← Назад
Решение #637523 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
7
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| онуни | 11 | — | law | |
| онуни | 20 | — | law | |
| ФКнинг | 116 | — | law | |
| Бундай битимга нисбатан ушбу Кодекс | 114 | — | code_article | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1501-2202/1838-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўрган
судья – Д.Акрамова
Апелляция инстанциясида маърузачи
судья – Ф.Аманов
Кассация инстанциясида маърузачи
судья – Ш.Маҳмудов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қ А Р О Р И
2023 йил 7 март
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати судья Ш.Маҳмудовнинг раислигида, судьялар Р.Хайдаров ва
А.Абдуллаевдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, даъвогарнинг
вакили С.Мухаммаджонов, “Vodil Nurbek Nodirbek bog`i” фермер хўжалигининг
вакили А.Карабаев, “Farg`ona pivo” масъулияти чекланган жамиятининг вакили
Т.Рахматходжаев, Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатаси Фарғона вилоят
ҳудудий бошқармасининг вакили Ш.Сатторовнинг иштирокида, даъвогар “Mexnat
don” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар “Vodil Nurbek Nodirbek bog`i”
фермер хўжалиги ва “Farg`ona pivo” масъулияти чекланган жамияти ўртасида
тузилган ошхона бино-иншоотларини олди-сотди шартномаларини ҳақиқий эмас
деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул
қилинган Фарғона вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 14 сентябрдаги қарори устидан “Mexnat don” масъулияти чекланган
жамияти томонидан берилган кассация шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга
Олий судининг биносида видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида
кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
“Mexnat don” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар
деб юритилади) “Vodil Nurbek Nodirbek bog`i” фермер хўжалиги (бундан буён
матнда 1-жавобгар деб юритилади)га нисбатан судга даъво аризаси билан
мурожаат қилиб, 1-жавобгар ва “Farg`ona pivo” масъулияти чекланган жамияти
ўртасида 2017 йил 14 августда ва 2017 йил 5 сентябрда Фарғона шаҳар, Наврўз
МФЙ, Мураббийлар кўчаси, 4-уй манзилида жойлашган майдони 354,44 кв.м.,
фойдали майдони 344,47 кв.м. ташкил этган, 0002-литердаги ошхона биноси ва
0046-литердаги 155,5 кв.м. қаттиқ тўшамали майдонни сотиш юзасидан тузилган
олди-сотди шартномаларини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2022 йил 16 майдаги ажрими билан низонинг
предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс
сифатида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги
Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ва Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари
палатасининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси, суднинг 2022 йил
3 июндаги ажрими билан жавобгар сифатида “Farg`ona pivo” масъулияти
чекланган жамияти (бундан буён матнда 2-жавобгар деб юритилади) ишга жалб
этилган.
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 30 июндаги ҳал қилув
қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилиб, жавогарлар ўртасида тузилган
2017 йил 14 августдаги ва 2017 йил 5 сентябрдаги Фарғона шаҳар, Наврўз МФЙ,
Мураббийлар кўчаси, 4-уй манзилида жойлашган майдони 354,44 кв.м., фойдали
майдони 344,47 кв.м. ташкил этган, 0002-литердаги ошхона биноси ва
0046-литердаги 155,5 кв.м. қаттиқ тўшамали майдонни олди-сотди шартномалари
ўз-ўзидан ҳақиқий эмас битимлар деб топилган.
Фарғона вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 14 сентябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвони
қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилинган.
Мазкур суд қарори устидан даъвогар кассация шикояти бериб, Фарғона
вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил
14 сентябрдаги қарорини бекор қилиб, Фарғона туманлараро иқтисодий судининг
2022 йил 30 июндаги ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўраган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогарнинг вакили кассация шикояти
важларини қувватлаб, апелляция инстанцияси суди томонидан иш учун аҳамиятли
ҳолатлар ўрганилмаганлиги, жавобгар томонидан судга тақдим этилган фуқаровий
даъво бўйича жамият вакили Мухаммаджоновнинг музокара нутқида
шартномаларга асосан бинолар сотилганлиги, бироқ терговда бунга аниқлик
киритилмаганлиги, шунга аниқлик киритиш мақсадида қайта терговга жўнатиш
учун шу фикр билдирилганлиги, аммо ўша вақтда қайси шартномалар асосида
бинолар сотилганлиги маълум бўлмаганлигини билдириб, Фарғона вилоят суди
иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 14 сентябрдаги қарорини
бекор қилиб, Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 30 июндаги ҳал
қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўради.
