← Назад
Решение #610641 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
4
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| онуннинг | 50 | — | law | |
| онун | 51 | — | law | |
| ИПК | 278 | — | law | |
| ИПК | 279 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-18-2107/16-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанция судида ишни кўрган
судья – Д.Рахимов
Апелляция инстанциясида маърузачи
судья – Б.Н.Сайфуллаев
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қ А Р О Р И
2023 йил 31 март
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати судья Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари
судьялар И.Таджиев ва Р.Сагатовдан иборат таркибда, Б.Жураевнинг
котиблигида, ишни видеоконференцалоқа режимида кўмаклашаётган
Қашқадарё вилоят суди ходими А.Рахмонов ва Шаҳрисабз туманлараро
иқтисодий суди ходими З.Хушматов, “Treston Holding LLC” компаниясининг
вакили С.Ядгарходжаев (2023 йил 17 февралдаги ишончнома асосида),
Ж.Субханкулов (2023 йил 17 февралдаги ишончнома асосида), “Shahrisabz
vino aroq” акциядорлик жамияти вакиллари С.Рузиев (раҳбар), А.Ҳамраев
(ҳуқуқшунос), Қашқадарё вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси
вакили А.Абраев (2023 йил 4 январдаги 01-20-10-35/1-сонли ишончнома
асосида)нинг иштирокида, низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар
билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида Давлат активларини
бошқариш агентлиги Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон
Республикаси
Молия
вазирлиги
ҳузуридаги
Капитал
бозорини
ривожлантириш департаменти ва “Shahrisabz vino aroq” акциядорлик
жамияти ишга жалб қилинган ҳолда, даъвогар “Treston Holding LLC”
компаниясининг жавобгарлар Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Молия бош
бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига нисбатан
897 856,83 евро миқдорида (олинмаган дивиденд бўйича) моддий зарарни
ундириш тўғрисидаги даъво аризаси асосида қўзғатилган иқтисодий иш
юзасидан қабул қилинган Қашқадарё вилоят судининг 2021 йил
10 декабрдаги ҳал қилув қарори устидан “Treston Holding LLC” компанияси
томонидан берилган апелляция шикояти асосида ишни Олий суднинг
биносида видеоконференцалоқа режимида ўтказилган очиқ суд мажлисида
кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
“Treston Holding L.L.C” хорижий корхонаси (бундан буён матнда
даъвогар деб юритилади) “Шаҳрисабз вино-ароқ” акциядорлик жамиятининг
(бундан буён матнда АЖ деб юритилади) акциядори бўлган.
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди томонидан 2013 йил
27 июнда АЖ мансабдор шахсларига нисбатан ҳукм чиқарилган.
Ушбу ҳукм билан дастлабки терговда далилий ашё сифатида олинган
даъвогарга тегишли “Carthill Asset Management Company” шўъба хўжалик
жамияти ишончли бошқарувга топширилган 37,74 фоиз (35 587 дона)
акциянинг тақдири ҳал қилинмай қолинган. Шунинг учун суднинг 2013 йил
23 сентябрдаги ажрими билан ушбу акциялар Ўзбекистон Республикаси
Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш
давлат қўмитаси фойдасига ўтказилиши белгиланган.
Шу суднинг 2018 йил 18 январдаги ажрими билан 2013 йил
23 сентябрдаги ажрим бекор қилинган ва 35 587 дона акцияни даъвогарга
қайтариш белгиланган.
Суднинг 2018 йил 16 апрелдаги ажрими билан 2018 йил
18 январдаги ажримига аниқлик киритилган. Ушбу ажримда АЖга тегишли
94 303 дона акция бекор қилиниб, номинал қиймати ўзгарган 943 030 дона
янги акциялар чиқарилуви амалга оширилганлиги, шу асосда “Carthill Asset
Management Company” шўъба хўжалик жамиятига тегишли 37,74 фоиз
(35 587 дона) акция сони ҳам 10 бараварга кўпайганлиги ва мазкур акциялар
давлат эгалигида эканлиги қайд этилган. Ушбу ажримда давлат эгалигига
ўтказилган номинал қиймати ўзгарган 37,74 фоиз (355 870 дона) акция
даъвогарга қайтариш белгиланган.
