Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1704-2301/926 Дата решения 05.04.2023 Инстанция Апелляция Тип документа Постановление Суд Избасканский межрайонный экономический суд Судья Убайдуллаев Дилшоджон Мухиддинович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Чин Илхом хусусий ишлаб чикариш корхонаси Ответчик / Подсудимый Sagbon tikuvchi elit масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1067879 Claim ID 3212007 PDF Hash 2e5837d38ad278eb... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 4
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПКнинг 93-моддаси ИПКнинг 93 law
ИПКнинг 94-моддаси ИПКнинг 94 law
ИПКнинг 281-моддаси ИПКнинг 281 law
ИПКнинг 68-моддаси ИПКнинг 68 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1704-2301/926-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўришда маърузачи судья – Р.Асқаров Апелляция инстанциясида маърузачи судья – Д.Убайдуллаев АНДИЖОН ВИЛОЯТ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 5 апрель Андижон вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, А.Абдурахмановнинг раислигида, судьялар У.Холиков ва Д.Убайдуллаевдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси Х.Азизовнинг котиблигида, АТБ “Агробанк” вакили М.Жалилова (2022 йил 1 августдаги 03юр/02-191-сонли ишончнома асосида) иштирокида, даъвогар – “CHIN ILHOM” хусусий ишлаб чиқариш корхонасининг жавобгар – “SAGBON TIKUVCHI ELIT” масълулияти чекланган жамиятига нисбатан 2021 йил 30 июнда тузилган кўчмас мулкни гаровга қўйиш ҳақидаги шартномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича Избоскан туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 3 мартда қабул қилган ажримидан норози бўлиб, “CHIN ILHOM” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси томонидан киритилган апелляция шикояти асосида ишни Андижон вилоят суди биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “CHIN ILHOM” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси (бундан буён матнларда – “даъвогар” деб юритилади) иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “SAGBON TIKUVCHI ELIT” масълулияти чекланган жамиятига (бундан буён матнларда – “жавобгар” деб юритилади) нисбатан 2021 йил 30 июнда тузилган кўчмас мулкни гаровга қўйиш ҳақидаги шартномани ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Суднинг 2023 йил 17 февралдаги ажрими билан АТБ “Агробанк” (бундан буён матнларда – “банк” деб юритилади) ва Балиқчи туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Д.В.Қобулов ишга мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб этилган. Биринчи инстанция судининг 2023 йил 17 февралдаги ажрими билан даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган. Даъвогар судга ариза билан мурожаат қилиб, даъвони таъминлаш чорасини кўриш ҳақида ажрим чиқаришни, яъни гаровга тақдим этилган мулкларни хатлашни; жавобгарга мазкур мулкка нисбатан сотиш, сотиб олиш, ҳақ эвазига бериш, бегоналаштириш, гаров таъминоти учун гаровга қўйиш, ундирувни гаров мулкига қаратиш каби муайян ҳаракатларни амалга оширилишини таъқиқлашни сўраган. Суднинг 2023 йил 3 мартдаги ажрими билан ариза талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгар зиммасига мулкларга нисбатан муайян ҳаракатларни амалга оширишни таъқиқлаш юклатилган, аризанинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. апелляция шикоятида, биринчи инстанция судининг 2023 йил 3 мартдаги ажрими бекор қилишни ҳамда даъвони таъминлаш ҳақидаги аризани тўлиқ қаноатлантиришни сўраган. Даъвогар ва жавобгар суд мажлиси ўтказилиши тўғрисида белгиланган тартибда огоҳлантирилган бўлса-да, суд мажлисида улардан вакиллар иштирок этмади. Ваҳоланки, 2023 йил 29 март кунига тайинланган суд мажлиси даъвогар ва жавобгарнинг ишни кўришни кейинга қолдириш ҳақидаги илтимосномалари асосида ишни кўриш қолдирилган. Қолаверса, ишни кўришни кейинга қолдириш тўғрисидаги ажрим даъвогар вакилига шахсан тилхат асосида топширилган. Даъвогар ва жавобгар судга ариза юбориб, унда ишни кўришни кейинга қолдиришни