← Назад
Решение #610366 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
8
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| онуни | 25 | — | law | |
| суд томонидан ИПК | 177 | — | law | |
| ИПК | 3051 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law | |
| ИПКнинг | 343 | — | law | |
| аролик кодекси | 936 | — | code_article |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1001-2128/47336-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўрган
судья – Д.Хайруллаева
Апелляция инстанциясида маърузачи
судья – А.Усмонов
Кассация инстанциясида маърузачи
судья - Р.Хайдаров
Такрорий кассация инстанциясида
маърузачи судья - Р.М.Сагатов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
2023 йил 3 апрель
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати Ш.Мирзахакимовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари И.Таджиев,
О.Халмирзаев, Т.Аннаева ва Р.Сагатовдан иборат таркибда, З.Қодировнинг
котиблигида, даъвогар вакили – С.Абдазимов (2021 йил 23 августдаги 7-сонли
ишончнома асосида), жавобгар вакили - Э.Салимбоев (2023 йил 4 январдаги
08-12/6-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, Пискент туман Фермер,
деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши (“Исфандиёр” масъулияти
чекланган жамияти манфаатида)нинг жавобгар “Ўзагросуғурта” акциядорлик
жамиятидан 664 400 570,25 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича
юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон
Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари томонидан киритилган ишни
кассация тартибида такроран кўриш ҳақидаги протести асосида ишни Олий суднинг
биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
“Исфандиёр” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар
ёки суғурта қилдирувчи деб юритилади), “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти
(бундан буён матнда жавобгар ёки суғурталовчи деб юритилади) ва “Агробанк”
акциядорлик тижорат банкининг Пискент филиали ўртасида 2020 йил 25 май куни
1-001352-сонли суғурта шартномаси тузилган. Ушбу шартнома Банк филиали
томонидан имзоланмаган.
Шартноманинг 2.1-бандига кўра, суғурталовчи 2019 йил 4 октябрдаги
11/1-02-2-сонли “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи
тадбиркорлик субъектларининг бўлғуси кузги бошоқли дон ҳамда пахта
экинларидан кам ҳосил олиши натижасида кўрадиган молиявий зарарини
суғурталаш қоидалари” асосида даъвогарнинг аризасида кўрсатилган суғурта
таваккалчиликлари туфайли пахта ҳосилидан кам ҳосил олиши натижасида
кўрадиган молиявий зарарини қоплаш бўйича суғурта ҳимоясини тақдим этиш,
шартноманинг 2.2-бандида эса суғурта қилдирувчи суғурта шартномаси бўйича
ҳисобланган суғурта мукофотини шартномада белгиланган муддатларда тўлаш
мажбуриятини олган.
Шартноманинг 3.1-бандига мувофиқ суғурта қиймати 862 183 712 сўмни,
суғурта пули 689 746 970 сўм (суғурта қийматининг 80 фоизи)ни ва суғурта
мукофоти 27 589 879 сўмни ташкил этган.
Шунингдек, шартноманинг 4.1-бандида суғурта шартномаси тузилгандан
сўнг 30 иш куни ичида суғурта қилдирувчи томонидан суғурталовчининг ҳисоб
рақамига суғурта мукофотларини ўтказиб берилиши, 5.2-бандида эса суғурта
мукофоти суғурталовчининг ҳисоб рақамига келиб тушгач, 3 кун ичида суғурта
полиси расмийлаштириб берилиши белгиланган.
Суғурталовчи томонидан суғурта қилдирувчига 2020 йил 30 июнда
004746-сонли суғурта полиси берилган ва унда суғурта қилдирувчи томонидан
20 000 000 сўм тўланганлиги, суғурта жавобгарлиги 72,49 фоиз ёки 500 000 000 сўм
миқдорида эканлиги қайд этилган. Суғурта полиси 2020 йил 30 июндан кучга
кириши ва 2020 йил 31 декабрда кучини йўқотиши белгиланган.
