Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1905-2203/1203 Дата решения 31.03.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Сагатов Равшан Мирсидикович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение АТБ "КИШЛОК КУРИЛИШ БАНК" Ответчик / Подсудимый "Улуғбек олтин замини" хусусий корхонаси
Source ID 1057639 Claim ID 3110667 PDF Hash bc7ef749af7ed1de... Загружено 09.04.2026 07:51 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 5
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
нинг 236-моддаси нинг 236 law
ФКнинг 735-моддаси ФКнинг 735 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
йича ушбу Кодекс 302-моддаси йича ушбу Кодекс 302 code_article
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1905-2203/1203-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда кўрган судья – З.Тожиев Апелляция инстанциясида маърузачи судья- А.Махаммадиев Кассация инстанциясида маърузачи судья- Р.М.Сагатов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ ҚАРОРИ 2023 йил 31 март Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари И.Таджиев ва Р.Сагатовдан иборат таркибда, Б.Жўраевнинг котиблигида, даъвогар вакили З.Ярашов (2023 йил 13 мартдаги 32-09/17-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармасининг акциядорлик тижорат “Qishloqqurilishbank” манфаатида жавобгар “Улуғбек олтин замини” хусусий корхонасидан 1 224 700 000 сўм ундириш, ундирувни гаровга қўйилган мулкка қаратиш ҳақидаги даъво аризаси бўйича қабул қилинган Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 18 октябрдаги қарори устидан “Улуғбек олтин замини” хусусий корхонаси томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий суди биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) акциядорлик тижорат “Qishloqqurilishbank” (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида даъво аризаси билан судга мурожаат қилиб, “Улуғбек олтин замини” хусусий корхонаси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 1 224 700 000 сўм ундириш, ундирувни гаровга қўйилган мулкка қаратишни сўраган. Денов туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 12 августдаги ажрими билан даъвогарнинг даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган. Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 18 октябрдаги қарори билан 2022 йил 12 августдаги ажрим бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган. Денов туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 23 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига асосий кредит қолдиғидан жами 1 164 574 000 сўм қарз ва 24 000 сўм почта харажатларини ундириш, ундирувни гаров мулкларига қаратиш, даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этиш, жавобгардан республика бюджети ва суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 24 494 000 сўм давлат божи ундириш белгиланган. 1 Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 12 январдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Иш юзасидан қабул қилинган апелляция инстанцияси судининг қароридан норози бўлиб, жавобгар касссация шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатини бекор қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда тарафлар ўртасида 2021 йил 15 мартда тузилган 61-сонли кредит шартномасининг 7.2-бандига кўра, низони судгача ҳал қилишда талабнома юбориш тартибига амал қилиши ва шартноманинг 7.4-бандида талабномада белгиланган муддат 30 кун ичида жавобгар қарз олувчи унда кўрсатилган талабларни лозим даражада бажармаганда, кредитор банк тегишли талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги кўрсатилганлиги, даъвогар жавобгарга талабнома юбормаганлигини кўрсатган. Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили кассация шикоятига эътироз билдириб, жавобгарга мавжуд фоиз қарздорлигини 2023 йил 29 мартга қадар қоплаб беришни, шундан сўнг банк жавобгар билан келишув битими тузиши мумкинлигини маълум қилганлиги, бироқ жавобгар кредитнинг фоиз қарздорлигини қоплаб бермаганлигини билдириб, шу боис кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни сўради. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинган Палата ва жавобгар вакиллари суд мажлисида иштирок этмадилар. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов ҳайъати ишни уларнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан шикоятни қисман қаноатлантиришни ва суд ҳужжатларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади. Иш ҳужжатларига кўра, даъвогарнинг Шўрчи филиали ва жавобгар ўртасида 2021 йил 15 мартда 61-сонли кредит шартномаси тузилган. Мазкур шартномага кўра, даъвогар жавобгарга йиллик 21 фоиз устама тўлаш шарти билан 36 ой муддатга, яъни 2024 йил 14 мартгача “Истеъмолчи кутубхонаси ва маиший хизмат кўрсатиш ва меҳмонхона хизмати мажмуаси” қурилиши учун қурилиш материалларини сотиб олиш мақсадида 1 800 000 000 сўм миқдорида кредит маблағини ажратиш, жавобгар эса иловадаги жадвал асосида тўловларни амалга ошириш мажбуриятини олган. Кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида даъвогар ва жавобгар ўртасида 2021 йил 7 мартда нотариал тартибда ипотека шартномаси тузилган бўлиб, унда жавобгарга тегишли бўлган Олтинсой тумани Оқарбулоқ 2 маҳалласида жойлашган (кадастр рақами 19:09:04:01:04:0679) қандолат нон ва макарон маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехи гаровга қўйилган. Шунингдек, 2021 йил 7 сентябрда тарафлар ўртасида тузилган ипотека шартномасига асосан жавобгарга тегишли Сурхондарё вилояти, Олтинсой тумани, Бўстон маҳалласи, Мустақиллик кўчаси ҳудудининг 310.00 кв.метр ер майдонида жойлашган (кадастр номери 19:09:09:01:03:0974) маиший хизмат кўрсатиш ҳамда меҳмонхона биносини ердан фойдаланиш ҳуқуқи билан ипотекага тақдим этилган. Кредит шартномасининг 4.3-бандида кредитнинг асосий қарзи ва фоиз тўловларининг мунтазам кечиктириб тўланиши, кредитни тўлов жадвали асосида уч ёки ундан ортиқ маротаба бузилиши даъвогарни кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиб, кредит қарздорлигини ундириш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Шу боис, Палата даъвогар манфаатида кредит шартномаси ҳамда тўлов графигига асосан қарздор ҳар ойнинг охирги санасида асосий қарз ва фоизларни тўлаш мажбуриятини олган бўлса-да, ушбу тўлов графиги бузилиши натижасида жавобгарнинг даъвогар олдида судга мурожаат қилинган кунда асосий кредит қолдиғидан 1 180 000 000 сўм, шундан муддатли кредит қарзи 1 130 800 000 сўм, муддати ўтган 49 200 000 сўм кредит қолдиғига ҳисобланган кредит фоизидан 44 700 000 сўм, жами 1 224 700 000 сўм қарздорлик вужудга келганлиги асоси билан судга даъво аризаси билан мурожаат қилган. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг 236-моддасига асосан, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. ФК 333-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради. ФКнинг 735-моддасига кўра, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт. ФК 736-моддасининг иккинчи қисмида агар қарз шартномасида қарзни қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли эканлиги белгиланган. Даъвогар даъво аризасига илова сифатида санаси кўрсатилмаган судгача огоҳлантириш хатини жавобгарга юборганлиги ҳақидаги почта реестрини илова қилган. Жавобгар томонидан тақдим этилган Олтинсой тумани алоқа бўлими бошлиғи М.Йўлдошеванинг маълумотномасида эса, 2022 йил март ойидан сентябрь ойига қадар фуқаро А.Омонов ёки “Улуғбек олтин замини” хусусий корхонаси номига даъвогарнинг Шўрчи филиали томонидан бирор-бир хат 3 Олтинсой тумани алоқа бўлимига етиб келмаганлиги ёки рўйхатга олинмаганлиги маълум қилинган. Жавобгар биринчи ва апелляция инстанцияси суди мажлисларида тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномасининг 7.2-бандига асосан қарз олувчи кредит шартномаси бўйича кредитнинг асосий суммасини қайтариш ва (ёки) фоизларни тўлаш муддатларини бузганда, даъвогар жавобгарга талабнома юбориш тартиби белгиланганлиги, бироқ, даъвогар жавобгарнинг Сурхондарё вилояти, Олтинсой тумани, “Чеп” қишлоқ фуқаролар йиғини, “Ипоқ” маҳалласига почта орқали талабнома юборилганлигини тасдиқловчи реестр сохталаштирилганлигини баён қилган. Жавобгар вакили худди шундай важни кассация инстанцияси судининг олдинги суд мажлисларида ҳам билдирди. Бироқ, судлар жавобгарнинг важларига тегишли тартибда баҳо бермасдан, жавобгар раҳбари А.