сўраган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён матнларда – “ИПК” деб юритилади) 274-моддаси тўртинчи қисмига биноан, апелляция инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган апелляция шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шу боис судлов ҳайъати апелляция шикоятини даъвогар ва жавобгар вакиллари иштирокисиз кўришни лозим топади. Банк вакили суд мажлисида тушунтириш бериб, апелляция шикоятига ва тарафларнинг илтимосномаларига нисбатан эътироз билдириб, даъвогар ва жавобгар томонидан процессуал муддатлар сунъий равишда чўзилаётганлигини, ҳудди шу ишга боғлиқ бўлган ҳолда туманлараро иқтисодий судда бошқа иқтисодий ишлар ҳам мавжудлигини, бир-бирига боғлиқ бўлган ҳолда иккита иш тўхтатиб турилганлигини, илтимосномаларда келтирилган важлар асоссизлигини билдириб, илтимосномаларни ҳамда апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни сўради. Судлов ҳайъати тарафларнинг кўрсатмасини тинглаб, ишдаги мавжуд ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра, ишни кўришни кейинга қолдириш ҳақидаги илтимосномаларни ҳамда апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад қилишни, суднинг ажримини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топди. Аниқланишича, жавобгар ва банк ўртасида 2021 йил 16 июнда 200-сонли кредит шартномаси (бундан буён матнларда – “шартнома” деб юритилади) тузилган. Шартнома шартларига кўра, банк томонидан жавобгарга айланма маблағни тўлдириш ва пахта толаси сотиб олиш учун 3 000 000 000 сўм миқдорида, йиллик 22,99 фоиз устама тўлаш шарти билан кредит маблағлари ажратилган, жавобгар кредит тани ва фоизларини тўлов жадвалига асосан ўз вақтида тўлаб бориш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Кредит шартномасининг таъминоти сифатида гаров шартномаси асосида даъвогарга тегишли Андижон вилояти, Балиқчи тумани, Дарё бўйи МФЙда 4300 кв. метр ер майдонида жойлашган Омборхона биноси; Андижон вилояти, Балиқчи тумани, Ботир МФЙда 50000 кв. метр ер майдонида жойлашган Ип йигирув фабрикаси иссиқхона бино-иншоатлар қисми; Андижон вилояти, Балиқчи тумани, Хўжаобод ҚФЙда жойлашган фаолият юритаётган даъвогар корхонага тегишли бўлган Андижон вилояти, Балиқчи тумани, Хўжаобод ҚФЙ, Ўзбекистон кўчаси 56-уйда жойлашган жами 14 та сочиқ тўқув ускуналари гаровга қўйилган. Даъвогар иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида 2021 йил 30 июнда тузилган кўчмас мулкни гаровга қўйиш ҳақидаги шартномани ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Биринчи инстанция судининг 2023 йил 17 февралдаги ажрими билан даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган. Шунингдек, даъвогар судга ариза билан мурожаат қилиб, даъвони таъминлаш чорасини кўриш ҳақида ажрим чиқаришни, яъни гаровга тақдим этилган мулкларни хатлашни; жавобгарга мазкур мулкка нисбатан сотиш, сотиб олиш, ҳақ эвазига бериш, бегоналаштириш, гаров таъминоти учун гаровга қўйиш, ундирувни гаров мулкига қаратиш каби муайян ҳаракатларни амалга оширилишини таъқиқлашни сўраган. Биринчи инстанция судининг 2023 йил 3 мартдаги ажрими билан ариза талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгар зиммасига мулкларга нисбатан муайян ҳаракатларни амалга оширишни таъқиқлаш юклатилган, аризанинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Даъвогар томонидан мазкур ажримга нисбатан апелляция тартибида шикоят берилган. Судлов ҳайъати даъвогарнинг апелляция шикоятида билдирган важлари билан келиша олмайди. ИПКнинг 93-моддаси биринчи қисмига биноан, ишда иштирок этувчи шахснинг аризаси даъвони таъминлаш чораларини кўриш учун асос бўлади. ИПКнинг 94-моддасига биноан, қуйидагилар даъвони таъминлаш чоралари бўлиши мумкин: 1) жавобгарга тегишли мол-мулкни ёки пул маблағларини хатлаб қўйиш; 2) жавобгарга муайян ҳаракатларни бажаришни тақиқлаш; 3) бошқа шахсларга низо предметига алоқадор бўлган муайян ҳаракатларни бажаришни тақиқлаш; 4) даъвогар низолашаётган, ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат бўйича ундиришни тўхтатиб туриш; 