Шунингдек, суғурталовчи томонидан суғурта қилдирувчига 2020 йил
30 июнда 004970-сонли суғурта полиси берилган ва унда суғурта қилдирувчи
томонидан 7 589 879 сўм тўланганлиги, суғурта жавобгарлиги 27,51 фоиз ёки
189 746 975 сўм миқдорида эканлиги қайд этилган. Суғурта полиси 2020 йил
30 июндан кучга кириши ва 2020 йил 31 декабрда кучини йўқотиши белгиланган.
Суғурта шартномаси ва суғурта полисларида суғурта таваккалчиликлари
сифатида бўрон, дўл, кучли ёмғир (жала), ёнғин, яшин уриши, қурғоқчилик
ва гармсел, қора совуқ, кучли қор ёғиши, тупроқнинг ўта намлиги, сув сатҳининг
паст бўлиши (камсувлик), сув сатҳининг баланд бўлиши (сув тошқини),
зараркунандалар ва экин касалликлари кўрсатилган.
Ишдаги 2020 йил 25 августдаги қишлоқ хўжалиги корхоналарининг экинлар
ҳосилини суғурталаш бўйича оралиқ мониторинг далолатномасида даъвогарнинг
70,62 гектар пахта майдонига сув танқислиги сабабли ўргимчаккана ва кўсакқурти
тушганлиги қайд этилган.
Пискент туман Статистика бўлимининг 2020 йил 10 декабрдаги
01/1-35-05/3-45-сонли маълумотномасида даъвогар томонидан 2020 йил пахта
ҳосили режаси бўйича 211,9 тонна ҳосил етиштириш назарда тутилганлиги, бироқ
даъвогар томонидан 97,5 тонна (46 %) пахта етиштирилганлиги қайд қилинган.
Шунинг учун, даъвогар 2020 йил 31 декабрда жавобгарнинг Тошкент вилоят
филиалига суғурта товонини тўлашни сўраб мурожаат қилган.
Даъвогарнинг мурожаати оқибатсиз қолдирилганлиги сабабли Ўзбекистон
фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Пискент туман кенгаши
(бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) даъвогар манфаатида иқтисодий
судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 442 933 713,50 сўм
суғурта товони ва 221 466 856,75 сўм пеня ундиришни сўраган.
Бунга асос қилиб, даъво аризасида сув манбалари тушиб кетиши сабабли
даъвогарга тегишли ер майдонларига сув тўлиқ етказиб берилмаганлиги, бунинг
натижасида ғўза кўчатлари кўсак қурти ва ўргамчакана билан зарарланганлиги,
оқибатда режадагидан 97,1 тн кам ҳосил олинганлиги, 1 гектар ер майдонидан
10 560 800 сўмлик пахта ҳосилини олиш режалаштирилганлиги, аслида эса
1 гектар ер майдонидан 5 135 350,3 сўмлик пахта ҳосили олинганлиги, яъни
1 гектар ер майдонидан олинмаган пахта ҳосилининг қиймати 5 425 449,7 сўмни,
81,64 гектар ер майдонидан эса олинмаган пахта ҳосилининг қиймати
442 933 713,5 сўмни ташкил қилиши ва ушбу молиявий зарарни суғурталовчи
қоплаб бериши ҳамда “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг
шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси
Қонунининг 25-моддасига асосан 221 466 856,75 сўм пеня тўлаши лозимлигини
кўрсатган.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 6 январдаги ҳал қилув
қарори билан Кенгашнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб,
жавобгардан даъвогар фойдасига 376 493 656,47 сўм суғурта товони
ва 21 600 сўм суд харажатлари ундирилган. Даъвонинг қолган қисмини
қаноатлантириш рад этилган.
Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 9 мартдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, жавобгардан
даъвогар фойдасига ундирилган 376 493 656,47 сўм 277 570 641,80 сўмга
ўзгартирилган ҳамда суд харажатлари даво талабларининг қаноатлантирилган
қисмига мутаносиб равишда тақсимланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2022 йил 13 сентябрдаги қарори билан апелляция инстанцияси
судининг қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон
Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари томонидан ишни кассация
тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритилган.