Омонов Сурхондарё вилоят суди иқтисодий иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ёзма тушунтириш хати ёзиб берганлиги, унда тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномасига асосан қарздорликни тўлаш тўғрисидаги банкнинг талабномаси юборилганлиги, талабнома билан танишиб, ундан хабардор бўлганлиги, шунингдек тушунтириш хатини ўз сўзи ва қўли билан ёзганлигига асосланиб, даъвогар талабнома юбориш тартибига риоя қилганлиги ҳақида барвақт хулосага келган. Судлар томонидан жавобгарни важларини текшириш ва уларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида, почта реестрини асл нусхаси талаб қилиб олинмаган ва у ишдаги реестр билан солиштириб кўрилмаган. Кейинчалик, биринчи инстанция судида даъвогарнинг Шўрчи филиали ва жавобгар ўртасида медиация келишуви тузилган. Бироқ ушбу келишувга Шўрчи филиали бошқарувчиси С.Шаймуратовнинг имзолаш ҳуқуқи мавжуд бўлмаганлиги асоси билан биринчи инстанция суди томонидан кўриб чиқилмаган. Бундан ташқари, даъвогарнинг 2022 йил 12 августдаги 07101-308-сонли маълумотномасида жавобгарнинг муддати ўтган асосий кредит қарзи 235 450 сўмни, кредит қолдиғига ҳисобланган кредит фоизидан 3 570 000 сўмни ташкил қилиши қайд этилган. Яъни, жавобгар томонидан даъво талабидаги 93 900 000 сўмдан биринчи инстанция судининг 2022 йил 12 августдаги ажрими чиқарилгунга қадар жавобгарнинг қанча миқдорда қарздорлиги мавжуд бўлганлиги судлар томонидан ўрганилмаган. Шунингдек, даъвогар вакили суд мажлисида даъво аризаси киритилгунга қадар, яъни 2022 йил 7 февралда жавобгар манзилига 02/01-258-сонли талабнома юборилганлигини баён қилган бўлса-да, ушбу талабномада 2022 йил февраль ҳолатига кредит бўйича қайтарилиши лозим бўлган сумма 30 518 000 сўмни тўлаши кўрсатилган. Демак, судлар томонидан даъвогарнинг 2022 йил апрель ҳолатига юзага келган қарздорлик бўйича талабнома жавобгарга юборилганлиги ва у томонидан қабул қилиб олинганлиги ҳолатига ҳуқуқий баҳо берилмаган. ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига биноан иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги биринчи инстанция судининг 4 ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. ИПК 301-моддасининг 3-бандига асосан кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлганда, ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган суд инстанциясига юборишга ҳақли. Баён этилганларга кўра судлов ҳайъати кассация шикоятини қисман қаноатлантирилишни, иш юзасидан қабул қилинган биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилишни ҳамда ишни янгидан кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади. Ишни янгидан кўришда тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномасининг 7.2-бандига, яъни даъвогар томонидан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) қоидаларига риоя қилинганлигини ўрганиш, кредит қарздорлиги даъво аризаси киритилган вақтда мавжуд бўлган ёки бўлмаганлиги ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериб, қонуний ва асослантирилган суд ҳужжатини қабул қилиш ҳамда суд харажатлари, шу жумладан кассация инстанцияси судида ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ харажатларни ҳам тақсимлаш масаласини ҳал қилиш лозим бўлади. Юқоридагиларга асосан ва ИПКнинг 301 - 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: “Улуғбек олтин замини” хусусий корхонасининг кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин. Денов туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 23 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 12 январдаги қарори бекор қилинсин. Иш янгидан кўриш учун Денов туманлараро иқтисодий судига юборилсин. Денов туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 23 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 12 январдаги қарори бўйича ундирув бекор қилинсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Б.Сайфуллаев ҳайъат аъзолари И.Таджиев Р. Сагатов 5