Даъвогар АЖнинг унга тегишли акциялари суд ҳукми билан ноқонуний
олиб қўйилганлиги натижасида улар бўйича 2011, 2013-2017 йиллар учун
ҳисобланган дивидендлар вилоят маҳаллий бюджетга ўтказилганлиги,
натижада унга (даъвогарга) ушбу сумма миқдорида зарар етказилганлигини
асос қилиб, жавобгарлар Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Молия бошқармаси
ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига нисбатан Қашқадарё вилоят
судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги
Молия бошқармасидан 897 856,83 евро миқдоридаги (олинмаган дивиденд
бўйича) моддий зарарни ундиришни сўраган.
Суднинг 2021 йил 5 ноябрдаги ажрими билан ишга низонинг
предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс
сифатида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш
агентлиги Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси, Молия вазирлиги
ҳузуридаги Капитал бозорини ривожлантириш департаменти ва “Shahrisabz
vino aroq” акциядорлик жамияти жалб қилинган.
Қашқадарё вилоят судининг 2021 йил 10 декабрдаги ҳал қилув қарори
билан даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг 2022 йил
11 январдаги ажрими билан даъвогарнинг ҳал қилув қарори устидан берган
апелляция шикояти қайтарилган.
Кассация инстанцияси судининг 2022 йил 24 февралдаги қарори билан
2022 йил 11 январдаги ажрим ўзгаришсиз қолдирилган.
Олий суднинг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан
мазкур иш кассация тартибида такроран кўрилиб, 2022 йил 24 февралдаги
қарор билан Олий суд судьясининг 2022 йил 11 январдаги ажрими бекор
қилинган.
Даъвогарнинг апелляция шикоятини кўриш учун иш Ўзбекистон
Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати
апелляция инстанциясига юборилган.
Суднинг 2023 йил 31 мартдаги ажрими билан Ўзбекистон
Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт
ва молия вазирлиги билан, Қашқадарё вилоят Молия бош бошқармаси эса
Иқтисодиёт ва молия бошқармаси билан алмаштирилган.
Суд мажлисида иштирок эган даъвогар вакиллари шикоятни қувватлаб,
уни қаноатлантиришни сўрашди.
Суд мажлисида иштирок этган Қашқадарё вилоят Иқтисодиёт ва молия
бош бошқармаси вакили даъвогар томонидан талаб қилинган пул маблағлари
республика бюджетига ўтказиб берилганлигини билдириб, даъвони
қаноатлантиришни рад этишни сўради.
Суд мажлисида иштирок этган АЖ вакиллари даъвогар томонидан
талаб қилинган йилларда ҳисобланган дивиденд маблағлари Ўзбекистон
Республикаси Молия вазирлиги ягона ғазна ҳисобварағи Қашқадарё вилояти
Молия бошқармасининг шахсий ҳисобварағига ўтказиб берилганлигини
билдиришди ва бу тўғрисида маълумот тақдим қилишди.
Олдинги суд мажлисида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси
Иқтисодийёт ва молия вазирлиги Капитал бозорини ривожлантириш
департаменти ходими, даъвогар томонидан талаб қилинган йилларда
АЖнинг акциялари даъвогарга тегишли бўлмаганлиги билдириб, даъвони
қаноатлантиришни рад этишни сўраган.
Суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор
қилинган Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш
агентлиги суд мажлисида ўз вакили иштирокини таъминламади.
Судлов ҳайъати, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал
кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 274-моддасининг
тўртинчи қисмига асосан ишни мазкур агентлик вакили иштирокисиз кўриб
чиқишни лозим деб топди.
Судлов ҳайъати суд мажлисида иштирок этган шахслар вакилларининг
тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш
ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра шикоятни
қисман қаноатлантиришни, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қисман
қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади.
Даъвогар АЖнинг 37,74 фоиз (35 587 дона) акциясига эга бўлган.
Мазкур ҳолат ишдаги далиллар билан тўлиқ тасдиқланган ва АЖ томонидан
инкор қилинмаган.
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди томонидан 2013 йил
27 июнда АЖ мансабдор шахсларига нисбатан ҳукм чиқарилган.
Ушбу ҳукм билан дастлабки терговда далилий ашё сифатида олинган
даъвогарга тегишли “Carthill Asset Management Company” шўъба хўжалик
жамияти ишончли бошқарувга топширилган 37,74 фоиз (35 587 дона)
акциянинг тақдири ҳал қилинмай қолинган. Шунинг учун суднинг 2013 йил
23 сентябрдаги ажрими билан ушбу акциялар Ўзбекистон Республикаси
Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш
давлат қўмитаси фойдасига ўтказилган.