Суд мажлисида даъвогар вакили протестни қўллаб-қувватлаб, даъвогар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 505-сонли қарори асосида
ҳисоб-китоб қилганлиги, судлар суғурта товонини ундиришда суғурта қийматини
80 фоизга камайтирганлиги, суғурта шартномаси тузишдан олдинги йилларда
олинган ҳосилни инобатга олиб, кам ҳосилдорлик суғурталанганлигини баён қилиб,
протестни қаноатлантиришни ва Вазирлар Маҳкамасининг 505-сонли қарори
асосида тақдим қилинган ҳисоб-китобни инобатга олиб, қонуний қарор қабул
қилишни сўради.
Жавобгар вакили суғурта товонининг миқдори тўғри ҳисоб-китоб
қилинганлиги, аммо, суғурта шартномасининг 7.5-банди инобатга олинмаганлиги,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 505-сонли қарори билан
суғурта пули суғурта қийматидан кам қилиб белгилаш таъқиқланмаганлиги,
шунинг учун, шартномада 80 фоиз миқдорида суғурта пули белгиланганлигини
баён қилиб, протест бўйича қонуний қарор қабул қилишни сўради.
Кенгаш суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор
қилинган бўлса-да, ундан вакил суд мажлисига келмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация
инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи
ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини)
берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни
уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шунинг учун судлов ҳайъати ишни Кенгашнинг иштирокисиз кўриб
чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг
тушунтиришларини тинглаб ва протестда келтирилган важларни иш ҳужжатлари
билан бирга ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантиришни
лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий
суднинг ҳал қилув қарори тўғрисида” 2007 йил 15 июндаги 161-сонли қарори
1-бандининг иккинчи хатбошисида суд томонидан қабул қилинган қарор моддий
ва процессуал ҳуқуқ нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд
аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши кераклиги, қайд этилган талабларга риоя
этмаслик ИПКнинг 279 ва 302-моддаларига мувофиқ қарорнинг бекор қилиниши
ёки ўзгартирилиши учун асос бўлиши мумкинлиги, суд томонидан ИПКнинг
177-моддасида назарда тутилган барча масалаларни ҳал этмайдиган, юзаки,
асослантирилмаган қарорларнинг қабул қилиниши мумкин эмаслиги ҳақида
тушунтириш берилган.
Аммо, судлар томонидан қарор қабул қилишда ушбу талабларга риоя
қилинмаган.
Хусусан, апелляция инстанция суди Кенгашнинг “Хўжалик юритувчи
субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги
Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига асосан 221 466 856,75 сўм
пеня ундириш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантиришни рад қилинишида
суғурта шартномаси ўзининг алоҳида белгилари билан хўжалик шартномасидан
фарқ қилиши ҳақида тўғри тўхтамга келган.
Шунинг учун, кассация инстанцияси суди апелляция инстанцияси
судининг мазкур хулосаси билан келишиб, асосли тўхтамга келган.
Бироқ, кассация инстанцияси суди апелляция инстанцияси судининг
Кенгашнинг даъво талабларини қисман қаноатлантириш ва жавобгардан
277 570 641,80 сўм суғурта товони ундириш ҳақидаги қарорини ўзгаришсиз
қолдиришда шартноманинг 3.1-бандини нотўғри қўллаган ҳолда хатоликка йўл
қўйган.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
17 июндаги 505-сонли қарори билан тасдиқланган “Пахта хом ашёси
ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш тартиби
тўғрисида”ги Низомда суғурта шартномасига асосан пахта хом ашёси (бошоқли
дон экинлари) ҳосили бўйича суғурта товонини ҳисоблаш жадвали белгиланган.
Даъвогар томонидан пахта экилган ер майдонидан олинган ялпи ҳосил
975 центнерни ташкил қилган, жами майдондан олинган ҳосилнинг қиймати
419 250 000 сўмни, бунда 1 гектар майдондан олинган ҳосилнинг қиймати
5 135 350,3 сўмни ташкил этган.
