Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1501-2202/2553 Дата решения 23.03.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Сагатов Равшан Мирсидикович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси Ответчик / Подсудимый "Фарғона сув таъминоти" масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1050688 Claim ID 3146267 PDF Hash 0a72687959198976... Загружено 09.04.2026 07:57 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 3
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 107-моддаси ИПК 107 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1501-2202/2553-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья – Д.Акрамова Апелляция инстанциясида маърузачи судья- И.Турсунов Кассация инстанциясида маърузачи судья- Р.М.Сагатов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ ҚАРОРИ 2023 йил 23 март Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари И.Таджиев ва Р.Сагатовдан иборат таркибда, З.Қодировнинг котиблигида, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган Фарғона вилоят судининг ходими С.Каримов, даъвогар вакиллари - бошлиқ ўринбосари А.Марозиқов, Ж.Иброхимов (2023 йил 4 январдаги 01-12/01-сонли ишончнома асосида), жавобгар вакиллари – ҳуқуқшунос Д.Кенжаева (2023 йил 9 мартдаги 01/287-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, даъвогар Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармасининг жавобгар “FARG`ONA SUV TA`MINOTI” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан 8 412 336 800 сўмни истеъмолчилар фойдасига қайтариш мажбуриятини юклаш ва жавобгарга 1 682 467 360 сўм жарима қўллаш ҳақидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Фарғона вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 26 октябрдаги қарори устидан жавобгар томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суд биносида бўлиб ўтган видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) даъво аризаси билан иқтисодий судга мурожаат этиб, “FARG`ONA SUV TA`MINOTI” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) зиммасига нисбатан 8 412 336 800 сўмни истеъмолчиларга қайтариш мажбуриятини юклаш ва жавобгарга 1 682 467 360 сўм жарима қўллашни сўраган. Даъвогар биринчи инстанция суди мажлисида даъво талабларини ўзгартириб, даъво муддатини инобатга олган ҳолда 2020 йилда ортиқча ушлаб қолинган 3 145 572 500 сўм пул маблағини истеъмолчилар фойдасига қайтаришни ва жавобгарга ушбу суммани 20 фоизи миқдорида 629 114 500 сўм жарима кўллаш ҳақидаги аризани тақдим этган. Биринчи инстанция судининг ажрими билан даъвогарнинг даъво талабини ўзгартириш ҳақидаги аризаси иш юритишга қабул қилинган. Биринчи инстанция суди томонидан ишга мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида Фарғона вилояти Молия бошқармаси ва “O`ZSUVTA`MINOT” акциядорлик жамияти жалб қилинган. Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 25 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг қўшимча даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгар зиммасига 3 145 572 500 сўм пул маблағини истеъмолчилар фойдасига қайтариш мажбурияти юклатилиб, унга нисбатан 314 557 250 сўм жарима қўлланилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 21 600 сўм почта харажатлари ва суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажатлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди депозит ҳисоб рақамига ундирилиши белгиланган. Фарғона вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 26 октябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, янги қарор қабул қилинган. Даъво талаби қисман қаноатлантирилган. Жавобгардан 197 710 та хонадоннинг истеъмолчиларига 3 142 572 500 сўм пул маблағлари қайтарилиши, жавобгарга нисбатан 314 557 258 сўм жарима қўлланилиши белгиланган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларидан норози бўлиб жавобгар кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатларини бекор қилиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланилиши, лекин даъвогар шаҳар ва туманларида 2018, 2019, 2020 йилларда кўча колонкасидан сув ташиб ичган фуқароларга нисбатан тўловга 1,5 коэффициент қўлланилганлиги учун 8 412 336 800 сўмни истеъмолчилар фойдасига ундиришни сўраганлиги, бунда даъво муддати бузилганлиги, даъвогар судга даъво аризасини 2022 йилнинг май ойида киритган бўлиб, ҳисоб-китобни 3 йил муддат бўйича ҳисоблаши лозим бўлганлиги, шу сабабли даъвогар даъво талабини ўзгартириб, 2020 йилда ортиқча ушлаб қолинган 3 145 572 500 сўм пул маблағини истеъмолчилар фойдасига қайтариш мажбуриятини юклаш ҳамда ушбу сумманинг 20 фоизи миқдорида жарима қўллаш тўғрисида ариза киритганлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 6 ноябрдаги 300-сонли қарорининг 10-бандида иссиқ ва совуқ сув ҳисоблагичлари бўлмаган аҳолига етказиб бериладиган иссиқ ва совуқ сув нархини тўлаш иссиқ ва совуқ сув таъминоти хизматлари учун белгиланган тарифларга 1,5 орттирилувчи коэффициентдан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган “Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш” Қоидаларнинг 87-бандида сувни ҳисобга олиш асбоби билан таъминланмаган I гуруҳ истеъмолчиларига кирувчи кўчадаги умумий фойдаланадиган ичимлик суви колонкасидан ташиб ичувчилар томонидан сарфланган ичимлик суви миқдори суткасига киши бошига 50 литр қилиб белгиланганлиги, бунда сувни ҳисобга олиш асбоби ўрнатилмаган тақдирда, қайси ҳолатларда сув таъминоти хизматлари учун белгиланган тарифларга истисно тариқасида 1,5 орттирилувчи коэффициент қўлланилмаслиги масаласи назарда тутилмаганлигини кўрсатган. Cуд мажлисида жавобгар вакили кассация шикоятини қаноатлантиришни, суд ҳужжатларини бекор қилиб, даъво талабларидаги молиявий жарима қўллаш қисмини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўради. Суд мажлисида даъвогар вакиллари кассация шикоятига эътироз билдириб, суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни сўрашди. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилинган учинчи шахс вакиллари суд мажлисига келмадилар. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов ҳайъати ишни уларнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб ва шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд ҳужжатларини бекор қилиб, даъвогарнинг даъвосини кўрмасдан қолдириш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 11 сентябрдаги ПФ-5817-сонли қарори 1-бандининг олтинчи хатбошисида Вазирлар Маҳкамасининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ваколатли давлат органи ҳисобланувчи Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилганлиги кўрсатилган. Ушбу Агентликнинг асосий вазифалари этиб истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалий ижросини таъминлаш, истеъмолчиларнинг товарлар (ишлар, хизматлар), уларнинг ишлаб чиқарувчиси, ижрочиси ва сотувчиси тўғрисидаги ҳаққоний ва тўлиқ маълумотларни, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда олиш имкониятларини таъминлаш, аҳолининг истеъмолчилик билими ва саводхонлигини оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, истеъмолчиларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш, шунингдек, товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсизлиги ва уларнинг сифатини назорат қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши сабабларини таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши ҳолатларининг олдини олиш, тадбиркорлик ва истеъмолчилик маданиятини такомиллаштириш, реклама соҳасида ноҳалол рақобатга ва нотўғри рекламанинг юзага келишига йўл қўймаслик мақсадида реклама бозорини тартибга солиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, истеъмол бозорини, давлат томонидан нарх-навоси тартибга солинадиган товарларга (ишларга, хизматларга) нархларнинг динамикаси ва нарх шаклланиши механизмларини ўрганиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш масалалари бўйича хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш белгиланган. Мазкур қарорнинг 3-банди билан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармаларига уларнинг ташкилий тузилмасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаларини ташкил этиш учун қўшимча 142 нафар штат бирлиги ажратилган. Қарорнинг 4-бандида эса, Агентликка истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини бузган шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш учун судларга аризалар билан мурожаат қилиш ҳуқуқи берилган. Иш ҳужжатларига кўра, даъвогарга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 январдаги ПҚ-4126-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 майдаги 402-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси тўғрисида”ги Низом (1-илова) айнан да даъвогарга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ёки реклама бозорини тартибга солиш бўйича вазифа ва функция белгиланмаган бўлса-да, у (даъвогар) иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат этиб, жавобгарга нисбатан 8 412 336 800 сўмни истеъмолчиларга қайтариш мажбуриятини юклаш ва 1 682 467 360 сўм жарима қўллашни сўраган. Демак, аризасида билдирилган талаб билан иқтисодий судга Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси мурожаат қилиши лозим бўлган. Бундан кўринадики, А.Марозиқов бошқарма бошлиғи эканлигини билдирган бўлса-да, даъво аризаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси номидан эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси номидан берилган. ИПК 107-моддасининг биринчи қисми 3-бандига асосан даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади. ИПК 301-моддасининг биринчи қисми 5-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд даъвони тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга ҳақли. Баён қилинганларга асосан судлов ҳайъати, кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни, суд ҳужжатларини бекор қилиб, даъвогарнинг даъво талабларини кўрмасдан қолдиришни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилишини инобатга олиб, даъвогар зиммасига юклатилади. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 январдаги ПҚ-4126-сонли қарорининг 14-бандига мувофиқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судларда кўриб чиқиладиган барча ишлар ҳамда ҳужжатлар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинган. 5 Шу боис, кассация инстанцияси суди мазкур иш бўйича даъвогардан давлат божини ундирмасдан қолдиради. Даъвогардан жавобгарга эса 54 000 сўм почта харажатлари ундирилиши лозим бўлади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 107, 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасининг кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин. Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 25 июлдаги ҳал қилув қарори ва Фарғона вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 26 октябрдаги қарори бекор қилинсин. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасининг даъво аризаси кўрмасдан қолдирилсин. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасидан: - “FARG`ONA SUV TA`MINOTI” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 54 000 сўм почта харажатлари; - Олий суднинг депозит рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажатлари ундирилсин. Ижро варақалари берилсин. Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 25 июлдаги ҳал қилув қарори ва Фарғона вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 26 октябрдаги қарорининг суд харажатларини ундиришга оид қисми бўйича ундирув бекор қилинсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Б.Сайфуллаев ҳайъат аъзолари: И. Таджиев Р. Сагатов