Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-2001-1903/462 Дата решения 29.03.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Маҳмудов Шуҳрат Муҳаммадович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Бухоро тумани хокимияти Ответчик / Подсудимый Кобдин деҳқон фермер хўжалиги
Source ID 1056420 Claim ID 3164438 PDF Hash 0f178f858d096514... Загружено 09.04.2026 07:57 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 10
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 328-моддаси ИПК 328 law
бундан ушбу Кодекс 327-моддаси бундан ушбу Кодекс 327 code_article
бундан ИПК 327-моддаси бундан ИПК 327 law
ИПК 327-моддаси ИПК 327 law
тгандан кейин берилган ариза ИПК 331-моддаси тгандан кейин берилган ариза ИПК 331 law
ИПК 110-моддаси ИПК 110 law
ИПК 331-моддаси ИПК 331 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-2001-1903/462-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья – Д.Чориев Апелляция инстанциясида маърузачи судья – М.Қодирова Кассация инстанциясида маърузачи судья – Ш.Маҳмудов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 29 март Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Ш.Маҳмудовнинг раислигида, судьялар А.Абдуллаев ва Б.Исрайловдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, даъвогарнинг вакили Х.Ҳамроев, жавобгарнинг вакиллари Қ.Кенжаев (раҳбар), И.Арабов, Давлат кадастрлар палатаси Бухоро тумани филиали вакили И.Ҳасанов, “Аслонобод анори” фермер хўжалигининг вакиллари Ш.Салимов ва Р.Дилиевнинг иштирокида, даъвогар Бухоро тумани ҳокимлигининг жавобгар “Кобдин” фермер хўжалигига нисбатан 2010 йил 14 декабрда тузилган 513-сонли ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 30 сентябрдаги ажрими ва Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 1 ноябрдаги қарори устидан “Кобдин” фермер хўжалиги томонидан берилган кассация шикоятини Олий суднинг биносида видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Бухоро тумани ҳокимлиги (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Кобдин” фермер хўжалиги (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) билан 2010 йил 14 декабрда тузилган 513-сонли ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини бекор қилишни сўраган. Биринчи инстанция судининг 2019 йил 18 мартдаги ва 25 мартдаги ажримлари билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида Бухоро туман ер ресурслари ва давлат кадастр хизмати, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими ҳамда “Аслонобод анори” фермер хўжалиги жалб қилинган. Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 8 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Навоий вилоят иқтисодий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 16 июлдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Жавобгар 2022 йил 28 сентябрда судга ариза билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида ижара шартномаси умуман бўлмаганлиги ва давлат рўйхатидан ўтмаганлиги, шартномаларни рўйхатдан ўтказиш китобида мавжуд эмаслиги, тендер ўтказилмасдан фермер хўжалигининг ерлари 3 та фермерга бўлиб берилганлиги, “Аслонобод Анори” фермер хўжалигининг туман ҳокимлиги билан ижара шартномаси суд томонидан бекор қилинганлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2019 йил 9 январдаги ҳал қилув қарори кучда эканлиги, юқоридаги ҳолатлар унга маълум эмаслиги ва маълум бўлиши мумкин эмаслигини билдириб, ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклашни ҳамда Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 8 апрелдаги ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни сўраган. Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 30 сентябрдаги ажрими билан “Кобдин” фермер хўжалигининг ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантириш рад этилиб, суднинг 2019 йил 8 апрелдаги ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар жавобгарга қайтарилган. Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 1 ноябрдаги қарори билан Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 30 сентябрдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилган. Жавобгар мазкур суд ҳужжатларидан норози бўлиб кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 30 сентябрдаги ажримини ва Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 1 ноябрдаги қарорини бекор қилишни сўраган. Суд мажлисида иштирок этган жавобгарнинг вакиллари кассация шикоятини қувватлаб, биринчи инстанция суди аризани асоссиз қайтарганлигини билдириб, мазкур ажримни, апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилишни ҳамда кассация шикоятини қаноатлантиришни сўрадилар. Даъвогарнинг ҳамда “Аслонобод анори” фермер хўжалигининг вакиллари жавобгарнинг кассация шикояти асоссиз эканлигини маълум қилиб, суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни сўрадилар. Давлат кадастрлар палатаси Бухоро тумани филиали вакили иш юзасидан қонуний қарор қабул қилишни сўради. Суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган Бухоро тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими суд мажлисида иштирок этмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Судлов ҳайъати жойида маслаҳатлашиб, ишни уларнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди. Судлов ҳайъати, тарафлар вакилининг тушунтиришларини тинглаб, иш ҳужжатларини ўрганиб, қуйидагиларга кўра, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан, суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПК 328-моддасининг биринчи, учинчи ва тўртинчи қисмларига кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган судга суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай, ишда иштирок этувчи шахслар ёки прокурор томонидан берилади. Ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддати, ариза билан мурожаат қилган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, суд томонидан тикланиши мумкин. Суд ҳужжати қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил ўтгач берилган аризалар кўриб чиқилмайди, бундан ушбу Кодекс 327-моддасининг 2-4-бандларида назарда тутилган асослар бўйича берилган аризалар мустасно. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда иқтисодий процессуал қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида” 2003 йил 25 июлдаги 11-сонли қарори 8-бандининг тўртинчи хатбошисида, ИПК 328-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, суд ҳужжати қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил ўтгач берилган ариза кўриб чиқилмаслиги, бундан ИПК 327-моддасининг 2-4-бандларида назарда тутилган асослар бўйича берилган аризалар мустасно эканлиги, ИПК 327-моддасининг 1-бандида назарда тутилган асос бўйича суд ҳужжати қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил ўтгандан кейин берилган ариза ИПК 331-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан қайтарилиши, агар кўрсатилган ҳолат ариза иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, ИПК 110-моддасининг 1-бандига мос ҳолда ариза бўйича иш юритиш тугатилиши ҳақида тушунтириш берилган. ИПК 331-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига кўра, агар ариза белгиланган муддат тугаганидан сўнг берилган бўлса ва уни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса, суд қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани қайтаради. Қайд этилганларга кўра, биринчи инстанция суди жавобгарнинг қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризаси ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил ўтгач берилганлигини инобатга олиб, аризани қайтариш тўғрисида, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ажримини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида асосли хулосага келган, ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Судлар иш ҳолатларига мувофиқ қонуний ва асослантирилган суд ҳужжатлари қабул қилганлар, шу сабабли уларни ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас. ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати суд ҳужжатларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса, қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига кўра суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Шунга кўра, кассация шикояти учун олдиндан тўланган 30 000 сўм почта харажатини жавобгарнинг зиммасида қолдириш, 75 000 сўм видеоконференцалоқа харажатларини жавобгардан ундириш лозим. Баён этилганларга асосан, ИПКнинг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л а д и: Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 30 сентябрдаги ажрими ва Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 1 ноябрдаги қарори ўзгаришсиз, “Кобдин” фермер хўжалигининг кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. “Кобдин” фермер хўжалигидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳисоб рақамига 75 000 сўм видеоконференцалоқа харажатлари ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Ш.Маҳмудов ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев Б.Исрайлов