Ушбу суднинг 2018 йил 18 январдаги ажрими билан 2013 йил
23 сентябрдаги ажрим бекор қилинган. Ушбу ажримда даъвогар ҳамда
“Carthill Asset Management Company” шўъба хўжалик жамиятининг
бирор-бир ходими давлатга зарар етказмаган ёки иш бўйича жавобгарликка
тортилмаган бир вазиятда 37,74 фоиз (35 587 дона) акция асоссиз равишда
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш
ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фойдасига ўтказилганлиги
ҳолатини қонуний деб бўлмайди деб кўрсатилган. Шунинг учун 35 587 дона
акцияни даъвогарга қайтариш белгиланган.
Суднинг 2018 йил 16 апрелдаги ажрими билан 2018 йил
18 январдаги ажримига аниқлик киритилган ушбу ажримда АЖга тегишли
94 303 дона акция бекор қилиниб, номинал қиймати ўзгарган 943 030 дона
янги акциялар чиқарилуви амалга оширилганлиги, шу асосда “Carthill Asset
Management Company” шўъба хўжалик жамиятига тегишли 37,74 фоиз
(35 587 дона) акция сони ҳам 10 бараварга кўпайганлиги ва мазкур акциялар
давлат эгалигида эканлиги қайд этилган. Ушбу ажримда давлат эгалигига
ўтказилган номинал қиймати ўзгарган 37,74 фоиз (355 870 дона) акцияни
даъвогарга қайтариш белгиланган.
“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни (бундан буён матнда
Қонун деб юритилади) 49-моддасининг биринчи қисмида жамият молиявий
йилнинг биринчи чораги, ярим йиллиги, тўққиз ойи натижаларига кўра ва
(ёки) молиявий йил натижаларига кўра, агар ушбу Қонун ва жамият уставида
бошқача қоида белгиланмаган бўлса, жойлаштирилган акциялар бўйича
дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли эканлиги
белгиланган.
Қонуннинг 50-моддасига кўра, акцияларнинг ҳар бир тури бўйича
дивидендлар тўлаш, дивиденднинг миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби
тўғрисидаги қарор жамият кузатув кенгашининг тавсияси, молиявий
ҳисоботнинг ишончлилиги ҳақида аудиторлик хулосаси мавжуд бўлган
тақдирда, молиявий ҳисобот маълумотлари асосида акциядорларнинг
умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади. Дивидендларнинг миқдори
жамият кузатув кенгаши томонидан тавсия этилган миқдордан кўп бўлиши
мумкин эмас. Акциядорларнинг умумий йиғилиши акцияларнинг муайян
турлари бўйича дивидендлар тўламаслик тўғрисида, шунингдек жамият
уставида дивиденд миқдори белгилаб қўйилган имтиёзли акциялар бўйича
тўлиқ бўлмаган миқдорда дивидендлар тўлаш ҳақида қарор қабул қилишга
ҳақли. Дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарорда дивидендлар тўлаш
бошланадиган ва тугалланадиган саналар кўрсатилган бўлиши лозим.
АЖ акциядорлари умумий йиғилишининг 2014 йил 14 ноябрдаги
қарори билан 2011 йил учун, 2014 йил 14 ноябрдаги қарори билан 2013 йил
учун, 2015 йил 3 июндаги қарори билан қарори билан 2014 йил учун,
2016 йил 17 июндаги қарори билан 2015 йил учун, 2017 йил 14 июндаги
қарори билан 2016 йил учун, 2018 йил 15 майдаги қарори билан 2017 йил
учун акциядорларга дивидендлар тўлаб берилиши белгиланган.
Даъвогарга тегишли акциялар жиноят ишлари бўйича суд ҳужжатлари
билан давлатга ўтказилганлиги сабабли ушбу акциялар учун дивиденд
маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ягона ҳисоб
варағидаги Қашқадарё вилоят Молия бошқармаси шахсий ҳисоб варағига
тўлаб берилган. Мазкур ҳолат АЖнинг 2023 йил 21 февралдаги 57-сонли
хати билан тасдиқланади. Ушбу ҳолат Қашқадарё вилоят Иқтисодиёт
ва молия бош бошқармаси вакили томонидан ҳам инкор қилинмаган.
АЖнинг 37,74 фоиз (355 870 дона) акцияси даъвогарга тегишли
эканлиги депо ҳисобидан олинган 2018 йил 1 августдаги кўчирма билан
тасдиқланган.