Суд мажлисида иштирок этган 1-жавобгарнинг вакили кассация шикоятига
нисбатан эътироз билдириб, жиноят иши бўйича муқаддам “Farg`ona pivo”
масъулияти чекланган жамияти фуқаровий даъвогар сифатида ишга жалб
қилинганлиги, фуқаровий даъво бўйича жамият вакили сифатида бугунги судда
иштирок этаётган Мухаммаджонов иштирок этганлиги, 2018 йил 21 майдаги суд
мажлисида иштирок этиб, музокара сўзида бинолар 200 млн. сўмга сотилганлиги,
шартномалардан хабари борлиги ҳақида фикр билдирганлиги, буни тасдиқловчи
Мухаммаджоновнинг музокара нутқи нусхасини тақдим этганлиги, бундан
ташқари, “Farg`ona pivo” масъулияти чекланган жамияти 2017 йил 6 сентябрда
кадастр органига хат билан мурожаат қилиб, бино-иншоотлар рухсатсиз сотиб
юборилганлиги маълум бўлганлиги боис ушбу мулкларни бошқа шахсларга
расмийлаштирмаслик
сўралганлиги
ҳолатлари
даъвогарнинг
мулклар
сотилганлигини ўша пайтданоқ билганлигидан ва даъво муддати ўтказиб
юборилганлигидан далолат беришини, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча
масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
11-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил
28 ноябрдаги 269-сонли Қарорининг 7-банди ҳамда 2017 йил 5 сентябрда тузилган
уч томонлама шартномадан келиб чиқилганда “Mexnat don” МЧЖ ўзининг
иштирокида тузилмаган шартномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида судга
нотўғри
мурожаат
қилганлигини
таъкидлаб,
кассация
шикоятини
қаноатлантирмасдан, суд қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Суд мажлисида иштирок этган 2-жавобгарнинг вакили олди-сотди
шартномалари тузилганлигини олдинги суд мажлисида қатнашиб, хабардор
бўлганлигини, 2017 йил 14 октябрдаги топшириш-қабул қилиш далолатномасида
ошхона бинолари жавобгарга мулк қилиб топширилганлиги, мол-мулклар
рўйхатида акс эттирилганлиги, шунга кўра бухгалтерия ҳужжатлари юритилиб,
ҳисоботлар топширилиб, фаолият амалга оширилиб келинганлигини маълум
қилиб, иш юзасидан қонуний қарор қабул қилишни сўради.
Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатаси Фарғона вилоят ҳудудий
бошқармасининг вакили иш юзасидан қонуний қарор қабул қилишни сўради.
Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган
бўлса-да, суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини
бошқариш агентлиги Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси вакили иштирок
этмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация
инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи
ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини)
берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни
уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шунинг учун судлов ҳайъати ишни Ўзбекистон Республикаси Давлат
активларини бошқариш агентлиги Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси вакили
иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати, ишда иштирок этувчи шахслар вакилининг
тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш
ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, шикоятни қаноатлантиришни лозим
топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, жавобгарлар ўртасида 2017 йил
14 августда Фарғона шаҳар, Наврўз МФЙ, Мураббийлар кўчаси, 4-уй манзилида
жойлашган майдони 354,44 кв.м., фойдали майдони 344,47 кв.м. ташкил этган,
0002-литердаги ошхона биноси ва 0046-литердаги 155,5 кв.м. қаттиқ тўшамали
майдонни сотиш ҳақида олди-сотди шартномаси тузилиб, мазкур шартномага
асосан “Farg`ona pivo” масъулияти чекланган жамияти (сотувчи)га қарашли
ошхона бино-иншоотлари “Vodil Nurbek Nodirbek bog`i” фермер хўжалиги (сотиб
олувчи)га 200 000 000 сўмга сотиш ҳақида келишилган.