Шартнома бўйича ҳар бир гектар майдонидан 10 560 800 сўмлик ҳосил
олиниши режалаштирилган бўлиб, 1 гектар майдон бўйича кўрилган зарар
5 425 449,7 (10 560 800 – 5 135 350,3) сўмни, жами экин майдонидан кўрилган
зарар суммаси эса 442 933 713,5 (5 425 449,7 х 81,64) сўмни ташкил этади.
Суғурта шартномасининг 3.1-бандида суғурта пули суғурта қийматидан
кам (80 %) қилиб белгиланганлиги сабабли, 354 346 970 (442 933 713,5 х 80%)
сўм миқдорида жавобгар томонидан қопланиши лозим бўлган зарар суммасига
судлар ҳуқуқий баҳо бермаган.
Суғурта шартномасининг 7.5-бандида суғурта қилдирувчи томонидан
экинни экиш, парваришлаш ва ҳосилни йиғиштириб олиш даврида агротехника
талабларига риоя қилмаганлиги аниқланганда, суғурта товони қуйидаги
миқдорларда камайтирилади:
ўғит белгиланган меъёрдан кам берилган бўлса 5 (беш) фоиз;
бегона ўтлар босиб кетган бўлса 5 (беш) фоиз;
ўз вақтида суғорилмаган (сув берилмаган) бўлса 5 (беш) фоиз;
чамаланган (апробация) ҳосил олинмаган бўлса 5 (беш) фоиз.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, суғурта қилдирувчи (даъвогар) минерал
ўғитни белгиланган миқдордан кам берган (5 %), ўз вақтида суғорилмаган (сув
берилмаган) (5 %) ва чамаланган (апробация) ҳосил, яъни апробация
далолатномасида кўрсатилган ҳосилни олмаган (5 %).
Шунинг учун 354 346 970 сўм суғурта пули 15 фоизга камайтирилганда
тўланиши лозим бўлган суғурта товони 301 194 925 (354 346 970 – 15%) сўмни
ташкил қилади.
Баён этилганлардан кўринадики, судлар томонидан қарор қабул қилишда иш
учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмаган ва моддий ҳуқуқ нормалари нотўғри
қўлланилган, бу эса асоссиз қарор қабул қилинишга сабаб бўлган.
ИПК 3051-моддасининг бешинчи қисмига кўра, ишни кассация тартибида
такроран кўриш умумий асосларга кўра амалга оширилади.
ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий
ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри
қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция
инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Шунингдек, ИПК 301-моддасининг 2-бандига кўра, кассация инстанцияси
суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув
қарорини, қарорни ўзгартиришга ёки бекор қилишга ва ишни янгидан кўриб чиқиш
учун юбормасдан янги қарор қабул қилишга ҳақли.
Шунинг учун, судлов ҳайъати протестни қаноатлантиришни, иш юзасидан
қабул қилинган кассация инстанцияси судининг қарорини бекор қилишни,
жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, Кенгашнинг
кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни, биринчи ва апелляция
инстанцияси судларининг қарорларини ўзгартиришни, апелляция инстанцияси суди
қарори хулоса қисмининг жавобгардан даъвогар фойдасига 277 570 641,80 сўм
суғурта товони ундириш қисмини 301 194 925 сўм суғурта товони ундириш билан
алмаштиришни ҳамда апелляция инстанцияси суди қарорининг суд харажатларини
тақсимлаш қисмини бекор қилишни лозим топади.
ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига биноан суд харажатлари ишда
иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига
мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий
чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 10 октябрдаги ПФ-3318-сонли Фармони
3-бандининг бешинчи хатбошисида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа
ер эгалари кенгашлари фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари
манфаатларини кўзлаб судга давлат божи тўламасдан даъво аризалари тақдим этиш
ҳуқуқи мавжудлиги ва даъво аризасини қаноатлантириш рад этилганда манфаати
кўзлаб даъво аризаси киритилган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа
ер эгаларидан давлат божи ундирилмаслиги белгиланганлиги сабабли, даъво
талабининг қаноатлантирилиши рад этилган қисми бўйича даъвогардан давлат
божи ундирилмайди. Жавобгардан республика бюджетига ишни биринчи
инстанция судида кўриш учун 6 023 808 (301 194 925 х 2%) сўм давлат божи
ундиришни, ишни апелляция ва кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ
жавобгардан республика бюджетига 6 023 808 (301 194 925 х 2%) сўм давлат божи
ундиришни лозим топади.
