Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1801-2103/4118 Дата решения 03.04.2023 Инстанция Надзор Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Маҳмудов Шуҳрат Муҳаммадович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение LOGISTIK SERVIS NASAF - QARSHI масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый ЧЕТ ЭЛ КАПИТАЛИ ИШТИРОКИДАГИ "HAMKORBANK" АТБ акционерлик жамияти
Source ID 1059597 Claim ID 3219839 PDF Hash 9625bfa849376ecf... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 6
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 262-моддаси ИПК 262 law
ИПК 3-моддаси ИПК 3 law
ИПК 120-моддаси ИПК 120 law
ИПК 3051-моддаси ИПК 3051 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
Мазкур Кодекс 305-моддаси Мазкур Кодекс 305 code_article
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1801-2103/4118-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья – Х.Турсунов Апелляция шикоятини қабул қилишни рад этган судья – А.Арзиев Кассация инстанциясида маърузачи судья – Б.Исрайлов Ишни кассация тартибида такроран кўришда маърузачи судья – Ш.Маҳмудов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 3 апрель Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Р.Хайдаровнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар Б.Убайдуллаев, Р.Сагатов, Ш.Мирзахакимов ва Ш.Маҳмудовдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, АТБ “Hamkorbank” вакили А.Ражабов (2023 йил 29 мартдаги 292/11-04-1031-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, даъвогар “Logistik servis Nasaf-Qarshi” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар АТБ “Hamkorbank”га нисбатан 35 241 912 сўм зарар ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан Олий суд раиси ўринбосари томонидан киритилган ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақидаги протестни иш ҳужжатлари билан бирга Олий суднинг биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “Logistik servis Nasaf-Qarshi” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва АТБ “Hamkorbank” (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида 2019 йил 20 августда 1105-сонли кредит шартномаси тузилган. Шартномага кўра, жавобгар даъвогарга юк ташувчи автомашиналар сотиб олиш учун 6 ойлик имтиёзли давр, йиллик 13 фоиз устама тўлаш ва 2022 йил 20 августгача қайтариш шарти билан 30 000 евро миқдорида кредит ажратиш, даъвогар эса, ажратилган кредитни белгиланган муддатларда (жадвалга мувофиқ) қайтариш мажбуриятини олган. Жавобгар томонидан даъвогарга келишилган миқдорда кредит ажратилган. Даъвогар 2021 йил 3 декабрга қадар 23 341 евро кредит қарздорлиги қайтарилганлиги, бироқ жавобгар томонидан пеня нотўғри ва адолатсиз ундирилганлиги оқибатида тўланган 23 341 евро кредит қарздорлигининг 2 892 евро қисми пеня ҳисобига ўтказилиб, кредитнинг асосий қарзидан чегириб ташланмаганлигини асос қилиб, жавобгардан ушбу сумманинг сўмдаги курси, яъни 35 241 912 сўмни ундиришни сўраган. Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 21 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талабини қаноатлантириш рад этилган. Қашқдарё вилоят судининг 2022 йил 7 мартдаги ажрими билан даъвогарнинг апелляция шикоятини беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш рад этилиб, апелляция шикоятини иш юритишга қабул қилиш рад этилган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 27 апрелдаги қарори билан Қашқадарё вилоят судининг 2022 йил 7 мартдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилган. Бундан норози бўлган даъвогар, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига ариза билан мурожаат қилиб, ишни кассация тартибида такроран кўриб чиқишни сўраган. Бунга асос қилиб, аризада биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан белгиланган муддатда, жумладан, дастлаб 2022 йил 6 февралда, иккинчи маротаба 9 февралда электрон тарзда апелляция шикояти берилганлиги, бироқ ушбу шикоятлар “ҳужжат беришнинг мазкур тартиби назарда тутилмаган” деган важлар билан суд томонидан асоссиз қайтариб юборилганлиги, аммо ушбу важлар ишни кассация тартибида такроран кўришни сўраб муқаддам берилган аризани ўрганиш жараёнида текшириб кўрилмасдан, рад жавоби берилганлигини кўрсатган. Даъвогарнинг мазкур аризасига асосан иш бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари томонидан протест киритилиб, протестда мазкур ишни кассация тартибида такроран кўриб чиқиш сўралган. Суд муҳокамасида иштирок этган жавобгарнинг вакили протестга нисбатан эътирози борлиги, апелляция инстанцияси суди даъвогарнинг апелляция шикоятини иш юритишга қабул қилишни рад этиб, кассация инстанцияси суди ушбу ажримни ўзгаришсиз қолдириб, асосли қарор қабул қилганлиги, шу сабабли ушбу суд ҳужжатларини ўзгаришсиз, протестни қаноатлантирмасдан қолдиришни сўради. Суд мажлисида даъвогарнинг вакили иштирок этмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Судлов ҳайъати жойида маслаҳатлашиб, ишни суд мажлисига келмаган даъвогарнинг вакили иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди. Судлов ҳайъати, жавобгар вакилининг тушунтиришларини тинглаб, протестда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 27 апрелдаги қарорини ва Қашқдарё вилоят