Бундан ташқари, жавобгарлар ўртасида шу мазмунда 2017 йил 5 сентябрь
куни ҳам олди-сотди шартномаси тузилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиётда хусусий
мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2015 йил
28 апрелдаги ПҚ-2340-сонли Қарори билан тасдиқланган ва 2019 йил 4 июлгача
амалда бўлган “Ишлаб чиқаришни янада модернизациялаш, техник қайта
жиҳозлаш, рақобатдош маҳсулотлар чиқаришни ташкиллаштириш мақсадида
ошкора савдоларда хусусий мулк эгалиги шарти билан хўжалик бошқаруви
органларининг давлат активлари ва улушлари, биринчи навбатда хорижий
инвесторларга сотилиши лозим бўлган корхона ва хўжалик жамиятлари
рўйхати”га кўра, “Фарғона пиво” МЧЖнинг 98,79 фоиз давлат улушини сотиш
белгиланган (рўйхат рақами 184).
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги
Фарғона вилоят ҳудудий бошқармасининг буюртмасига биноан тегишли
лицензияга эга бўлган “O`quv, konsalting invest” масъулияти чекланган жамияти
томонидан “Farg`ona pivo” масъулияти чекланган жамиятининг 98,79 фоиз давлат
улуши бозор баҳосида баҳоланган. Мазкур баҳолаш ҳисоботида баҳоланган
мулклар ичида жамиятга қарашли ошхона биноси ҳам киритилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 апрелдаги
ПҚ-2340-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Давлат рақобат қўмитаси
Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси (сотувчи), “Mexnat Malt” масъулияти
чекланган жамияти (харидор) ва “Farg`ona pivo” масъулияти чекланган жамияти
ўртасида 2017 йил 5 сентябрда 5-сонли олди-сотди шартномаси тузилган.
Шартномага кўра, Фарғона шаҳар, Мураббийлар кўчаси, 4-уйда жойлашган
“Farg`ona pivo” масъулияти чекланган жамиятининг 98,79 фоиз давлат улуши
“Mexnat Malt” масъулияти чекланган жамиятига 6 521 548 893 сўмга сотилган.
“Farg`ona pivo” масъулияти чекланган жамиятининг олдинги ва янги
тайинланган директорлари ўртасида 2017 йил 14 октябрда расмийлаштирилган
асосий воситаларни топшириш-қабул қилиш далолатномасига кўра, топширилган
мулкий мажмуа таркибига низоли ошхона биноси хам бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиётда хусусий
мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2015 йил
28 апрелдаги ПҚ-2340-сонли Қарорининг 6-бандида давлат мулки объектларини
янги мулкдорга топшириш вақтигача уларнинг сақланиши учун мазкур объектлар
балансида бўлган корхоналар масъул ҳисобланиши кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 октябрдаги
279-сонли қарори билан тасдиқланган “Масъулияти чекланган жамиятлар устав
фондлари (устав капиталлари)даги давлат улушларини сотиш тартиби
тўғрисида”ги Низомнинг 1-бандига кўра, ушбу Низом масъулияти чекланган
жамиятлар устав фондлари (устав капиталлари)даги давлат улушларини
хусусийлаштириш тартибида нодавлат юридик шахсларга, шунингдек жисмоний
шахсларга сотиш тартибини белгилайди.
Мазкур Низомнинг 97-бандига кўра, жамиятнинг ижро этувчи органи қонун
ҳужжатларига мувофиқ;
жамият мол-мулкининг сақланиши, жамиятнинг таъсис ҳужжатларига
ўзгартиришларнинг ўз вақтида киритилиши ва уларнинг тегишли давлат органида
рўйхатдан ўтказишнинг таъминланиши;
ушбу Низомга мувофиқ тақдим этиладиган ахборотнинг ишончлилиги учун
жавоб беради.