Жавобгардан Тошкент шаҳар судининг қарори асосида ундирилган
277 570 641,80 сўм суғурта товони ва 21 600 сўм почта харажатлари жавобгар
томонидан тўланганлигини ҳисобга олиб, жавобгардан даъвогар фойдасига
23 624 283,20 сўм суғурта товони ундириш ҳақида ижро варақаси берилади.
Шунингдек, ИПКнинг 343-моддасига асосан апелляция инстанцияси
судининг қарори бўйича ундирув бекор қилинади.
Даъвогарнинг судлар суғурта товонини ундиришда суғурта қийматини икки
маротаба 80 фоизга камайтирилганлиги ҳақидаги важи билан судлов ҳайъати
келишмайди. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг
936-моддасига кўра, агар мол-мулкни ёки тадбиркорлик хавфини суғурталаш
шартномасида суғурта пули суғурта қийматидан кам қилиб белгиланган бўлса,
суғурталовчи суғурта ҳодисаси юз берганида суғурта қилдирувчига (наф олувчига)
у кўрган зарарни суғурта пулининг суғурта қийматига бўлган нисбатига мутаносиб
равишда қоплаши шарт.
Мазкур ҳолатда, даъвогар пахта ҳосилини суғурта қилиш аризасида экин
майдони 81,64 гектар ташкил қилиши, жорий давлатга сотиш режаси бўйича
ҳосилдорлик (ц/га) 31 центнерни, 1 центнер ҳосил нархи 430 000 сўмни, суғуртага
қабул қилинадиган ҳосилдорлик (ц/га) 24,56 центнерни қабул қилишни сўраган.
Тарафлар ўртасида тузилган суғурта шартномасида суғурта қиймати
862 183 712 (81,64 га х 24,56 центнер х 430 000) сўм, суғурта товони эса
689 746 970 (862 183 712 х 80 %) сўм этиб белгиланган ва даъвогар ушбу суммадан
келиб чиқиб, суғурта мукофотини тўлаган.
Юқоридагиларга асосан ва ИПКнинг 118, 301 – 303, 3051 ва 343-моддаларини
қўллаб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосарининг протести
қаноатлантирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2022 йил 13 сентябрдаги қарори бекор қилинсин.
“Ўзагросуғурта”
акциядорлик
жамиятининг
кассация
шикоятини
қаноатлантириш рад этилсин, Пискент туман Фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари Кенгашининг кассация шикояти эса қисман
қаноатлантирилсин.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 6 январдаги ҳал қилув
қарори ва Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 9 мартдаги қарори ўзгартирилсин.
Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил
9 мартдаги қарори хулоса қисмининг “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамиятидан
“Исфандиёр” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 277 570 641,80 сўм
7
суғурта товони ундириш қисми, 301 194 925 сўм суғурта товони ундириш билан
алмаштирилсин.
Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил
9 мартдаги қарорининг суд харажатларини тақсимлаш қисми бекор қилинсин.
“Ўзагросуғурта” акциядорлик жамиятидан республика бюджетига
12 047 797 сўм давлат божи ундирилсин.
Суд қарорларининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
“Ўзагросуғурта” акциядорлик жамиятидан Тошкент шаҳар судининг қарори
асосида ундирилган 277 570 641,80 сўм суғурта товони ва 21 600 сўм почта
харажатлари тўланганлигини ҳисобга олиб, “Ўзагросуғурта” акциядорлик
жамиятидан “Исфандиёр” масъулияти чекланган жамияти фойдасига
23 624 283,20 сўм суғурта товони ундириш ҳақида ижро варақаси берилсин.
Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил
9 мартдаги қарори бўйича ундирув бекор қилинсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Ш. Мирзахакимов
ҳайъат аъзолари:
И. Таджиев
О. Халмирзаев
Т. Аннаева
Р. Сагатов