Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1001-2229/43434 Дата решения 09.03.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Убайдуллаев Бахберген Сагидуллаевич Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "DISCOVER INVEST" масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый "TECNOBETON COMPOSITE TECHNOLOGY" масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1043428 Claim ID 3122091 PDF Hash a85e3be7c10ba7d7... Загружено 09.04.2026 07:57 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 10
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ФК 337-моддаси ФК 337 law
ФКнинг 260-моддаси ФКнинг 260 law
ФКнинг 333-моддаси ФКнинг 333 law
аролик кодексининг 326-моддаси аролик кодекси 326 code_article
Биринчи инстанция суди ФКнинг 326-моддаси Биринчи инстанция суди ФК 326 law
ФКнинг 647-моддаси ФКнинг 647 law
ФКнинг 650-моддаси ФКнинг 650 law
ИПК 295-моддаси ИПК 295 law
олатда ИПК 295-моддаси олатда ИПК 295 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1001-2229/43434-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўришда маърузачи судья Б.Абдурахимов Апелляция инстанциясида маърузачи судья А.Нарзуллаев Кассация инстанциясида маърузачи судья Б.Убайдуллаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 9 март Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья С.Рахмоновнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар О.Халмирзаев ва Б.Убайдуллаевдан иборат таркибда, М.Мирзалиевнинг котиблигида, мазкур иш бўйича қабул қилинган Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 22 сентябрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 29 ноябрдаги қарори устидан “Tecnobeton Composite Technology” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий суди биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) “Power Construction” МЧЖ (“Discover invest” МЧЖга ўзгартирилган) (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Tecnobeton Composite Technology” масъулияти чекланган жамиятидан (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) 392 517 013,50 сўм асосий қарз, 536 258 506,5 сўм пеня ундиришни ҳамда жавобгарга 2200 м2 сифатсиз бажарилган ишларни ўз ҳисобидан бартараф этиш мажбуриятини юклашни сўраган. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 22 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 392 517 013,50 сўм асосий қарз, 160 000 000 сўм пеня ундирилган ҳамда жавобгар зиммасига 2200 м2 сифатсиз бажарилган ишларни ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач 15 кунлик муддатда ўз ҳисобидан бартараф қилиш мажбурияти юклатилган. Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 29 ноябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Жавобгар Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, шикоятда суд қарорларини ўзгартиришни, жавобгардан 160 000 000 сўм пеня ундириш қисмини ўзгартириш ҳақида қарор қабул қилишни сўраган Суд мажлисида тарафлар вакиллари муҳокамаси вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлса-да, уларнинг вакиллари суд мажлисига келмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов ҳайъати ишни тарафлар вакилларининг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Судлов ҳайъати шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни рад қилишни лозим топади. Аниқланишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2020 йил 14 декабрда GI-1002/2020-сонли пудрат шартномаси имзоланиб, унга кўра жавобгар (ёрдамчи пудратчи) ишларни бажариш, даъвогар (бош пудратчи) эса уларни қабул қилиш ва ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Шартноманинг 3.1-бандида бажариладиган ишлар қиймати 1 276 969 200 сўмни ташкил қилиши ва 6.1-бандида ишларни 2021 йил 28 февралга қадар бажариш лозимлиги белгиланган. Мазкур шартномага 2021 йил 1 мартда 1-сонли қўшимча келишув билан ўзгартириш киритилиб, шартнома суммаси 2 173 969 200 сўмга ва ишларни бажариш муддати 2021 йил 25 майга қадар ўзгартирилган. Бундан ташқари, тарафлар ўртасида 2, 3, 4, 5-сонли қўшимча келишувлар имзоланиб, шартнома суммаси ва муддатига ўзгартиришлар киритилган. Шунингдек, 4-сонли қўшимча келишув билан шартнома суммаси 6 058 065 713 сўмга ўзгартирилган. 