Судлов ҳайъатининг биринчи инстанция судининг Жиноят ишлари
бўйича Қашқадарё вилоят судининг 2013 йил 23 сентябрдаги ажрими билан
даъвогар АЖ акциядорлари реестридан чиқарилганлиги сабабли, “Қимматли
қоғозлар Марказий депозитарийси” давлат корхонаси томонидан даъвогар
АЖ акциядорлари реестрида қайд этилмаганлиги, шу боис жамият
акциядорлари умумий йиғилиши томонидан жамият фаолиятининг
2011, 2013, 2014, 2015, 2016, 2017 йиллар якуни бўйича даъвогарга
дивидендлар ҳисобланмаганлиги, Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят
суди кассация инстанцияси судининг 2018 йил 16 апрелдаги ажримида
акцияларнинг жамият умумий йиғилиш қарорига асосан номинал қиймати ва
сони ўзгарганлиги инобатга олиниб, даъвогарга тегишли ишончли
бошқарувчи эгалигида бўлган 37,74 фоиз (35 587 дона) акцияларни
даъвогарга қайтариш белгиланганлиги, бироқ мазкур ажримда тўланмаган
дивиденд тўловларини ундириш назарда тутилмаганлиги, шунинг учун
даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш рад этилиши ҳақидаги
важлари билан келиша олмайди. Чунки, даъвогарга тегишли акциялар
жиноят ишлари бўйича суд ҳужжатлари билан давлатга ўтказилганлиги
сабабли ушбу акцияларга ҳисобланган дивидендлар даъвогарга эмас, балки
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ягона ҳисоб варағидаги
Қашқадарё вилоят Молия бошқармаси шахсий ҳисоб варағига тўлаб
берилган. Бу билан даъвогар ўзига тегишли акциялар бўйича дивидендларни
олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган.
Шунинг учун даъвогарнинг юқорида қайд этилган даврлар учун
дивидендларни ундириш ҳақидаги талаби асосли ҳисобланади.
Даъвогар тақдим этган даъвонинг ҳисоб-китобида АЖ томонидан ўзига
тегишли акциялар учун 3 779 187 814 сўмлик дивиденд тўланганлиги
кўрсатилган. Бироқ, ушбу ҳисоб-китобда АЖ томонидан дивидендлар учун
тўланган солиқлар инобатга олинмаган.
АЖ томонидан тақдим этилган 2023 йил 21 февралдаги 57-сонли
маълумотда юқорида қайд этилган даврлар учун дивидендлар тўлаш
масаласи муҳокама қилинган акциядорларнинг умумий йиғилишларида
акция эгаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш,
монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси
вакили (2014, 2015, 2016 йилларда) ҳамда “Давлат активларини бошқариш
маркази” давлат унитар корхонаси вакили (2017, 2018 йилларда) иштирок
этганлиги ва қонун талабига кўра дивидендларни ушбу давлат муассасалари
олишга ҳақли эканлиги инобатга олиниб, 40,48 фоиз акция учун жами
3 645 514,3 минг сўм дивиденд маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия
вазирлиги ягона ғазна ҳисобварағи Қашқадарё вилояти Молия
бошқармасининг шахсий ҳисобварағига ўтказиб берилганлиги қайд этилган.
Маълумотда кўрсатилган 40,48 фоиз акциянинг 37,74 фоиз қисми
даъвогарга тегишли эканлигидан келиб чиқиб, 3 645 514,3 минг сўмнинг
3 398 712,9 минг сўмлик қисми даъвогарга тегишли ҳисобланади. Судлов
ҳайъати даъвогар ушбу суммани ундириш ҳуқуқига эга деб ҳисоблайди
ва даъво талаби ушбу сумма миқдорида қаноатлантирилиши лозим.
Даъвогар ўзига тегишли акциялар бўйича ўзи ҳисоблаган
3 776 187 814 сўм миқдоридаги дивидендлар сумммасини АЖ акциядорлари
умумий йиғилиши қарори қабул қилинган санадаги Еврога нисбатан курси
бўйича ҳисоблаб, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Молия бошқармасидан
897 856,83 евро миқдорида (олинмаган дивиденд бўйича) моддий зарарни
ундиришни сўраган.