5) мол-мулкни хатлашдан озод қилиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилган тақдирда, мол-мулкни реализация қилишни тўхтатиб туриш; 6) низоли мол-мулк бузилишининг, ҳолати ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида жавобгарнинг зиммасига муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклатиш; 7) низоли мол-мулкни учинчи шахсга (сақловчига) ўтказиш. Даъвогар даъвони таъминлаш чорасини кўриш ҳақидаги аризасида гаровга тақдим этилган мулкларни хатлашни, яъни кредит шартномасининг таъминоти сифатида 2021 йил 30 июнда гаров шартномаси асосида гаровга тақдим этилган мулкларни хатлашни, шунингдек, жавобгарга мазкур мулкларга нисбатан уларни сотиш, сотиб олиш, ҳақ эвазига бериш, бегоналаштириш, гаров таъминоти учун гаровга қўйиш, ундирувни гаров мулкига қаратиш каби муайян ҳаракатларни амалга оширишини таъқиқлашни сўраган. Тарафлар ўртасида кредит шартномасининг таъминоти сифатида 2021 йил 30 июнда тузилган гаров шартномаси бекор қилинмаган, ҳозирда қонуний кучда. Гаров шартномасининг 8,13,14-бандларида гаровга қўйилаётган мулк ипотекага олувчининг розилигисиз тасарруф қилиниши мумкин эмаслиги, гаровга қўйилаётган мулкларга нисбатан нотариус томонидан 2097402, 2097410, 2097430-сон билан таъқиққа олиниб, автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатга олинганлиги, гаровга қўйилаётган мулк ипотекага қўювчида (даъвогарда) қолдирилиши, ипотекага қўювчи (даъвогар) мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолиши, мулкни бошқа шахсга ўтказмаслик ва зарар етказмаслик бўйича жавобгарликни олиши белгиланган. Нотариус томонидан автоматлаштирилган ахборот тизимида гаровдаги мулкларга нисбатан рўйхатга олинган таъқиқ бекор қилинмаган, шу сабабли аризанинг гаровдаги мулкларни хатлаш ҳақидаги қисмини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида биринчи инстанция суди тўғри хулосага келган. Қолаверса, гаровга тақдим этилган мулклар айнан даъвогарнинг ўзида фойдаланишда бўлиб келган. Шунингдек, гаровдаги мулкларга нисбатан зарар етказилишини олдини олиш мақсадида жавобгарга нисбатан муайян ҳаракатларни амалга оширишни таъқиқлаш тўғрисида асосли тўхтамга келган. Бундай ҳолатда судлов ҳайъати, апелляция шикоятида билдирилган важлар асосида биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асослар мавжуд эмас деб ҳисоблайди. ИПКнинг 281-моддасига мувофиқ, биринчи инстанция судининг қарори, ажрими устидан ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича берилган апелляция шикояти (протести) ушбу бобда суднинг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) кўриш учун назарда тутилган тартибда апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилади. Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қарори, ажрими устидан берилган шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижалари бўйича суднинг ажримини ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли. ИПКнинг 68-моддасига биноан, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб кертираётган ҳолатларни исботлаши керак. Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад қилишни, биринчи инстанция судининг 2023 йил 3 мартдаги ажримини ўзгаришсиз қолдиришни ва олдиндан тўланган 30 000 сўм почта харажатини “CHIN ILHOM” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси зиммасида қолдиришни лозим топади. Бинобарин, судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 68, 118, 274, 281-моддаларини қўллаб, қарор қилади: Апелляция шикоятини қаноатлантириш рад қилинсин. Избоскан туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 3 мартдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилсин. Апелляция инстанцияси учун олдиндан тўланган 30 000 сўм почта харажати “CHIN ILHOM” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси зиммасида қолдирилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради ва унинг устидан кассация тартибида шикоят (протест) қилиш мумкин. Раислик қилувчи /имз А.Абдурахманов Судья /имзо/ У.Холиков Судья /имзо/ Д.Убайдуллаев