Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-2201-2201/2410 Дата решения 10.03.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Саттарова Волида Рустамовна Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение ABDULLAYEV MASHARIF ABDULLAYEVICH фермер хўжалиги Ответчик / Подсудимый O`ZAGROLIZING акционерлик жамияти
Source ID 1051183 Claim ID 3110780 PDF Hash 7e06e29338523cb3... Загружено 09.04.2026 07:57 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 3
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-2201-2201/2410-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья – Н.Аллаберганова Апелляция инстанциясида маърузачи судья – М.Курбанов Кассация инстанциясида маърузачи судья – В.Сатторова ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 10 март Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Р.Хайдаровнинг раислигида, ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев ва В.Сатторовадан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, Хонқа тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Х.Қазақов, даъвогар “Абдуллаев Машариф Абдуллаевич” фермер хўжалиги вакили Б.Машарибов, жавобгар “Ўзагролизинг” АЖ вакили В.Ибрагимовнинг иштирокида, Хонқа тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг даъвогар “Абдуллаев Машариф Абдуллаевич” фермер хўжалиги манфаатида жавобгар “Ўзагролизинг” акциядорлик жамиятига нисбатан 2021 йил 25 январдаги 21/13-4-007-УФ-сонли лизинг шартномасининг 3.3 ва 6.2.2-бандларида белгиланган талабларини бажариш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 18 августдаги ҳал қилув қарори ва Хоразм вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 17 октябрдаги қарори устидан Хонқа тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Хонқа тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади), “Абдуллаев Машариф Абдуллаевич” фермер хўжалиги (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида Урганч туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Ўзагролизинг” АЖ (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)га нисбатан 2021 йил 25 январдаги тузилган 21/13-4-007-УФ-сонли лизинг шартномасининг 3.3 ва 6.2.2-бандларида белгиланган талабларини бажариш мажбуриятини юклашни сўраган. Суднинг 2022 йил 8 августдаги ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Хоразм вилоят молия ва ғазначилик бошқармалари жалб қилинган. Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 18 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган. Хоразм вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 17 октябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд қарорлари устидан Кенгаш кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатларини бекор қилиб, даъво талабларини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган. Суд мажлисида иштирок этган Кенгаш ва даъвогар вакиллри шикоятда келтирилган асосларни такрорлаб, кассация шикоятини қўллаб-қувватлаб, шикоятни қаноатлантиришни, иш бўйича қабул қилинган биринчи инстанция судининг 2022 йил 18 августдаги ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 17 октябрдаги қарорини бекор қилиб, даъво талабларини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўрашди. Жавобгар вакили шикоятда келтирилган важлар асоссиз эканлиги, судлар томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилган ҳолда суд ҳужжатлари қабул қилинганлигини билдириб, шикоятни рад этишни сўради. Суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинган ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Хоразм вилоят молия ва ғазначилик бошқармалари вакиллари суд мажлисида иштирок этмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунга кўра судлов ҳайъати ишни учинчи шахслар вакили иштирокисиз кўришни лозим топди. Судлов ҳайъати, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра Кенгашнинг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида 2021 йил 25 январда 21/13-4-007 УФ-сонли Лизинг шартномаси тузилган. Шартноманинг шартларига асосан жавобгар даъвогарнинг буюртмасига асосан 1 дона “SAPHIR 7/300-DS” русумли механик дон экиш сеялкасини “LEMKEN CHIRCHIQ” МЧЖ ҚКдан ўз маблағлари ва тижорат банкларидан жалб этилган кредит маблағлари ҳисобидан ўз мулки этиб сотиб олиши ва даъвогарга лизингга бериши, даъвогар эса шартнома шартлари асосида техникадан фойдаланиш, эгалик қилиши, лизинг тўловларини шартномада белгиланган муддатларда тўлаш, лизинг тўловлари тўлиқ тўланганидан кейин мулк ҳуқуқини ўзига қабул қилиш мажбуриятини олган. Шартноманинг 3.1-бандида Лизинг объектининг қиймати Сотувчи томонидан белгиланган бўлиб, техниканинг умумий қиймати қўшилган қиймат солиғи билан биргаликда 579 899 920 сўмни ташкил қилган. Шартноманинг 3.2-бандида мазкур шартноманинг умумий суммаси, тўлов графиги лизинг фоизлари йиғиндиси кўрсатилган. Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 3.3-бандида лизинг муддати даврида Лизинг берувчининг даромад фоизи шартноманинг 3.5-бандида белгиланган миқдорда белгиланади ва ушбу лизинг фоизи (маржаси)нинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий фоиз ставкаси ўртасидаги фарқ миқдорида, лекин 10 фоизлик пунктдан кўп бўлмаган миқдоригача бўлган қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалиги давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан “Қишлоқ хўжалиги техникасини кредит ва лизинг шартларида харид қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида”ги Низом ҳамда Жамғарма ва Лизинг берувчи ўртасида тузилган Бош битим асосида ажратиладиган субсидия билан қопланиб берилиши мумкинлиги; Бунда, лизинг фоизи (маржаси)нинг қолган қисми Лизинг олувчи томонидан тўлаб берилади. Жамғарма томонидан субсидия ажратилмаган ҳолларда, лизинг фоизи (маржа) Лизинг олувчи томонидан тўлиқ тўлаб берилиши назарда тутилган. Шартноманинг 3.4-бандида Лизинг олувчи томонидан шартноманинг тўлов жадвалига мувофиқ йиллик 16 фоиз (шу жумладан шартномада белгиланган бошқа лизинг тўловлари)ни ўз вақтида ва миқдорида тўлаб берилмаган тақдирда, Жамғарма томонидан субсидия ажратилмаслиги ва Лизинг олувчи шартноманинг 3.5-бандида белгиланган лизинг фоизи ҳамда бошқа лизинг тўловларини Лизинг берувчига тўлаб бериши белгиланган. Шунингдек, тарафлар ўртасидаги шартноманинг 3.5-бандида эса лизинг муддати даврида Лизинг берувчининг даромад фоизи йиллик 26 фоиз миқдорида белгиланади, деб келишилган. Шартноманинг 6.2.2-бандида лизинг олувчининг ҳуқуқи сифатида Лизинг берувчидан шартномани шартларини лозим даражада бажарилишини талаб қилиш шарти кўрсатилган. Шунга кўра, фермер хўжалиги жавобгарга 2021 йил 21 октябрда 25-сонли талабнома юборган. Жавобгар бунга рози бўлмаганидан кейин фермер хўжалиги Кенгашга мурожаат қилган ва кенгаш орқали судга тарафлар ўртасидаги шартноманинг 3.3 ва 6.2.2-бандлари талабларини бажариш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги даъво билан мурожаат қилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 ноябрдаги 952-сонли “Қишлоқ хўжалигини механизациялашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалигини механизациялашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бандига асосан субсидия — маҳаллийлаштириш даражаси 25 фоиздан кам бўлмаган республикадаги қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олишда ушбу техника қийматининг 15 фоизини ҳамда сотиб олинган лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатлари қийматининг 30 фоизини қоплаш мақсадида харидорга ажратиладиган маблағлардир. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасини бошқариш департаменти билан акциядорлик жамияти ўртасида 2021 йил 11 ноябрда Бош битим 578/2021-03-ЛИЗИНГ шартномаси имзоланганлигини, ушбу шартноманинг 2.2-бандида субсидия ажратиш яъни механик сеялкалар учун 5 йил муддатга расмийлаштирилган бўлса, субсидия ажратилиши назарда тутилган. “Қишлоқ хўжалиги техникасини кредит ва лизинг шартларида харид қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида”ги Низомининг (Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 578-сон қарорига 1-илова) 2-бандига (шартнома тузиш пайтда амалда бўлган таҳрирда) кўра, қишлоқ хўжалиги техникаси тушунчасига Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган, ғалла ўриш ва пахта териш техникасидан ташқари барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари, жумладан ҳайдов, чопиқ, транспорт ва боғдорчилик тракторлари, уч ва ундан ортиқ корпусли айланма омочлар ҳамда кўп вазифали пневматик ва механик сеялкалар киради. Иш ҳужжатларида “LEMKEN CHIRCHIQ” қўшма корхонаси томонидан жавобгарнинг Хоразм вилоят филиалига 2022 йил 30 июнь куни йўлланган 57-сонли маълумот хати мавжуд. Мазкур хатида “SAPHIR 7/300” русумли дон экиш сеялкасининг бутловчи қисмлари Германия Республикасида ишлаб чиқарилиб, Ўзбекистонда йиғилганлиги сабабли шунингдек, бу техниканинг локализация даражаси етарли бўлмаганлиги сабабли субсидия ажратишга оид сертификат берилмаслиги баён этилган. Демак, мазкур ҳолатда Лизинг объекти ҳисобланган ва Германияда ишлаб чиқарилган ушбу техникага субсидия ажратилмаслиги назарда тутилган. Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 3.3-бандида лизинг фоизи (маржаси)нинг ажратиладиган субсидия билан қопланиб берилиши мумкинлиги деб келишилган. Шу боис биринчи инстанция суди даъвогарнинг 2021 йил 25 январдаги 21/13-4-007-УФ-сонли лизинг шартномасининг 3.3 ва 6.2.2-бандларида белгиланган талабларини бажариш мажбуриятини жавобгарга юклаш тўғрисидаги даъво аризасини қаноатлантиришни рад этишда моддий ва процессуал қонун нормаларини тўғри қўллаган ҳолда қонуний хулосага келган. Ўз навбатида апелляция инстанцияси суди ҳам асосли равишда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган. ИПК 302-моддасининг биринчи қисмида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар келтирилган бўлиб, мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас. ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни 5 ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Баён этилганлардан келиб чиқиб, судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни ва иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ олдиндан тўланган почта харажатини Кенгашнинг зиммасида қолдириш ва ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ харажатларни даъвогардан ундириш лозим бўлади. Баён этилганларга асосан, ИПКнинг 118, 301 - 303 ва 305-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати Хонқа тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилсин. Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 18 августдаги ҳал қилув қарори ва Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 17 октябрдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин. “Абдуллаев Машариф Абдуллаевич” фермер хўжалигидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг депозит ҳисоб рақамига 75 000 сўм видеоконференцалоқа харажатлари ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Р.Хайдаров ҳайъат аъзолари: А.Абдуллаев В. Сатторова