилганлиги юзасидан – ҳисоб-фактура, йўл варақалари, товар-транспорт юк
хати, маҳсулотни даъвогар томонидан қабул қилиб олинганлиги юзасидан
бошқа ҳужжатлар иш ҳужжатларида мавжуд эмас.
Мазкур ҳолатда, қолган суммага даъвогар томонидан маҳсулот қабул
қилиб олганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги боис, биринчи
инстанция суди қолдиқ олдиндан тўловларни ундириб, асосли хулосага келган.
Бундан ташқари, даъвогар ўзининг даъво талабида жавобгардан тўлов
кечиктирилганлиги учун 55 000 000 сўм пеня ундиришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг
“Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун
мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг
айрим масалалари ҳақида”ги 2007 йил 15 июндаги 163-сонли қарорининг
2-бандида шартномада жарима ёки пеня шаклида белгиланадиган неустойка
тарафлар томонидан қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилишини
таъминлаш усулларидан бири ҳисобланади. Судлар неустойкани ундириш
тўғрисидаги даъволарни ҳал қилишда неустойка миқдорининг қонун
талабларига мувофиқ ҳисобланганлиги, унинг асослилиги, мажбурият
бузилиши оқибатларига мутаносиблиги каби ҳолатларни ҳар томонлама ва
чуқур муҳокама қилиб, талаб қилинган неустойканинг адолатли миқдорини
белгилашлари шартлиги тўғрисида тушунтириш берилган.
3
Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан
буён матнда ИПК деб юритилади) 149-моддаси иккинчи қисмининг 6-бандига
асосан ундирилаётган ёки низолашилаётган сумманинг ҳисоб-китоби даъво
аризасида кўрсатилиши керак.
Биринчи инстанция суди даъво талабидаги пеняни асосли ҳисоблаб, уни
ФК 326-моддасига асосан 25 699 559 сўмга камайтириб, ушбу сумма
миқдоридаги пеняни ундириш ҳақида барвақт хулосага келганлиги, ваҳоланки
мазкур неустойка ҳисоб-китоби тақдим этилмаганлиги асоси билан, апелляция
инстанцияси суди пеня ундириш талабини рад этган. Мазкур ҳолатда,
апелляция инстанцияси суди пеня ҳисоб-китоби мавжуд эмаслиги ҳақидаги
хулосага асосли келган.
Шунингдек, даъвогарнинг суд-хатшунослик экспертиза тайинлаш
бўйича илтимосномаси қаноатлантирилмайди, чунки ИПК 299-моддаси
иккинчи қисмидаги талабидан келиб чиқиб, кассация инстанцияси суди янги
далилларни текширишга ва янги фактларни аниқлашга ҳақли эмас.
Шу билан бирга, апелляция инстанцияси суди 2022 йил 26 октябрда иш
ҳолатлари ва тарафлар берган кўрсатмаларига баҳо бериш мақсадида хусусий
ажрим чиқариб, Хоразм вилоят прокуратурасига юборган.
Бундан ташқари, жавобгар вакили биринчи инстанция судининг
судьясига нисбатан хусусий ажрим чиқаришни сўраган. Бироқ, иш
ҳужжатларидан аниқланишича, жавобгарнинг аризасига асосан судья
ва судьяни ёрдамчисининг ҳатти-ҳаракатлари ўрганиб чиқилган ва Хоразм
вилоят суди раиси номидан жавобгарга жавоб берилган. Шунга, мазкур
илтимосномаси рад этилади.
ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий
ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри
қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция
инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос
бўлади.
Мазкур модданинг иққинчи қисмига кўра, процессуал ҳуқуқ
нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги, агар бу нотўғри
ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган бўлса ёки олиб келиши
мумкин бўлса, биринчи инстанция суднинг ҳал қилув қарорини, апелляция
инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос
бўлади.
Мазкур ҳолатда, апелляция инстанцияси суди моддий ва процессуал
ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, иш ҳолатларига мувофиқ қонуний
ва асослантирилган қарор қабул қилган, шу сабабли уни ўзгартириш ёки бекор
қилиш учун асослар мавжуд эмас.
ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди
кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув
қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини)
эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли.
4
Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация
шикоятини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади.
ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига асосан суд харажатлари ишда
иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига
мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Кассация инстанцияси суди учун жавобгар томонидан тўлаб чиқилган
1 100 000 сўм давлат божи ва 30 000 сўм почта харажати унинг зиммасида
қолдирилади, жавобгар ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди
депозитига суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан
боғлиқ 75 000 сўм суд харажати ундирилади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий
процессуал кодексининг 118, 169, 301 – 303 моддаларини қўллаб, судлов
ҳайъати
“Shovot ta’minot” масъулияти чекланган жамиятининг илтимосномалари
ва кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилсин.
Хоразм вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 26 октябрдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
“Shovot ta’minot” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан Ўзбекистон
Республикаси Олий суди депозитига суд мажлисини видеоконференцалоқа
режимида ўтказиш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажати ундирилсин.
Ижро варақа берилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи
Т. Аннаева
ҳайъат аъзолари
Б. Убайдуллаев
О. Халмирзаев
5