Бироқ, “Farg`ona pivo” масъулияти чекланган жамияти ва унинг ижро этувчи
органи томонидан жамият мол-мулкининг сақланиши таъминланмасдан, кузатув
кенгашининг 2017 йил 12 августдаги навбатдан ташқари мажлисида белгиланган
тартибга зид равишда жамиятга қарашли ошхона биносини сотиш ҳақида қарор
қабул қилинган.
Жамият кузатув кенгашининг раиси И.Ахмедов жамиятга қарашли ошхона
биносини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил
6 октябрдаги 279-сонли қарори билан тасдиқланган “Масъулияти чекланган
жамиятлар устав фондлари (устав капиталлари)даги давлат улушларини сотиш
тартиби тўғрисида”ги Низомга зид равишда сотишга рухсат берганлиги Фарғона
шаҳар прокуратураси терговчисининг 2018 йил 25 февралдаги қарори билан ҳам
тасдиқланган.
Юқоридаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига биноан, давлат мулки
объектларини янги мулкдорга топшириш вақтигача уларнинг сақланиши учун
мазкур объектлар балансида бўлган корхоналар масъул ҳисобланиши, “Farg`ona
pivo” масъулияти чекланган жамияти ижро этувчи органи томонидан жамият молмулкининг сақланиши таъминланланиши белгиланган бўлишига қарамасдан ҳамда
“Farg`ona pivo” масъулияти чекланган жамиятининг 98,79 фоиз давлат улуши
баҳоланган ва мазкур баҳолаш ҳисоботида баҳоланган мулклар ичида жамиятга
қарашли ошхона биноси ҳам киритилган бўлса-да, жамиятнинг мулки 2017 йил
14 августдаги ҳамда 2017 йил 5 сентябрдаги олди-сотди шартномаларига асосан
ноқонуний равишда сотилган.
Судлов ҳайъати, 1-жавобгар вакилининг “Mexnat don” масъулияти
чекланган жамияти ўзининг иштирокида тузилмаган шартномани ҳақиқий эмас
деб топиш тўғрисида судга нотўғри мурожаат қилганлиги ҳақидаги важлари билан
қуйидагиларга кўра келишмайди.
“Mexnat Malt” ва “Mexnat don” масъулияти чекланган жамиятлари
иштирокчиларининг 2020 йил 21 февралдаги умумий йиғилиш қарорига кўра
ушбу жамиятлар бирлаштирилиб, “Mexnat don” масъулияти чекланган жамияти
“Mexnat Malt” масъулияти чекланган жамиятининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари
бўйича ҳуқуқий вориси эканлиги белгиланган.
Қайта ташкил этилган “Mexnat don” масъулияти чекланган жамияти
2020 йил 9 мартда давлат рўйхатидан ўтказилган.
Шунга кўра, даъвогарга 2020 йил 19 октябрда сотиб олинган улушга бўлган
ҳуқуқни тасдиқловчи 29-рақамли сертификат берилган.
Бундай ҳолатда, 1-жавобгарнинг “Mexnat don” масъулияти чекланган
жамияти мазкур иш юзасидан даъвогар бўла олмаслиги ҳақидаги эътирозларини
асосли деб бўлмайди.
Чунки, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар
тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 20-моддасининг ўн учинчи қисми
талабига биноан, “Farg`ona pivo” масъулияти чекланган жамиятининг таъсисчиси
“Mexnat Malt” масъулияти чекланган жамиятининг барча ҳуқуқлари ва
мажбуриятлари “Mexnat don” масъулияти чекланган жамиятига ўтган бўлиб,
мазкур иш юзасидан “Mexnat don” масъулияти чекланган жамияти даъвогар
бўлишига монеълик қилувчи ҳолатлар мавжуд эмас.
Шунингдек, 1-жавобгарнинг вакили томонидан жиноят иши бўйича судда
Мухаммаджонов иштирок этиб, 2018 йил 21 майдаги суд мажлисида бинолар
200 млн. сўмга сотилганлиги ҳақида фикр билдирганлиги ҳамда “Farg`ona pivo”
масъулияти чекланган жамияти 2017 йил 6 сентябрда кадастр органига хат билан
мурожаат қилиб, бино-иншоотлар рухсатсиз сотиб юборилганлиги боис ушбу
мулкларни бошқа шахсларга расмийлаштирмаслик сўралганлиги даъвогарнинг
мулклар сотилганлигини ўша пайтданоқ билганлигидан ва даъво муддати ўтказиб
юборилганлигидан далолат бериши ҳақида эътирозлар билдирилган.