судининг 2022 йил 7 мартдаги ажримини бекор қилишни ҳамда апелляция шикоятини ишни апелляция инстанцияси судида кўриш учун Қашқдарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига юборишни лозим топади. ИПК 262-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларига кўра, агар қонунчиликда бошқача муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти (протести) биринчи инстанция суди томонидан шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин. Апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати, шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан берилган ва апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин. Қашқадарё вилоят суди даъвогар раҳбари суд мажлисида шахсан қатнашиб, қабул қилинган ҳал қилув қароридан хабардор бўлганлиги, илтимосномада МЧЖ раҳбари шифохонада даволанганлиги сабабли шикоят бериш муддати ўтказиб юборилган деб кўрсатилган бўлса-да, шикоятга унинг даволанганлиги ҳақида далиллар илова қилинмаганлиги, шунга кўра даъвогар томонидан шикоят бериш муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилганлиги исботлаб берилмаганлигини асос қилиб, 2022 йил 7 мартдаги ажрими билан даъвогарнинг илтимосномасини қаноатлантиришни, шикоятни эса, иш юритишга қабул қилишни рад этиш ҳақида барвақт хулосага келган. ИПК 3-моддасининг бешинчи қисмида мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкинлиги белгиланган бўлиб, даъвогар томонидан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан дастлаб, 2022 йил 6 февралда, кейинчалик 9 февралда электрон тартибда апелляция шикояти берилган. Бундан кўринадики, даъвогар қонунда белгиланган икки ойлик муддат ичида апелляция шикояти билан судга мурожаат қилган. Бироқ, ушбу шикоятлар номаълум сабабга кўра, иш юритишга қабул қилинмаган ёки белгиланган тартибда қайтарилмаган. ИПК 120-моддасининг еттинчи қисмига кўра, агар ариза, шикоят ва бошқа ҳужжатлар почтага топширилган, электрон ҳужжат тарзида юборилган, тегишли органга ёхуд уларни қабул қилиб олиш ваколатига эга бўлган шахсга процессуал муддатнинг охирги куни соат йигирма тўртга қадар берилган бўлса, муддат ўтказиб юборилган деб ҳисобланмайди. Қашқадарё вилоят суди эса, мазкур ҳолатларни инобатга олмасдан, асоссиз равишда даъвогарнинг илтимосномасини қаноатлантиришни, апелляция шикоятни эса, иш юритишга қабул қилишни рад этган. Кассация инстанцияси суди ҳам ушбу ҳолатларга аҳамият бермасдан, суднинг ажримини ўзгаришсиз қолдириб хатоликка йўл қўйган. Баён этилганлардан кўринадики, апелляция ва кассация инстанцияси судлари томонидан қарор қабул қилинишида иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатлар аниқланмаган ва процессуал ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилган. Бу эса, асоссиз қарор қабул қилинишига сабаб бўлган. ИПК 3051-моддасининг бешинчи қисмига кўра, ишни кассация тартибида такроран кўриш умумий асосларга кўра амалга оширилади. ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 4-бандларига кўра, иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Мазкур Кодекс 305-моддаси учинчи қисмининг 4-бандига кўра, кассация инстанцияси суди апелляция инстанцияси судида кўрилган ажрим, қарор, апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан берилган шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича апелляция инстанцияси судининг апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги, апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги, апелляция шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш, апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш, апелляция инстанцияси судида иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги ажримни бекор қилишга ва апелляция шикоятини (протестини), ишни кўриш учун апелляция инстанцияси судига юборишга ҳақли. Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати протестни ва кассация шикоятини қаноатлантириб, Қашқдарё вилоят судининг 2022 йил 7 мартдаги ажримини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 27 апрелдаги қарорини бекор қилишни ва апелляция шикоятини ишни кўриш учун Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига юборишни лозим топади. Апелляция инстанцияси суди ишни кўришда, тарафларнинг ҳар бир важига баҳо бериши, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши ҳамда суд харажатларини ундириш масаласини ҳал этиши лозим бўлади. Юқоридагиларга кўра, судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 301-303 ва 3051-моддаларига асосланиб, қ а р о р қ и л а д и: Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосарининг ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақидаги протести қаноатлантирилсин. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 27 апрелдаги қарори бекор қилинсин. “Logistik servis Nasaf-Qarshi” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикояти қаноатлантирилсин. Қашқдарё вилоят судининг 2022 йил 7 мартдаги ажрими бекор қилинсин. “Logistik servis Nasaf-Qarshi” масъулияти чекланган жамиятининг апелляция шикояти ишни кўриш учун Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига юборилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Р.Хайдаров ҳайъат аъзолари Б.Убайдуллаев Р.Сагатов Ш.Мирзахакимов Ш.Маҳмудов