2021 йил 15 ноябрдаги 5-сонли қўшимча келишув билан ишларни 2021 йил 30 декабрга қадар бажаришга келишилган, шунингдек жавобгар 3 877 287 234,21 сўмлик ишларни бажаришни кечиктирганлиги ва унга 1 182 572 606,43 сўм пеня ҳисобланганлиги қайд этилиб, жавобгар кечиктирилган 3 877 287 234,21 сўмлик ишлар бўйича ижро ҳужжатларини 2021 йил 30 декабрга қадар топшириш мажбуриятини олган. Пудрат шартномасининг 6.8-бандига кўра ишлар тарафлар ўртасида қабул қилиш-топшириш далолатномаси имзоланган вақтдан бошлаб бажарилган деб ҳисобланиши белгиланган. Даъвогар томонидан шартномага мувофиқ жами 3 326 296 342,20 сўм жавобгарнинг банк ҳисоб рақамига ўтказилган. Жавобгар томонидан даъвогарга 2 933 534 328,71 сўмлик ишлар бажарилганлиги ҳақида далолатномалар тақдим қилиниб, қолган 392 517 013,5 сўмлик ишлар бажарилмаган. Шу сабабли биринчи инстанция суди жавобгардан даъвогар фойдасига 392 517 013,50 сўм асосий қарзни ундириш тўғрисида асосли хулосага келган. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 635-моддасига кўра пудрат шартномасида ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги муддатлари кўрсатилади. Тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ, шартномада ишнинг айрим босқичларини тугаллаш муддатлари (оралиқ муддатлар) ҳам назарда тутилиши мумкин. Пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, пудратчи ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги, шунингдек оралиқ муддатларини бузганлик учун жавобгар бўлади. Пудрат шартномасида кўрсатилган ишни бажаришнинг бошланғич, охирги ва оралиқ муддатлари шартномада назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ўзгартирилиши мумкин. ФК 337-моддасининг иккинчи қисмига кўра, агар қарздор ижрони кечиктириб юборганлиги туфайли кредитор учун унинг аҳамияти қолмаган бўлса, у ижрони қабул қилишдан бош тортиши ва зарарни тўлашни талаб қилиши мумкин. Даъвогар даъво аризасида жами 536 258 506,5 сўм, шундан 196 258 506,5 сўм топширилмаган ишлар қиймати учун ва сифатсиз бажарилган ишлар учун 340 000 000 сўм пеня ундиришни сўраган. Пудрат шартномасининг 13.2-бандига кўра ишларни ўз вақтида бажармаган ёрдамчи пудратчи ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,5 фоиз, бироқ шартнома суммасининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда пеня тўлаши белгиланган. Шунингдек, жавобгар бажарган ишлар унинг вакиллари иштирокида ўрганилганда, А Блок биносида 590 м2, Б Блок биносида 420 м2, С Блок биносида 610м2, Д Блок биносида 580 м2, жами 2200 м2 ишлар сифатсиз бажарилганлиги аниқланиб, сифатсиз ишлар суммаси 1 716 000 000 сўм ҳисобланган. Шунга кўра даъвогар томонидан жавобгарга камчиликларни бартараф қилиш юзасидан 2021 йил 23 сентябрда ва 2022 йил 1 августда талабномалар юборилган бўлсада, жавобгар томонидан камчиликлар бартараф қилинмаган. Шартноманинг 13.6-бандида ёрдамчи пудратчи сифатсиз бажарилган ишларни бартараф қилишни кечиктирган ҳар бир кун учун 0,5 фоиз, бироқ сифатсиз ишлар суммасининг 20 фоизидан ошмаган миқдорда пеня ҳисобланиши белгиланган. Шунга кўра сифатсиз бажарилган ишлар бўйича жавобгарга 340 000 000 сўм пеня ҳисобланган. ФКнинг 260-моддасига мувофиқ, қонунчилик ёки шартнома билан белгиланган, қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кредиторга тўлаши шарт бўлган пул суммаси неустойка ҳисобланади. Неустойка тўлаш ҳақидаги талаб бўйича кредитор ўзига етказилган зарарни исботлашга мажбур эмас. ФКнинг 333-моддасига кўра, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, жавоб бериши кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 163-сонли Қарори 4-банди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 326-моддасида суд қарздор томонидан мажбуриятларнинг бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи тарафларнинг мулкий аҳволини, шунингдек кредиторнинг манфаатларини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли эканлиги назарда тутилган. Биринчи инстанция суди ФКнинг 326-моддасини