Судлов ҳайъати, 1-жавобгар вакилининг ушбу важи билан ҳам келишмайди.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда
ФК деб юритилади) 154-моддасининг биринчи қисмига кўра, даъво муддати шахс
ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта
бошлайди.
Жиноят ишлари бўйича суднинг 2018 йил 21 майдаги суд мажлисида
Мухаммаджонов “Farg`ona pivo” масъулияти чекланган жамиятининг вакили
сифатида қатнашган ва кадастр органига “Farg`ona pivo” масъулияти чекланган
жамияти томонилан 2017 йил 6 сентябрда хат берилган бўлиб, мазкур ҳолатда,
даъвогарнинг яъни, “Mexnat don” масъулияти чекланган жамиятининг ушбу
вақтларни ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кун деб
ҳисоблаб бўлмайди.
ФКнинг 116-моддасига кўра, қонунчиликнинг талабларига мувофиқ
келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига
атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Бундай
битимга нисбатан ушбу Кодекс 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда
тутилган қоидалар қўлланилади.
Юқоридагиларга кўра, биринчи инстанция суди даъво муддатини қўллашни
рад этиб, даъвони қаноатлантириш ва шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш
ҳақида асосли хулосага келган.
Аммо, апелляция инстанцияси суди низоли битимларни ҳақиқий эмас деб
топишга даъвогарнинг ҳуқуқи мавжуд эмас деган нотўғри хулосага келиб,
биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони
қаноатлантиришни рад этиш ҳақида асоссиз қарор қабул қилган.
ИПК 301-моддасининг 6-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация
шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича айрим суд ҳужжатларини
бекор қилиш ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз
кучида қолдиришга ҳақли.
ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий ва (ёки)
процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги
биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси
судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати апелляция инстанцияси судининг
қарорини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўз
кучида қолдиришни лозим топади.
ИПК 118-моддасининг биринчи ва тўққизинчи қисмларига мувофиқ суд
харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво
талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация шикояти бериш
билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган
қоидаларга мувофиқ тақсимланади.
Шунга кўра, апелляция инстанцияси учун олдиндан тўланган суд
харажатларини 1-жавобгарнинг зиммасида қолдириш, шунингдек, кассация
инстанцияси учун даъвогар томонидан олдиндан тўланган 2 850 000 сўм давлат
божи ва 24 000 сўм почта харажатини 1-жавобгардан даъвогар фойдасига
ундириш,
ишни
апелляция
ва
кассация
инстанцияси
судларида
видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ жами 150 000 сўм суд
харажатларини 1-жавобгардан ундириш ҳамда апелляция инстанцияси судининг
7
суд харажатларини ундиришга оид ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни бекор
қилиш лозим.
Юқоридагиларга кўра, ИПКнинг 118, 301-303 ва 343-моддаларига
асосланиб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л а д и:
Фарғона вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 14 сентябрдаги қарори бекор қилинсин.
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 30 июндаги ҳал қилув
қарори ўз кучида қолдирилсин.
“Mexnat don” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикояти
қаноатлантирилсин.
“Vodil Nurbek Nodirbek bog`i” фермер хўжалигидан:
- “Mexnat don” масъулияти чекланган жамияти фойдасига олдиндан
тўланган 2 850 000 сўм давлат божи ва 24 000 сўм почта харажати;
- Ўзбекистон Республикаси Олий судининг депозит ҳисоб рақамига
150 000 сўм видеоконференцалоқа харажатлари ундирилсин.
Ижро варақалари берилсин.
Апелляция инстанцияси судининг суд харажатларини ундиришга оид ижро
варақалари бўйича ундирув бекор қилинсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи
Ш.Маҳмудов
ҳайъат аъзолари
Р.Хайдаров
А.Абдуллаев