Қонун 51-моддасининг еттинчи қисмида жамият Ўзбекистон
Республикаси норезидент акциядорининг ёзма талабига кўра унга
ҳисобланган дивидендларни эркин айирбошланадиган валютага айирбошлаб,
маблағларни норезидент акциядор тақдим этган банк ҳисобварағига ўтказиб
бериши шартлиги белгиланган.
Ҳақиқатдан ҳам даъвогар Ўзбекистон Республикаси норезиденти
ҳисобланади. Бироқ, мазкур ҳолатда даъвогарга тегишли акцияларга
ҳисобланган дивидендлар жамиятдан эмас, балки Қашқадарё вилоят
Иқтисодиёт ва молия бошқармасидан ундирилиши сабабли даъвогарнинг
дивидендлар суммасини Еврода ундириш талаби асоссиздир. Яъни, Қонун
51-моддасининг еттинчи қисмида белгиланган мажбурият АЖнинг
мажбурияти ҳисобланади. Шунинг учун даъво талаби Еврода эмас, балки
3 398 712,9 минг сўм миқдорида қаноатлантирилиши лозим.
ИПК 278-моддасининг 2-бандида апелляция инстанцияси суди
апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув
қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга
ҳақли эканлиги белгиланган.
ИПК 279-моддасининг биринчи қисмига кўра, иш учун аҳамиятли
ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш
учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги,
ҳал қилув
қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги,
моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри
қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини
ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли ҳолатлар
тўлиқ аниқланмаган ва моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган.
Шунинг учун ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қисман
қаноатлантиришни, Қашқадарё вилоят Иқтисодиёт ва молия бошқармасидан
даъвогар фойдасига 3 398 712 900 сўм ундириш ҳақида янги қарор қабул
қилиш, даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантиришни рад этиш
лозим. Шу билан бирга, судлов ҳайъати даъво талабининг қаноатлантириш
рад этилган қисми бўйича, ишни биринчи ва апелляция инстанцияси судида
кўриш билан боғлиқ 11 324 347 (3 776 187 814 (талаб қилинган сумманинг
сўмдаги ҳисоби) - 3 398 712 900 (ундирилиши лозим бўлган сумма) =
377 474 914 (қаноатлантириш рад этилган сумма) сўм х 3 %) давлат божини
Қашқадарё вилоят Иқтисодиёт ва молия бошқармасидан ундириш, даъвогар
фойдасига ундирилиши лозим бўлган 3 398 712 900 сўмдан 11 324 347 сўмни
чегириб, даъвогар фойдасига 3 387 388 553 сўм ундиришни лозим топади.
“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Републикаси Қонуни биринчи
қисмининг 12-бандида давлат солиқ хизмати органлари, молия ва божхона
органлари - барча ишлар ҳамда ҳужжатлар бўйича, шунингдек алоҳида
юритиладиган ишлар бўйича судга аризалар берганлик учун иқтисодий
судларда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилиниши белгиланган.
Шу сабабли даъвони қаноатлантирилган қисми бўйича давлат божи
ундирилмайди. Даъво қисман қаноатлантирилганлиги сабабли даъвогар
томонидан тўланган почта харажатини унинг зиммасида қолдириб, суд
муҳокамасини видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ суд
харажатларини Қашқадарё вилоят Иқтисодиёт ва молия бошқармасидан
ундириш лозим.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий
процессуал кодексининг 118, 278-280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
“Treston Holding LLC” компаниясининг апелляция шикояти қисман
қаноатлантирилсин.
Қашқадарё вилоят судининг 2021 йил 10 декабрдаги ҳал қилув қарори
бекор қилинсин.
Янги қарор қабул қилинсин.
“Treston Holding LLC” компаниясининг даъво талаби қисман
қаноатлантирилсин.
Қашқадарё вилоят Иқтисодиёт ва молия бошқармасидан “Treston
Holding LLC” компанияси фойдасига 3 387 388 553 сўм дивиденд суммаси
ундирилсин.
Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин.
Қашқадарё вилоят Иқтисодиёт ва молия бошқармасидан:
- республика бюджетига 11 324 247 сўм давлат божи;
- Олий суднинг депозит ҳисоб рақамига ишни видеоконференцалоқа
режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажатлари ундирилсин.
Ижро варақалари берилсин.
Қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Мазкур қарор устидан Иқтисодий процессуал кодексида белгиланган
тартибда ва муддатда кассация шикояти берилиши мумкин.
Раислик қилувчи:
Б. Сайфуллаев
ҳайъат аъзолари:
И. Таджиев
Р. Сагатов