қўллаган ҳолда, пеня суммасини асосли равишда камайтириб, жавобгардан даъвогар фойдасига 160 000 000 сўм миқдорида пеня ундириш ҳақида тўғри хулосага келган. Биринчи инстанция суди даъвогарнинг жавобгар зиммасига 2200 м2 сифатсиз бажарилган ишларни ўз ҳисобидан бартараф этиш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги даъво талабини қаноатлантириш тўғрисида қонуний тўхтамга келган. Чунки, тарафлар имзолаган пудрат шартномасининг 6.10-бандига кўра, агар бош пудратчи судпудратчи томонидан ишлар сифатсиз бажарилганлигини аниқласа, субпудратчи ўз кучи ва ишлар қийматини оширмасдан ўз ҳисобидан келишилган муддатда камчиликларни бартараф қилиш ва сифатини таъминлаш мажбуриятини олган. ФКнинг 647-моддасига кўра пудратчи бажарган иш пудрат шартномасининг шартларига, шартлар бўлмаганида ёки тўлиқ бўлмаганида эса, одатда тегишли турдаги ишларга қўйиладиган талабларга мос келиши керак. Агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бажарилган иш натижаси буюртмачига топшириш пайтида шартномада кўрсатилган ёки одатда қўйиладиган талаблар билан белгиланган хусусиятларга эга бўлиши ва оқилона муддат давомида шартномада назарда тутилганидек фойдаланиш учун, агар у шартномада белгиланган бўлмаса, бундай турдаги ишнинг натижасидан одатдагидек фойдаланиш учун яроқли бўлиши керак. ФКнинг 650-моддасига кўра, агар иш пудратчи томонидан пудрат шартномасидан четга чиққан ҳолда бажарилиб, иш натижасини ёмонлаштирган бўлса, ёки уни шартномада назарда тутилган мақсадлар учун ёхуд шартномада яроқсизлик ҳақида тегишли шартлар бўлмаган тақдирда, одатдаги мақсадлар учун фойдаланишга яроқсиз қилиб қўядиган бошқа камчиликлар билан бажарилган бўлса, буюртмачи, башарти қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ўз хоҳишига кўра пудратчидан: камчиликларни оқилона муддатда бепул бартараф этишни; иш учун белгиланган баҳони мутаносиб равишда камайтиришни; шартномада буюртмачининг камчиликларни бартараф этиш ҳуқуқи назарда тутилган бўлса, уларни бартараф этишга қилган ўз харажатларини қоплашни талаб қилишга ҳақли. Қайд этилган ҳолатларга кўра, биринчи инстанция суди даъво талабларини қисман қаноатлантириш, апелляция инстанцияси суди эса ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида асосли хулосага келган. Кассация шикоятида келтирилган важлар асоссиз бўлиб, суд қарорларини бекор қилиш учун асос бўлмайди. Шунингдек, жавобгар 2023 йил 13 февралдаги 03-сонли хатида билдирилган илтимосномасида суд қарорлари устидан берган кассация шикоятини кўрмасдан қолдиришни сўраган. ИПК 295-моддасининг биринчи қисмига асосан агар кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг унинг имзоланмаганлиги ёхуд уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланганлиги аниқланса, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдиради. Мазкур ҳолатда ИПК 295-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд эмаслиги сабабли жавобгарнинг суд қарорлари устидан берган кассация шикоятини кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги илтимосномаси асоссиз ҳисобланади. ИПК 301-моддасининг 1-бандига биноан кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. 5 Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 22 сентябрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 29 ноябрдаги қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни, жавобгар суд қарорларининг 160 000 000 сўм пеня ундириш қисмига норози бўлганлиги сабабли, суд қарорларининг ушбу қисмини бекор қилиш тўғрисидаги кассация шикояти учун тўланган суд харажатларини жавобгар зиммасида қолдиришни лозим топади. Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301, 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати “Tecnobeton Composite Technology” масъулияти чекланган жамиятининг суд қарорлари устидан берилган кассация шикоятини кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 22 сентябрдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 29 ноябрдаги қарори ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: С.Рахмонов ҳайъат аъзолари: О.Халмирзаев Б.Убайдуллаев